ЎҒЛИНГИЗ ҚАЕРДА ИШЛАЙДИ?


   Бемор ётган ўрнида икки бўкилиб тўлғанар, оғриқнинг азобига чидай олмай инграр эди. Шифокор унинг бошида у ёқ-бу ёққа юриб, бу касалликнинг тарихи ва унинг оқибати нималарга олиб келишини тушинтириш билан овора.
— Ёшулли, яхшиям сизнинг кўричак бўлганингизни биз ўз вақтида аниқладик. Бўлмаса, худо сақласин... Болаларингиз борми?
   Бемор гапиришга ҳоли келмадими, “бор” дегандек бошини эгиб имо қилди.
— Америкада кўр ичакни чақалоқ туғилган вақтидаёқ олиб ташлашади. Тўғри қилишади улар. Сабаби, кўр ичак оғриса... Ўғлингиз қаерда ишлайди?
   Бемор бармоқлари билан компьютернинг клавиатурасини териб кўрсатди. Шифокор унинг ўғлининг бор-йўғи оператор эканини осонгина тушунди.
— Кўр ичак баъзида овқатдан заҳарланганга ўхшаб кетади, — деб гапини давом эттирди у. — Бундай ҳолатда айрим шифокорлар беморни юқумли касалликлар шифохонасига жўнатишиб, катта хатоликка йўл қўйишади. Лекин биз ақл билан иш тутдик... Ўғилларингиз нечта?
   Бемор биргина бармоғини кўрсатди.
— Тиббий ташхис қўйишда хатоликка йўл қўйиш — беморнинг ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин. Сабаби, кўр ичак ёрилиб кетса... Қизларингиз бордир?
— Иккита қизим бор, — деди бемор инқиллаб.
— Турмушга чиқишганми?
— Ҳа...
— Яхши экан. Қиз болалар ота-онасига меҳрибон бўлишади... Ҳалиги айтганимдай, мабодо кўр ичак ёрилиб кетса борми, унда ўша ичакда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган заҳар бир зумда организмни заҳарлайди. Хўш, демак... Қизларингиз қаерда ишлашади?
   Беморнинг аҳволи аста-секин оғирлаша бошлади. Пешонасидан муздай совуқ тер чиқди. Бироқ шифокор саволига жавоб кутиб тургани туфайли қийналиб бўлса ҳам улар туғруқ таътилида эканини икки қўли билан қорнини катта гумбаз қилиб тушунтирди.
— Ҳаа-а... Декретдами? Иккаласи ҳамми?
   Бемор унинг сўзини маъқуллаб, бошини қимирлатди.
   Шифокор сўзлашда давом этди.
— Заҳар организмга ёйилиб кетди, деган сўз, хўш... Куёвларингиз нима иш қилишади?
   Бемор бирпас пешонасини тириштириб турди. Сўнгра бор кучи билан:
— Т... Т... Терговчи! — деди товушини чўзиб.
   Шифокор бирдан жонланди.
— Гулсара! — деб қичқирди йўлакка қараб.
   Оқ халат кийган қиз югуриб келди.
— Операция столини тайёрла!
— Аллақачон тайёрлаб қўйибман.
   Шифокор беморга томон ияги буриб ишора қилди.
— Тез олиб боринг!
   Сўнг астагина шивирлади:
   «Назаримда, кўр ичаги ёрилиб кетди-ёв...»

Муратбой НИЗАНОВ,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.