Ўзбекистон халқ артисти - Обид Толипов (1918-1994)


   
   Обид Толипов 1918 йилнинг 7 Ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 
   А. Н. Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, 1937 йилдан то умрининг охиригача Й. Охунбобоев номидаги Республика Ёш томошабинлар театрининг етакчи актёри сифатида фаолият кўрсатади. Обид Толипов 1941—1945 йилларда урушда қатнашиб, эсон-омон она юртига қайтгач, яна ўзининг жонажон театрида меҳнат фаолиятини давом эттиради. Мактаб ёшидаги ўқувчиларни маънавият ва маърифат руҳида тарбиялашда улкан маданий маскан ҳисобланган театр актёр учун гуё иккинчи уй вазифасини ўтади. У томошабинларга манзур бўладиган, уларга эстетик завқ бағишлайдиган ўнлаб етук образлар яратиб, санъатда ўз ўрнига эга бўлди. О. Толипов театрда саҳналаштирилган кўпчилик спектаклларда бош ролларни ўйнаб, 400 дан ортиқ турли образлар яратди. "Сирли сандиқ"да муаллиф, "Ким айбдор"да Профессор, "Қимирлаган қир ошар"да Ғафлат, "Ҳуснбузар"да Домла, "Қалдирғоч"да Чол, "Донишманднинг ёшлиги"да Конғирбек, "Абдулла Набиев"да Абдулла Набиев, "Оила"да Володя, "Мардлар қиссаси"да Мавлон, "Алеша Пешков"да Алеша, "Ажойиб уруғ"да Чўпон бола, "Фотоннинг ҳалокати"да Саидов, "Ўжар"да Ўжар Мурод, "Ўз уйингдасан"да Чол, "Муса Жалил"да немис офицери каби турли характердаги ранг-баранг образлар О. Толиповнинг Ёш томошабинлар театрида ярим асрдан зиёд муддатдаги изчил ижодий меҳнатининг самарасидир. Обид Толипов Манзура Ҳамидова, Муҳаббат Йўлдошева, Воҳид Қодировлар каби сафдошларидай ёшлар учун мўлжалланган спектаклларда роллар ижро этишга мослашган про¬фессионал актёр эди. Шунинг учун ҳам у фақат ана шундай спектаклларда ажойиб образлар яратиб, ёш авлодни эстетик руҳда тарбиялашдек шарафли ишга ўз ҳиссасини кўшганидан, актёрлик санъатидаги ўта нозик ва мураккаб бу соҳада моҳир уста бўлганидан завқланар, фахрланар эди. Болалар билан ишлаш, уларнинг кўнглини топиш учун, фақат истеъдодгагина эмас, балки ўз касбига буюк садоқат, мураббийлик, устозлик иқтидорига ҳам эга бўлиш даркордир. Романтик руҳдаги фалсафий теран образларни яратиш О. Толипов ижодининг ўзига хос индивидуал хусусиятларидан биридир. "Ким айбдор"даги Пpoфeccop, "Донишманднинг ёшлиги"даги Конғирбек, "Оила"даги Володя, "Мардлар қисса"сидаги Мавлон ва бошқа образларда юқоридаги ҳолат ярқ этиб кўринади. О. Толипов бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистон радиосида ёшларга бағишланган радиоспектаклларда фаол иштирок этди. Видеофильмларда роллар ижро этди. "Ўзбекфильм" киностудиясида ўзбек тилига дубляж қилинган бадиий фильмларда овоз берди. Бутун кучи, тажрибаси ва салоҳиятини Ўзбекистонда театр санъатининг равнақ топиши учун бағишлади. О. Толиповнинг ярим асрдан зиёд муддатдаги изчил самарали меҳнати ижобий баҳоланди. У 1980 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" ва "Республика халқ маорифи аълочиси" унвонлари билан тақдирланган, уруш қатнашчиси сифатида орден ва медаллар билан мукофотланган эди. 
   Обид Толипов 1994 йилда Тошкентда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот