Миллионларнинг меҳрини қозонган эди
27 декабрь — Ўзбекистон халқ ёзувчиси — Тоҳир Малик таваллуд топган кун.
Миллионларнинг меҳрини қозонган эди
27 декабрь… Сиз билган, сиз севган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ҳаёт бўлганида 73 ёшга тўларди. «Фалак», «Сўнгги ўқ», «Шайтанат», «Талваса», «Мурдалар гапирмайдилар"ни ёзган, китоблари севиб, қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган, энг сермаҳсул ижодкор, асарлари энг кўп чоп этиладиган ва энг кўп ўқиладиган, «Одамийлик мулки» китоби ҳатто қизларнинг сепига солинган ардоқли ёзувчи бугун орамизда йўқ.
«Бекажон» газетасининг бош муҳаррири, сўз сеҳри билан миллионлаб китобхонларнинг, газетхонларнинг қалбини забт этган, мухлислари билан учрашувларда уларни ҳам кулдириб, ҳам йиғлатиб, қалбларини титратадиган бетакрор инсон, нозик суҳбатдош — кўнгил наққоши орамиздан кетди. Ўзбек адабиёти улкан истеъдоддан, хассос ижодкордан айрилди. Ўлим ҳақ, аммо адибдан улкан адабий мерос, ўнлаб асарлар ва ёруғ хотиралар қолди. Адиб сиймоси кўз олдимизда, Тоҳир Малик номи қалбларимизда барҳаёт. Энди устозни эслаганда ширин хотираларни ёдга оламиз, хаёлларга бериламиз. Гўё шундоқ ёнгинамизда ним табассум билан бизларга синовчан қараб тургандек туюлади…
Тоҳир Малик жуда сирли одаммиди?
Йўқ! Айримлар у кишини жуда сирли, кўнглини қоғоз ва қаламдан бошқага ёзмайдиган, ҳамма билан ҳам чиқишиб кетавермайдиган одам деб ўйлашар экан. Аммо у киши билан ишлаб, ўнлаб учрашувларга бирга бориб, шунга амин бўлган эдимки, Тоҳир Малик «Гапни гапир уққанга» нақлига амал қиларди. Ҳар бир даврага мос суҳбатдошга айланарди. Масалан, 2018 йилнинг ёзида «Чинобод» сиҳатгоҳида дам олувчилар билан учрашув ўтказдик. У ердаги турли ёшдаги инсонлар билан шунчалар самимий, шунчалар оддий суҳбат ўтказилдики, саволлар ёғилиб кетди, ярим кеча бўлаётганига қарамай, биров ўрнидан турай демасди. Устоз ҳам эринмай жавоб бериб, ҳатто аёлларга мос латифалар айтиб, уларни роса кулдирди, кейин эса бу дунёдаги билиб-билмай қилаётган ишларимиз, гуноҳларимиз, охират, қабр азоби ҳақида ривоятлар айтиб, қалбларни титратиб юборди…
2018 йилнинг кузида Тоҳир Малик билан Зангиотада учрашув бўлди. Аввалига маҳалла аҳли билан, сўнгра коллеж ўқувчилари билан шу қадар ибратга бой суҳбат, савол-жавоб бўлдики, 80 дақиқалик дарсда портлаб кетадиган талабалар киприқ қоқмай ўтиришди.
Бундай дийдор онлари Қарши, Муборак, Марғилон, Фарғона, Жиззах, Зомин, Самарқанд, Каттақўрғон, Тошкентнинг турли гўшаларида ўтганки, бу учрашувлар иштирокчиларга, мухлисларга нафақат маънавий озуқа берган, балки «Мен бугун Тоҳир Маликни кўрдим!» деган ифтихор уйғотган.
Бир учрашув асло ёдимдан чиқмайди. 2014 йилда Тоҳир Малик Самарқандга келганида шаҳардаги 10-сонли меҳрибонлик уйига бордик. Зал ўқувчиларга, ўқитувчиларга тўла. Ҳамма қарсак чалаяти. Аммо Тоҳир Малик тўғри саҳнага ўтиб кетмади. Олд қаторда ҳайрат билан турган болалар билан бир-бир саломлашиб, уларнинг пешонасини силаб, елкасидан қоқиб, кўзларини пирпиратиб турган икки қизалоқнинг эса пешанасидан ўпиб қўйганида айримлар кўзларига ёш олишган эди…
Тоҳир Малик ана шундай меҳрини қизғонмаган ёзувчи эди.
Ижодкорнинг бахти
Бирор даврада Тоҳир Малик ҳақида сўз кетса, аксарият кишилар адибнинг асарларини севиб ўқишини, ҳар бир ёзгани бир олам эканлигини таъкидлайди. Айниқса, тарбияга оид китобларининг таъсири ҳақида тўлқинланиб гапиришади. Бундай асарлар ҳақида ёзувчининг ўзи ҳам кўп бора мамнуният билан сўзлаб берган, ўқувчиларининг қандай сабоқ чиқаришганини эътироф этганди.
Келинг, адибнинг сўзларини ўз тилидан келтирай:
«-Яқинда бир ўқитувчи аёл келиб, «Одамийлик мулки» учун алоҳида раҳмат айтиб кетди. «Бу асар менга эримни қайтариб берди», деди. Агар ажрашишаётган бўлса, китобнинг «Оила» бобини ўқиб, яхши бир хулосаларга келишган, тўғри йўлни кўришган бўлса керакда. Олдинроқ ҳам эшитгандим. Бир аёл «Аввалроқ бу китобни ўқиганимда, эрим билан ажрашмаган бўлардим…» деган экан. Яқинда бир китоб сотувчи аёл «Сизга раҳмат қизимни қайтариб бердингиз, деди. Сабабини сўрасам, русча ўқиётган қизининг одоби, юриш-туриши ҳам ўзгариб кетаётган экан, ‚Шайтанат"ни ўқиб яхши томонга ўзгарибди. Яқинда университетда учрашувдан кейин бир талаба қиз келиб, «Қайнонам, қайнотам хўжайиним сизга раҳмат айтишди» деди. «Нега?» десам, «Келинлар дафтарига"ни ўқиб, яхши томонга ўзгарган эмишман», дейди. Намангандан айтишди. Бир судхўр бор экан. «Одамийлик мулки"ни ўқигандан кейин нафақат судхўрлигини ташлабди, балки, қарзларидан ҳам воз кечиб юборибди. Бу ёзувчи учун катта қувонч, бахт…»
Тоҳир Маликнинг панд-насиҳат руҳидаги асарларни ҳам кўп ёзгани бежизга эмас. Ёзувчи кўплаб суҳбатларида ёшлигидан одоб-ахлоққа, тарбияга оид нарсаларни кўп ўқигани ва керакли фикрларни алоҳида дафтарга ёзиб олиш одати борлигини эътироф этган. Шундай қайдлар ёзилган 77 та дафтари бўлган. «Одамийлик мулки» рисоласи ана шундай қайдномаларнинг ва адиб тафаккурининг, эзгу ниятларининг ҳосиласи эди.
Энди хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг. Тоҳир Малик ана шундай бахтли ва эзгу ниятли ёзувчи эди.
»Бекажон» ҳаётида
Шоирлар, ёзувчилар кўп. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам мухлислар меҳрини қозониб, уларнинг қалбини забт этолмайдилар. Бу бахт, бу саодат айримларгагина насиб қилади. Ана шу «айримларгина» ичида, шубҳасиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ҳам бор. Тан олиб айтамизки, «Бекажон"нинг элга манзур бўлишида, севиб ўқилишида, кейинги сонларининг интиқ кутилишида Тоҳир Маликнинг беқиёс ўрни бор эди. Кейинги йилларда ёзувчининг хоҳ ҳикоя, хоҳ таржима бўлсин, янги асари аввало «Бекажон"да чоп этилган ва бу муштарийларга ҳам манзур бўлган. Ёзувчининг йирик асарлари ҳам аввал газетамизда сонма-сон эълон қилиниб, кейин китоб ҳолида нашр этилган. Таҳририятга йўлланган энг кўп мактуб ҳам шубҳасиз Тоҳир Малик номига келарди. У кишига миннатдорчилик, асарларидан олинган таассуротлар бир олам эди. Ёзувчининг турли мавзудаги ибратли маърифий мақолалари эса оила давраларида ўқилиб, ҳатто мактаб ва олийгоҳларнинг маънавият соатларида ўқиб берилиши ҳеч кимга сир эмасди.
Ёзувчи газета бош муҳаррири сифатида ҳам бағрикенг эди. Таҳририятга келган мактублардан тортиб, ходимларнинг кайфиятигача у кишининг назаридан қочмасди. Ижодкорга хос сезгирлик билан давр руҳиятини, ижодкор руҳиятини, журналист руҳиятини чуқур ҳис этарди ва ўз вақтида ижодий камчиликларни айтиб, интилишларни кўрганда эса муаллифларни икки оғиз ширин сўз билан руҳлантириб юборарди.
Тоҳир Малик «Бекажон» газетаси қошида ташкил этилган «Маҳорат мактаби» тўгарагининг наср бўлими раҳбари ҳам эди. Гарчи бу тўгарак ҳозир фаолият юритмаётган бўлса-да, ўз вақтида ёш, ҳаваскор шоир-ёзувчиларнинг севимли маскани эди. Юзлаб бўлажак носирлар Тоҳир Малик номига мактуб битиб, ўз машқларини юборишар эди. Устоз ҳам уларни ўрганиб, саралаб, жойларда учрашувлар ташкил этиб, ёшларга ўз тавсияларини берарди, уларнинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб, керакли маслаҳатларини айтарди. Тоҳир Маликдан шундай тегишли тавсияларни олган ўнлаб ёшлар бугун юртимиздаги турли нашрларда, соҳага оид масканларда фаолият юритишади ва ўша дамларни — ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб, хотирасига муҳрланиб қолган лаҳзаларни унутмайдилар.
Шу ўринда яна бир жиҳатни тилга олишни жоиз деб биламан. Тоҳир Малик дастхат берганида кўпинча, «…га икки дунё саодатини тилайман. Ҳурмат билан Тоҳир Малик» деб ёзарди. Бир гал бунинг маъносини сўраганимда «Бахт бир лаҳзалик бўлади. Саодат эса бир умрлик. Икки дунё саодати эса бу дунёси учун ҳам, у дунёси учун ҳам яхшилик тилашдир», деб жавоб берган эди.
Тоҳир Малик нафақат ўзига, яқинларига, ҳатто мухлисларига ҳам ана шундай икки дунё саодатини тилаган меҳридарё ёзувчи эди.
Холиёр Сафаров.
(Хотиралар «Бекажон"нинг 26 декабр 2019 йилги сонида эълон қилинган)