ОНАЛАР ЙИҒЛОҚИ, ОТАЛАР НОЧОР. НЕГА?


Мулоҳаза

Ўзбек сериалларида: 
ОНАЛАР ЙИҒЛОҚИ, ОТАЛАР НОЧОР. НЕГА? 

  Биз кинони яхши кўрамиз. Чунки унда ҳаётимиз, фикру ўйларимиз, орзуларимиз, ҳиссиётларимиз, муаммоларимиз акс этади. Кино бизнинг қалбимизда ухлаб ётган энг гўзал туйғуларни ўйғотади, муаммоларни ечишни ўргатади. Бизни кучли, қудратли, меҳрибон бўлишга ундайди. 
  Яқинда “Ўлжа” номли хориж фильмини томоша қилдим. Африка  чўлларида яшовчи йиртқич ҳайвонлар ва одамлар ўртасидаги кураш ҳақидаги ўткир сюжетли фильм.
  Оила бошлиғи ота (Том Нювман) Африка чўлларида изланиш олиб боради. Нювман турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашгач, Эмми исмли аёлга кўнгил қўяди. Эммини фарзандларига таништириш учун уларни ўзи ишлайдиган худудга яъни Африкага таклиф қилади. Болалар ўгай онасини унчалик ёқтиришмайди. Бир куни Эмми Том Нювманнинг фарзандлари ҳамда йўлбошловчи билан машинада айланишга чиқади. Томнинг ўғли Дэвид билан йўлбошловчи зарурат туфайли машинадан тушган пайт уларга шер ҳамла қилади. Бир тарафда йиртқич шер, иккинчи тарафда оч бўрилар галаси уларга ташланаётган пайтда Эмми хайвонларни чалғитади ва  Дэвид машинага югуриб чиқиб олади. Йўлбошловчини тутиб олган йиртқичлар уни бир зумда ғажиб ташлашади.
 Аёл иккала фарзанди билан машина ичига беркинади. Болалар қўрқувдан дағ-дағ титрар,  уларни тинчлантириш учун Эмми: “Биз хавфсиз жойдамиз”, “Даданг бизни излаб топади”, дея юпатади. Шу пайт баҳайбат шер машина ойнасидан ичкарига мўралайди. Шернинг кўзлари аёлнинг кўзларига тушади. Она, “болаларимга тегма, илтимос”, дегандек унга илтижо билан боқади. Шундан сўнг шер нарироққа кетади. 
  Аёл болалари билан машина ичида қолади ва уларга турли ҳикоялар айтиб бериб, овутади. Шер эса машина атрофида айланиб, уларни кузатишда давом этади. Анча вақтдан сўнг ота уларни излаб келиб,  хайвонларга асир тушган оиласини кўради. Ота билан келган эркак ҳам шернинг ҳамласига учраб, нобуд бўлади. Шердан қочишга улгурган ота машинанинг тагига кириб олиб жон сақлайди. Шу пайт аёлнинг хаёлига ажойиб фикр келади. Машинанинг бензин сақланадиган бакини темир билан тешиб, бир парча матони бензинга ботириб олади. Машина эшикларини очиб, болаларини чиқариб юборади ўзи эса машина ичида қолади. Эри ва болалари қочишга улгурган пайтда аёл бензинга олов ёқиб, машинани портлатади. Машина ичида қолган шер портлаб кетади. Аёл ҳам, оиласи ҳам омон қолади.
  Бу аёлнинг матонати ҳақидаги хорижий фильмдан озгина парча. Айтайлик фильмдаги воқеалар ҳеч биримизнинг ҳаётимизда учрамайди. Яъни биз йиртқич ҳайвонларга дуч келмаймиз. Аммо фильмни кўргач инсон ўзини Африка ўрмонларида юргандек ҳис қилади. Одамни ўйлашга мажбур қиладиган лавҳаларда мушоҳадага берилади. Ҳаётни қадрига янаям кўпроқ етишни ҳис қилдирадиган эпизодлар жуда кўп. Одам ҳаракат қилса ҳатто шерни ҳам енгиши мумкин, деган хулоса жонланади. Ўгай она образи  томошабинга ота-она фарзандини яхши кўришини уни эркалаш, ўпиб қучоқлаш орқали эмас, қилган ишлари билан кўрсатиш зарурлигини очиб берган. Яъни у Дэвид ҳамда Жесиканинг меҳрини қозониш учун уларни қутқариб қолмади, қалбидаги оналик инстинкти шунга мажбур қилди. 
    Энди танганинг иккинчи томонига эътибор қаратсак. Эмми аслида томга иккинчи хотин ҳисобланади. Бизда иккинчи хотин асосан салбий образда гавдаланади. Адоватли, ёмон хулқда кўрсатилади. Эмми эса баъзи оналар ўз туққан боласига қилолмайдиган яхшиликни Томнинг оиласига қилди. “Ўлжа” мухлисга ҳаётдаги ҳар қандай муаммони ечиш мумкин, деган мотивация беради. 
    Энди юртимиз телеэкранларида намойиш қилинаётган сериалларнинг айримларидан лавҳалар келтириб ўтсам.
   Бир сериалнинг бир-иккита қисмини кузатдим. Ижобий қаҳрамон образини яратган оталар ночор, салбий қаҳрамон образини яратган оталар эса ҳамиша маишатда, ширакайф холатда. Нохақликка қарши курашмоқчи бўлган ўғлини оталар бир куни худо ёмонларнинг жазосини беришини айтиб, тинчлантиради. Фарзандини жим юришга ундайди. Отани фарзандига нотўғри тарбия бераётганини кўрган оналар айтмоқчи бўлган фикрини ичига ютади. Дарди ичида, жим-жит, муштини тугади. Айтса нима бўлади, осмон узилиб ерга тушадими? 
  Ёки бошқа "миллий" сериални мисол қилиб олайлик. Сериалнинг асосий қаҳрамонлари оналарнинг бутун эпизоди йиғи-сиғидан иборат. Мазкур сериалда қизалоқлар онасидан ажралиб, етим қолишади. Шундоқ ҳам  руҳий тушкунликда юрган қизалоқларни катталар йиғи билан баттар изтиробга солишади. 
  Кўплаб сериалларимизда асосан оила мавзуси илгари сурилади. Қилган хатосидан эзилиб, қандай йўл тутишни билмай юрган ўғли ёки қизини ота-онаси баттар ботқоққа итаради: “Мен сендан буни кутмагандим. Шу мақсадда бола ўстиряпманми? “ дея нолишдан нарига ўтишмайди. Аслида инсонни бошига фалокат тушганида энг аввало ўзининг оиласи уни тушуниши ва қўллаб қувватлаши, қабул қилиши зарур. Инсон қачон жиноятга қўл уради? Энг аввало ўз яқинлари қабул қилмаганида, ёлғиз қолганида нотўғри йўлларга қадам босади.
 Айниқса, фильмларимиздаги оналар образида сабр-қаноат керагидан ортиқ. Бу сабрларнинг жабрини эса фарзандлари кўради. Оналар нолишдан, бувилар эса дуо қилишдан нарига ўтолмайди. Илтимос ҳадеб ўз ҳаётимизни ўзимизга кўрсатаверишни бас қилинглар.
 Ахир одам кино кўрганидан кейин ниманидир ўрганиши, фикрлаши керак. Ўзи шундоғам муаммо ичида юрган одам фильмда ўзини кўриб ҳа, ҳамма менга ўхшаган экан, дейди қўяди.  Кимдир  кино кўргач, ечолмай юрган муаммосига чора топса, демак фильм ўзини оқлаган, деб ҳисоблайверинг. Аксинча, у томошабинни муаммосини янаям кучайтириб, тубсиз жарликка етакласа, демак бундай фильм ишлагандан кўра, бошқа иш излаган (фильм ижодкорлари) яхшироқ. 
  Фильмларни қайта-қайта таҳлил қилишимизнинг сабаби эса биз киносевар халқмиз. Шу боис бизга қатъиятли оналар, билимли оталар  образини кўрсатиб беринглар. Улар эса орамизда кўп, жуда-жуда кўп.

Нигора РАҲМОНОВА.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот