Жасур фарзандларни мағрур оналар дунёга келтирадилар


Усмон Носир таваллудига бағишланади

Ипак келин...

     Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носирнинг онаси –Холамбиби асли наманганлик бўлиб, Адҳам Охунд ва Салима отинларнинг фарзанди эди. У Қўқон шаҳрига Масодиқбойнинг ўғли Носир ҳожига узатилган. Қайнонаси Нодирабону эъзозлаб “ипак келиним” деб атар эди. Холамбиби бу хонаданда худда фариштадек учиб юрарди. Товуши ҳеч қачон баланд чиқмаган, ҳеч кимга жаҳл қилмаган.
     Майин овозда сўзлаб, оҳиста қадам ташлар, юрганда елкаси узра қириқ ўрим сочлар майин тебранар эди. Холамбиби илмли аёл бўлган. Қўшни аёллар гурунгга чиқса, ўзбек халқ достонларидан парчалар айтиб бериб уларни лол қолдирарди
     Эрта тонгдан ҳовли-ю гулзорни ёғ тушса ялагудек қилиб тозалаб, сўнгра сепиб сепар, қозон ўчоғи эса ҳеч қачон қора қурум кўрмаган. Саҳарда раҳонларга сув қуйиб қўлларида тебратиб чиқарди. Бир пастда ҳовлини райҳон ҳиди тутиб шамол йўналишида ифорлар қўшниларникига ҳам ўтарди.
    Холамбиби қайнонаси Нодирабонунинг кўнглига йўл топиб худди қизидак меҳр берганлиги билан эъзозга лойиқ эди. У ёпган қат-қат патирлар дастурхонга чирой бериб, пиширган таомлари оғизда эрирди.
     Асли Қўқонлик бўлган Носир ҳожи Масодиқов пахтачилик бўйича мутахассис бўлгани учун Наманганнинг йирик пахта заводига ишга юборилди.
     1912 йил 13 ноябрида Носир ҳожи Масодиқов ва Холамбиби Адҳам Охунд қизи ўғил фарзанд кўради. Унинг исмини Усмонхон аташиб, қулоғига азон айтишди. Оила хизмат топшириғини ўтагач яна Қўқонга қайтди. Усмонхондан сўнг Аллоҳ уларни Равзахон, Роҳатхон, Инобатхон исмли қизлар билан сийлади.
    Холамбибида гўдак болаларни парваришлаш ва тарбиялашда катта тажриба бор эди. Қўқондалигида жондек яқин овсини Турдихон вафот этади. Унинг ортида тўртта норасида гўдак: Набижон, Алижон, Ғанижон ва тўрт ойлик Васижонлар қолди.
     Турдихон Холамбиби учун энг яқин сирдош, дарддош ва суҳбатдош эди. Уларни кўрган одам опа – сингил деб ўйлашарди. Қайнотаси Масодиқбойнинг йигирма беш хонали катта ҳовлисида улар деярли ҳар кун меҳмон кутардилар. Уларнинг эшигида ҳеч қачон хизматкор бўлмаган.
    Бу хонадонга келганларни келинлар “Атои худо”, деб меҳмон қилганлар. Келинлар кун давомидада чумолидек меҳнат қилишиб, оқшомлари достонлар ўқиб, чеварчилик билан машғул бўлишар эди. Овсини Турдихоннинг тўртинчи боласига оғироёқли бўлганини биринчи бўлиб сезган Холамбиби уни дарҳол авайлашга ўтди.
     Овсинининг ранги докадек оқариб, сал нарсага нафаси тиқилиб, ҳансираб қолаётганини кўргач “Бундан буён тандирнинг, қозон – ўчоқнинг бошига бормайсиз. Кирларни ювишни хаёлингизга келтирманг“, дея рўзғорнинг оғир юмушларини ўз зиммасига олди. Холамбибининг мададкорлиги туфайли овсини эсон – омон чақалоғини қўлга олди.
      Аммо, Турдихоннинг соғлиги тикланмади. Гўдакка деярли Холамбиби қарарди. Чақалоқ тўрт ойлик бўлганида Турдихон, овсинжонини ёнига чақириб: “Холамбиби менга бир нима бўлса, болаларимни ҳеч кимга ва ҳеч қайерга бермангизлар. Айниқса мурғаккина Набижон сизни ҳидингизга ўрганди, уни бағрингиздан узоқлаштирманг”, деди.
     “Йўқ, ундай деманг опажон, сиздек фарзанд кўриб, хасталанган камми? Бир оз ўтиб тузалиб кетасиз. Сиз ҳамма қатори менга ҳам тоғдек тиргаксиз, суҳбатдошсиз, маслаҳатгўйим, дуогўйимсиз. Ёмон хаёлларга борманг. Ҳали бу болаларнинг ҳузурларини кўрасиз”, деди.
      Шу сўзларни айтган овсинининг тонга яқин жони узилди. Овсинининг бу оламни тарк этиши Холамбиби учун оғир эди. Аммо, начора тақдири пешона. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Овсинининг тўрт боласини то ўсмир ёшигача Холамбиби жонида асраб катта қилди.

 Ўзи кўклам, бағри мавж урган дарё эди

     Кўзларида юлдуз ёнган Усмонхон эса олти ёшдан араб алифбосини бобосидан ўрганди. У мактабга боргач, энг аълочи ўқувчи бўлди. Рус тилини ўзи мустақил ўрганди. Севган фани эса адабиёт эди. Унинг учун энг яхши совға китоб эди. “Онажон, сиз менинг илҳомим парисисиз. Мени тонгда уйғотинг. Ўшанда сизга энг яхши шеърларимни ўқиб бераман” – дерди у.
     Унинг ўғли оламга ҳайрат билан боққанида жуда ёш эди. Ўғлининг ўзи кўклам, бағри мавж урган дарё эди. Холамбиби ўғлининг қиёфасида ҳусни Юсуфни кўрса, китобдан бош кўтармай тунларни тонгга улаганида оламларга дарс берувчи донишмандликни кўрарди. У билан фахрланарди.
    Усмон Носир мактабни аъло баҳоларга битиргач Москвадаги Кинематография институтининг сценарий факультетида, ундан сўнг Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олди. 20 ёшлигида уни бутун мамлакат таний бошлади. Устози Чўлпоннинг асарларини у илоҳий битиклар деб тушинарди.
     Замона ижод аҳлига шавқат қилмаётган бир вақтда ўғлининг Тошкентда ёлғиз қолишини истамаган Холамбиби ҳар куни Носир ҳожига – Ҳожам, Усмонхонингизнинг қони қайноқ, ҳақақатпарвар, халқпарвар. Шеърларининг ҳар сатри машъалдек тунларни ёритмоқда. Илтимос, унинг олдига кўчиб кетайлик, – дея зорланди.
    Аёлининг кўз ёшларига чидай олмаган Носир ҳожи оиласини билан Тошентга кўчиб келади. Дастлаб “Чақар” маҳалласида ижарада яшашди. Сўнгра азиз дўсти, таниқли педагог Олим Шарафуддинов топиб берган Себзор даҳа, Қозикўча, Муваффақият 37 – уйни сотиб олдилар.

 Шиллер асарлари билан танишмисиз

     Ҳаммаси яхши кетаётган эди. Туҳмат балоси ёпишишига Усмоннинг Бутуниттифоқ миқёсидаги шон – шуҳрати бўлди. Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасидан сўнг Пушкин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Пленум ўтказилди. Москвадаги Марказий адабиётчилар уйида бутун Иттифоқдан шоиру ёзувчилар, адабиётчи-ю танқидчилар йиғилган.
     Шу кечани бошқариб бораётган шоир Безименский Пушкиннинг ижоди, у қилган таржималар ҳақида гапириб мисол тариқасида немис шоири Гётедан парча ўқиб берган...
     Шунда залда ўтирган Усмон Носир бирдан ўрнидан туриб, “Кечирасиз, сиз ҳозир Гёте асаридан эмас, Шиллердан парча ўқидингиз” деб юборади. Ҳамма гур этиб Усмонга қараган. Безименский бир оз саросимага тушиб, буни (Усмонга ишора қилади.) саҳнага таклиф қилган ва “кимсиз?” деб сўраган Усмон баланд овозда “Я узбекский поэт Усман Насир”, деган.
   Безименский “Сиз мени тузатдингиз, ўқиганимисиз, Шиллер асарлари билан танишмисиз?” деб сўраганда, Усмон: “Мен бу асарни ёддан биламан”, - дея жавоб қилган ва шундай маҳорат билан ўқиган-ки, Безименский уни қучоқлаб, залга қарата: “Вот наш современний Восток!” деб хитоб қилади.
   Шундан сўнг Москва газеталари эртасига-ёқ унинг шеърларини рус тилига ўгириб, “На Востоке появился Пушкин!” рукни остида чоп этган. Унинг бу муваффақияти Москвада ҳам, Тошкентда ҳам ўзига кўплаб душманлар орттирди. (Нодира Рашидова “Етти сайёра” асар. 106 бетдан парча).

 Оналик бахтининг ўзи етарли эди

     Шу воқеа сабаб бўлди-ю, ўғлининг шон шуҳрати ёйилгандан ёйилди. Холамбибининг мушфиқ қалбига эса улкан хавотир ёпирилиб кирди. Унинг учун оддий ва буюк оналик бахтининг ўзи етарли эди. У ҳам ҳамма қатори ўғлини тўйини кўргиси, совчиликка бориб, қудали – андали бўлмоқчи эди.
    Усмонхон сизни сўраб уйимизга ҳам мухлисларингиз келмоқда. Мени келин борасидаги орзуларим жуда баланд ўғлим.
   Хавотир олма ая, сен узоққа, чекка бир гўзал қишлоққа совчиликка борасан. Ўша ердаги ёмон кўзлардан панада юрган қизни келинликка танлайсан. У қиз сенга ёқсагина мен ўшанга уйланаман. У албатта ўзбек қизи бўлади.
    Уларнинг суҳбатига аралашган синглиси Инобатхон:
- Акажон, нега сиз бир умр аямни сенлайсиз?
- Эҳ, тушинмаган. Аям мен учун Аллоҳдан кейин туради. Худди Аллоҳга сиз деб мурожаат ва муножат қилолмаганимдек, аямга ҳам сиз деб мурожаат қила олмайман.
     Ўғлининг шоирлиги Холамбиби аянинг ҳам бахти, ҳам бахтсизлиги эди. Бахти боласининг шеърлари газеталарда мунтазам нашр этилар, таржималари шов – шувга айланарди.
    Боласининг қўл очиқ эди. Ёзганлари учун берилган каттагина қалам ҳаққини бир ҳафтада муҳтожларга тарқатарди. Шеърий тўпламлари ва достонларига берилган қалам ҳаққига шоир дўстларини уйга чақириб зиёфат берар эди. Таржималари учун берилган гонорарларни таниқли ва ҳали номи чиқмаган таржимонларни йиғиб ҳақ берар ва ўша кундан бошлаб янги асарлар устида бош қотира бошларди.

 У ўшанда 25 ёшда эди...

     Холамбиби ая учун, Носир ҳожининг хавотир олган кунлари етиб келди. Усмон Носирнинг Ўзбекистондаги ғанимлари уни комсомоллар сафидан ва СССР Ёзувчилар Иттифоқи аъзолигидан ўчирди. У ўшанда 25 ёшда эди.
    1937 йил 13 июлда Усмон Носир “халқ душмани” сифатида қамоққа олинди ва Россиянинг энг совуқ ўлкаси Магадан ва Кемерово вилоятларидаги қамоқхоналарга юборилди. Ўша кун, ўша дақиқадан бошлаб Холамбиби онанинг кўзларидан ёш тинмади.
    Ўғлини авф этишларини сўраб бормаган эшиги, бош урмаган девори қолмади. Ўғли қилган жиноятни номини тушинтириб беришларини сўраб сарғаймаган маҳкамаси қолмади. Ҳамма уни кўксидан итарди. Ҳамма уни юзига эшик ёпди.
   Ўша кун, ўша дақиқадан бошлаб ўғли билан бирга совуқ ўлкаларда хаёлан ҳибсга тушди. Юрагини ўғлининг қўлларига солинган кишан ўраб олган, қалби ўғли ётган зимистонда эди.

У ҳеч кимни қарғамади. Чунки у қарғашни билмас эди.

     Усмон Носир қамоққа олигандан сўнг фақат бир мартагина синглиси Роҳатхонга Тошкендаги турмадан хат келди. Унда: “Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб нарсаларимни ол. Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргазиб юбор. Кетадиганга ўхшайман”... деб ёзилган эди.
     Бошқа бундай имконият бўлмади. Совуқ ўлкаларга ҳам маҳбусларга мактублар ва ёғоч қутиларда жўнатмалар: қуриқ мевалар, иссиқ кийимлар юбориш мумкин бўлган. Биргина Усмон Носир бу марҳаматлардан бебаҳра эди. Онаси эса ўғлидан бирор мужда эшитишга учун ўзини ўтга, чўққа урарди.

 Туҳмат ёғдирганларга ўзинг кифоя қил

     Хиёбон ёнида, Пушкин кўчасида жойлашган Ёзувчилар уюшмасига бориб, ўғлини ҳеч бўлмаса қайердаги қамоқхонага юборилганини айтишларини ўтиниб сўради. Бирор бир жавоб ёки далда ўрнига ҳақорат эшитган она, уюшманинг зинасидан тушаётганда туртиниб кетиб, кўзи тиниб юз тубан йиқилди.
     Ёнида 4 ойлик чақалоғини кўтариб олган қизи Роҳатой бор эди. Ўша тўрт ойлик чақалоқ ҳозирда 80 ёшни қарши олаётган, ижодини катта қисмини Усмон Носирга бағишлаган адиба ва шоира Нодирахон Рашидова эди.
    Роҳатой бир қўлида чақалоғи, бир қўли билан эса онасини суяб турғизмоқчи бўлди. Она эса совуқ ерда чўккалади-ю қиблага қараб “Аллоҳим боламнинг бошига туҳмат ёғдирганларга ўзинг кифоя қил!
    Боламнинг йигит жонига раҳм қил! Усмонимнинг юзини оқла! – дея ерга бош урди. Қўлида йиғлаётган чақалоғи билан Роҳатой ҳам “Гуноҳимиз нима Аллоҳим? Бизга ҳам ёруғ кун борми? Бизга ҳам рўшнолик борми? – дея йиғлаб, онасини туришига кўмаклашди.
     1944 йил 9 март куни Усмон Носир оғир хасталикдан сўнг Кемерова қамоқхонасида вафот этди.

 Афсуски энди кеч эди...

     Халқимизнинг севимли шоири 1940 йил 20 августида И. Сталин номига хат ёзади. Мактубда шоир “иш”ини қайта кўриб чиқишларини сўрайди. Ажабланарлиси, минглаб шундай мактублар орасидан Усмон Носирнинг хати эътиборга тушади ва Ўзбекистон ҳукумати Кремлдан шоир ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ олади.
     Буйруқ ижроси чўзилиб, 1944 йилнинг сўнггида профессор Боровков, шоир Мақсуд Шайхзода ва “Қизил Ўзбекистон” газетаси бош муҳарриридан таркиб топган комиссия Усмон Носирни айбсиз деб топади. Афсуски энди кеч эди...

 ***

     1956 йилда Ёзувчилар уюшмасидан келган вакиллар Холамбиби ая ва Носир ҳожи оталарга фарзанди Усмон Носир вафот этганини ва у вафотидан сўнг оқлангани ҳақидаги хабарни етказдилар.
    Шу пайтгача ўғлини тирик деган умидга суяниб турган Холамбиби бу мусибатни бир неча ой кўтара олди халос. У 1957 йилда Аллоҳга омонатини топширди. 1975 йилда эса Носир ҳожи ёруғ дунёни тарк этди. “Ўғлим Усмонхон мени жаннат эшигида кутиб турибди”. Бу Носир ҳожининг сўнгги сўзлари бўлди.

 Унутмас мени боғим

     2022 йил 10 февраль куни “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра Усмон Носир ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, унинг Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишиш учун шароит яратилади.
     Наманган шаҳрида Усмон Носирга ҳайкал ўрнатилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади. Умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унитмас мени боғим” мавзусида иншолар танлови ўтказилади.
     Ушбу тарихий қарорни ўқир эканман, Холамбиби аянинг 25 ёшида “халқ душмани” дия қамоққа олинган шоир ўғли ҳаққига қилган илтижолари энди ижобат бўлганини кўрдим.
     Туҳматга учраган шоир: “Итардилар мени чуқур бир жарға”, деб ёзган эди. Шоир руҳи йиллар давомида “чуқур жар”дан чиқмоқ учун ер тирнади. Унинг эркпарвар руҳи Магадан, Кемеровадаги қороғу ўрмонларда саросар кезди.
     Давлатимиз раҳбарининг адабиётга бўлган ҳурмати, Усмон Носир ижодига қаратилган ғамхўрлиги шоирни “чуқур жар”дан олиб чиқди. Бу адолатли қарорни умри давомида кутиб, кўзларидан қонли ёш тўкиб ўтган мушфиқ онанинг руҳлари ҳам шод бўлсин.
      Энди шоирнинг ҳайкали пойига гул қўядиган, у ҳақда достонлар, шеърлар, иншолар ёзадиган авлодлар шундай шоири борлигини унитмайдилар. Мен уларга юрагимда фахру ғурар билан шундай дейман: ўзбекнинг афсонага айланган истеъдодли, жасур фарзандларини мағрур Оналар дунёга келтирадилар. Унитманг! Улардан бирининг исми Холамбиби эди.

Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот