ТАРСАКИ


  Меҳринисо  ҚУРБОНОВА
ТАРСАКИ
ҳикоя

  Оҳ, онани яратмасин-а, онани яратмасин-а...
  Саратоннинг қоқ иссиғида маҳалла бошига туташ бўлган дўконнинг ёнидаги ўриндиқда ёши етмишлардан ошган онахон дарди дунёси қоронғи бўлиб ўтирар, сотувчи бола дори  ичиши учун икки марта совуқ чой бериб кетди. Ҳамида аянинг бояги воқеадан боши гир-гир айланар, нега ичкарига кирмасдан куёвининг таъзирини бериб қўймасдан қайтиб кетаётганига ўзи ҳам ҳайрон эди. Қандай куч уни ортига қайтариб юборди, ўзи ҳам  ҳайратда...
  Оҳ, оналарни яратмасин-а, оналарни яратмасин-а...
  Ҳамида ая шаҳарнинг чеккасида туради. Қизи шаҳарда туради. Боласини, набираларини кўргиси келди. Сут, қатиқ, қаймоқ олиб, набираларимнинг оғзи тегсин, деб йўлга отланди. Келинига тандирида гўштли, кўкатли сомсалар ёптирди. Ўғли машинасида онасини маҳалланинг бошига ташлаб кетди. Опасининг уйи икки чақирим нарида эди. “Ишга шошилаяпман, ҳозир мени кўрса опам қаттиқ хафа бўлади. Кирсам ҳаяллаб қоламан, деди ўғли. Яхшиси ишдан чиқиб, бирпас ўтираман. Бирга кетамиз”, - деди. Ая набираларига егуликлар тўла сумкасини кўтариб, қизи яшайдиган дарвоза томонга яқин борди-ю ичкаридаги овозларни эшитиб тўхтаб қолди. Ичкарида жанжал қўпайгандан қўпаяпти. Қизи нималарнидир жавраб йиғлаяпти, куёви сўкинганича ўзини оқлашга уринаяпти. Набиралари йиғлаган-сиқтаган. Идиш-товоқлар синди, куёви тарсаки тортди шекилли, қизи додлаб йиғлади, кимнидир овоз чиқариб қарғади.
  Тарсаки қизининг юзига тушмади, нақ Ҳамида аянинг юзига тушди, Қарас-с!
  Тарсаки Ҳамида аянинг юзига тушмади, нақ юрагини ачиштириб-ачиштириб кетди. Тарсаки юрагини пармалаб ўтди.
  Ҳамида ая дарвозани тақиллатиб ичкарига киргиси, қизига қўл кўтарган куёвининг ёқасидан тутиб, у юзига, бу юзига шапалоқ тортгиси келди. ”Оҳ, онанг ўлсин болам-а, онанг ўлсин. Озиб-ёзиб келганимда бу нимаси? Ҳали бу билмай келганим, билиб келганимда нималар содир бўларди. Сени шунга бермай мен ўлайин-а, ҳаммасига отанг айбдор, ошнамнинг ўғли, деди, яхши бола”, деди. Мана, оқибати! Қўл кўтарган эркакдан ҳар нарсани кутса бўлади.
   Жанжал давом этарди. Йўқ, ая ичкарига кира олмади. Тишини тишига босиб, сумкасини кўтариб, боя ўғлининг машинасидан тушган жойга, дўкон олдига борди. Ичкарида савдо қилаётган болани имлаб чақирди. “Сув олиб чиқ, мазам қочаяпти, болам”, - деди ва латтага ўраб қўйган ҳапдорисини олиб ичди. Қон босими кўтарилгани аниқ!
  “Оналарни яратмасин экан, болам, ўз-ўзига ғудранди она. Ҳали сен золим эрнинг қўлида шундай азоб чекиб, тарсаки еб яшаяпсанми? Калтак еса-да, остона ҳатлаб кўчага ҳатламаган болам, бирон марта эшигимдан “онажон, мана шундай зулмкор эр билан яшаяпман, ҳолим хароб, нима қилай?”, - деб кириб демадинг-а? Ҳаҳ, номард куёв! Ёв, ёв! Гулдек қизимнинг умрига зомин бўлаяпсанми? Хаҳ сеними, шошмай тур!
  Сотувчи бола қўйиб берган стулда ўтираркан, хаёли ичкарида эди. Баданидан реза-реза  тер қўйилди. “Қизимнинг дабдаласини чиқаради бу гурсўхта. Ҳозир бориб маҳалла раисини, маҳалла нозирини чақираман. Хотин урадиган зўравоннинг кўзига кўрсатиб қўяман. Қизимни, набираларимни олиб кетаман, бир кўзи ўйилсин”.
  ...Ҳамида аянинг кўзи қоронғулашиб кетди. Маҳалла раиси келди, унинг ортидан қандайдир эркаклар, аёллар келди. “Ним гап” деб сўрашди. Ая “Куёвнинг дастидан дод, биродарлар дод, қизимга сира кун бермаяпти, уни тартибга солиб қўювчилар борми-йўқми?” деди. Қизи ҳам додлаб йиғлади, “Ҳар куни бўлар бўлмасга қўл кўтаргани кўтарган, шу чоққача ҳеч кимга нолимаган эдим, мана, ойимнинг ўзлари кўриб гувоҳ бўлиб ўтирибдилар , ажрашаман бундай эр билан, талоғимни бер...!”
  Шу жойида Ҳамида аянинг кўзлари ярқ этиб очилди. Йўқ, йўқ , аралашмайди, кетади! Ўзлари ҳал қилсин!  “Мана, чол, раҳматли бўлсангиз ҳам айтай, қизингизнинг аҳволи вой экан! Ошнам сўраяпти, ўламан саттор, дўстим билан аҳиллигимиз йўқолмасин, дедингиз, мана, нима бўлди? Чол, агар шу қизимга бирон нима бўлса, икки қўлим ёқангизда бўлади” деди ая минг изтироб, алам устида. Кейин “ўзинг кечир, астаҳфуриллоҳ”, деб ёқасини тишлади.
  Ҳамида ая бу ерда бирпас туриб қолди. На кетишини билмасди, на қолишини. Бошидаги оғриғи қолай демасди. Йўқ, қизиникига кирмайди. Ҳозир такси тутади. Кечқурун ўғли билан келиб масалани бир ёқли қилади. Бир томони, шунча ситамга чидаб, бирон марта нолиб эшигидан кириб келмаган қизидан ҳам хафа бўлди. Бу туришда  адои тамом бўлади, соғлигини йўқотади.
- Ассалому  алайкум,  бу ерда нима қилиб турибсиз?
  Ҳамида ая бошини кўтарди-ю ранги рўйи учиб кетди. Рўпарасида тиржайиб куёви турарди. Ҳамида аянинг бир кўнгли “салом бер”, деди, иккинчи кўнгли “садқаи одам кетсин!” деди. Ая биринчи кўнглига кўнди. Зўрға алик олди, шунча илжайманман, гап қўшмайман, деса-да, лабининг бир чети  беихтиёр ёйилиб  кетди. Содиқжоннинг юзида қаттиқ  хижолатлик  аралаш  қизариш бор эди.
- Яхши юрибсизми, Содиқжон? - деди  куёвининг елкасига хушламайгина  қоқиб.
- Ойижон, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? - деди куёви ҳовлиқиб.- Нега уйга кирмаяпсиз, юринг!
- Мен, мен... ҳозиргина келдим. Дўконга кириб, набираларимга ул, бул дегандек...
- Ҳеч нарса керакмас! - деди Содиқжон қайнонасининг сумкасини кўтараркан. - Эҳе, сумкангиз мунча оғир? Оҳ, оҳ, сомсанинг ҳидини қаранг! Роса сомсага тўяр эканмиз-да, ойижон? Сиз  ёпган сомса бутун шаҳарда йўқ, шуни биласизми ўзингиз? Оҳ, оҳ...
   Ҳамида ая ўлганининг кунидан илжайди, “сомса емай ҳар балони е, ёв!” деди ичида ва куёвининг ортидан майда қадамлар билан юраркан, унинг бўйи бастига нафрат билан тикилди. “Башаранг қурсин, артист! Ҳовлиқма!”, - деди шивирлаб. Содиқ ҳовлиқиб юрарди, ҳовлиқиб сўзларди, ишларни ҳам ҳовлиқиб бажарарди. У ҳовлиқиб бориб дарвозани очди, ичкарига қараб, “Нози, Нози!” деб чақирди, қайнонасига йўл берди. Ичкаридан юз-кўзлари қизарган қизи, кейин набиралари “бувижон, бувижон” лаб чопиб чиқишди, ая навбатма навбат уларни бағрига босди, ўпди, эркалади. Бу орада қизи  киши билмас қизариб кетган юзини ювиб, упа суртиб келгани ҳам аянинг назаридан четда қолмади.
  Ўтиришди, дастурхонга фотиҳа ўқилди. Куёви ҳовлига уч-тўрт челак сув сепди, асфальтдан иссиқ ҳовур кўтарилди. Содиқжон катта бозор сумкасини кўтариб кўчага отланди.
- Нози!- чақирди у хотинини. – Мен бозорга бориб мева-чевалардан олиб келаман. Сен бир чиройли ош қил! Саримсоқ солишни унутма! 
- Куёв, овора бўлманг, - деди ая қимтиниб.
- Овораси бор эканми ойижон, - шанғиллади Содиқжон. - Озиб-ёзиб бир кепсиз. Мен ярим соатда келаман! Сиз дамингизни олиб туринг!
- Ишга кеч қолмайсизми, болам?
- Бугун шанба, - деди куёви. - Бизда дам олиш, ойижон!
   Ая қизи билан бирпас гаплашиб ўтирди. Қизи нималардир демоққа ошиқди, аммо ая унга изн бермасди. Лекин қизи пайтини пойлаб  барибир онасига ёрилишни, маслаҳат олишни истарди. Болаларини ичкарига телевизор кўринглар, деб киргизиб юборди.
- Ойижон, куёвингиз...
- Куёвга нима қипти? - гапини шарт бўлди ая.
- Ишхонасида бир аёл билан гап-сўз бўлган. Менга етказишди.
- Шунга рашк қилаяпсанми? - ая қизининг юзидаги кўкарган жойни кўрди, юрагининг тагида бир нима зирқ этди, тушуниксиз тарзда ачишгандан ачишди, лекин кўрмасликка олди. - Жанжал ҳам қилгандирсан?
- Жанжални энди кўрасиз. Ўша аёлни топиб, юмма талаб келмоқчиман!
- Эринг нима дейди? - унга  ая унга чимирилиб.
- Бўйнига олмаяпти, - деди Нозима йиғламсираб.- Бекор гап, дейди. Ишонма, сендан бошқасини демайман, дейди! Лекин унга ишонмайман! Ўлсам ҳам ишонмайман, ойижон! Эрим юраяпти! Аниқ юраяпти! Ишхонасига бориб  ўша аёлни юмма талайман!
- Майли, бор, юмма талаб кел. Эрингни ишхонасида обрўйини тўкиб кел. Шундай қилиб кўргин-чи, нақ кўрасан мендан!
- Вой-вой, дардимни сизга айтсам, сиз куёвингизнинг тарафини олаяпсизми? Бу қандай бедодлик бўлди? Ахир у менга қўл...
- Эринг ҳеч ким билан юрмайди, - унинг гапини бўлди  Ҳамида ая ва унинг кўкарган юзидан кўзларини олиб қочаверди. - Бу бекорчиларнинг гапи. Ҳа, энди.. эркак киши, бир кўзини қисган бўлса, ҳазил-ҳузул қилган бўлса...  юрган ҳисобланадими? Ўша аёлнинг ўзи ёмон экан. Эринг яхши пул топади, яхши пул топадиган эркакларнинг ошиғи кўп бўлади, атрофида хира пашшадек айланади...
- Вой-вой, ойижон, нималар деяпсиз? Сизга нима бўлди?
- Менга нима қипти? - деди Ҳамида ая қўлидаги сочиғи билан елпинаркан.- Бор гапни айтаяпман. Сен эрингнинг ишхонасига борасан, бошлиғи аччиқланиб уни ишдан ҳайдаттиради. Болаларингнинг ризқини қиймоқчимисан? Ишсиз қолсинми? Ўзинг ишламасанг, болаларинг билан уйда ўтирган бўлсанг. Эрингни ишдан бўшатсанг кунларинг қандай ўтади? Қора қозонни сувга ташлаб қўясанми? Сенга шу керакми? Агар шундай  қилсанг, эринг аччиқ устида ўша аёл билан кетади. Сени ҳеч қачон кечирмайди. Эркакка нима? Топганини еб, ёмон хотинлар билан маишатини қилиб юраверади. Қийин- қийин, сенга  қийин. Агар эрингнинг ишхонасига борсанг, менинг болам эмассан!
- Вой, ойижон,  тилларингиз  бирми? Мен нима қилай бўлмаса?
- Сен арқонни узун ташлаб қўйгин. Эринг ҳеч қаерга кетмайди. Шундай ширин болаларни ташлаб-а? Болаларинг ҳам унча мунча болалар эмас. Бири путболга қатнаяпти, яна бири инглизчани сувдек билади. Эринг уларни  ўзи ҳавас билан ўқитаяпти. Ҳурматингни били-иб ўтир, болам! Аёл киши қанча рашк қилса, эркак шунча ҳаддидан ошади. Сен ақлли  аёлсан, ўзинг тушуниб ол...
  Ярим соат ичида куёви иккита катта сумкани кўтариб, бозорлик қилиб келди. Қизи мевалардан, ширинликлардан ювиб келиб, хонтахтанинг устини нозу-неъматга тўлдириб қўйди. Сомсахўрлик қилишди. Кечқурун ўғли келди, анчагача ўтирди, қўлинг ўргилсин манти ейилди. Ўғли билан Содиқжоннинг гурунги жуда келишар эди, иккаласи у ёқдан бу ёқдан ҳангомалашиб, қизиқ латифалардан  айтиб ўтиришди.
- Борингизга шукур, Содиқжон, Худо иззат қилсин болам, - кетаётганида дуо қилди она.-Бирингизга минг берсин. Қўшганингиз билан қўшша қаринг. Болаларингизнинг роҳатини кўринг!
- Бу нимаси ойижон? - астойдил ранжиди куёви. - Бу ёқдан келиб, бу ёқдан кетиш экан-да-а? Беш-олти  кун туринг. Набираларингиз дийдорингизга тўйишсин-да?
- Энди болам, мен борай, яна келаман, энди навбат сизларга, болажоним!
  Кетишаётганида ўғли ва Содиқжон ниманингдир маслаҳатини қилишаётганида, она қизини бир четга тортди.
- Бузуқ йўлга юраётган эркак биринчидан, хотинининг уйидагиларини бундай кутиб олмайди. Иккинчидан, дам олиш куни қай баҳона билан бўлса-да, уйдан чиқиб кетади. Сен ақлли аёлсан! Эринг тилла бола! Аёлнинг тупроғини сабрдан яратган. Агар ўзингни идора қила олмасанг, бу дунёда сен ейдиган тарсакиларнинг сони янада кўпаяди. Сабр, болам, сабр...
  Нозима онасига ҳайрон бўлиб тикилди. Машина жўнаб кетди. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот