— Жон қизим, ўғлимни севмаслигингизни биламан. Севиб қолинг, деяётганим ҳам йўқ. Фақат, илтимос, уни алдаб туринг... Ҳеч бўлмаса, шунинг иложи бордир, болам?!
Қўлларимга ёпишиб, ялиниб турган бу аёлнинг қаеридир онамга жуда ўхшаб кетарди... Қаери? Менимча, кўзлари бўлса керак... Меҳрибонимнинг нигоҳлари ҳам шундай чиройли ва маъюс...
Бир дам кўнглим бўшаб, кўзимни чирт юмиб ўсал йигит ётган хонага кириб, онаизор илтимос қилгандай алдамоқ фикри ялт этди, аммо яна оний лаҳзада ақлимни йиғиштириб олдим:
— Йўқ, хола, ёлғон гапириш қўлимдан келмайди. Алдамайман...
— Келади, болам, уддасидан чиқасиз.
Уддасидан чиқармишман! Нима, алдаш шунчалик осонми? Ўғлини-ку, жинимдан баттар ёмон кўраман. Ғирт жинни-ку, у!
Стол устида очиқ турган дарсликка ишора қилиб, безрайдим:
— Ҳали дарс қилишим керак. Эртага оралиқ синовим бор, тайёрланмасам бўлмайди...
Юзлари тарам-тарам ажинлар билан ғижимланиб кетган аёл изиллаб йиғлаб юборди:
— Мен сизга “унга тегинг” деяётганим йўқ-ку! Наҳотки икки оғиз гапни айтиш шунчалар қийин бўлса?!
— Хола, чиқиб кетмасангиз, бўлим бошлиғига арз қиламан. Бу касалхонада фақат сизнинг болангиз ётибдими? Ҳар битта касалнинг кўнглига қарайверсак, нима бўлишини биласизми? Ўзи зўрға ишга жойлашган бўлсам… Илтимос, чиқиб кетинг!..
…Елкаларигина эмас, ғам уммонига бутун гавдаси билан чўкаётган бу аёлни муолажа хонасидан ҳар сафар мажбуран чиқариб қўярдим.
...Улар ҳам мен каби водийлик. Ўғли бедаво дардга чалинган. Айтишларича, беморни кўрсатмаган дўхтир, табиб, олиб бормаган жойлари қолмаган. Ахийри бир йил аввал шу касалхонага олиб келишган экан. Илк марта у ётқизилган хонага кириб, анграйиб қолганим ёдимда…
***
Ерга тўшалган юнги бир қарич гилам, охирги русумдаги телевизор, музлатгич ва ўша вақтларда анқонинг уруғи бўлган корейс ҳаво совитгичи билан тўлдирилган 15-хонага бошлаб кирган катта ҳамшира очилган оғзимни ёпиб, каравотда бир ҳовуч бўлиб ётган касалга ишора қилганди:
— Фозилов Фарҳод, ёши йигирма саккизда. Кечаси ётишидан аввал иккита уколи ва дорилари бор, қолганини кундузи қизлар қилишган. Шу, холос. Ҳа, яна бир гап, томирга яхши тушар экансиз. Шу укамизга эрталабки томчи дорисини ҳам ўзингиз улаб қўйсангиз. Нинани томирга жойласангиз бўлди, қолганини, мана, ойиси қараб туради.
Ўша вақтда эндигина институтнинг 3-босқичини битираётганим боис, оғирроқ беморларни деярли учратмаган эдим. Қаршимда ётган ва касаллик тарихига кўз югуртираётганим — қоқ суяк одамга қарадим. Устихони ва терисигина қолган бемор устига ёпилган оппоқ чойшабдан ҳам рангпарроқ эди. Уни бошдан оёқ кузатиб чиқар эканман, ногоҳ кўзим кўзларига тушди. Тавба, унинг бутун ҳолатини инкор этиб, ҳаётга чанқоқ бир жуфт кўзи ёниб турарди! Менга бақрайиб қараб турганидан уялиб, эшик томон бурилдим. Шундагина ортимдан момақалдироқдек гулдираган овоз эшитилди:
— Сожида опа, янги ҳамшира билан таништирмадингиз-а? Ким? Исмлари нима?
Таққа тўхтаб, ортимга бурилдим. Вой! Гапирган шу одамми? Кўзигина эмас, чакаги ҳам бақувват-ку!
Менга бўлимнинг паст-баландини кўрсатиб, беморлар билан таништираётган Сожида опа хандон отиб, беморга яқинлашди:
— Вой, укагинам-ей, ҳеч Дон Жуанлигингиз қолмади-да! Бу — янги ҳамширамиз. Талаба, ўқийди. Бўлажак шифокор, исмини эса кейинроқ билволасиз. Бўлдими?
— Опа...
— Айтим-ку, исмини ўзингиз билиб оласиз.
Бемор исмимни сўраганча қолаверди. Биз кейинги хонага ўтдик.
***
Орадан икки ойча вақт ўтди. Дарсларимиз қийин, лекин ишламасам бўлмасди. Иш ўрганяпман, анча қўлим келишиб, тиббиёт учун ўта муҳим бўлган амалиётни ўтаяпман. Ҳаммаси яхши. Аммо бир нарса дилимни хира қиларди. Беморлардан тортиб, шифокорларгача қитмирлик билан ўн бешинчи хонага ишора қилишар, хақиқий исмим қолиб, ҳамма “Ширин” деб чақира бошлаганидан қаттиқ жаҳлим чиқарди. Бунинг ҳаммаси шу дарди бедаво ошиғимнинг иши эканини билсам ҳам, уришиб, заҳримни соча олмасдим. Чунки номи хунук бу шифохонада ётган беморлар учун бир оғиз оғир гап улар ҳаётига нуқта қўйиш билан баробар эди. Фозилов ётган хонага ёнида кимдир борлигидагина кириб, ўз вазифамни бажаргач, тезда чиқиб кетардим. Бўлимдаги қочиримлар, ҳазил-мутойибалар қанчалик қайноқ бўлмасин, йигитнинг менга нисбатан муомаласи чегарадан чиқмас, ҳар доим “Шу бугун бирор нарса деса, боплайман!” дея тайёрлаб қўйган гапларим бўғзимда қоларди. У қиз болаларгагина хос ҳуркаклик билан қўрқиб турганимни сезиб, мум тишлагандай умуман гапирмас, фақатгина катта-катта маъюс кўзлари билан тикилиб, чуқур хўрсиниб қўярди. Шу нигоҳ ва хўрсинишнинг ўзи унинг бор туйғуларининг изҳори эканлигига тушуниб турардим.
Бир куни беморлар ётган хоналардан биридаги чироқ алламаҳалгача ўчмади. Агар шу вақтда навбатчи шифокор келиб қолса, гап эшитишим тайин эди. Кирсам, бир тўп касаллар йиғилиб, шашка ўйнаб ўтиришган экан. Уларга ҳамма нарсани йиғиштириб, жойларига ётишни буюрдим. Энди чироқни ўчириб, эшикни ёпаётган чоғим ёши каттароғи илтижо била юзланди:
— Ширин, Фарҳодни кўп қийнаманг, қизим! У ёмон бола эмас. Муҳаббат олдида шоҳу гадо баробар дейишади-ку. Бола фақир ҳам, аҳволи маълум бўлса-да, сизга кўнгил қўйган. Фарҳоджон...
“Нима?!” деб бу мавзуни бошлаган беморга ўқрайганимни биламан, қолганлар ҳам чуғурлаб кетишди:
— Тўғри! Қийнаманг, синглим, у сизни ростдан яхши кўради.
— Рост! Биз кафилмиз. Ўзингизга айтолмайди. Зерикмасин деб, хонасига чиқсак, фақат сиз ҳақингизда гапиради.
— Яхши бола-ку! Бечоранинг қанча умри бор, Яратганнинг ўзига аён…
— Бўлди!.. — жаҳлим чиққанидан эшикни шунақа қаттиқ ёпибманки, дарров овозлари ўчди. “Маслаҳатчилар”га-ку, ҳеч нарса дея олмадим, аммо бор аламимни эрталаб Фозиловнинг ўзидан олдим.
Ҳар доим киришим билан онаси чойнак ёки пиёла кўтариб, ошхонага йўрғалаб қоларди. Ҳар гал аёлнинг чиқиб кетишини хоҳламай, деярли буйруқ оҳангида орқага қайтарардим. Бу гал индамадим. Онаси чиққач, беморнинг саломига ҳам алик олмай, осма уколни тайёрлай бошладим. Унинг озғин билагидаги томирини бир уринишда топардим, бу гал туша олмай, бир пас кавладим. Бояқиш жони азобланса-да, миқ этмай жилмайиб турарди. Иккинчи билагини очишни буюриб, ҳамон кулиб турган йигитга бутун заҳримни сочдим:
— Мени дадам қўйган исмим бор!
Индамай эшитади, дегандим. Қаёқда? Пулемётнинг ўқидек сайраб кетди:
— Исмингизни биламан. Навбатчиликка келмаган кунингиз қулоғимга камида ўн марта, келган кунингиз эллик марта эшитилади. Шу… битта айбим бор-да, кимнингдир тилидан янграгудек бўлса, шунақа қизғанаман.
— Бас!
Ўқрайиб, жўшқин қалб изҳорига нуқта қўяр эканман, бориб, деразани очдим. Юзимга муздеккина ҳаво урилиб, кўнглим яйраб кетди. Бўлажак шифокор бўлсам ҳам, касалхонани, манави чалафайласуф ошиқнинг муҳаббати туфайли касалларни ҳам ёмон кўриб қоляпман. Тавба, ўзи бир аҳвол, муқаррар ўлим ҳукми билан якунланувчи дардга асир-у, яна кимнидир севиб қолганига ўлайми! Қолаверса, Сожида опа айтгандек, Дон Жуанлиги ҳақида ҳамма билади...
— Майли, ўқишни битиришингизни кутаман. Кейин совчи қўйиб, уйланаман. Данғиллатиб тўй қиламиз, бу ерда ётган ҳамма касалларни, дўхтирларни аллақачон тантанага таклиф қилиб қўйганман. Фақат илтимос, “Фозилов” деб фамилиям билан чақирманг. Менинг ҳам ўз исмим бор.
— Ўчиринг! Сизни писмиқ, индамай жим ётади, десам, туппа-тузук сайраркансиз-ку! Қанақа тўй? Ўйлаб гапиряпсизми? Аҳволингизга қа...
Давом этмоқчи эдим-у, тилимни тишладим. Заҳарлигим қурсин! Келиб-келиб шу бир бурда одамга нишимни санчаманми? Игна томирни топгани ноқулай вазиятдан чиқиб кетишимга ёрдам берди:
— Қаранг, томирни топдим. Бўлди, энди индамай ётинг. Игна чиқиб кетади.
Бемор нима демоқчи бўлганимни аллақачон тушунганди. Синиққина жилмайиб, “раҳмат” айтгач, кўзида ҳалқаланган ёшни кўрсатмаслик учун девор томонга бурилди. Тиббиёт ходимининг одобига тўғри келмайдиган тарзда қўпол гапириб, чегарадан чиққанимни тан олиб юмшадим:
— Кечиринг! Мендан етти ёш катта экансиз, майли, фамилиянгиз билан чақирмайман, сизни “ака” дея қолай. Мени тўғри тушунинг, юрагимда муҳаббатга ўрин йўқ! Ҳали кўп ўқишим керак. Оилада кўпчиликмиз. Мен энг тўнғич фарзандман. Агар гапим чиқиб кетса, дадам сингилларимни ўқитмайди. Сиз туфайлигина ишдан кета олмайман, чунки бу касалхонада бошқа жойга ишга кира олмаганим учунгина ишлаяпман. Аслида, учинчи босқичдан бизни ҳамшираликка олишлари қонунга зид. Ростини айтсам, институтдан олган маълумотномамни ўзим “тўртинчи босқич талабаси” деб тўғрилаб олганман. Ишдан қувилсам, қийналиб қоламан. Фақат, илтимос, мени ноқулай вазиятга қўйманг, ярим касалхона “Ширин” деб чақиряпти...
Девор томонга ўгирилиб, кўзларини яшириб ётган бемор шарт ўгирилиб, кулиб юборди:
— Хоҳлайсизми, йўқми, мен сизни фақат Ширин деб чақираман! Тилимга хўжайин эмассиз!
Вой, ғирт артист экан-ку бу! Мен раҳмим келиб, сал эрисам-у, у куч йиғиб, яна ҳужумга ўтса... Э, кўнглингни кўчасидан ўргилдим! Яна тутоқиб кетдим:
— “Ширин”миш! Аҳмоқона исм сизга лаққа ишонгувчи қизларга сийлов!
— “Ширин” сизнингча, аҳмоқона исмми? Алишер Навоийни ўқимаганмисиз?
— Йўқ, ўқимаганман!
— Бўлиши мумкин эмас! Сиздай чиройли, ақлли қиз бобокалонимизнинг асарларини, машҳур достонларини билмаса?
Жунундин сўзга бир дам бўлмай огоҳ.
Гар ортиқ сўз дедим, астағфуриллоҳ,
Илоҳий боқмағил мажнунлиғимға
Карамдин чора қил маҳзунлиғимға.
— Етар!.. — дедим Фарҳод монологини чўрт кесиб. — Мен адабиётдан дарс олгани кирганим йўқ. Ҳаддингиздан ошманг, ҳимоя қиладиган ака-укаларим бор! Индамаса, касалман деб бошга чиқиб олиш экан-да?!
— Бошингизга чиқмайман, Ширин, юрагингизга киритсангиз бўлди.
Яна “Ширин”лайди-я! Томчи дорининг тўғри кетаётганидан кўнглим тўлиб ташқарига йўналар эканман, илондек заҳримни сочдим:
— Икки қулоғингиз билан эшитиб олинг, сиз ўйлаган енгилтак қизлардан эмасман, Дон Жуан! Маъзур тутадилар-у, сизни икки дунёдаям юрагимга киргизмайман! Мен келгунча бошингиздан кечирган барча муҳаббат достонларингизни эшитдим. Уларга ўхшаб лаққа тушмайман.
— Сиз уларга ўхшамайсиз!
Бу гапни шунчалик оддий айтдики, яна бир ҳамла билан жавоб қайтаришга ҳожат ҳам йўқ эди. Эшикни шарт очиб, унинг онаси билан тўқнашиб кетдим. Гап пойлаб турган чоғи, ғалати аҳволда каловланиб қолди. Бир нарса демоқчи эдим-у, ғамгин нигоҳларига қараб, гапира олмадим.
***
Фозиловнинг отаси вилоят раҳбарларидан бири эди. Кунига казо-казо меҳмонлар ташрифидан безор бўлгувчи фаррошлар, бирпасдан сўнг илжайиб қолишар, сабаби, ўн бешинчи хонадан чиққувчи хилма-хил егуликлар, халта-халта мева-чевалар шифокор, ҳамширалардандан тортиб, ҳаммага етиб ортарди. Бир-икки марта ажабтовур қутида шоколад кўтариб чиққан онаси, қўрс муомаламни кўриб, беришга бетламай секингина орқага қайтиб кетганидан бошқа ҳамшираларнинг жаҳли чиқар, айниқса, аллақачон эрга теккан ва кўпинча мен билан навбатчиликда қоладиган Феруза опанинг ҳасратидан тутун чиқиб қоларди:
— Ёмон таранг қилдинг-да, ўзиям! Нима шу шоколадни олиб қолиш шунчалик қийинми? Бечора бола нима умидлар билан чиқарди экан? “Раҳмат” деб олиб қолсанг, қизимга олиб кетардим. Э, менга қара, сингилжон, ўзинг ҳам водийлик экансан. Бу турқи совуқ касалхонада ҳавасга ишламаётгандирсан? Шу болага тегиб қўя қол!
— Нималар деяпсиз, опа! Қанақасига тегаман? Ўқишим бор...
— Қўй, баҳона қилма! Нимага ноз қилаётганингни биламан. Барибир ўлишини биласан-да? Сенинг ўрнингда бўлганимда унинг муҳаббатига “жиддий” қараб, ўлдим-куйдимларига қулоқ солиб юрардим. Тап этиб ўлиб қолса, бойвачча отаси сени қуруқ қўймайди. Касали юқумли бўлмаса… Нари борса, бир-икки қўлингдан ушлар, ўпиб қўяр. Ювса кетади-ку! Тунов куни онаси сенга ялинаётганини эшитиб қолдим. “Бошингиздан зар сочаман” деяптими? Ҳамма кўриб турибди-ку, қанақа “шишка” эканликларини. Кимсан, касалхонанинг бош шифокори уларнинг атрофида парвона. Вазирликдан ҳам келиб туришади. Э, сен нимани билардинг?! Мана, мен тўрт мучаси бутун ҳўкизга текканман. Кеккайиб, фалон ресторанда тўй қилиб олди-ю, ҳозир ҳемириям йўқ. Сохта сумбатига учдимми, кариллаганигами, билмайман. Яшаб турган уйимиздан шу касалхона минг марта чиройлироқ. Унга эмас, мана шунақа бой касалга эрга текканимдами… Ёлғондан “ўлдим-куйдим”ни ўрнига қўйиб, ўлганидан кейин мазза қилиб яшардим!
— Опа, биринчидан, севги-муҳаббат ўйинчоқ эмас. Кўнглим жиз этмаган инсонга, қирол бўлса ҳам, турмушга чиқмайман. Иккинчидан, менинг ҳам ўз орзу-ҳавасларим бор. Касални алдаб, мол-дунёсидан баҳраманд бўлиш ниятим йўқ!
Феруза опага алмойи-жалмойи насиҳатларига амал қилмаганим бир алам қилса, атай Фозиловга кўрсатиш учун фаррош қилиб ишга жойланган синглиси беътибор қолаётганидан икки карра алами ортарди. Умуман олганда, турмушга чиқмаган қиз зоти борки, шу ерда ишлайдими, ётадими, бундан қатъи назар, ўн бешинчи хонага киришни, бойвачча ошиқ йигитнинг кўнглига йўл топишни жудаям хоҳларди. Камина ҳаммасига бепарво, ҳафтасига икки марта дарсдан сўнг навбатчиликка келиб, эрталабки “беш минутлик”ка ҳам қолмай, касалхонани тарк этардим.
***
Қиш охирлаб, “илик узилди” бошланган палла бўлимдаги бир нечта оғир беморлар ҳам омонатини топшириб, янгилари уларнинг ўрнини тўлдира бошлашди. Бу ерда ишлаш жуда оғир эди. Ҳафтасига бўлмаса ҳам, икки ҳафтада бир кимлардир яқинининг жонсиз мурдаси ёхуд жони ипга осилиб турган танасини олиб чиқиб кетишарди. Аввал ўликларни кўриб қўрқардим, кейинчалик калима қайтарганча иягини боғлаб қўйишдан ҳам чўчимайдиган бўлдим. Фозиловнинг ҳам аҳволи оғирлашиб, бир неча марта жонлантириш бўлимида ётиб чиқди. Унинг касаллик тарихига битилган ташхиси, қилинаётган муолажалар рўйхатини ўқиб, ҳамон тириклигига ишонмасдим. Мен ҳамон онасининг ўғлини “алдаш” таклифини рад этиб, уларнинг хонасига ортиқча кирмасликка ҳаракат қилардим.
Шундай кунларнинг бирида бўлим мудираси хонасига чақираётганини айтиб қолишди. Ишга эндигина келганим учун шошиб халатимни кийиб, унинг ҳузурига кирдим. Қирқлардан ўтиб қолган қолган мудира Шоҳида опанинг ёнида ўтирган Фозиловани кўриб, гап нимадалигини тушундим. Демак, шикоят қилишган.
Салом беришим билан, халатини ечиб кетишга чоғланган Шоҳида опа “Илтимос, синглим, опанинг гапларига қулоқ солинг. Бу сизга бошлиғингиз сифатида буйруғим!” деганича чиқиб кетди.
Ҳозир яна йиғи-сиғи, ялиниш бошланишидан безиб қолган кўнглимга қарши чиқиб, унинг рўпарасида ўтирдим. Мендан аввал йиғлаб олгани кўриниб турган аёл аввалгидек ялинмай, илтимос қилмай, кўзларимга илк марта нафрат билан боқиб, гапнинг индаллосини айтди-қўйди:
— Фарҳод реанимацияда. Уни Москвага, операцияга олиб кетишимиз керак, рози бўлмаяпти. Илтимос, агар озгина одамгарчилигинг бўлса, жимитдай виждонинг бўлса, у билан гаплашиб, бу ердан кетишга унатиб бер!..
Фозилова бошқа ҳеч нарса демади, отилиб хонадан чиқиб кетди. Мен карахт аҳволда қолгандим. Чунки ўта юмшоқ, беозор, ҳар доим минг истиҳола билан юзланувчи хокисор аёлдан бундай муомалани кутмагандим.
Бир оздан сўнг орқасидан югуриб чиқдим. Кўз ёшларини бемор ўғлига кўрсатишни истамаган она, узун йўлак охиридаги деразадан ташқарига қараб турган экан. Унга аста яқинлашдим. Ўша вақтда мени қандай ҳиссиётлар чулғаганини билмайман. Пажмурда аёлни қалбидаги дардига ҳамоҳанг титраётган елкасидан қучоқлаб, йиғлаб юбордим ва Фарҳод билан гаплашишга, уни жарроҳлик амалиётига кўндиришга ваъда бердим. Онаизор ҳам мени бағрига босди. Изиллаб йиғлаганича пешонамдан ўпди:
— Болажонимнинг ета олмайдиган орзусидан айланай, Фарҳодимнинг Ширинидан айланай! Илоҳим, бахтли бўлгин, қизим! Ўғлим шу дард ўлгурга чалинмаганида-ку, остонангда ётиб олиб бўлса ҳам, уйимга “Ёр-ёр”лар билан олиб келардим... Бедаво ўғлимнинг эркалигини кечир, қизим!
Уни аранг юпатар эканман, шунча вақт муштипар аёлни қийнаб келганимдан ўзимдан нафратланиб кетдим. Ҳамма қўрсликларимни кечириб, дуоларни ёғдираётган она, энди ўғли тузалиб қоладигандек кўзларида умид учқунлари порлай бошлаганди.
***
Уч кундан сўнг яна навбатчиликка келдим. Бугун якшанба. Йигирма тўрт соат ишлашим керак. Навбатни топшираётган ҳамкасбим Фозиловни жонлантириш бўлимидан олиб чиқишганини, унга дағаллик қилмай муомала қилишимни уқтирар экан, қўшиб қўйди:
— Ҳаммамиз ҳам бир куни бу ёруғ оламни тарк этамиз. Йигитнинг ҳеч қанча умри қолмаган. Оиласининг эътибори туфайли шунчалик яшаяпти. Ҳаким Ғофуровичнинг ўзи “Москва тугул, Америкада ҳам ёрдам бера олишмайди” дебди-ю, барибир уни Россияга олиб боришмоқчи. Кечқурун икки марта қон қайт қилди. Ҳозир анча ҳолдан тойган. Умуман ухламай чиқдик. Илтимос, қаттиқ гапирманг!
Унга “Хўп” деганча кийимларимни алмаштирар эканман, вазият ўта жиддий эканини ҳис қилдим. Бошқа беморлардан бир қур хабар олгач, ҳамширалар ва фаррошлар учун ажратилган хонага қайтдим. Кийим шкафига ўрнатилган бўйим баробар ойнага қараб, сочларимни тузатар эканман, лабимга ним пушти бўёқдан суриб, жилмайдим. Тавба, бугун баҳорнинг учинчи куни-ю, уни энди ҳис қиляпман. Балки эрталабки ёқимли шабода сабабмикин?..
Ойнадан ўзимга қараб турган аксимга диққат қилдим. Унда йигирма бирга қадам қўйган қизнинг бор малоҳати, чиройи ва назокати билан бирга тоғдек баланд ғурури акс этиб турарди. Ҳа, бизнинг қишлоқ қизларининг ғурури шунақа — баланд бўлади. Эсимни таниганимдан буён қулоғимга қўрғошиндек қуйилгувчи ўгитларни эслаб, олис болаликка қайтгандек бўлдим…
Мен катта бўлган жойда қиз боланинг шаъни ниҳоятда эҳтиёт қилинарди. Балки ҳамма жойда шундайдир. Лекин бизда яримта ошиқча гап тарқалса, катта иснод, ҳар бир қадамимизни ўйлаб босардик. Дадам дунё кўрган ва анча замонавий оила бошлиғи бўлгани билан фарзандлар тарбиясида ўта қаттиққўл эдилар. Шаҳар мактабига қатнаб ўқирдим. Юқори синфга ўтганимизда турли саналарни оқшомги дискотекалар билан нишонлаш урф бўлди. Уларга бориш учун ўзим ҳеч қачон дадамдан рухсат ололмасдим. Тўғрироғи, изн сўрашга ҳам ботинмасдим. Синфдош қизларимиз бир тўп бўлиб келиб, дадамдан рухсат сўрашар, кўпчиликнинг илтимосига “йўқ” дея олмаган падари бузрукворим “Соат олтида уй бўл!” деган буйруқдан сўнггина уйдан чиқарарди.
Дискотека дегани ҳам ажойиб бўларди. Иккита колонка қўйилиб, мактабимизда ўқийдиган хушовоз йигитлар қўшиқ айтишар, биз йигитлар, қизлар алоҳида-алоҳида ўзбекча рақсга тушардик. Фақат ўта дадил тарбия олган ва умуман тарбияга бегона қизларгина (йигитларга белини ушатишнинг ўзи уят эди-да!) вальс тушишарди. Нимқоронғи залда ижро этилгувчи бу рақс турини биз — қишлоқлик қизлар, ҳеч ҳазм қила олмас ва кимдир қўлимиздан тортса, гуноҳга ботадигандек ташқарига чиқиб кетардик. Яхшиям, вальс талабларга биноан икки мартадан ошмайди. Қолгани ўзимизнинг тўйбоп тароналар... Ҳозир эсласам, куламан, ҳолдан тойгунча ўйнар эканмиз. Кимгадир ўзимизни кўрсатиш учун эмас, шунчаки водийликларга хос қувноқлик бор эди қонимизда.
Дискотека деганлари бешдан аввал бошланса, майли, белгиланган вақтда ортга қайтаман. Аммо у кўпинча айтилган соатда эмас, ҳамма йиғилгач, олтидан сўнг бошланарди. Ана ўшандаги ҳолатимни кўринг. Қизларнинг “ҳай-ҳай”лашишига ҳам қарамай, уйга югурардим. Отамнинг ишончини йўқотиб қўйишдан қўрқардим!
Яна бир ёдимда қоларли воқеа Тошкентга ўқишга кириб, Марғилон вокзалидан кузатилаётган чоғим рўй берган. Ўшанда “Газ-24”имизда мени поезд станциясига олиб келган дадам, шошаётган қизига ҳали вақт борлигин айтиб, очилган эшикни қайта ёпишни буюргандилар. Ҳайрон бўлдим. Улар қаердандир бир қарич оқ ип топиб, қора шими устига қўйдилар. Бир оздан сўнг қизини бағридан юлиб кетгувчи поезднинг йўлига узоқ тикилиб сўз бошладилар:
— Қизим, бугун сен биринчи марта, мустақил, катта шаҳарга кетяпсан. Шу кунгача назоратимда бўлиб, худога шукур, юзимга оёқ босмадинг...
Қарасам, дадамнинг кўзлари жиққа ёш. Уларни юпатмоқчи бўлиб, қўл чўзгандим, узалган қўлимни муаллақ қолдириб, тиззасидан сал тепароққа ташланган оқ ипни тўғриладилар. Сўнг унга ишора қилганча давом этдилар:
— Ҳозир шу йўл бошида турибсан. Қара, оппоқлигини... Агар берган тарбиямга хиёнат қилмасанг, хоҳласанг, Европа бориб билимингни мустаҳкамлаб кел. Мабодо, тўғри, оппоқ йўлдан оғишиб кетсанг, тўрт томонинг, ҳаётинг мана шундай қоп-қора зимистон бўлади. Икки қулоғинг билан эшитиб ол, мен сени икки дунёда ҳам кечирмайман! Тошкентда ҳам қулоғим бор. Ҳар бир қадаминг ҳисобини олиб тураман. Уқдингми?
Ўша вақтда поездга кечикмаслик учунгина шошилинч ваъда берган бўлсам ҳам, атиги битта мисол билан қалбидагини айтган дадамнинг ниҳоятда ақлли инсон эканига тан берганман. Бегона шаҳардаги ҳаёт осон эмас, аммо энди ҳаммаси жонимга тегиб, осонроқ яшашни хоҳлаб қолганимда дадамнинг гаплари ёдимга тушарди. Пойтахтдаги “қулоқ”ларидан эмас, ўша бир қарич ипдан қўрқардим. У мени қаерда турганимни кўрсатиб, тузоғига илинтирмоқчи бўлаётган шайтоннинг бўйнига сиртмоқдай ташланарди. Шунинг учун “ўлдим-куйдим” каби севги изҳорларига ҳам, йигитларга ҳам бефарқ эдим. Буни ҳамма курсдошларим, ҳаттоки биздан икки босқич юқорида ўқувчи яна бир “ошиғим” ҳам билар, шу сабаб, ҳадди сиғиб, юрак ютиб кўнглини оча олмасди…
Фозиловга келсак, “Нима қилсам, қандай йўл тутсам, тўғри бўлар экан? деган савол миямни пармалаб, гоҳ бечора Фарҳод монологи, гоҳ боласининг эркалигини кечиришни сўраган она, гоҳ бирин-кетин ўлиб кетаётган беморларнинг илтимоси бўлиб қулоғим остида жарангларди. Ахийри, қарама-қарши истакларимни ақл тарозиси билан чамалаб, эрталаб метрога кираверишда сотиб олган бир боғлам бойчечакларни қўлимга олдим. Уларни ҳузур билан ҳидладим.
“Балки бу баҳор кимлар учундир энг сўнггисидир? Бу чечаклар-чи? Уларни яна кўрмоқ кимгадир насиб қилмас. Қанча одамлар тутдек тўкилиб кетаётганини кўриб турибман. Бўлди! Бемор йигитнинг кўнглига қарайман. Ҳеч бўлмаса, онамга жуда ўхшаб кетгувчи юмшоқдил онаси учун ҳам шундай йўл тутаман! Шамдек сўниб бораётган инсон учун яхшилик қиламан, менга шу бойчечаклар далда бўлади. Алдаётганимни ҳам фақатгина шу гуллар ва Аллоҳ билади. Унинг сўнгги баҳорига қуёшдек чарақлаб кириб бораман!” дея аҳд қилиб йўлакка чиқдим.
***
Ўн бешинчи хона йигирма қадам нарида. Аммо шу масофа оралиғида кўнглимдаги қарама-қаршиликлар исён кўтармасин, деган хавотирда шаҳдам қадамлар билан бориб, эшикни тақиллатдим.
— Киринг!
Бир пас, атиги бир дақиқа иккиландим. Сўнг бор кучимни йиғиб, илк марта бу хонадан табассумимни қизғанмай, “Ассалому алайкум!” деганча остона ҳатладим…
Унинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам оғир эди. Янаям озиб кетган, устига ёпилган чойшабнинг билинар-билинмас қимирлаб қўяётганигина унинг остида ҳали жон тарк этмаган тана борлигидан дарак бериб турарди. Оқ-кулранг тусдаги юзида дарднинг оғир азоби зоҳир, ҳаётга ташна кўзлари ҳам юмуқ эди. Эътибор бермаган эканман, киприклари қуюқ экан. Гўёки душман шу кўзлар орқали кириб кетадигандай, Ватанини ҳимоя қилишга шайланган, жасур аскарларга ўхшаб сергакликни йўқотмай сафда туришарди.
Онаси ўтиришим учун ўриндиқни сурар экан, ўпкасини боса олмай йиғламсиради. Айтишича, кеча жонлантириш бўлимидан олиб чиқишганида яхши экан, кечга бориб яна оғирлашибди. Ҳамшира айтганидек, бир неча марта қон қайт қилган, энди Москвага олиб боришга ҳам ҳожат қолмаганмиш...
Онаизор гапирар, мен эса гўё бунинг ҳаммасига ўзим айбдордай ерга қараганча бошимни хам қилиб ўтирардим.
— Эртага қишлоққа олиб кетамиз. Бу ерда жони узилмасин. Аллоҳ нолаларимни эшитмади, болам...
Бир дамгина шу муштипар аёл қиёфасида ўз онамни кўргандек бўлдим. Ахир фарзанд доғи волидамга бегона эмас. У ҳам Фозиловнинг онаси каби касалхонанинг совуқ деворларига суяниб, Яратганга муножот қилгани ва кимларгадир ялиниб, жимитдай умидга мўлтираб турганлари кўз ўнгимда намоён бўлди… Аллоҳ она зотини фақат синовлар учун яратадими? Эрта-индин совуқ жасадни қучиб телбавор додловчи онаизор ягона дилбандидан сўнг бу дунёда яшашга куч топа олармикин?..
— У ўлади, болам...
Мени бағрига босиб изиллаб йиғлаб юборган аёлнинг дардидан танамдаги икки юз олти суягимнинг бари қарсиллаб синиб кетгандай бўлди. Эй, парвардигор, наҳот бир ожизангга берган шунча кучинг ягона, бир донагина фарзандини бағрида олиб қолишга етмаса?!..
— Ундай деманг, холажон, — аранг тилга кирдим, —Ўғлингиз ўлмайди. У албатта яшайди!
Шу сўзларни айтарканман, қандай қилиб беморнинг қоқсуяк қўлини кафтларим орасига олганимни билмай қолдим. Виждон азобида қийналаётган қалбим ақлимга бўйсунмай, ҳаракатларимни бошқара олмасди.
Йигитнинг совуқ қўлларини қанча вақт ушлаб турганимни билмайман. Тинмай пичирлардим:
— Аллоҳим, кечир! Шу йигитнинг жонини олиб, гуноҳкор бандангни бир умр қийналиб юриш азобига маҳкум этма!
Мени биринчи марта кўриб тургандай нима қилишни билмай лол қолган онаси, гўё ўғли ҳозироқ кўзини очиб, гапириб юборадигандек мўъжиза кутарди.
— Мени эшитяпсизми, Фозилов?.. Фарҳод... Фарҳод ака! Бир нарсани айтайми?! Тан олишга уялардим. Мен... мен... мен сизни яхши кўраман.
Шу сўзларни айтганимда онаизор яна йиғлашга тушди, бемор йигит эса қилт этмади.
— Яна қайтар-чи, болам... Зора, сени эшитса.
— Мен сизни... сизни севаман!.. — такрорладим яна.
— Қулоғига айт, қизим.
— Ўғлингизни севаман, хола...
Фарзандининг қулоғига пичирланган изҳор ўз илтимоси, тинимсиз илтижоларига биноангина янграётганига ишончи комил она, Аллоҳга астойдил нола қилаётганимдан бехабар эди.
...Агар касаллардан бири ҳамширани сўроқлаб кирмаганида яна қанча пайт шу ҳолатда ўтиришим Яратганнинг ўзига аён эди. Кўз ёшларимни артиб, ташқарига йўналар эканман, кирганим заҳоти каравотнинг оёқ томонига қўйган бойчечакларим ёдимга тушди. Уларни йигитнинг кафтига қўйиб, озғин бармоқлари билан қаттиқ қисар эканман, аста шивирладим:
— Сизга бойчечак олиб келгандим, Фарҳод, мана энди, албатта, тузалиб қоласиз. Чунки бу гуллар хислатли.
Бемор қимир этмас, шундай бўлса-да, мен телбавор қиёфада пичирлардим:
— Бойчечаклар ҳақида ривоятлар кам. Қаҳратон қишни енгиб, баҳорни бошлаб келгувчи шу митти чечакларни жудаям яхши кўраман. Ҳамма яхши кўради. Тўғрими? Улар ҳақида нимадир ёзмоқчи эдим. Ҳикоя, қисса... Билмадим. Битта зўр эртакни биламан, айтиб берайми?
...Қишнинг сўнгги кунларида бойчечак нозик қўлчаси билан устидаги қорни курай бошлабди. Аммо бошини чиқариб олишга кучи етмабди, ноилож қорга ялинибди:
— Ҳой, жаноб, бир оз сурилиб туролмайсизми? — дебди у ҳолдан тойиб.
Қуёш билан суҳбатлашиб турган қорнинг жаҳли чиқибди:
— Сиз кимни жаноб деяпсиз? Кўрмаяпсизми, мен чиройли, оппоққина қорчечакман?!
Бойчечак кулиб юборибди.
— Вой-вой-вой, қанақасига чечак бўласиз? Совуқлигингизни қаранг! Мана, мен чечакман. Гўзал, мафтункорлигимни қаранг.
Қор эндигина унаётган миттигина гулдан хафа бўлмабди. Қўйнидан нимадир чиқариб бойчечакка узатибди:
— Манави сеҳрли ойна. Унда зарраларимни минг марта катталаштириб кўриш мумкин. Қани, бир қаранг-чи.
Бойчечак ишониб-ишонмай сеҳрли ойнача орқали қорга диққат билан тикилибди.
— Вой!.. — деб юборибди у кўзларига ишонмай. — Сиз мендан ҳам чиройли экансиз!
Ҳақиқатдан ҳам, қор оппоқ гулчалардан иборат чиройли гулдастага ўхшарди. Бойчечак сеҳрли ойнадан аранг кўз узиб, беодоблиги учун астойдил узр сўрабди. Қор кулиб юборибди.
— Қўйсангиз-чи! Мен ҳақимда яхши билмасдингиз-ку. Сиз баҳор, мен эса қишнинг чечагиман...
— Демак, қорчечаклар бирлашиб қорга айланар экан-да!.. — дебди бойчечак сеҳрли ойнадаги чиройли манзарадан кўз узолмай.
— Албатта! Қорчечак дейишса, шунақа хурсанд бўламанки! Ҳали бу ҳаммаси эмас. Қуёшда тобланиб буғчечакка, булутга айланиб ёмғирчакка, ерга сингиб бойчечакка ҳам айланишимиз мумкин!
— Энди бу ёғини ошириб юбордингиз!.. — дебди бойчечак қорга қовоқ уйиб. — Ҳали қариндошмиз ҳам дерсиз?
Қор хандон отиб кулибди.
— Ҳазиллашдим. Ёмғир томчисига айланиб қайтсак, боғ-роғ, дала-дашт, қир-адирнинг чанқоғини қондирамиз. Кейин сиздек чиройли гуллар униб чиқади.
Сўнг чуқур хўрсинибди:
— Қуёш бобо билан яна озроқ суҳбатлашиб олай, кейин эрийман... Сиз эса бемалол чиқаверасиз.
Бойчечак бирдан йиғлаб юборибди.
— Нега йиғлаяпсиз? Мен фақат бир оз кутинг, дедим холос-ку!
— Кутишга кутавераман, сизни ранжитиш ниятим ҳам йўқ. Бироқ, ҳов анави болаларни кўряпсизми? Улар мени қидириб қирга чиқишган. Бугун ҳам ҳафсалалари пир бўлиб кетиб қолишар экан-да...
— Нега буни аввалроқ айтмадингиз? — дебди қор. —Ҳозир бир оз эрийман. Сиз эса бемалол бошингизни кўтариб оласиз! Қани-қани ўзим ёрдамлашиб юборай...
Қорнинг ёрдами билан униб чиққан баҳор элчиси унга миннатдорчилик билдирибди.
..Бойчечак қидира-қидира ҳолдан тойган болалар аста қирдан туша бошлашганида, ҳаммадан ортда қолган кичкинтойнинг қийқириғи еру-кўкни тутибди: “Ана-а, бойчечак!!!”
Эртакни якунларканман, яна беморнинг юзига умид билан бикилдим:
— Сизга ёқдими?
Уни яна алдадим. Бу эртакни ҳозиргина қандай тўқиганимни ўзим ҳам билмайман.
— Тузалиб қолинг, Фарҳод! Биламан, сиз кучлисиз, иродалисиз. Сизнинг... Бизнинг фарзандларимиз ҳам бир куни қўлларида шу бойчечаклардан кўтариб келиб қувонтиришсин...
***
Навбатдаги тунни ҳам бедор кутган беморнинг онаси муолажа хонасига кириб келганида, деразадан мўралашга уринаётган кекса ўрикнинг оппоқ гулларига тикилиб турардим.
— Фарҳоджоним эккан ўриклар ҳам роса гуллагандир. У боғда куймаланишни яхши кўради. Агар касал бўлмаганида ҳозир ҳам...
Жавоб қайтаришга улгурмадим. У мени ўзига қаратиб қўлларимдан тутар экан, уларни аста ўпди:
— Боламнинг қўлларидан тутган қўлларингдан ўргилай, қизим! Буни ҳеч қачон унутмайман. Тунов кунги аччиқ гапларимни кечир! Аслида бунга ҳаққим ҳам йўқ! Кейин... кейин ўзингни гуноҳкор сезма. Мен ҳам сенинг ёшингда шундай бўлганман. Буни ҳаё деб атайдилар. Кеча сен уларга бир муддат қарши чиқишга ўзингда куч топдинг. Боламга қилган илтифотинг ажрини Яратганнинг ўзи берсин! Илоҳим, қадрингга етгувчи йигитга ёр бўлгин!
Аёл тўхтамай дуо қилар экан, ўғли билан бўлган ярим соатлик вақтимни фарзандига бағишлаган йигирма саккиз йиллик ҳаётидан устун қўйишини ва бунинг мукофотига менга энг муносиб хонадонга бекалик мартабасини тилашини айтди.
— Биласанми, — давом этди сўнг, — қўлига тутқизган бойчечакларингни ҳеч кимга бермади. Қанчалик ҳаракат қилишмасин, Фарҳоджон кафтларини очмади. Ҳозир ҳам шундай ётибди. Ўғлим бахтли эканини биламан. Чунки сенинг ширин сўзларингни эшитди. Эртагинг... Чиройли эртак учун раҳмат, қизим!
— Мен, мен... ҳалиги...
— У эшитди, болам. Аллоҳга қилган илтижоингни ҳам эшитди. Шунисига ҳам шукур! Чимилдиқ насиб қилмаётган жигарпорам севган қизининг эътиборидан ҳам маҳрум кетганида, қиёматга қадар юрагим ёниб ўтарди. Бир лаҳзага бўлса-да, уни бахтиёр этганинг кўриниб турибди. Юзларида бирам чиройли табассум билан ётибдики, фариштани кўргандай мамнун, қизим...
— У... у киши яшайди. Мана кўрасиз.
Аёл аччиқ изтироблар қалқиб турган нигоҳлари билан бир муддат кўзларимга тик қаради.
— Кўриниб турибди. Кўнглим учунгина гапирмаяпсан. Дуо қил, қизим. Дуо қил! Келиним бўлиб, остонамда оппоқ рўмолларда салом беришингни, ўғлимнинг савлатларига ярашиб яшашларингни мен истамайманми? Илк марта ишга келганингдаёқ, нафақат ўғлимнинг, балки менинг қалбимни ҳам забт этгансан. Шунинг учун ҳаддим сиғиб, сенга қаттиқ гапирдим, ҳаддим сиғиб, сенсираяпман, жон болам...
Гоҳ кулиб, гоҳ бўғзидаги фарёдни боса олмай гапираётган аёлга нима дейишни, қандай тасалли беришни билмай тош қотгандим. Менинг ҳам томоғимга нимадир қадалган, у нималигини билмасам-да, отилиб чиқишини хоҳлардим…
— Ўғлингиз яшайди! У албатта яшайди... Аяжон!
— Нима дединг, болам? Қайтар!
— Фарҳод акам яшаши шарт! Сиз учун ҳам яшаши керак, аяжон!
Аёл елкасига тушаёзган рўмолини тўғрилаш баҳона, ерга тикилган кўзларимга қарар экан, мамнун хўрсинди:
— Тилингдан ўргилай, болам! “Аяжон” деган тилингдан ўргилай! Уйимга келин туширгандай, қўлингдан бир пиёла чой ичгандай бўлдим, болам. Энди армоним йўқ. Илоҳим, бахтли бўл!
У яна йиғлаб юборса, ўзимни баттар гуноҳкор ҳисоблашимни хоҳламадими, эшик томон йўналар экан, шарт ортга ўгирилиб, қўлимга аллақандай дафтарни тутқизди:
— Фарҳоджонники, бу сенда қолсин. Энди дарсингга бор. Биз бугун кетамиз. Меҳрингга, ширин сўзларингга рози бўл, қизим!
Ортидан чиқмадим. Жонлантириш бўлимига ҳам тушмадим. Апил-тапил кийингач, аёл берган дафтарни сумкамга солиб, лифтни ҳам кутмай, зиналардан пастга шошдим. Бешинчи қаватдан қандай тушганимни билмайман. Ташқарида муздек ёмғир ёғаётган эди. Сочларим, кийимларим ивиб кетиб борар эканман, гўёки бир муддат ушлансам, бир умр ўша йигитга боғланиб қоладигандай касалхонадан узоқроқққа қочиб кетгим келарди. Беш бекат шу тарзда юрганимдан сўнггина бу йўлдан қатновчи автобуснинг таниш ҳайдовчиси уловини тўхтатиб, эшикларини очди.
Жиққа ҳўл эдим. Хаёлпарастлик билан салом берганимни кўрган кекса ҳайдовчи, ўнг томондаги ўзига яқин бўш ўриндиққа ишора қилиб, ортиқча савол бермай, сочиқ узатди.
— Cочингни қуритиб ол, қизим, шамоллаб қоласан.
Унинг “қизим” дегани Фарҳоднинг онасини эслатиб юборди.
— Ўғлингиз яшайди. У албатта яшайди... Кўрасиз!
Йўлга ёки менга қарашни билмай қолган ҳайдовчи автобусни бекатлар оралиғида тўхтатишга мажбур бўлди. У энди оғиз очган заҳоти, олд эшикни очишини илтимос қилдим. Қизарган кўзларим, юзимдаги ноаниқ хавотир ва хафагарликни кўриб, у индамай айтганимни бажарди.
Сакраб тушиб, яна ўша йўл бўйлаб касалхона томон чопар эканман, нима қилаётганимни билмас эдим. Биринчи марта қалбимга ҳам, ақлимга ҳам бўйсунмаётган ғалати бир истак, тушуниб бўлмайдиган куч бошқараётганди мени…
***
Ўқишга бормай, бир аҳволда қайтиб келганимни кўрган мудира ўз хонасига таклиф этди. Дарров ечиниб, халат кийиб олишимни ва қуринишимни тайинлар экан, ўзи қайноқ қаҳва тайёрлади. Совқотганимдан қалтираб қаҳвани ҳўплар эканман, Шоҳида опага ялиндим:
— Фарҳодни олиб кетишларига йўл қўйманг!
У бир муддат ҳеч нарса демай, бурчакка қўйилган телевизорда берилаётган аллақандай кўрсатувга қараб турди. Сўнг столи устида турган телефон гўшагини олиб, айлана ичидаги рақамларни тера бошлади:
— Нигора, Фозиловнинг ҳужжатларини тайёрламай туринг. Нимагалигини сўрамай, айтганимни қилинг!
Гўшакни жойига қўйгач, ёнимга келди. Юзимни ўзига қаратиб савол берди:
— Нимага бундай қилясиз? Шу сизга керакми? Тунов куни онасининг кўз ёшларига чидамай, сизни хонамга чақиртиргандим. Лекин сиз ўзингиз севмаган инсонга меҳр беришга мажбур эмассиз! Қолаверса, бу ер онкология. Бўлимда ётган аксарият беморларнинг қисмати тайин. Ҳаммасининг кўнглига қарай олмаймиз. Ёки биров бирон нарса дедими?
— Йўқ! Ўзим...
— Уни Москвага олиб боришмоқчи эди. Ҳаммамиз, ҳаттоки Россиядан чақиртирилган профессорнинг ўзи ҳам фойдаси йўқлигини оиласига тушунтирмоқчи бўлдик. Аммо ёлғиз боласидан айрилишни истамаётган қайсар ота бизни эшитишни хоҳламади. Мана, барибир фойдаси йўқлигини ахийри тушунишди...
— У ёлғиз фарзандми?
— Ҳа. Фарҳод уч ёшлигида ота-онаси автоҳалокатга учраган, орқа мия жароҳати туфайли онаси бир неча йил фалажланиб ётган. Етти йил деганида оёққа турган-у, аммо бошқа туға олмаган экан. Отаси бўлса, аёлини азбаройи севганидан қайтиб уйланмаган. Мана сизга вафо, садоқат ва севги ҳақида тайёр материал. Эшитишимча шеър, ҳикоялар ёзиб турар экансиз…
— Шоҳида опа, Фарҳод нима учун бу хасталикка чалинган?
— Билмадим. Ирсий мойиллик йўқ, радиактив зоналарда ишламаган. Касал бўлгунга қадар катта бир корхонада муҳандис бўлиб ишлаган. Ҳа... айтганча, севган ва унаштириб қўйилган қизи унинг ташхисини билгач, ташлаб кетган экан.
— Нима? У Дон Жуан... Шунақа дейишади-ку... Ҳалиги...
— Шунақа, ўртоқ бўлажак доктор, қайсидир бевафо уни ташлаб кетган, сиз бўлса, ўзингизга йўқ жойдан муаммо ортириб, дарсдан қолиб ўтирибсиз. Ўрнингизда бўлсам, кўзимни чирт юмиб Фозиловни унутардим.
— Унинг яқинлари билан гаплашсам бўладими?
— Нима ҳақда? Отасининг юраги чатоқ, онаси сиз қайтмасингиздан аввал ҳушидан кетиб қолди. Уни ҳам ўғлининг ёнига ётқизишга мажбур бўлдик.
Дик этиб ўрнимдан турдим, қаҳва учун раҳмат ҳам айтмай, мудирага ялинди:
— Бугун реанимацияда қолсам бўладими?
— Эсингизни еб қўйибсиз!
— Илтимос опа, телефон қилинг, рухсат беришсин!
“Хўп” ёки “йўқ”ни ҳам эшитмай, иккинчи қаватга шошдим.
“Севган қизи ташлаб кетган. У хасталикка чалингач, ташлаб кетган… Шунақасиям бўладими? Наҳотки, кўнгил қўйиб, кейин узиш шунчалик осон бўлса. Мана, мен севиб қола олмаяпман-ку?!..”
***
Жонлантириш бўлими остонасида турган йигитнинг яқинлари ҳеч нарса демай йўл беришар экан, ҳеч кимга қарамадим. Фақат ҳар доим кўзимга басавлат кўрингувчи отаси букчайиб, кичрайиб қолганига аҳамият бердим.
...Оёғимга махсус бахилла кийиб, улар ётган хонага кирдим. Иккаласи ҳам сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Бири қўйиб, бири кириб чиқаётган докторлар йигитнинг қўлидаги сўлиб қолган бойчечакларга қараб чуқур хўрсиниб қўйишади.
Бир муддатдан сўнг шу бўлимнинг баджаҳл мудири менга кўзи тушиб, кўзойнак тепасидан қовоқ уйди:
— Сиз тўртинчида ишлайсиз, шекилли?
— Ҳа!
— Бу ерда нима қиляпсиз?
— Мен...
— Нимага довдирайсиз? Ўзимизда ҳамширалар етарли.
— Биламан.
— Эҳ-ҳа, Шоҳидахон айтгандилар. “Ширинман” денг?
Мен жавоб беришга ботина олмай, жим қотдим.
— Яшанг, қизим! Тарбия берган отангизга раҳмат! Энди гап бундай, бу ер ҳарқалай, жонлантириш бўлими. Фарҳоднинг қўлидаги гулларни олиб қўйинг.
Унинг кафтини авайлаб очиб, бойчечакларни олиб қўймоқчи бўлдим. Қани энди, бармоқларини ёзса!.. Ҳаракатларимни кузатиб турган шифокор кулиб юборди.
— Қаранг, сизга ҳам бермаяптими? Ҳа, ким бор, ким йўқ яна баҳор келгунча... Ростини айтсам, бундай ташхис билан, йигитчадан кейин келган беморларнинг қанчаси ўлиб кетишди. Но он держиться! Молодец! Но увы чудеса бывают только в сказках... Майли, кўпроқ гапиринг, комадан чиқариш керак. Овозингизни иложи борича кўпроқ эшитиши керак.
— Онаси-чи?
Русча, ўзбекчани чайиб гапирувчи шифокор аёлнинг кўзларини йириб очиб, томир уришини санаб кўргач, мамнун илжайди:
— Уч кунда оёққа турғизамиз. Главный, бизнинг касалимиз эмас...
Билмадим, кимдир менинг — ўшанда йигирма бир ёш бўлган қизнинг ҳаракатларини оқлар, кимдир йўқ. Аммо мен, ёнма-ён каравотда ётган она-боладан энг яқин инсонларидек меҳримни, хизматимни дариғ тутмадим. Уч кунча дарсга бормай, ҳамшираларнинг ўрнига муолажаларни бажариб, баъзан фаррошнинг ишларини ҳам қилардим. Алламаҳалгача ухламай, икки каравот ўртасида болалигим, уйимиз, оиламиз ҳақида гапирсам, кундузи қалин дафтаримдаги ҳикояларимни ўқиб ўтирардим. Шу орада икки марта елкасига халат ташлаб олган Фарҳод аканинг дадаси менга бир дунё егулик кўтарганча кириб келди. Яқинларининг олдида бирпас ўтиргач, менга нимадир дегиси келади-ю, гапиролмай, секин чиқиб кетади…
Қадами узилмаётган шифокорлар тўртинчи бўлимдан тушавериб ўзлариники бўлиб қолган беморнинг у ёқ-бу ёғини кўриб, афсус билан бош чайқашса, ҳамширалар аллақачон у ҳақда ўтган замонда гапиришарди:
— Эсиз, шунақа чиройли бола-я? Бирам ҳазилкаш эди…
— Нимага “эди”? У тирик-ку?! — дейман жаҳл билан.
Менга Марсдан тушган ўзга сайёраликка қарагандай тикилувчи оқ халат соҳибалари, “биз бунақаларни кўравериб пишиб кетганмиз” қабилида жавоб қайтаришарди...
***
Биринчи бўлиб онаизор кўзларини очди. Ўша пайт ёзган янги ҳикоямни овоз чиқариб ўқиб ўтиргандим. Ўғлининг тепасида ўтирган одамни овозидан таниган муштипар аёл яна йиғлашга тушди. Уни юпатар эканман, увишиб қолган оёқларини уқаладим. Аранг тинчлантириб шифокорни чақирдим...
Аёлни бошқа шифохонага юборишга мажбур бўлишди. Яна икки кундан сўнг ўғли ҳам кўзини очди. Унинг аҳволи яхшиланаётганини айтиб тинчлантирган Шоҳида опа мени дарсга боришга мажбур қилди. Бормасам, ишдан ҳайдалишимни пўписа қилгач, ноилож кўндим.
Аммо қани маърузалар қулоғимга кирса… Гоҳида хаёлпарастлигим туфайли амалиёт чоғида ҳам гап эшитиб қоламан. Кусдошларим ҳайрон. “Бир қоп ёнғоқ” — водийлик хушчақчақ қиз ўйчан ва ғамгин бўлиб қолганини ҳеч ким ҳазм қила олмасди. У вақтлар ҳол-аҳвол сўрашга хизмат қилувчи қўл телефонлар йўқ, бўлимдагиси эса хоҳласа ишлаб, хоҳламаса, дам оларди.
Унинг кундалигини ўқияпман. Илк марта ишга келган кунимдан бошланган. Ярмидан кўпи Навоий ғазаллари ва Фарҳод монологи. “Дон Жуан бўлса, Навоийни ўқирмиди?” савол бераман ўзимга. Аммо уни севиб қолишимга ишончим комил эмас. Энг охирги ёзувларни ҳам ўқиб тугатдим.
“Агар Аллоҳ яна бир йил, атиги бир йилгина умр берганида Мадинани ҳеч кимга бермасдим. Ҳеч бўлмаса, ўзидай чиройли битта қизчам бўлганидами...”
Уятсиз! “Қизча”миш! Менинг ҳали турмушга чиқиш ниятим йўқ. Институтни битириб, илмий иш қилмоқчиман. Шу бедаво дардга даво топишни истайман. Аввал Нобель мукофоти ҳақида ҳам ўйлардим. Ҳозир уни орзу қилмайман. Фақат саратоннинг давосини топсам бўлди!..
Аммо… унинг ҳам орзу қилишга ҳаққи бор! У ҳам менга ўхшаган инсон-ку! Майли, унга қўлимдан келганича ёрдам бераман.
***
Навбатчи бўладиган куним касалхонага кела солиб, 15-хонага кирар эканман, эшикка тикилиб турган қадрдон нигоҳларга кўзим тушди. У махсус каравотнинг кўтарилган темирига суянганча қотиб қолганга ўхшарди. Назаримда, у бир неча кун шу тахлит, йўлимга кўз тикиб ҳайкалга айланиб қолган эди.
Тўғри бориб бағрига отилгим келди-ю, бир қадам қолганида тўхтаб, каравот олдида тиз чўкдим. Фарҳод озғин бармоқлари билан сочларимни силар экан, бармоқлар титраётгани сезилиб турарди.
Бир оздан сўнг ўзимга келиб, уялиб кетдим. Юрагим гурсиллаб урар, аввал ҳеч қачон бундай қилмаганим учун учун ликопчада турган олма янглиғ қизариб кетгандим! Хонада бошқа ҳеч ким йўқ. Уч дақиқача бир-биримизга гапирмай, индамай турдик.
— Бойчечак қорни нима деб эритган экан?
— Сиз... cиз... Бу бор-йўғи эртак-ку!
— Яна бир марта айтиб беринг.
— Уни ўзим тўқигандим.
— Биламан. Қаранг, шундай буюк Навоий бойчечаклар ҳақида хеч нарса ёзмаган экан. Ўзим ҳам шу митти гулларни унчалик хуш кўрмасдим... Яна олиб келасизми?
Унинг бош томонига осиб қўйилган ва аллақачон сўлиб қолган бойчечакларимга кўзим тушиб, жилмайдим:
— Албатта! Агар бозорда қолган бўлса.
Иккаламиз ҳам кулиб юбордик.
Хонага унинг дадаси киргач, уялиб ташқарига йўналдим. Бечора ота, бемаврид кириб қолганидан хижолат бўлиб қолди.
Бир оз вақт ўтиб, овқатланиб ўтирган хонамизга қўлида яна бир дунё егулик билан кириб келди.
— Қизим, шуларни баҳам кўринглар. Овқат, мева-чевалар бор...
Унинг қўлидан халталарни олар эканман, юзига қарай олмайман. Секингина раҳмат айтсам, кафтини очиб астойдил дуо қилди:
— Сизга раҳмат, қизим... Илоё, кам бўлманг!
Ўша куни 15-хонага бошқа кирмадим. Фарҳод аканинг кечки муолажаларини ҳам шеригимга қолдирдим. Эрталаб атайин хонадан чиқиб кетаётган отасини кўрган бўлсам ҳам, шеригимдан илтимос қилдим.
***
Кунлар шу тахлит ўтарди. Мен навбатчиликка келаман, аммо у ётган хонага кирмайман. Қолаверса, дафтардаги дил изҳорларидан сўнг бутун юраги билан менга талпиниб турган йигитга нима дейишни билмасдим. Бу орада бошқа касалхонага ётқизилган онасини кўргани бориб турдим. Шартаки қизнинг ювош тортиб қолгани ва бунинг сабабини сезиб турган аёл синиқ жилмайиб қарши олади. Аммо бир дақиқа ўтмай, хонадошларига “менинг келиним” деб мақтана бошлайди. Узун бўй-бастимга, хиёл қизариб жилмайиб турган юзимга қараб турганларга қараб, ёлғон пўписа ҳам қилади:
— Кўп қараманглар! Кўзингиз тегиб қолади...
Обдан хурсанд бўлгач, шерикларини муолажа хонасига кузатиб, узр ҳам сўраб қўяди:
— Айбга буюрмагин, қизим, бир яйраб олдим-да! Менга ҳавас қилганларини кўрдингми? Ҳаммаям сендай келинни орзу қилади-да. Ўқиган, чиройли... Ўзим ҳам... Бир орзу қилиб олдим-да...
Яна бир гал келганимда аёл ўрнидан туриб шифокордан рухсат олгач, мени боққа бошлади. Четроқдаги ўриндиқни танлаб, ўтиришимни сўрар экан, гапни узоқдан бошлади.
— Бошқа туға олмаслигимни айтганларида дунё кўзимга тор кўриниб кетганди, аммо Фарҳодим борлиги далда бўлиб, мана, элликка ҳам кириб қўйибман. Қанча қистовга олмайин, отаси бошқа оила қилмади. Бу дард ўлгур ёпишмаганида ўғлимнинг тўйини қилиб, ҳозир неварали ҳам бўлармидик... Бир ҳисобда Аллоҳ ҳақ! Оғир кунда олдида бўла олмайдиган бевафони оиламизга яқинлаштирмаслик учун шу кунларни бошимизга солгандир. Қизим, кеча дадаси айтди, Фарҳоджон анча яхши экан. Бир оз кучга кирсин, Москвага олиб кетамиз... Сен ўзингни қийнаб қўйма. Бирор нарса деса, “хўп” дегин-у, аммо бажаришга мажбур эмассан. Яна озгина алдаб тур!
— Йўқ! Олдин ҳам айтганман сизга, ўғлингизни алдамайман.
У қўрқиб, этагимга ёпишди.
— Қизим, яна нима бўлди? Жон болам, озгина ёлғон билан гуноҳкор бўлиб қолмайсан.
Этагимни аёлнинг қўлларидан бўшатиб, унинг кўзларига тик қарадим.
— Аяжон, мен ўғлингизни алдамайман. Унга тегаман!
Бу гапни эшитган, айланиб юрган бир-икки бемор биз томонга қараб бақрайиб қолди.
— Келиним деб мақтанишни биласиз-у, тўйдан қочяпсизми?
Фарҳод аканинг онаси индамади, фақат бодраб чиққан момоқаймоқларга узоқ тикилиб хўрсинди.
— Бунинг иложи йўқлигини сен ҳам, мен ҳам яхши биламиз. “Тегаман”миш… Қанчалик яширишмасин, ўғлимнинг қанча умри қолганини яхши биламан.
— Аяжон, — юзландим унга иложи борича юмшоқлик билан, — сиз худо эмассиз-ку, бандасининг қанча яшашини биладиган. Ана, дўхтирларнинг ўзи айтди. Ўғлингиз юз фоиз тузалиб кетиши мумкин.
Аёлнинг ҳов бирдаги каби жаҳли чиқиб, ўрнидан турди:
— Мен сендан ўғлимни алдашни илтимос қилдим, ўзимни эмас! “Роль ўйнай олмас”миш, балодай ўйнаяпсан-ку! Аммо менга тишинг ўтмайди, икки дунёда алдай олмайсан!
Шаҳд билан узоқлашаётган аёлнинг орқасидан қараб қолар эканман, елкамга тушган ўрик гулига қараб пичирладим: “Фақат Фарҳодга тегаман! Ахир мен Ширинман-ку, тўғрими? Ҳали шу қайсар хотиннинг оғзини очиб, бир хизматларини қилай, айтган гаплари учун уялиб қолсин!”
Гул билан сирлашар эканман, энди ўзимни алдаётганимни билмасдим. Билсам ҳам, тан олгим келмасди. Чунки бу дардга чалинганларнинг бирортаси тузалмаганини эшитганим сари, қўлим ҳеч қачон етмайдиган юлдузга оёғим остига тўнка қўйиб чўзилаётганга ўхшардим.
Мен севиб қолдимми? Билмадим... Ўзи бирортасини севганмидим?.. Ҳа, мактабда ўқиб юрганимда. Аммо туйғуларимни ўша калондимоғ йигитнинг ўзи ҳам билмаган. Институтда-чи? Биринчи босқичда ўзимиздан тўрт босқич юқорида ўқийдиган бир бола яхши кўриб қолганди. Дарвоқе, унинг ҳам исми Фарҳод-ку! Шу вақтгача эътибор бермаганимни-чи! Қўҳна самарқандлик бўлажак ҳамкасбим икки йил ортимдан соядек юрди. Мен аввал ёзганимдек мағрур, фақат ўқишнигина ўйлардим. Иккинчи босқични битирганимизда аранг журъат топиб севги изҳор қилган биринчи Фарҳоджон, учинчи босқичга ўтар чоғимиз уйланиб, хотинини етаклаб келди… Демак, мени ҳеч ким шу бемор йигитчалик севмаган. Унга нисбатан юрагимда ҳали муҳаббат илдиз отмаган бўлса-да, ғалати бир илиқлик, яқинлик бор. Ҳали шунақа севиб қолайки!..
Тавба, ўша вақтлар дадам мисол қилиб кўрсатган оқ ипнинг қаерида турганимни ҳам ўйлаб кўрмабман. “Бегона йигитнинг қўлидан тутган қизнинг бу ҳаракатларини елкадаги қайси фаришта ёзади, ўнгими, чапими?” деган саволгина қаттиққўл дадамнинг норози қиёфасини эслатди. Аммо дарров ўзимни оқладим: шундай қилмасам, у ўлиб қоларди-ку! Бир нарсага амин эдим: мен ўзимга тўғриман. Ҳиссиёт ва ҳирснинг фарқини биламан ва энди Фарҳод ака фақат уйланганидан сўнггина менга қўлини теккизади. Аммо… тузалмаса-чи? Ўлиб қолса-чи? Йўқ, бу ҳақда ўйламайман. Фақат яхши ният қиламан. Бирор кун уни албатта севиб қоларман...
***
Ўша баҳор кунларининг бирида яна бир қувончли ҳодиса юз берди. Кечки уколларни тугатиб, муолажахонани йиғиштираётган чоғим, очиқ турган эшикдан таниш овоз эшитилди:
— Если Магомед не идёт к горе, то гора идёт к Магомеду!
Овозни таниб гарангсираб қолганим майли, саратон туфайли анча вақтдан буён ўрнидан тура олмаётган Фарҳод аканинг юриб келаётганини кўриб, йиғлаб юбордим. Қўлтиғидан суяб келган отаси эса ўғлини кушеткага ўтказиб, баҳона топиб, бизни холи қолдирди.
— Яхшимисиз, Ширин?
— Зўр!
Иккаламиз ҳам кулиб юбордик. У ҳол-аҳвол сўрар экан, гинахонликка ўтди:
— Авваллари яхши экан, ҳар навбатчиликда икки маҳал кириб турардингиз. Энди шундан ҳам маҳрум бўлдик. Овозингиз ҳам аввалгидек жарангламайди. Ёки атайин бизнинг хонамиз томонда секин гапирасизми?
Ерга қараганча индамай турарканман, бу инсонга нисбатан қалбимда қандай ҳиссиётлар борлигини чамалашга ҳаракат қилардим. Раҳмми? Йўқ! Шафқатми? Йўқ! Муҳаббатми? Йўқ! Унда нима?
— Реанимацияда онам иккаламизга қарабсиз. Энди армоним қолмади. Сиздай чиройли қиз биздай ғарибга шафоат, марҳамат кўрсатдингиз. Дарсга ҳам бормабсиз... Энди менга ваъда берасиз.
— Қанақа?
— Бошқа ҳеч қачон дарс қолдирмайсиз. Сиздан жудаям яхши, оқкўнгил шифокор чиқади. Эркаликларимни эса кечиринг, синглим!
Синглим?! Қулоқларимга ишонмадим. Нима, у мени мазах қиляптими? Кўнглимдан кечаётганларини англаб турган Фарҳод ака синиқ жилмайиб давом этди:
— Эртага кетяпмиз.
Кетишларини билардим, аммо эртагалигини эшитмаганим учун ғалати аҳволга тушдим.
— Ҳар бир эркак сиздай қизга уйланишни орзу қилади... Агар касал бўлмаганимда йўлингиздан чиққан ҳамма йигитларнинг адабини бериб, бир умр сиз билан яшаб ўтардим. Бироқ бу ҳам бир синов-да! Умрим якунида сизни рўбарў қилиб турибди. Мендан рози бўлинг!
Охирги жумлани шу қадар қатъийлик билан айтдики, у гўё ростдан ҳам ўлими олдидан рози-ризолик сўраётгандай қўрқиб кетдим.
— Cиз ҳам менга ваъда беринг, — дедим унинг ёнига ўтириб. — Қаерда операция қилдирсангиз ҳам, ўлмайсиз! Йигирма бирга кириб, қўлимни ҳали ҳеч қайси йигитга ушлатмаган эдим. Реанимацияда сизни ҳаётга қайтариш учун эрталабгача қўлингизни ушлаб, тинмай дуо қилдим. Мен сизни севиб қолдим, деб алдамайман. Аммо ишончим комилки, юрагимдаги туйғулар раҳм-шафқат эмас. Уларнинг нималигини ҳали ўзим ҳам билмайман. Фақат хонангизга киришга уялиб қолганман...
У ялт этиб менга қаради. Нимадир демоқчи бўлди-ю, индамади.
— Яна бир ваъда беринг, — давом этдим мен. — Менга албатта уйланасиз! Сизни кутаман ва биз жудаям бахтли бўламиз. Сиз муҳандис, мен шифокор бўлиб ишлаймиз. Менинг китобларим нашр этилади, машҳу-у-ур ёзувчи бўлиб кетаман.
— Ие, машҳу-у-ур ёзувчи билан яшаш осонми?
Иккаламиз ҳам кулиб юбордик.
Эртасига якшанба эди. Уларни кузатгани аэропортга бормоқчи эдим, Фарҳод ака унамади. Кечаги маҳзунлигидан асар ҳам қолмай, хонага олиб кирилган ногиронлар аравачасида ўтирганча ҳазил қилди:
— Кутаман денг, Ширин?
— Кутаман!
— Севаман денг, Ширин?
— Севаман!
Бу сўз, шунчаки бир саволга жавоб тарзида лоп этиб оғзимдан чиқиб кетган бўлса-да, юраклардаги сафар олди ғашликни тарқатиб юборди.
— Унда эшитинг. Эсон-омон қайтиб келсам, камида олтита боламиз бўлади. Чунки менинг ака-укам, опа-синглим йўқ. Болаларимнинг жигарлари кўп бўлишини хоҳлайман. Кейин… шаҳарда эмас, тоққа каттакон вилла қуриб, ўша ерда яшаймиз. Чунки касалхонада ётавериш жонга тегди.
— Ношукур, — дедим қовоғимни уйиб, — агар шу ерда ётмасангиз, мени учратармидингиз? Яна севишларига ўлайми?..
Фарҳод ака мазза қилиб кулар экан, енгилганини тан олиб икки қўлини кўтарди:
— Бўлди, бўлди, сдаюсь! Сизга уйлансам, ҳамма гапларимни ўйлаб гапираман, шекилли, хоним?
— Албатта!
Ўша куни шу тарзда қувноқлик билан вақтни ўтказдик. Аэропортга олиб кетгувчи машина келганидагина маъюс бўлиб қолган Фарҳод акани ўзим аравачада етакладим. У лифтда ҳам, боғ оралаб дарвозахонага қадар чўзилган узун йўлакда ҳам миқ этмади. Ота-онаси биздан анча аввал тушиб, пойлаб туришган экан. Уни машина салонига ўтказишиб, аравачани орқа капотга жойлашгач, мен билан хайрлашишди. Бир қанча муддатда қадрдонларимга айланиб қолган инсонлар билан ажралиш ниҳоятда оғир эди...
...Машина жойидан қўзғалди. Худди шу маҳал ўтирган жойидаги деразани туширган Фарҳод ака мени олдига чақирди. Югуриб бориб, нимадир дермикин, деган илинжда оғзига қарадим. ...Аммо у мен мутлақо кутмаган гапни айтиши ҳаёлимга ҳам келмаганди. Кўзлари тўла ёш, бўғзига қадалган тош билан илтижо қилди:
— Сизни севмаганман синглим. Битагина илтимосим- Бахтли бўлинг!
Унга гапиришга улгурмадим, шошқалоқ ҳайдовчи машинани жойидан жилдирган, қолаверса, мен билан шу тарзда, айнан шу гапларни айтиб хайрлашишни Фарҳод аканинг ўзи хоҳлаганди.
***
Роппа-роса икки кундан сўнг эса Москвадан хунук хабар келди. Фарҳод аканиг аҳволи самолётдаёқ ёмон бўлиб қолиб, касалхонга етишлари билан жони узилган эди.
Бу гапни эшитиб, қай аҳволга тушганимни тасвирлаб бера олмайман.
Гўё бутун дунё бўм-бўш. Шу бўм-бўш дунёсига ҳам сиғмаётган қалбим фарёд урарди. Йиғидан қизариб кетган кўзларимни кўрган Шоҳида опа мени уйга жўнатиб юборди.
— Ишонмайман! Ишонмайман!.. — қайтарардим телбавор, Шоҳида опадан олган рақам орқали Москвадаги касалхонага қўнғироқ қилиб гаплашганимдан сўнг ҳам, ҳеч ишонгим келмасди.
“Кто? Фазилов? Да, к сожалению он умер, царства ему небесное...”
Гўшакни қўяр эканман, унинг беғубор, самимий ҳазилларини эсладим. Энди унинг ёруғ оламда йўқлиги ҳақиқат эканлиги, аччиқ ҳақиқат эканлигини ўз қулоқларим билан эшитсам-да, барибир ишонгим келмасди...
Икки кундан сўнг уйга, Фарғонага келгач, Фарҳод ака ёзиб берган манзилни топишни кўзлаб йўлга чиқдим. Қўшни тумандаги манзилни не азоблар билан топиб бориб, қай кўз билан кўрайки, дарвоза олдида азадорлар ўтирарди. Демак, рост экан! Шунда ҳам қаноат қилмай, бола етаклаб кетаётган аёлдан бу ростдан ҳам унинг уйими-йўқми, сўрадим.
— Ҳа, Фозиловларнинг уйи. Бир ҳафта аввал Москвадан ўлигини олиб келишди. Самолётда аҳволи оғирлашиб, ўлиб қолибди....
Бўлди! Бошқа сўзга ҳожат қолмади. Таъзияга киришга юрагим дов бермай, ортимга қайтар эканман, нимагадир ўзим ҳам ўлишни, бу оламни тарк этиб, ўша беғубор, инсон билан бирга бўлишни хоҳлардим…
***
Касалхонадан ҳужжатларимни олдим. У ерда бошқа ишлолмасдим. Аммо ҳар эҳтимолга қарши, ҳар замонда қўнғироқ қилиб, Шоҳида опадан “Янгилик йўқми?” деб суриштиришим оғир ботдими, бир куни уришиб берди:
— Қанақа янгилик бўлсин? Нима, энди гўридан тирилиб чиқармиди? Ўзингиз уйигача бориб келибсиз-ку, яна қанақа исбот керак? Эсингиздан чиқаринг! Ўз ҳаётингиз билан яшанг, бечора боланинг ҳам руҳини чирқиратманг!
Бу ҳақиқатни тан олишга мажбур эдим. Чунки у тирик бўлганида, мени албатта излаб топарди. Агар тирик бўлганида, ўзи ваъда бергандай, катта тўй қилиб, ҳаммани таклиф қиларди. Агар омон қолганида мени ҳаммадан қизғаниб, уйланиб оларди...
Аччиқ ҳақиқатга тан бериб, бошимга тушган тақдир тошининг зарбасидан анча вақтгача ўзимга кела олмадим. Ҳатто тўйим бўлиб, узатилиб кетаётган чоғим ҳам, мўъжиза рўй беришини кутардим. Афсус, у рўй бермади.
***
Йиллар ўтди. Ҳаммани ўз измига солган ҳаёт менга ҳам бирин-кетин ширин фарзандлар ато этди. Турмуш ўртоғимни яхши кўраман, бир вақтлар қалбимга киришга рухсат сўраган бемор бола ҳақида эса қалбимда фақат покиза хотиралар қолганди. Аммо Фарҳод акага боғлиқ хотирадан шу билан қутулиб қолмаслигим ҳаёлимга ҳам келмасди….
...Орадан ўн йил ўтди.
Баҳорнинг илк кунлари эди. Чорсу бозоридаги ер ости йўлидан ўтиб зиналардан кўтарилар эканман, бойчечак сотиб турган аёлга кўзим тушди. Хотиралар мени яна ёшликка етаклади. Худди шу жойдан сотиб олгандим ўша бойчечакларни. Шунча йил ўтиб кетдими?..
Юрагим санчди. Ёлғизгина фарзанд, муштипар она, совуқ касалхона ва кетиб бораётган таксининг туширилган ойнасидан эшитилган видолашув сўзлари қулоғим остида қайта жаранглади:
“Мен сизни севмаганман, синглим”.
“Севмаганман...”
Аммо мен севиб қолгандим!
— Қизим бойчечакдан олинг! Унга етганлар бор, етмаганлар бор... — деган сотувчи холанинг сўзларидан хаёлим бўлинди.
Индамадим. Негадир шу бойчечакчи хола билан роса дардлашишни хоҳлардим. Бошимдан кечган ва шу митти гулларга ҳам алоқаси бор хотираларимни унга айтиб бериб, оз бўлса-да, кўнглимни ёзгим келарди. Лекин унинг фикри-зикри савдода эди. Қўлидаги баҳор чечакларининг хислатини эмас, қийматинигина кўриб турган хотиндан хафа бўлиб, тоғорадаги ҳамма бойчечакларни сотиб олдим. Кўзларимга сургач, митти гулчаларга пичирладим:
— Ўн йил аввал бир инсоннинг қўлидан сизларни ҳеч ким тортиб ололмаган эди. Энди ўша инсоннинг ўзи йўқ. Балки аллақачон у ҳам бойчечакларга айланиб униб чиққандир... Биламан, сиз оддий гул эмассиз, агар қалбимдаги армонимни ўқиб турган бўлсангиз, унга ростдан ҳам ўшанда уни севиб қолганимни, қидирганимни, кутганимни етказинг...
— Мадина, йиқиласан!..
Оёғимга нимадир урилди. Қарасам, рангли суратлар туширилган болалар коптоги. Уни олиб, атрофга алангладим. “Мени ким чақирди экан?” деб ҳайрон бўлиб турсам, яна ўша овоз эшитилди:
— Мадина, ҳамма жойинг лой бўлди-ку!
Шундагина мен томон чопиб келаётиб кўлмакка ўтириб қолган копток эгаси адашим эканини билдим.
Ортидан югуриб келган онаси ўриндиққа ўтирганча унинг иштонини алмаштирар экан, қизчасини енгил койирди. Дарҳол аёлга қарашиб юбордим.
— Шунақада болалар. Бир пасда ҳамма жойини шалаббо қилишади. Дадаси машинани қўйгани кетганди. Раҳмат сизга!
Қўлимдаги бойчечакларга тикилиб турган қизчанинг юзидан ўпиб, унга бир боғлам бойчечак узатдим.
— Олинг, адаш!
— Бу гулларнинг хислати бор қизим, маҳкамроқ ушла!
Таниш, ниҳоятда қадрдон овозда берилган буйруқ эгасига қараб қотиб қолдим. Қаршимда у турарди! Баланд бўйли, анча тўлишган, сочларига оқ оралаган, аммо кўзлари ҳамон ўшандай чарақлаб турган одам — Фарҳод эди. Бир муддат, атиги бир муддат кўзларимиз тўқнашди.
— Қанақасига? Сиз ўлгандингиз-ку?!..
У хиёл кулимсиради:
— Тирилиб келдим, Ширин.
Қизига иштончани чала кийгизган жувон иккимизга қараб қотиб қолганди.
— Китобларингиз чиқдими?
— Қаерда эдингиз?
Бир муддат соат миллари орқага айланиб, ўша номи совуқ касалхонага қайтгандай бўлдим. Ўша янги ишга кирган кезларим, шахмат туфайли чироғи ўчмай қолган хона, беморларнинг овози қулоғим остида жаранглади: “У сизни севиб қолган. Фарҳодга раҳмингиз келсин!..”
— Бахтлимисиз?
— Сиз-чи?
Иккимизнинг қалбимиздан отилиб чиқаётган бу саволлар бесас янгради. Зеро, гапиришга иккаламиз ҳам ожиз эдик. Шу пайт кутилмаган ҳолат рўй берди. “Опажон!” деб мени қучоқлаб олган аёл, қўллари қалтираб қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қилди-ю, сўнг телефонни эрига узатди.
— Мана, ўзингиз айтинг...
Фарҳод аканинг кўзлари менда, қўлига тутқазилган телефонни омонат ушлаб турганга ўхшарди.
— Ало, аяжон, менман! Сизга сюрпризим бор. Мана, ўзи билан гаплашинг!
У телефонни менга узатди. Қўлим қалтираб уни олар эканман, гўшакдан ўн йил аввалги қадрдон овоз янгради: “Тушунмадим, Фарҳоджон, қанақа сюрприз?”
Ўзимни тутиб олиб жавоб бердим:
— Мен, аяжон, ўша сюрприз менман!
— Қизим... Яхшимисиз?
Унинг пиқ-пиқ йиғлаётгани сезилиб турарди. Кўнглини бир пас бўшатиб олгач, давом этди:
— Ҳа, дунё тор-да, ахийри учрашибсизлар...
У мендан қаерга турмушга чиққанимни, нечта болам борлиги, ҳозир нима қилаётганим-у, нима қилмоқчи эканимни обдан суриштирар, ҳеч гапи тугай демасди:
— Ўғлимнинг тақдирида соғайиш бор экан, мана, яшаяпти. Лекин сизни роса қидирди, қизим. Узатилиб кетганингизни эшитгач, ишонмай тушган маҳаллангизгача борди. Узоқдан кўриб, индамай орқага қайтган ва тақдирга тан берган...
Фарҳод аканинг онаси хайрлашишдан аввал ўғлига телефон рақамимни ёзиб беришимни илтимос қилди. Суҳбатимиз якун топгач, кичик Мадинани қўлимга олдим.
— Қизимни фақат эртакларингиз билан ухлатамиз, — жилмайди Фарҳод ака.
Яна савол назари билан унга қарадим.
“Қаерда эдингиз?”
Маълум бўлишича, ўшанда, улар Москвага учаётган самолётда мазаси қочган у эмас, отаси экан. Аэропортда кутиб турган таниш профессор яқинроқ деб, уларни тўғри ўзи ишлайдиган клиникага олиб борган. Аммо дарвозадан кирар-кирмас отасининг жони узилган. Кутилмаган зарбадан аҳволи яна оғирлашган ўғилни қолишга амаллаб мажбурлаган икки амакиси ва онаси отанинг жасадини олиб, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган... Фарҳод акага Москвада эмас, Германияда даволаниш самара беришини айтишгани учун у таниш профессор билан Европага жўнаб кетган…
Тўрт йилдан сўнг бутунлай даволаниб чиққач, Фарҳод ака мени роса қидирибди. Касалхонага борса, шифокорлар қўрқиб кетишибди, таниш фаррош хола эса калима қайтариб ҳушидан кетибди…
Ҳаммасини кино тасмасида кўргандай бўлдим.
Бу воқеаларни ипидан игнасигача билгувчи аёли кулиб сўзлашда давом этди:
— Қаранг, опа, қизимиз менга ҳам, дадасига ҳам ўхшамайди, икки томчи сувдек сизга ўхшаркан.
Сариқ сочлари, кенг пешонаси ва яна қаерларидир менга ўхшаб кетгувчи қизчани лўппи юзларидан ўпиб, шукрона келтирдим.
У тирик! У ҳам бу дунёда мен нафас олган ҳаводан нафас оляпти.
Онанинг ёлғиз фарзанди ўлмаган! Унинг ҳам авлоди давом этяпти.
Муҳаббатми? Муҳаббат бор! Чин муҳаббат абадий! Пок севги юракларда яшайверади. У борки чиройли достонлар яралади. Ўлмас ғазаллар ёзилади. Ҳамма ошиқлар бир-бирига етишганида, Навоий, Фузулий каби ҳамсанавислар асарлари боқий бўлармиди?..
Уларга бахт, саодат тилаб хайрлашдим. Бекатга етиб қолганимда, у ортимдан чопиб келди:
— Ширин... телефон рақамингизни беринг!
Унга тикилдим. Ўлганини эшитиб, қўшни тумандан йиғлаб қайтган телбавор қиёфам кўз ўнгимда қайта намоён бўлди. Аммо афсуски, энди у менга бутунлай бегона эди.
— Йўқ, — дедим қатъий, — Москвага кетаётиб айтган гапингиз ёдингиздами? “Сизни севмайман, бахтли бўлинг, синглим!” - деган эдингиз.
Мен бахтли бўлишга ҳаракат қилдим... Сизга эса фақатгина шу бойчечакларнигина бера оламан холос!
Баҳорий чечакларнинг хуш ифоридан тўйиб ҳидладим. Уларга кўзимдан томган бир томчи ёшнигина қўшиб, унга узатдим.
Ҳа, мен ростдан ҳам бахтли эдим…