Кўзига ойни беркитган шоир


   ...Ичимдан бир ўкрик отилиб келади. Бу  армон, бу қайғу ортидан 25 ёшида “ халқ душмани” тамғаси остида қамалиб 32 ёшида олис Кемерова, гулдек умри қаҳратонларида қотган шоир қараб тургандек бўлаверади. 
     Инсон бу оламга келиб кетгани баён этмоғи учун неча йил яшаши керак?
     Шоир юртига муҳаббатини изҳор эта олмоғи учун нималарга улгурмоғи керак?
     Одам одамдек яшаши учун унинг атроф муҳити қандай бўлмоғи лозим?
     Оламни нозик туйғулар билан ҳис этиб шеърларида, достонларида  инсоният қалбига муҳрланиб қоладиган ушбу сатрларни ёзган инсон туҳматни қандай бошидан кечириши мумкин?
  ***
Боғларга номозгар салқини тушди,
Гуллар нам баргини қайирди аста,
Офтоб ҳам сув ичар тоғлардан пастда,
Лоладек қип – қизил ўт шафақ ўчди...
Кўз тутдим, кўзларим нигорон бўлади.
О дилбар, сийимбарим, юзлари қирмиз,
Киприги кўксига соя солган қиз,
Кўз тутдим, юрагим тўла қон бўлди...
***
     Ҳар ёзда, саратонда боғларга намозгар салқини тушганда мен беихтиёр  Усмон Носирнинг ушбу сатрларини ёдга оламан. 
    Нам баргини қайираётган гуллар, тоғларнинг пастига сув ичиш учун тушиб кетган офтоб  ва  асрларки ошиқларнинг  ҳайратга солган:  
Киприги кўксига соя солган қиз.
     Усмон Носирдан жуда катта ҳажимда асарлар қолмади. Аммо, у ўзининг нурли сатрлари билан МИЛЛАТНИНГ ЁДИДА қолди.
     У ўзининг саноқли шеърлари билан миллион – миллион юракларга ёғдулар сочиб бемисил таъсир кўрсатди. Унинг муҳаббат мавзусида ёзган сатрларининг қиймати йиллар ўтган сайин олтин конларидек болалаб кўнгиллар мулкига айланди.
     Зеро, бадиий ижоднинг салмоғи йириклиги билан эмас, бадиий – поэтик қадр – қиммати билан белгиланади.
     У халқнинг қалбида яшаб қолиши учун  жаҳон адабиёти намояндаларидан таржималари билан улгурди.
     Устозлари: Чўлпон, Абдулла Қодирий, Элбекларнинг ҳам қалбларининг ифодаси бўлган:
     “Нил ва Рим” шеъридаги
Менман у қулларнинг ўлмас авлоди,
Мана, менман у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди.
Мана, менман фалакларга лов- лов ўт қўйиб,
Оталаримнинг бошидан пойдевор уйиб,
Озодлигим обидасин қурган инсонман.
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!!!
***
     Усмон Носир миллат зиёлиларининг юрагин кемираётган дарду ҳасратларни баралла айтди.
     У сатрларини мардлик, жасорат туйғуларидан совут кийган лашкарларга айлантирди.  У достонларида ўлим билмас қўшинларнинг енгилмас қўмондонига  айланди. 
     Совуқ авахтахоналарда бир тишлам муз қотган қора нон бўлагини тишлаганда тишларидан оққан қонни зулумкорлар давралар башарасига ҳайиқмай тупурди.   
                                      ***
Лампам ёнур...Яраланган қанотдек оғур
Ўй босди.
Юрагимга гўё сел ёғар.
Қийналаман.
Тиришаман.
Ҳушим паришон.
Ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринар ҳар он.
Тиришаман, бутун  кучим кўзимга келар:
Чироғимга парвонадек урилар йиллар...
Тўрт атрофим тўлиб кетар куйган қанотга.
***
     Давр шоирни ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташлади. Бундай ҳолда ҳатто темир парчаланиб симобдек оқиши мумкин. У кучли руҳият соҳиби эди. Бошқа сиёсий маҳбусларнинг юртидан ўз ватандошини оқлаш учун ёзилаётган  истаклар, илтижолар, талаблар ҳисобга олиниб улар тартиби енгилроқ бўлган ҳудудларига кучирилар, ҳатто бирин- кетин оқланар эди. Аммо, биргина ўзбек шоири Усмон Носирнинг ортидан юборилган ёзишмалардан сўнг шоирга янада оғирроқ жазолар қўлланар эди.
Биргина Усмон Носирнинг ортидан борган қоралов хатлари оғзидан қутирган итдек туҳмат туфлиғичлари  сачрарлар,  шоирни асло ва асло оқлаб бўлмасли ифода этар эди.
     Шундай бўлдики Усмон Носирга ўша ердаги қўриқчилар, врачлар ҳам яширин меҳр  берар, раҳмдиллик кўрсатарди. Унинг  рус тилида ёзган шеърларини ҳамширалар бошқа бўлимларга ҳам тарқатар, қўшиқ қилиб куйлашарди:
О, боги! Где жалость у вас к человеку?
И кто из вас слышит больного раба?
Свобода его под замком.
И жизинь под замком, и судьба!
***
     Маҳкума аёллар ўз зоналарида Усмон Носир шеърларини йиғлаб куйлар эдилар:

Ой, вы, бедные какие, вы печальные,
Где же кольца золотые обручальные.
Не видать венца златого подвенечного,
Не слыхать словца простого друга сердечного… 
     Ўзга миллат , ўзга дин эгалари Усмон Носирни шарқнинг Пушкини, Лермонтови деб эъзозлашарди.
     Унинг шеърларини қўшиқ қилиб куйлаганлар унинг ўзини бир бор кўришни орзу қилар эди. Аммо, уни кўришни иложи йўқ. Маҳбус  Усмон Носирнинг ҳужжатлари учун туширилган суратига боқиб биз, у мана шу қарғиш теккан кийим ичида ҳам шаҳзодалардек кўркамлигини ҳис қиламиз,  аммо, у суратга “Қайғу ичидаги шаҳзода” ёки “Кўзларига ойни беркитган шоир” деб ном қўйиш мумкин.
     У халқнинг хотирасига “Туҳмат ботқоғидан боқиб турган ой” бўлиб муҳрланиб қолди. У озодлик учун битта ўзи совуқ ўлкаларда “Муз жанги” ни, “Лой жанги” ни, “Аёз жанги” ни, “Изтироб жанги”, “Бўрон жанги”, “Соғинч жанги”, “Жабру – стам” жангларини ўтказди. Усмон Носир бу жангларнинг барида зафарлар қучди. 
     Ишонинг!  У ўлиб ҳам ҳақиқат учун жанг қилишдан тўхтамади. У маҳкумлар кийимини кийиб қандай курашган бўлса, кафан кийиб ҳам худди шундай курашди.
    Ҳамма курашлар тўхтади, урушлар  тугади. Биргина унинг уруши тугамади. Биргина унга отилган ўқлар тўхтамади. Биргина унинг онаси қабрида тинч ётмади. Биргина унинг арвоҳи саросар кечди. Бу кураш то бугунга қадар давом этди.
     У “Насимага деганм” шеърида ёзади:

Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас,
Кўп ҳали ҳаётда насибам.
Силлигим безарар, ҳеч гапмас,
Борини кўраман, Насимам,
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас.
Олдимда кутадир имтиҳон – 
Мен оғир жангларда бўларман.
Насима! Бу кунги иссиқ қон,
О, балки тўкилур... ўларман.
Олдимда кутади имтиҳон!
Ўйланиб кўзингга қарасам,
Иккита денгиздай кўринур...
Насима! Ичаман рост қасам,
Оловдек ловуллаб дил ёнур,
Бахтлиман жангларга ярасам!

     Усмон Носир баҳор умри жанглар олови ичида кечишини олдиндан башорат қилгандек.
     У бу жангларга яраса албатта ғалаба қилишига ишонган, қаттиқ ишонган.
    
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим.
Ишимни ҳурмат қилар,
Гуллардан ҳайкал қурар.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим. 
***

     Мана гулларга ғарқ бўлди Усмон Носирнинг боғлари. Бу чаманга бир марта ташриф буюрганлар абадий қолиб кетиши аниқ. Бу боғдан ҳеч қачон ноумид чиқиб кетмайдилар. Баланд – баланд чўққиларни забт этиш, янги ғояларни ишга солиш учун руҳий қувват оладилар. Бу боғда уларга 21 ёшли шеърият шаҳзодаси Усмон Носир ҳамроҳлик қилади.

Зулфия МЎМИНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот