Ўйинчоқ ва овунчоқ


Қайсидир замонда, қайсидир юртда,
Яшаб ўтган экан бир доно киши.
Ўйинчоқ ясаркан у болаларга,
Шундан яхши экан топиш-тутиши.

Ўз ишин устаси, моҳир экан у,
Бир-биридан гўзал қўғирчоқлари.
Лекин нима сабаб, ҳамма лол, ҳайрон,
Жуда мўрт бўларкан ўйинчоқлари.

Қиммат турар экан унинг меҳнати,
Бола деб айтинг ким топмайди имкон.
Лекин бир кун ўтмай ўйинчоқ синиб,
Қолмас экан ўша шодликдан нишон.

Яна йиғи-сиғи, яна дил сиёҳ,
Бола ҳарҳашаси ёқарди кимга.
Бу не маломатки фалон пул матаҳ,
Туриб беролмаса лоақал бир кунга.

Анча чидабдилар бу ажиб ҳолга,
Лек бир кун тўлибди сабр косаси.
Сўнгра борибдилар қози ёнига,
Ўша ҳаридорлар бирга ҳаммаси.

Қози ҳам топмабди бу сирга жавоб,
То уста келгунча қашлабди бошин.
У келгач, сўрабди:
-Айтингчи менга,
Нечун оқизасиз бола кўз ёшин?

Нега рози эмас сиздан ҳаридор,
Нега пуҳта эмас ясалган буюм?!
Қаранг, устингиздан шунча шикоят,
Синиқ ўйинчоқлар қаранг, бир уюм.

Аста сўз бошлабди уста жилмайиб,
-АГАР АВАЙЛАСА, ЕТАР КЎП КУНГА!
ШУ БОЛА УЛҒАЙГАЧ, СЕВИБ, ИШОНИБ,
КИМДИР ЮРАГИНИ БЕРСА-ЧИ УНГА...

Малика ТАВФИҚ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот