ЎЗБЕКНИНГ “ШУМ БОЛАСИ”


ЎЗБЕКНИНГ “ШУМ БОЛАСИ” ЁХУД АБДУРАИМ АБДУВАҲОБОВНИ ЭСЛАБ

  Бугунги саҳифамизда эл суйган санъаткор, болалигимизнинг суюкли ҳамроҳи бўлган “Шум бола” фильмининг қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзбек Миллий академик драма театри актёри марҳум Абдураим Абдуваҳобовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳамкасблари хотирасидаги биз билган ва билмаган воқеалардан воқиф бўлишингиз мумкин.                                           

  Малика ИБРОҲИМОВА, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актирисаси:

ЭЛНИНГ СУЮКЛИ АКТЁРИ ЭДИ

- Абдураим Абдуваҳобов бетакрор актёр эди. Унинг ижоди ва ўйнаган роллари ҳақида биз гапирмасак ҳам халқ жуда яхши билади. У халқнинг шу қадар севимли актёри эдики, бундай севимлилик ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Абдураим ҳали болалигидан-оқ халқнинг эрка актёрига айланиб бўлганди. Абдураимнинг истеъдоди қанчалик юқори бўлса, одамийлиги ҳам шу қадар юксак эди. Ҳаллолик, тўғрисўзлик ва ўз ишига масъулият билан ёндашиш Абдураимга хос хислат эди. У ролларни ҳеч қачон катта-кичик, деб ажратмасди. Энг кичик эпизодик ролларни ҳам юксак маҳорат билан ижро этарди. Эл севган машҳур актёр бўлса-да, ҳеч қачон буни суъистеъмол қилганлигини ёки таниқлилигидан талтайганлигини кўрмаганман. Театрга ҳам спектакль бошланишидан анча олдин келиб, ролига тайёргарлик кўриб ўтирарди. Менга у билан битта спектакльда рол ижро этиш насиб этмаган бўлса-да, аммо битта театрда ишлаганимдан ҳамиша фахрланаман. Ҳаммага севимли бўлган ҳамкасбимиз Аллоҳга ҳам суюкли эканми, уни жуда эрта йўқотдик. Охирати обод бўлсин, Яратган жаннатлардан макон этган бўлсин.   

  Ҳусан Мусабоев, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги Телевизион минатюралар театрининг режиссёри, актёри ва продюсери:

“ТИРИКЛИГИДА-ЁҚ ЎЗИГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙГАНДИ”

- Мен аслида ёшлигимдан Абдураимнинг мухлиси бўлганман. Ўша “Шум бола” да ўйнаган роли билан қалбимда чуқур из қолдирган. Уни ана шу биргина роли билан тириклигида ўзига ҳайкал қўйган ягона актёрлардан, десак адашмаган бўламиз. Чунки “Тошкент сити” нинг шундоқ кириш эшиги яқинида  унинг бронзадан ишланган ҳайкали қад ростлаб турибди.  У нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга машҳур актёр эди.  “Маҳалла” телеканалида ишлаётган пайтим “Телевезион миниатюралар театри сиҳифаларида” деган кўрсатув тайёрлаб, “ретро ҳажвия” қилгандим. Ушбу кўрсатувда ҳар бир актёрнинг ўйнаган ролларини бирма-бир намойиш қилиб борардик. Абдураимнинг телевезион миниатюраларда ўйнаган роллари шунчалик кўп эканки, у ҳақида алоҳида битта кўрсатув қилиш фикри туғилди. Абдураимга айтгандим рози бўлди. Саволларни тузиб, кўрсатувга тайёргарликни бошлаб ҳам юбордик. Унгача унинг миниатюраларда ўйнаган ролларининг энг кулгули жойларини монтаж қилиб қўйгандим.  Кейин Абдураимни чақирдим. Хуллас, кўрсатувда Абдураим соқолда келди. Ўша пайтлари у қайсидир сериалда шунақа рол ўйнаётган экан. Съёмка якунланмагунча соқолини ололмаслигини айтди. “Бундай аҳволда эфирга чиқиш мумкин эмас-ку! Энди нима қиламиз” дея бироз бошим қотди. Сўнг Абдураимга “кўрсатув бошида бунинг сабабини ўзинг қисқача айтиб ўтасан” дедим. Рози бўлди ва кўрсатув бошланиши билан телетомошабинлардан узр сўраб, соқол қўйганлиги сабабини жуда чиройли қилиб тушунтириб ўтди. Аммо орадан икки-уч кун ўтгач, бош муҳаррир мени хонасига чақириб, “нега соқол қўйган актёрни эфирга олиб чиқдингиз” дея бошимни қотира бошлади. Тушунтираман, қани энди тушунса. Хуллас, кўрсатувнинг эфирга кетиши сўроқ остида қолди. Аммо жуда чиройли кўрсатув бўлганди. Кетмаса-я, деган хавотирда эдим. Йўқ, ҳарқалай кўрсатув эфирга кетди. Шу кўрсатувда Абдураимнинг телевезион миниатюралар театрида ўйнаган ролларидан парчалар намойиш этиб, ўзи билан суҳбат қилдик. Ўшанда бу Абдураим билан охирги кўрсатувим эканлигини билмагандим. У ҳақда ҳали жуда кўп  кўрсатувлар қилиш ниятим бор эди. Афсус, армон бўлиб қолди.
  Абдураимни эсласам унинг институтни битириб, илк марта сатира театрига ишга келган пайтларини эслайман.  Ўшанда мен сатира театрида труппа бошлиғи эдим. Жуда таланти йигит эди. Анча пайт бирга ишладик. Кейин уни Ўзбеки Миллий академик драма театрига ишга таклиф қилишди.  Чунки у ерда Абдураимнинг устозлари кўп эди. Унинг таланти билан бирга инсонийлик жиҳатлари ҳам жуда юксак эди. У нафақат комик ролларни,  балки трагедик ролларнинг ҳам моҳир устаси эди. Масалан, “Келганда келин” фильмидаги ота ролини жудаям қойилмақом қилиб ўйнаган. Аммо кўпинча уни комик фильмларга таклиф этишарди. Ўзига талабчан йигит эди. Бир ишни қиламан, деса шуни албатта, бажарарди. Берилган топшириқларни шараф билан бажарига одатланганди.   Туғма шундай эди у. Бундан ташқари, гапга жуда уста эди. Ҳар бир гапга қойилмақом қилиб жавоб қайтарарди. Баъзи актёрлар эндигина танилишни бошлаши билан репетецияга ёки спектаклга кечикиб келишни одат қилиб олишади. Лекин Абдураимда ҳеч қачон бундай бўлмаган. Ҳозирги тил билан айтганда “юлдузлик касалига” чалинмаганди. Миниатюраларга жуда ёшлигиданоқ роллар ижро этган. Чунки  шум болани ўйнагач уни доим комик ролларга таклиф қилишарди. 
  Абдураим ўзбек халқининг юрагида мангу қолди. Жуда ёш вафот этди, аммо шу қисқа умри давомида жуда кўп нарсаларга улгурди. Эссиз шундай йигит, эссиз қадрдон укам.... Ҳеч қачон унутмайман уни. 

  Зуҳра Ашурова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актирисаси:

“ЖУДА ЯҚИН ДЎСТ ЭДИК”

-  Абдураим билан институтда ўқиб юрган кезларимизданоқ яқин дўст эдик. У мендан бир курс юқори ўқиган. Театрда ҳам бирга ишладик ва кўпгина спектаклларда партнёр бўлиб роллар ўйнадик. Ҳақиқатгўй эди. Муҳтож пайтингизда ёки оғир кунингизда ҳамиша ёрдамга шай турадиган ҳақиқий дўст эди.  Жудаям қадрдон эдик. Киноларда рол ўйнаётганида режиссёрлар “сизга партнёрликка кимни оламиз?” дейишса “Зуҳрани чақиринглар” дер экан. Чунки бир-биримизга яхши партнёр эдик. Фатҳулла билан ҳам худди шундай. Бу икки инсондан кейин кўпгина фильмларда роллар ижро этдим. Шундай пайтларда иккала  партнёрим ёдимга тушиб, кўнглим ўксиб кетяпти. Энг яқин дўстимдан кетма-кет айрилдим. Бу жудаям оғир бўлар экан. Шундай инсонлар бўларканки, бу дунёдан ўтганига ишонгинг келмамс экан. Яхши инсонларни унутолмай яшаркан киши. Жуда кўп эслаймиз. Суҳбатларини қўмсаймиз. Орзулари кўп эди Абдураимни. Киноларда катта –катта роллар ижро этишни орзу қиларди. Лекин бу жиҳатдан армони қолмади, деб ўйлайман. Унинг яна бир яхши хислати ҳеч қачон тушкунликка тушмасди, ҳаётга бошқача назар билан қарарди. Энг оғир кунларда ҳам “ҳаммаси ўтиб кетади”, деб бизнинг ҳам кўнглимизни кўтарарди. 

  Қаҳрамон Абдураҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри:

“АБДУРАИМ БИЛАН ТОҒА-ЖИЯН ЭДИК”

- Абдураим ҳақида қанча гапирсак шунча оз. Ижоди ҳақида тўхталишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Чунки ҳамма уни яхши билади. Жуда қувноқ ва бетакрор актёр эди.Лекин одамлар орасида жиддий қиёфада юрарди. Шунинг учун бўлса керак, баъзилар уни “манман” деб ўйларкан. Лекин Абдураим  билан гаплашган киши унинг жуда оддий ва камтар инсон эканлигини сезмай қолмасди. Ҳамма комедия унинг ичида эди. Баъзилар бир-иккита комик рол ижро этса кўча-кўйда ҳам ўзини шундай тутиб, бачканалик қилади. Аммо Абдураимда бундай хислат йўқ эди. У керак бўлган жойдагина ўзининг истеъдодини намойиш этарди. Бундан ташқари, у ўта тўғрисўз эди. Ҳаттоки ўзига зарар етиши мумкин бўлган ҳолатларда ҳам тўғрисўзлигидан қайтмасди. Ҳамма ҳам бундай қилолмайди. Шунинг учун уни юраги иккита инсон эди, дейман доим. 
  Бундан 20 йил олдин бир куни менга “энди сизни тоға, дейман”, деб қолди. Негалигини сўрасам “сизни ҳамма тоға дер экан-ку”, деб бир воқеани эслатди. Ўшанда у билан бирга Қашқадарё, Янгийўл, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларига тўйга боргандик. Борган жойларимизга ҳамма менга тоға деб мурожаат қиларди. Абдураим ҳайрон “нега ҳамма жойда сизни тоға дейишади, ҳамма вилоятдагиларнинг тоғасимисиз?” дейди. Мен эса куламан. Бир пайт “Энди бугундан бошлаб мен ҳам сизни тоға, дейман” деб қолди. Хўп, дедим ва ўша кундан бошлаб Абдураимнинг “тоғаси” бўлдим. Бир куни  “Ростдан ҳам тоғамга ўхшаркансиз. Онам Қаҳрамон аканг тоғангга жуда ўхшайди. Тоғанг раҳматлининг ҳам  худди шундай сочлари жингалак, ўзи қорачадан келган инсон эди, дедилар”, деди. Шу-шу умрининг охиригача Абдураимнинг тоғаси бўлиб қолдим. У билан ҳар куни соатлаб ижод ва ролларимиз ҳақида суҳбатлашардик. Баъзан баҳслашиб, бир-икки кун гаплашмай аразлаб ҳам юрардик. Касал бўлишдан олдин “тоға, мен  тиббий кўрикдан ўтмасам бўлмайди, негадир оёғим оғрияпти. Белимда ҳам грижам бор экан, анча даволандим ҳеч фойдаси бўлмаяти”, деди ва шу билан анча пайт жим бўлиб кетди. Қўнғироқ қилсам кўтармайди. Роса хафа бўлдим. Кейин Аброр деган ўртоғига қўнғироқ қилиб, тинчликми, нега Абдураимдан дарак йўқ, қўнғироқларимга ҳам жавоб бермаяпти, десам  “сал мазаси йўқ, ўпкаси шамоллаб, бироз ўтказиб юборибди” деди. Аниғини айтмади. Бир соатдан кейин Абдураимнинг ўзи қўнғироқ қилб қолди. “Қанақа боласан, нега телефонингни кўтармайсан”, десам индамади. “Дўхтирлар қандай ташҳис қўйди” десам “ташҳисни қўйинг, мени дуо қилинг, тоға”деди.Овози жуда ғамгин эди. Юрагим шув этиб кетди. “Нима бўлди ўзи, нега шу пайтгача менга ҳеч нарса демадинг?” десам сизга ташҳисни айтсам юрагингиз оғриб қолишидан қўрқдим. Ўзи шусиз ҳам юрагингизнинг мазаси йўқ” деди. Ўзининг жони оғриб турганда  мени ўйлаганидан таъсирланиб кетдим. Дўхтирларнинг ташҳисидан билдимки, Абдураим саратон хасталигига чалинган  экан. “Яхшилаб даволансам тузалиб кетарканман” деди. Кўзим ёшга тўлди. Орадан икки-уч кун ўтгач ўзи қўнғироқ қилиб қолди. Жудаям секин гапиряпти. “Нима бўлди?”, десам “Нур олгандим, гапиришга ҳолим йўқ, сиз гапиринг тоға, сизни эшитай” деди. “Яхшимисан”, десам “яхши”, дейди зўрға. Телефонни қўйдиму ҳўнграб йиғлаб юбордим. Охирги кунларини яшаётганлигини сезиб ич-ичимдан эзилиб кетдим. Соғлигига жуда эътиборли эди. Ичиш ёки чекишга ружу қўймаганди. Оиласига, фарзандларига жудаям меҳрибон эди. Менга “тоға, инсон ўлимини 40 кун олдин сезаркан”, деб кўп айтарди.  Худди ўлимини олдиндан билгандек, ўн ой ичида шоша-пиша учта тўйни ўтказди: қизини узатиб, икки ўғлини уйлантирди. Ҳайрон бўлдим. “Намунча тез-тез тўй қилдинг, тўёна беришга ҳам улуролмаяпман”, дея ҳазил қилгандим. Энди билсам, ўлимини сезган экан. Шундай инсон билан яқин бўлганимдан тоға-жиян тутинганимдан Аллоҳга беҳад шукрлар айтаман. Ҳақиқий дўст эди, юраги тоза, мард инсон эди. Жуда соғинаман уни. У билан ўтган кунларимни қўмсайман. Менга энг таъсир қилгани ўзи шундай оғир дардга чалинганига қарамай мени аяб ардини айтмагани бўлди. Жойи жаннатдан бўлсин, руҳи шод бўлсин, илоҳим.

Гулруҳ Ёрматова.
Манба: "Бекажон" газетаси.
Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот