НАВОЛАРГА БАХШИДА УМР


  Ойнаи жаҳон орқали бутун республика болаларига мусиқадан таълим берган устоз, Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматовнинг болалик хотиралари. 

НАВОЛАРГА БАХШИДА УМР

  Таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов куюнчак раҳбар сифатида нафақат “Булбулча”нинг, балки ойнаи жаҳон орқали эфирга узатиладиган, миллионлаб болаларнинг меҳрини қозонган “Қўшиғим, жон, қўшиғим”, “Биргаликда куйлаймиз”, “До, ре, ми, фа, сол”, “Санъат ғунчалари” каби қатор кўрсатув мухлисларининг ҳам фидойи устози, бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллимдир.
  Йиллар давомида Ўзбекистон болалар хор санъатининг равнақига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган Шермат Ёрматов давлатимиз томонидан Ўзбекистон ёшлар мукофоти, “Соғлом авлод учун” ордени, Ўзбекистон халқ артисти каби юксак унвонлар билан тақдирланган.

АЛЛАЛАРГА ЙЎҒРИЛГАН АЛАМ

 Мен 1939 йилнинг 17 октябрь куни Фарғона вилояти Фарғона тумани Лоғон қишлоғида туғилганман. Болалигимни эсласам, очарчилик йиллари, бир бурда нонга зориққанларимиз, онамнинг тунлари йиғлаб-йиғлаб айтган аллалари ёдимга тушади. Оилада тўрт фарзанд – икки қиз, икки ўғил бўлиб, мен кенжаси эдим. Отам бир ярим ёшдалигимда ИИ жаҳон урушига кетган ва бизни боқиш ёлғиз онамнинг зиммасида қолганди. Мени ака ва опаларимга қолдириб, бир бурда нон топиб келиш учун елиб-югурган. Ҳовлимиздаги мева-чеваларни, туршак-майизларни ён-атрофдаги бозорларга олиб бориб, унга алмаштириб келарди. Одамларнинг очликдан силласи қуриган пайтлар. Шунинг учун ҳам онам унни кийимлари орасига солиб, тугун қилиб бошига қўйганича беркитиб олиб келарди. Қаҳатчилик сабаб, қўлида ун борлигини билган бегона кимсалар уни юлқиб олишарди. Бир куни ризқ топаман, деб кечга қолиб кетган онам, унни бошига қўйиб келаётса, узоқдан уч отлиқ кўринибди. Онам қўрқувдан катта дарахт панасига ўтиб олибди ва бошидаги тугунини ўша ердаги хас-хашаклар орасига кўмиб қўйибди. Ўзи эса узоқдан чироғи милтиллаб турган уй томон югурибди. Эшикни тақиллатиб уй эгаларидан “Лоғон қишлоғига етиб олишим керак эди. Кўча зимистон экан, тонггача уйингизда ўтирсам бўладими?” деб сўрабди. Уй эгалари кекса чол-кампир яхши одамлар экан. Улар бор-йўғимиз шу, дея онамнинг ёнига икки дона туршак қўйишибди. Онам эса оч бўлса-да қорни тўқлигини, уйда эмизикли боласи қолганлигини, ундан хавотир олаётганини айтиб, “Ишқилиб, унни ҳеч ким олиб кетмаган бўлсин-да, йўқса, болаларимнинг қорнини қандай тўйғазаман”, дея бир хаёли болада, иккинчи хаёли эса хас-хашак остидаги тугунда ухламай чиқибди. Онам тонг ёришмасдан кечаги ерга борибди. Тугуни жойидалигини кўриб Яратганга шукрона келтириб, 24 чақирим жойдан уйга пиёда қайтибди. Опаларимнинг айтишича, онам келиши билан бизни бағрига босиб юм-юм йиғлаган экан.
  Бўйимиз чўзилгани сари ҳар биримиз оиламизга бирор нафимиз тегиши учун ҳаракат қилардик. 1-синфдан бошлаб онам билан бирга пахта тергани борардим. Кейинчалик ўртоқларим билан эрта саҳарлаб далага жўнаб, дарс бошлангунга қадар 30-40 килограммдан пахта териб қўядиган бўлдик. Сўнг мактабга кетардик. Дарсдан сўнг яна тўғри далага келиб теримни давом эттирардик.
  Далада буғдойлар ўрилган пайтда жўяклар орасига бошоқлар тушиб қоларди. Акам билан оиламизга ёрдам бўлсин дея, оёқ-қўлларимиз шилиниб кетгунича бошоқ терардик. Ҳарна бир-икки кунлик нонимизни амаллар эдик-да. Бир ўзим 5-6 килограмм бошоқ терардим. Бир куни дала эгалари бизни ушлаб олиб оёғимиздан дарахтга осиб қўйишган. Энг ачинарли томони шундаки, ўша ердаги тўкилган донларни ҳеч ким териб олмасди, у тушган жойида чириб кетарди.
  Холаларим ўзига тўқ яшашарди. Фақатгина бизнинг оила ночор эди. Катта холам меҳрибон аммо эри жуда хасис, бировга ёрдам беришни хоҳламайдиган одам эди. Холам шўрлик бир бурда нонни ҳам унинг рухсатисиз беролмасди. Фақатгина бир имконият бўларди. Меҳмонга борсак, холам нимаики топса олдимизга қўйиб қорнимизни тўйғазарди.
  Бир куни мактабдан қайтсам, уйимиз одамга тўла, қий-чув бўлаётган экан. Билсам, 10 ёшга тўлганлигим муносабати билан давлатга 95 килограмм гўшт солиғи тўлашимиз керак экан. Ўша вақт қоидаларига кўра, 10 ёшга тўлган болалар учун давлатга гўшт солиғи топшириш шарт бўлган. Ўзимиз қачон гўшт еганимизни билмаймиз-у бунча гўштни қаердан олардик! Солиқчи битта-ю битта сигиримизни етаклаб олиб кетмоқчи бўлиб турганида қўни-қўшнилар: “Сигирни олиб кетсанг, бу аёл тўртта етимни нима билан боқади?”, дея солиқчиларни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Аммо бу гаплар уларга таъсир қилмади. Шу пайт маҳалла раиси: “Бу бола ҳали 10 ёшга тўлгани йўқ. Эндигина саккизга тўлди”, деб маълумотнома ёзиб берди. Ахийри менга икки ёш кичик қилиб гувоҳнома олдик. Шу билан икки йил солиқдан қутулдик. Бу аҳволни кўрган рус тили ўқитувчим ҳарбий комиссариатга хат ёзиб, дадам ҳақида маълумот сўради. Жавоб хатида эса отамнинг бедарак йўқолганлиги ва оиламизни давлат ўз қарамоғига олганлиги ёзилган эди. Энди бизнинг оиламиз гўшт солиғидан бутунлай озод бўлганди. Давлат томонидан менга ойига 17 сўм, акамга 12 сўм, кичкина опамга эса 8 сўм нафақа ажратилди. Катта опам 16 ёшга тўлганлиги сабабли унга пул тўланмасди. Ойлик тариқасида оладиган ана шу пулимиз рўзғор юритишда анча кўмак бўлган.
 Бобом онамнинг қийналганини кўриб турмушга узатмоқчи бўлганида онам, болаларимнинг отаси ўлмаган, у, албатта, қайтиб келади, мен ҳеч қачон болаларимни ўгай ота қўлига топширмайман, дея ўз фикрида қатъий туриб олди. Шундан кейин бобом билан онам ўртасига кўринмас девор тушди...
  Онам 6 ёшлигидан ўгай она қўлида катта бўлган. Унинг ситамларини тортган. Бир куни мактабдан қайтган қизалоқ нон ёпаётган ўгай онасининг ёнига боради. Пишган нонлар орасидан биттасини олади ва шу пайт бошқа нон унинг кўзига чиройли кўринади. Унга энди қўл узатганида ўгай онаси: “Сен етимча, ҳали нон танлаб ейдиган бўлдингми?!” деб қўлини шундай чимчилайдики, қўли билагигача кўкариб кетади. Қизалоқ йиғлаганича тоғасиникига боради. Воқеадан ҳабар топган тоғаси ўша кунданоқ жиянини ўз қарамоғига олади. Чексиз меҳр-муҳаббати учун онам умрининг охиригача тоғасидан миннатдор бўлиб ўтди.

КАТТА САҲНА

  Маҳалламиздаги пастак уйларнинг лойсувоқ томи мен ва дўстларим учун “Катта саҳна” вазифасини бажарар эди. Болалар билан биргаликда концерт, спектакллар қўяр эдик. Қўлимга нимаики тушса, у тоғора, челак, кетмон бўладими чалаверардим. Қизиқишимни кўриб онам менга кичкинагина чилдирма олиб келдилар. Ҳамма далага ишга кетганида биз улар қайтгунларига қадар концерт дастури тайёрлаб қўярдик. Бизнинг болаларча тайёрлаган содда дастурларимизни кўриб аёллар қувонишар, бир дам бўлса-да ташвишларидан узоқлашишарди. Кўпчилик аёллар йиғлаб-йиғлаб кетишарди. Чунки бирига “қора хат” келган бўлса, бири яқинларидан ҳеч қандай хат-хабар йўқлигидан ўкцинарди...
  Қўшни маҳалла болалари билан келишиб тез-тез ўзаро турли мусобақа уюштирардик. Ўртада гулхан ёқиб баҳслашардик. Ва ҳар гал бизнинг маҳалламиз ғолиб чиқарди. Шунда улар, “Бу ерда Шермат бор-да”, деб жаҳллари чиқарди.
  7-8-синфда ўқиб юрган кезларим қишлоқдаги ғижжакчи амаки мени тўйларга олиб юрадиган бўлди. Доирада ғижжакка жўр бўлиб турардим. Кунига бир ёки икки сўм берар, шу пулга етганича уйга егулик кўтариб борардим. Баъзан тўйлар тонггача давом этар, доира чалаверганимдан қўл-бармоқларим кўкариб, оғриғига чидай олмасдим. Шилиниб кетган қўлларимга қараб йиғлаб юборган пайтларим ҳам бўлган. Шундай пайтларда ўз-ўзимга, ўқишга кирсам доирани қўлимга олмайман, дея сўз берардим.
  Техникумга келишдан олдин Фарғона театрига бордим. Синаб кўришгач, сен, албатта, ўқишинг керак, дейишди. Мактабни тугатганимдан сўнг бир йил ўқишга боролмадим. Чунки оилавий аҳволимиз анча қийин эди. Уйга ёрдам бўлиши учун кундузи колхозда ишлаб, кечалари тўйларда хизматда бўлардим. Тошкент Маданият техникумига ўқишга қабул қилинганимдан сўнг, ўқитувчиларим доира чалиш маҳоратимни кўриб: “Сен энди доира гуруҳида ўқийсан”, дейишса-да, ўз фикримни ўзгартирмадим.
  Устозим Эмма Анатолевнадан кўп нарсани ўргандим. Терим вақти ҳаммадан кўп пахта териб, унинг пулларини устозимга бериб қўярдим. Ана қарабсизки, анчагина пул йиғибман. Шу пулларга устозим дўкондан чиройли кийимлар олиб берди ва ортганини қўлимга тутқазиб, буни онангга олиб боргин, деди. Онам мени чиройли кийимларда кўриб хурсандлигидан йиғлаб юборди...
  Омадимни қарангки, Эмма Анатолевна ўзининг кекса устозини чақиртириб мени синовдан ўтказди. Кўзойнагининг тагидан синчковлик билан қараб турган бу инсон тавсияси билан Консерваторияга имтиҳонсиз қабул қилиндим. Техникумнинг учинчи курсини тамомламай бирданига олий ўқув юртининг биринчи курсига қабул қилиндим. Бу мен учун кутилмаган қувонч бўлди. Менга иккита қоғоз беришди. Қарасам, бири стипендия олишим учун, иккинчиси ётоқхонада туришим учун. Бундан ортиқ омад бўлмаса керак, деб суюниб кетганман. Кейинчалик билсам, бу даргоҳга ўқишга қабул қилинишим мен ўйлаганчалик осон бўлмаган экан.

ОТАМДАН ХАБАР

  Бир куни бизникига оқсоқланиб бир одам келди. Ким экан, дея ажабландик. У дадам билан урушда қатнашгани, ярадор бўлган пайтида дадам икки кун елкасида кўтариб юргани ва госпиталга етказиб олиб борганини, қайси бири омон қолса, бир-бирининг оиласидан хабар олиб туришга ваъдалашгани ҳақида сўзлаб берди... Ўшанда шундай олижаноб инсоннинг фарзанди эканлигимдан фахрланганман.
  Техникумда ўқиб юрган кезларим, Шермат машҳур кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг ўғли экан, деган миш-миш тарқалди. Бу гаплардан хабар топган техникум директори мени ҳузурига чақириб, “Машҳур инсоннинг фарзанди бўла туриб бир оғиз айтмабсиз-да”, деди. Шунда ерга қараганча: “Отам урушда ҳалок бўлган, мен уларни ҳатто кўрмаганман”, дея йиғлаб юбордим. Директор эса мени қучоқлаб, “Шу кундан бошлаб отанг мен бўламан”, деди. Мен бугунги ютуқ ва мартабаларга ана шундай меҳрибон, қалби дарё устозларим сабаб эриша олдим, десам адолатли бўлади...

Суҳбатдош - Нилуфар ЖАББОРОВА.
Манба: “Гулхан” журнали.

***
NAVOLARGA BAXSHIDA UMR

  Taniqli kompozitor va dirijyor SHermat Yormatov kuyunchak rahbar sifatida nafaqat “Bulbulcha”ning, balki oynayi jahon orqali efirga uzatiladigan, millionlab bolalarning mehrini qozongan “Qo‘shig‘im, jon, qo‘shig‘im”, “Birgalikda kuylaymiz”, “Do, re, mi, fa, sol”, “San’at g‘unchalari” kabi qator ko‘rsatuv muxlislarining ham fidoyi ustozi, butun respublika bolalariga musiqadan tahsil bergan muallimdir.
  Yillar davomida O‘zbekiston bolalar xor san’atining ravnaqiga o‘z hissasini qo‘shishni maqsad qilgan SHermat Yormatov davlatimiz tomonidan O‘zbekiston yoshlar mukofoti, “Sog‘lom avlod uchun” ordeni, O‘zbekiston xalq artisti kabi yuksak unvonlar bilan taqdirlangan.

ALLALARGA YO‘G‘RILGAN ALAM

  Men 1939-yilning 17-oktabr kuni Farg‘ona viloyati Farg‘ona tumani Log‘on qishlog‘ida tug‘ilganman. Bolaligimni eslasam, ocharchilik yillari, bir burda nonga zoriqqanlarimiz, onamning tunlari yig‘lab-yig‘lab aytgan allalari yodimga tushadi. Oilada to‘rt farzand – ikki qiz, ikki o‘g‘il bo‘lib, men kenjasi edim. Otam bir yarim yoshdaligimda II jahon urushiga ketgan va bizni boqish yolg‘iz onamning zimmasida qolgandi. Meni aka va opalarimga qoldirib, bir burda non topib kelish uchun yelib-yugurgan. Hovlimizdagi meva-chevalarni, turshak-mayizlarni yon-atrofdagi bozorlarga olib borib, unga almashtirib kelardi. Odamlarning ochlikdan sillasi qurigan paytlar. Shuning uchun ham onam unni kiyimlari orasiga solib, tugun qilib boshiga qo‘yganicha berkitib olib kelardi. Qahatchilik sabab, qo‘lida un borligini bilgan begona kimsalar uni yulqib olishardi. Bir kuni rizq topaman, deb kechga qolib ketgan onam, unni boshiga qo‘yib kelayotsa, uzoqdan uch otliq ko‘rinibdi. Onam qo‘rquvdan katta daraxt panasiga o‘tib olibdi va boshidagi tugunini o‘sha yerdagi xas-xashaklar orasiga ko‘mib qo‘yibdi. O‘zi esa uzoqdan chirog‘i miltillab turgan uy tomon yuguribdi. Eshikni taqillatib uy egalaridan “Log‘on qishlog‘iga yetib olishim kerak edi. Ko‘cha zimiston ekan, tonggacha uyingizda o‘tirsam bo‘ladimi?” deb so‘rabdi. Uy egalari keksa chol-kampir yaxshi odamlar ekan. Ular bor-yo‘g‘imiz shu, deya onamning yoniga ikki dona turshak qo‘yishibdi. Onam esa och bo‘lsa-da qorni to‘qligini, uyda emizikli bolasi qolganligini, undan xavotir olayotganini aytib, “Ishqilib, unni hech kim olib ketmagan bo‘lsin-da, yo‘qsa, bolalarimning qornini qanday to‘yg‘azaman”, deya bir xayoli bolada, ikkinchi xayoli esa xas-xashak ostidagi tugunda uxlamay chiqibdi. Onam tong yorishmasdan kechagi yerga boribdi. Tuguni joyidaligini ko‘rib Yaratganga shukrona keltirib, 24 chaqirim joydan uyga piyoda qaytibdi. Opalarimning aytishicha, onam kelishi bilan bizni bag‘riga bosib yum-yum yig‘lagan ekan.
  Bo‘yimiz cho‘zilgani sari har birimiz oilamizga biror nafimiz tegishi uchun harakat qilardik. 1-sinfdan boshlab onam bilan birga paxta tergani borardim. Keyinchalik o‘rtoqlarim bilan erta saharlab dalaga jo‘nab, dars boshlangunga qadar 30-40 kilogrammdan paxta terib qo‘yadigan bo‘ldik. So‘ng maktabga ketardik. Darsdan so‘ng yana to‘g‘ri dalaga kelib terimni davom ettirardik.
  Dalada bug‘doylar o‘rilgan paytda jo‘yaklar orasiga boshoqlar tushib qolardi. Akam bilan oilamizga yordam bo‘lsin deya, oyoq-qo‘llarimiz shilinib ketgunicha boshoq terardik. Harna bir-ikki kunlik nonimizni amallar edik-da. Bir o‘zim 5-6 kilogramm boshoq terardim. Bir kuni dala egalari bizni ushlab olib oyog‘imizdan daraxtga osib qo‘yishgan. Eng achinarli tomoni shundaki, o‘sha yerdagi to‘kilgan donlarni hech kim terib olmasdi, u tushgan joyida chirib ketardi.
  Xolalarim o‘ziga to‘q yashashardi. Faqatgina bizning oila nochor edi. Katta xolam mehribon ammo eri juda xasis, birovga yordam berishni xohlamaydigan odam edi. Xolam sho‘rlik bir burda nonni ham uning ruxsatisiz berolmasdi. Faqatgina bir imkoniyat bo‘lardi. Mehmonga borsak, xolam nimaiki topsa oldimizga qo‘yib qornimizni to‘yg‘azardi.
  Bir kuni maktabdan qaytsam, uyimiz odamga to‘la, qiy-chuv bo‘layotgan ekan. Bilsam, 10 yoshga to‘lganligim munosabati bilan davlatga 95 kilogramm go‘sht solig‘i to‘lashimiz kerak ekan. O‘sha vaqt qoidalariga ko‘ra, 10 yoshga to‘lgan bolalar uchun davlatga go‘sht solig‘i topshirish shart bo‘lgan. O‘zimiz qachon go‘sht yeganimizni bilmaymiz-u buncha go‘shtni qayerdan olardik! Soliqchi bitta-yu bitta sigirimizni yetaklab olib ketmoqchi bo‘lib turganida qo‘ni-qo‘shnilar: “Sigirni olib ketsang, bu ayol to‘rtta yetimni nima bilan boqadi?”, deya soliqchilarni insofga chaqirmoqchi bo‘lishdi. Ammo bu gaplar ularga ta’sir qilmadi. Shu payt mahalla raisi: “Bu bola hali 10 yoshga to‘lgani yo‘q. Endigina sakkizga to‘ldi”, deb ma’lumotnoma yozib berdi. Axiyri menga ikki yosh kichik qilib guvohnoma oldik. Shu bilan ikki yil soliqdan qutuldik. Bu ahvolni ko‘rgan rus tili o‘qituvchim harbiy komissariatga xat yozib, dadam haqida ma’lumot so‘radi. Javob xatida esa otamning bedarak yo‘qolganligi va oilamizni davlat o‘z qaramog‘iga olganligi yozilgan edi. Endi bizning oilamiz go‘sht solig‘idan butunlay ozod bo‘lgandi. Davlat tomonidan menga oyiga 17 so‘m, akamga 12 so‘m, kichkina opamga esa 8 so‘m nafaqa ajratildi. Katta opam 16 yoshga to‘lganligi sababli unga pul to‘lanmasdi. Oylik tariqasida oladigan ana shu pulimiz ro‘zg‘or yuritishda ancha ko‘mak bo‘lgan.
  Bobom onamning qiynalganini ko‘rib turmushga uzatmoqchi bo‘lganida onam, bolalarimning otasi o‘lmagan, u, albatta, qaytib keladi, men hech qachon bolalarimni o‘gay ota qo‘liga topshirmayman, deya o‘z fikrida qat’iy turib oldi. Shundan keyin bobom bilan onam o‘rtasiga ko‘rinmas devor tushdi...
  Onam 6 yoshligidan o‘gay ona qo‘lida katta bo‘lgan. Uning sitamlarini tortgan. Bir kuni maktabdan qaytgan qizaloq non yopayotgan o‘gay onasining yoniga boradi. Pishgan nonlar orasidan bittasini oladi va shu payt boshqa non uning ko‘ziga chiroyli ko‘rinadi. Unga endi qo‘l uzatganida o‘gay onasi: “Sen yetimcha, hali non tanlab yeydigan bo‘ldingmi?!” deb qo‘lini shunday chimchilaydiki, qo‘li bilagigacha ko‘karib ketadi. Qizaloq yig‘laganicha tog‘asinikiga boradi. Voqeadan habar topgan tog‘asi o‘sha kundanoq jiyanini o‘z qaramog‘iga oladi. Cheksiz mehr-muhabbati uchun onam umrining oxirigacha tog‘asidan minnatdor bo‘lib o‘tdi.

KATTA SAHNA

  Mahallamizdagi pastak uylarning loysuvoq tomi men va do‘stlarim uchun “Katta sahna” vazifasini bajarar edi. Bolalar bilan birgalikda konsert, spektakllar qo‘yar edik. Qo‘limga nimaiki tushsa, u tog‘ora, chelak, ketmon bo‘ladimi chalaverardim. Qiziqishimni ko‘rib onam menga kichkinagina childirma olib keldilar. Hamma dalaga ishga ketganida biz ular qaytgunlariga qadar konsert dasturi tayyorlab qo‘yardik. Bizning bolalarcha tayyorlagan sodda dasturlarimizni ko‘rib ayollar quvonishar, bir dam bo‘lsa-da tashvishlaridan uzoqlashishardi. Ko‘pchilik ayollar yig‘lab-yig‘lab ketishardi. Chunki biriga “qora xat” kelgan bo‘lsa, biri yaqinlaridan hech qanday xat-xabar yo‘qligidan o‘ksinardi...
  Qo‘shni mahalla bolalari bilan kelishib tez-tez o‘zaro turli musobaqa uyushtirardik. O‘rtada gulxan yoqib bahslashardik. Va har gal bizning mahallamiz g‘olib chiqardi. Shunda ular, “Bu yerda SHermat bor-da”, deb jahllari chiqardi.
  7-8-sinfda o‘qib yurgan kezlarim qishloqdagi g‘ijjakchi amaki meni to‘ylarga olib yuradigan bo‘ldi. Doirada g‘ijjakka jo‘r bo‘lib turardim. Kuniga bir yoki ikki so‘m berar, shu pulga yetganicha uyga yegulik ko‘tarib borardim. Ba’zan to‘ylar tonggacha davom etar, doira chalaverganimdan qo‘l-barmoqlarim ko‘karib, og‘rig‘iga chiday olmasdim. Shilinib ketgan qo‘llarimga qarab yig‘lab yuborgan paytlarim ham bo‘lgan. Shunday paytlarda o‘z-o‘zimga, o‘qishga kirsam doirani qo‘limga olmayman, deya so‘z berardim.
  Texnikumga kelishdan oldin Farg‘ona teatriga bordim. Sinab ko‘rishgach, sen, albatta, o‘qishing kerak, deyishdi. Maktabni tugatganimdan so‘ng bir yil o‘qishga borolmadim. Chunki oilaviy ahvolimiz ancha qiyin edi. Uyga yordam bo‘lishi uchun kunduzi kolxozda ishlab, kechalari to‘ylarda xizmatda bo‘lardim. Toshkent Madaniyat texnikumiga o‘qishga qabul qilinganimdan so‘ng, o‘qituvchilarim doira chalish mahoratimni ko‘rib: “Sen endi doira guruhida o‘qiysan”, deyishsa-da, o‘z fikrimni o‘zgartirmadim.
  Ustozim Emma Anatolevnadan ko‘p narsani o‘rgandim. Terim vaqti hammadan ko‘p paxta terib, uning pullarini ustozimga berib qo‘yardim. Ana qarabsizki, anchagina pul yig‘ibman. Shu pullarga ustozim do‘kondan chiroyli kiyimlar olib berdi va ortganini qo‘limga tutqazib, buni onangga olib borgin, dedi. Onam meni chiroyli kiyimlarda ko‘rib xursandligidan yig‘lab yubordi...
  Omadimni qarangki, Emma Anatolevna o‘zining keksa ustozini chaqirtirib meni sinovdan o‘tkazdi. Ko‘zoynagining tagidan sinchkovlik bilan qarab turgan bu inson tavsiyasi bilan Konservatoriyaga imtihonsiz qabul qilindim. Texnikumning uchinchi kursini tamomlamay birdaniga oliy o‘quv yurtining birinchi kursiga qabul qilindim. Bu men uchun kutilmagan quvonch bo‘ldi. Menga ikkita qog‘oz berishdi. Qarasam, biri stipendiya olishim uchun, ikkinchisi yotoqxonada turishim uchun. Bundan ortiq omad bo‘lmasa kerak, deb suyunib ketganman. Keyinchalik bilsam, bu dargohga o‘qishga qabul qilinishim men o‘ylaganchalik oson bo‘lmagan ekan.

OTAMDAN XABAR

  Bir kuni biznikiga oqsoqlanib bir odam keldi. Kim ekan, deya ajablandik. U dadam bilan urushda qatnashgani, yarador bo‘lgan paytida dadam ikki kun yelkasida ko‘tarib yurgani va gospitalga yetkazib olib borganini, qaysi biri omon qolsa, bir-birining oilasidan xabar olib turishga va’dalashgani haqida so‘zlab berdi... O‘shanda shunday olijanob insonning farzandi ekanligimdan faxrlanganman.
  Texnikumda o‘qib yurgan kezlarim, SHermat mashhur kinorejissor Komil Yormatovning o‘g‘li ekan, degan mish-mish tarqaldi. Bu gaplardan xabar topgan texnikum direktori meni huzuriga chaqirib, “Mashhur insonning farzandi bo‘la turib bir og‘iz aytmabsiz-da”, dedi. Shunda yerga qaragancha: “Otam urushda halok bo‘lgan, men ularni hatto ko‘rmaganman”, deya yig‘lab yubordim. Direktor esa meni quchoqlab, “Shu kundan boshlab otang men bo‘laman”, dedi. Men bugungi yutuq va martabalarga ana shunday mehribon, qalbi daryo ustozlarim sabab erisha oldim, desam adolatli bo‘ladi...

Suhbatdosh - Nilufar JABBOROVA.
Manba: “Gulxan” jurnali.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот