ЭШИК
Маъмура ЗОҲИД
ЭШИК
ҳикоя
(Аслида бундай раҳбар аёллар суиистеъмоли кўпчиликни қийнайди. Улар қайси эшикка бормасин, шундай йўл тутади. Ҳалол одамлар меҳнатини ҳам ювиб юборади)
У саватчани оёқлари билан яқинига суриб, еб турган нокининг пўчоғини ташларкан, стол устида турган телефон гўшагини кўтариб, рақам тера бошлади.
– Алло...
— Ассалому алайкум, Каромат Эшқобиловна, — гўшакнинг нариги томонидан аёл овози келди.
— Ваалайкум ассалом, нега ҳалигача умумий ҳисоботни топширмадинглар?
– Бўлди, ҳозироқ тайёрлаб элтиб берамиз.
– Демак, ҳали тайёр ҳам эмас экан-да?!
– Йўқ-йўқ, тайёр.
– Менга қаранг, менга ҳозироқ юбор дейишяпти. Амаллаб бир нарса қиларман. Лекин-чи, ҳозир шаҳар бошқармасида текширув бор экан. Шунга унча-мунча йиғиб берсанглар, яхши бўларди.
– Бўпти, қанча экан?
– Қаранг, лекин дими чиқмаслиги керак.
Методист кўз қири билан эшик ёнида ўтирган, янги ишга келган йигит томон қандайдир хаёл билан қараб қўйди.
– Йўқ, ҳаммаси жойида бўлади. Кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Яхши, сизга ишонганим учун айтяпман-да. Тўрт юз минг сўм қилиб берсанглар бўлди. Қолганини ўзим бир амалларман.
Нариги томон рози бўлиб, эртагача муддат сўраб телефондан узилди.
Методистнинг қиёфасида мамнунлик аксланди. Нима қилишни билмай ўнғайсизланиб ўтирган янги ходимга яна бир кўз қирини ташлаб кулгисини елпиғичи ортига яширди. Бир оздан кейин у яна телефонига ёпишди.
– Ваалайкум ассалом, Марҳабохон, қандайсиз, онам? Ишларингиз яхшими? Онам, хуллас, шундоқ вазият бўлиб қолди-да. Мана бу эшигимизни янгилаш керак экан. Катта текширув бор экан. Таъмирлашниям, эшик ўрнатишниям ўзимизга юклаб қўйишди. Бугун энди “ишонганларим бор-ку, ёрдам қилишар” деб сизга қўнғироқ қилиб турган жойим. Бўёқ-мўёқни ўзим уйда хўжайин билан гаплашиб бир нарса қиларман, лекин эшик менга сал оғирлик қиляпти-да.
– Каромат опа, биз турганда ўйланиб ўтирасизми? Сиз бир ўзингиз. Биз кўпчиликмиз. Нима ёрдам экан энди? Айтаверинг.
– Сизларда ўқитувчи кўп, шунга бир беш юз минг қилиб берсанглар, қолганини бошқа яқинларимизга айтиб, камига ойлик-пойликдан қўшиб бир нарса қилиб юборардик-да.
– Бўлди, тушунарли. Сиз хавотир олманг. Кечга яқин ўзим олиб бораман. Бир сизни кўриб ҳам келай дегандим.
– Раҳмат, жоним, раҳмат. Чарчаманг.
Каромат Эшқобиловна сумкасидан ойнача олиб сочларини тўғрилаган бўлди. Котибага қўнғироқ қилиб, мудир бор-йўқлигини сўради. Шу ерда эканини билгач, қоғозларини тартибга келтириб, имзо керак бўладиган ҳужжатларини тахлади. Яна бир кўриб чиқди.
Телефони овоз берди.
– Алло, Мақсуд Салиевич, ассалому алайкум, яхшимисиз? Раҳмат, раҳмат, ўзинглар яхши ишлаяпсизларми? Мақсуд Салиевич, қалай, ана у дарсим камайди деб жанжал қилиб юрган ўқитувчингиз бор эди-ку, нимайди оти? Ҳа, ўша, тинчиб қолдими?
У ёқдан мактаб директори деди:
– Ҳозирча тинч-ку. Яна ким билади. Тинч турмагани бирор ўн-ўн беш кунда билинади-да.
– Ҳа. Жуда оширвораркан ўзиям. Шаллақилигини қаранг.
– Эй, гапирманг, жондан ўтказворади. Каромат Эшқобиловна, чораклик ҳисоботни олдингизми? Малака ошириш маълумот-жадвалини ҳам юборгандим.
– Олдим, олдим, раҳмат. Тўғри тайёрлабсизлар. Мақсуд Салиевич, мен телефон қилганим – райономизга катта текширув келаркан. Шунга мудир ҳамма ўз хонасини ўзи таъмирласин, дедилар. Кўплашиб бир ёрдам қиласизларми деб.
– Каромат опа, ҳеч иложим йўқ. Ўзи ўтган йилги мактаб таъмиридан ошхонамиз қолиб кетган. Ўшани ўқитувчилар билан тўплашиб қилиб юборамиз дегандим, бир-икки ғаламисларнинг касрига бўлмай қолди. Энди нима бўларкин деб ўйланиб турибман.
– Ҳм, шунақами, – Каромат Эшқобиловна қўлидаги қаламнинг орқасини столга тақ-тақ этиб урди-да, гапни қисқа қилди, – Хўп, майли, яхши қолинг.
У томон нимадир деганича қолди. Телефонни ўчирди.
Ўрнидан туриб қўлидаги қоғозлари билан мудир хонасига йўл олди. Эшик олдига келганда ҳайрон ўтирган янги методистга қаради. Киноя билан сўз қотди:
– Сиз зерикиб қолмай ўтириб туринг, хўпми? Мен ҳужжатларимга раҳбаримиздан имзо олиб келай.
Йигит ўрнидан туриб, бош силкиди.
Каромат Эшқобиловна мудир ҳузурида зарур қоғозларни имзолатди ва чиқиб кетмай ўриндиққа чўкди. Мудир унинг нимадир гапи борлигини тушунди. Кўзига қаради.
– Ғайрат Садирович, ана у Дарвозадаги директоримиз ишга совуққонлик қиляпти. Ўқувчилари ичида участка нозирининг рўйхатига тушганлар ўзи кўп эди. Ўтган икки ойда яна учта қўшилибди.
– Мақсуд Собитовми? Шунақа денг. Мактабида бола ҳам кўп-да ўзи.
– Ҳа, кўп, лекин бола кўплиги бўйича ундан олдинда турадиган тўртта мактабимиздан бирортаям рўйхатга тушган бола йўқ.
– Уни эркак киши, яхшироқ эплайди, деб директорликка қўювдик. Тажрибаси кам-да.
– Кейин ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳам пасайган. Ўтган ой текширувга борганимизда бизга тайёрлаб берган ҳисоботлари билан журналларни солиштириб ҳайрон бўлиб қолдик. Қалбаки қилиб чиқариб беришар экан.
– Ие, сиз қаерга қараяпсиз? Ўша заҳоти айтмайсизми?
– Айтмоқчийдим, бошқа ишлар билан бўлиб...
– Қизиқ эмасми бу ишингиз? Кейинги сешанба бутун районо ўша мактабда бўлади, ҳамма ишини текширасизлар, тушунарлими?
– Хўп, хўп, Ғайрат Садирович.
– Янги методист қалай? Олиб кетадими?
– Ҳа, ўргатяпман. Уддалаб кетар.
– Яхши. Ўзингиз яхшилаб иш ўргатинг. Ҳамма тарих ўқитувчилари маълумотларини ўргансин. Бекор ўтирмасин. Ўзингиз ишга солиб қўйинг.
У мудир қабулидан яхши кайфият билан чиқди. Хонага киришига янги ходим яна ўрнидан туриб олган эди. Жини қўзиди.
– Ў-ўтирибсизми? Боринг овқатланиб келинг. Соат бештакам бир бўпти.
– Хўп, – йигит чиқиб кетди.
Ўзи ҳам тушликка отланди. Бир қўлига кармонини олиб, эшикни қарсиллатиб қулфлаётганида спорт мактаби раҳбарларидан бири топширадиган қоғозларни кўтариб келиб қолди.
– Ассалому алайкум, Каромат Эшқобиловна, ишларингиз яхшими?
Унинг энсаси қотди.
– Тушлик бошланди. Ололмайман. Сизларга қолса ҳисоботларни эшикдан ирғитиб кетсанглар экан-да-а? Шошилманг, ёздириб, тушунтириб кейин кетасиз.
Маънавиятчи ҳар қанча ялиниб ҳам, ишлари зарурлигини айтиб ҳам кўндиролмагач, ташқаридаги ёғоч ўриндиқда кутиб ўтирар бўлди.
Ниҳоят, у телефонни қулоғига тутиб, қандайдир яқин одами билан сўзлашганча қайтиб келди, жойига ўтирди-да, телефонига “бир минутга” деб қўйиб ортидан эргашиб кирган маънавиятчига юзланди:
– Қани опкелганингиз?
– “Билимлар беллашуви” бўйича ҳисобот эди. Қатнашадиганлар, кейин ўқитувчилари.
Спорт мактаб маънавиятчиси нарида турган стулни суриб районо мулозимининг яқинига келтирди-да ўтирди. Каромат Эшқобиловна пешонасини тириштириб унга сўз қотди:
– Қолдириб кетаверинг, кўриб кейин ўзим телефон қилиб юбораман, хўпми? – у яна телефонни шошиб қулоғига яқинлаштирди. – Йўўқ, сизга эмас. Ёнимдаги одамга айтяпман.
Қоғозларни у кўрсатган столга қўйган мактаб раҳбари лабини хиёл бурган бўлди, ташқаридан кираётган янги методист билан бош ирғаб хайрлашди-да, чиқиб кетди.
Аёл сумкасидан иккита конфет олиб бирини оғзига солди. Кейин навбатдаги мактабнинг раҳбарига қўнғироқ қилди. Қўтармагач, қўшни хонадаги қизни чақирди:
– Мавжуда!
– Лаббай Каромат опа.
Қиз унинг олдига чиқиб келди.
– Ану Чашма кўчадаги мактаб бор-ку, ўшани раҳбари билан сен яхши чиқишасан. Шунга айтгин, бизнинг хонага эшик олишга бир уч юз мингми, йиғиб берсин. “Қолган мактабларга бошқа иш тушган. Яқинда катта анжуман бўлади. Унинг ҳам чиқимлари бизнинг бўйнимизда”, дейсан.
– Вой, Каромат опа, қандай бўларкин. Тўғриси, яқинда боламни ану боғчага ўша директор жойлаб берувди-да. Менга сал ноқулай.
– Вой-бў, уларга бола жойлаш иш эканми? Жа катта нарса сўраётганимиз йўқ. Ўзи ёнидан бермайди ўша пулни, бойвачча ўқитувчилари бор. Ҳар хил ходимларни ишга олиб-ишдан ҳайдаб ётибди-ку. Ошпазини яқиндан бери уч марта алмаштирди. Ҳеч нарсадан-ҳеч нарсага ишга олмайди ахир. Озгина етмаяптийкан дейсан.
Қиз бошини бир томонга қийшайтириб лабини тишлаб турди-да,
– Бўпти, бир телефон қилай-чи, – деди. Салдан сўнг у яна қайтиб кирди. – Бўлди, айтдим. Ўзи пулни тайёрлаб, сизга телефон қиларкан.
– Қойил, гап йўқ. Раҳмат сенга, жоним, эшикни ўрнатиб олсам, битта обед мандан, хўпми?
Қиз хурсанд бўлиб хонасига чиқиб кетди.
Каромат Эшқобиловна сумкачасидан пардоз буюмларини олиб, ўзига бирор иш буюрармикан деб ер остидан қараб турган йигитга бир ўқрайди-да, ўзига оро бера бошлади. Кейин яна бир-икки жойларга телефон қилди. Кечга яқин унинг олдига бирин-сирин келиб-кета бошлашди. Ким конвертда, ким қоғозга ўраб, ким ёнига ул-бул егулик қўшиб, ким қўшмасдан олиб келиб ташлаб кетди.
Эртаси эрталаб туманнинг энг четида жойлашган, лекин ўқувчиси ҳам ўқитувчиси ҳам ҳаммадан кўп бўлган мактабнинг устаси билан яна қандайдир бир ходими юк ортар машинада янги дермантин эшик олиб келишди. Методистлар эшигининг ёпиқлигини кўриб, бўлим кириш йўлагидаги ўриндиқда ўтириб кута бошлашди. Янги ходим ҳам улар ёнида эшик очилишини кутар эди.
– Бу эшик неча пулга тушди? – деб сўради йигит устадан.
– Пулини домлалар тўлаб бўлишди. Билмадим қанчага тушди экан. Завхозимиз олиб келди. Мен ўрнатиб кетаман.
Йигит ҳайрон бўлди.
Ниҳоят, Каромат Эшқобиловна кўринди. Усталар иш бошлашга шай эканликларини билдиришди. Ҳозир ортларидан “маънавиятчи” ҳам келармиш.
Узун йўлакни тақ-туқ овозлар тутиб кетганда, ҳамма бўлимдагилар ишга келиб, ҳорманглар деб ўтишар, Каромат Эшқобиловнага “муборак бўлсин” дейишар, кейин ўз хоналарига кириб кетишарди.
Эшик эскисининг ўрнини эгаллади. Уста энди эшикнинг янги, ялтироқ бандини ҳам ўрната бошлади. Шу вақтда ўша мактаб маънавиятчиси енгил қоғозқутида ширинлик кўтариб келиб қолди. Каромат Эшқобиловна у билан қуюқдан-қуюқ, ўпишиб кўришди. Ёнига таклиф қилди.
– Сизларни қийнаб қўймадикми?
– Йўғ-э. нега энди. Битта эмас, иккита эшик десангиз ҳам олиб ўрнатиб бераверардик. Кўпчилик яхши-да. Арзимаган беш-олти сўмдан тушди. Ҳатто юк машинага ҳам пул ортиб қолди.
Каромат Эшқобиловна миннатдорлик билдириб турган эди, шу яқин атрофда, бир кўча нарида, жойлашган мактабнинг директори келиб қолди. У ичкарига кирар экан, бир эшикка, бир анжомларини йиғаётган усталарга қараб:
– Эшикни ўрнатиб бўпсизлар-ку. Эссизгина. Кеча вақтим бўлмай қолди, – деди.
– Вой, келаверинг, Зуҳра Асроровна, сизникини семинарда панно қилиш учун ишлатадиган бўлганмиз, – деди Каромат Эшқобиловна.
Уч аёл усталарни ширин гаплар билан кузатдилар. Методист ёш кадрни “кўзини лўқ қилиб бақрайиб ўтириши”га тоқат қилолмай айланиб келишга чиқариб юборди.
– Ҳар келганимда шу эшик олдидаги ўринда янги ходим ўтиради. Кейинги гал келишимга ишдан кетган бўлади-я, – деди торт кўтариб келган “маънавиятчи”.
– Ишлаш осон эканми? Ҳамма ҳам биз эмас-да, Матлубахон. Бир-икки одамлар районода ишлашни ўйинчоқ деб ўйлашади. Келишади, кетишади. Овора-оворадан бошқа гап йўқ.
Уч аёл ўтириб бирга торт ейишаркан, эшикнинг жуда чиройли экани, эгасига ярашиб тургани, хонани очиб юборганидан суҳбатлашар эдилар.
Тўрт ой ўтиб туман халқ таълими бўлимини янги бинога кўчиришди.