(Тоҳир Маликнинг сўнгги интервьюси)
2019 йилнинг 16 май куни устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 73 ёшида (1946-2019) вафот этди. Адабиётимизнинг бўғини бўшашди… Ҳатто ўша куни ҳозир юртимизда нечта Ўзбекистон халқ ёзувчиси қолганини ҳам бир кўз олдимдан ўтказиб, юрагим увишиб кетган эди…
Тўғри, ижодкор умри унинг неча йил яшагани билан ўлчанмайди. Қолдирган адабий мероси, мухлислари қалбида нақш каби чизилган асарлари уни мангуликка дахлдор этади. Тоҳир Малик ҳам ана шундай мангуликка мансуб ёзувчилардан бири эди.
Тоҳир Малик билан бирга ишлаб, кўплаб ижодий учрашувларда бирга бўлиб, суҳбатларини олишга ҳаракат қилардим. Вафотидан олдин ҳам уйига борганимда у кишини йўқлаб келган мухлислари даврасида кўриб, суҳбатини диктофонга тушириб қўйган эдим. Мавзуимиз асосан ижод ва ижодкорнинг бахти ҳақида бўлган эди. Надоматлар бўлсинки, ўша суҳбат сўнгги суҳбат, дийдор эса сўнгги дийдор бўлиб қолди…
- Устоз, ёзувчи бўлиб етишишингизда тоғангиз Мирзакалон Исмоилийнинг қанчалик ўрни бўлган? Илк устозингиз тоғангизми?
- Биринчи машқларимни тоғамга кўрсатмаганман. У пайтда у киши қамоқда эди. Илк машқларимни Қуддус Муҳаммадий кўриб берган. Болалигим, ижодга кириб келишим ҳақида «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» китобимда батафсил ёзганман. Мен тоғам Мирзакалон Исмоилийнинг уйида туғилганман. 1946 йилда, урушдан кейин улар Берлинда яшашган. У вақтларда Тошкентда уйимиз йўқ эди. Ҳозир яшаётган уйимизни 1949 йилда қурганмиз. Пойдевори ҳам йўқ. Аммо чиройли қилиб, оқлаб қўйибмиз. Ёзувчининг уйида туғилганим учун ҳам ёзувчи бўлганман, шекилли-да.
- Қизиқ, фантастика, детектив, панд-насиҳат йўналишида бирдек, самарали ижод қиласиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Одамзоднинг ақли етмайдиган бир ғалати ишлар бўлади. Буни тасодиф ҳам деймиз. Аммо бу тасодиф эмас. Ҳар бир нарса Аллоҳ белгилаган йўлда. Илк ҳикоям 1960 йилда «Гулхан» журналида чиққан. Мазмуни хотирамдан кўтарилган эди. Яқинда қизиқиб олиб кўрсам, қарангки, у ҳам болаларнинг илм олиши ҳақидаги панд-насиҳат йўлидаги кичкина тарбиявий ҳикоя экан. 13 ёшимда ёзган эканман.
Фантастикага қизиқишим кичкиналигимдан кўп эртак ўқиганимдан бўлса керак. Аммо жуда оғир шароитда ёзганман. Биринчидан, бизда фантастика йўқ эди. Ўрганадиган одам ҳам, ўргатадиган одам ҳам йўқ эди. Ҳаммасини ўзимиз қилишимиз керак эди. 1963 йилда Тошкент давлат университетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошладим. Улгурмасдим, ишдан чиқиб, этигимнинг лойларини ювиб ташлаб, ўқишга кетардим. Чунки уйга келиб кетишга вақт етмасди. Жуда содда бўлган эканмизда. Кеч соат ўн иккиларда ўқишдан келардим. Ойим раҳматли кутиб ўтирарди. Овқатланиб, дарров ётмай деб ўқиб ёки алламаҳалгача ёзиб ўтирардим. Талабалигимда биринчи фантастик қиссамни ёзганман. 1969 йилда. Нашриётга бериш керак эди. Аннотацияни рус тилида ёзиб, хатоларини кўриб бер, деб бир рус шоир дўстимизга берсам, «Э, бу нима?» деди. «Фантастика» дедим. «Чиқмайди…» деди. «Нега чиқмайди?» «Бизда фантастика йўқ», деди. «Энди бўлади-да», дедим. Кўриб берди, кейин топширдик. Орада ҳарбий хизматга кетдим. Хизматдан келсам, шукрки, асар Москвадан тасдиқланиб келган экан. Ҳожиакбар Шайховнинг ҳикояларини қўшиб, битта китоб бўлиб чиқди. Ўшанда Тоҳир Малик деб қўйишга ҳам рухсат беришмаган. Муаллиф Тоҳир Ҳобилов деб ёзилган. Ўша учун «Ўзбекистон Миллий энциклопедия»нинг фантастика бўлимида (9-том, 185 бет) «Ҳозирги замон ўзбек адабиётида Т.Маликнинг «Ҳикмат афандининг ўлими», Т.Ҳобиловнинг «Ойга сафар», Х.Тўхтабоевнинг «Сариқ дебни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», Х.Шайховнинг «Рене жумбоғи» асарлари фантастика жанрида яратилган», дейилган. Кейинги «Фалак» қиссам Тоҳир Малик номи билан чиққанда, ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Фантастикада «Фалак» номли янги асар чиқди. Муаллиф Тоҳир Маликнинг ёзиш услуби Тоҳир Ҳобиловнинг услубига яқин…», деб ёзишган. Мақола муаллифини кўриб, «Тоҳир Ҳобиловни танийсизми?» деганимда «Йўқ», деди. Ҳазиллашиб, «Бир куни таништириб қўяман», дегандим.
Панд-насиҳат йўналиши ҳам бежизга эмас. Ёшлигимдан одоб-ахлоққа, тарбияга оид нарсаларни кўп ўқирдим, яхши кўрардим. Керакли фикрларни ёзиб олардим. Шулар 77 та дафтар бўлганди. Бир вақти келдики, ўша ёзиб олинган 77 та дафтарнинг ҳосиласи бўлиб, «Одамийлик мулки» рисоламни яратдим. Мақсад, ўзимга ёққан нарсаларни алоҳида дафтарга кўчириб қўйишларим сабаби, бир нарса яхши нарса ўқисам, буни бошқалар ҳам билишини, ўқишини хоҳлайман. Айниқса, тарбияга доир. Одамларнинг ҳаммаси яхши бўлишини хоҳлайман. Тушунмайман, нега одамзод ёмон бўлиши керак? Нега ёмонлик қилиши керак? Ўзи одамзод озгина вақт яшайди. «Умр кўз очиб юмгунча ўтиб кетди», дейишади. Бунинг тагида илмий ҳақиқат бор. Ҳақиқат шуки, Аллоҳ таоло айтадики: «Менинг бир куним сизларнинг минг йилингизга тенг». Одам ўртача 60-70-80 йил яшайдиган бўлса, буни минг йилга қиёсласак, кўз очиб юмгунчалик вақт. Шундай экан, одам яхши яшаши керак-да. Шуларни билсин, дейман.
- Тарбиявий аҳамиятга эга асарларингиз сизга ўзгача ҳурмат олиб келди. Улар минглаб инсонларга сабоқ бўлди. Буни ўзингизга ҳам келиб айтишганми?
- Шукрки, бундай яхши воқеалар жуда кўп бўлади. Яқинда бир ўқитувчи аёл келиб, «Одамийлик мулки» учун алоҳида раҳмат айтиб кетди. «Бу асар менга турмуш ўртоғимни қайтариб берди», деди. Агар ажрашишаётган бўлса, китобнинг «Оила» бобини ўқиб, яхши бир хулосаларга келишган, тўғри йўлни кўришган бўлса керак-да. Олдинроқ ҳам эшитгандим. Бир аёл «Аввалроқ бу китобни ўқиганимда, эрим билан ажрашмаган бўлардим…» деган экан. Яқинда бир китоб сотувчи аёл «Сизга раҳмат қизимни қайтариб бердингиз», деди. Сабабини сўрасам, русча ўқиётган қизининг одоби, юриш-туриши ҳам ўзгариб кетаётган экан, «Шайтанат»ни ўқиб, яхши томонга ўзгарибди. Яқинда университетда учрашувдан кейин бир талаба қиз келиб, «Қайнонам, қайнотам хўжайиним сизга раҳмат айтишди» деди. «Нега?» десам, «Келинлар дафтарига»ни ўқиб, яхши томонга ўзгарган эмишман», дейди. Намангандан айтишди. Бир судхўр бор экан. «Одамийлик мулки»ни ўқигандан кейин нафақат судхўрлигини ташлабди, балки қарзларидан ҳам воз кечиб юборибди. Бу ёзувчи учун катта қувонч, бахт.
- «Шайтанат»нинг тўртинчи китобини ёзиш жараёни жуда оғир кечган экан…
- Ҳа, у пайтда оғир касал эдим. Мен доим қўлда ёзиб, машинкада ўзим кўчирардим. Ҳозиргача шундай. Мен кўчириш жараёнида кўп иш қиламан, кўп таҳрир қиламан, тузатаман. Ёзишимдан кў¬ра, кўчиришим кўп вақт олади. Тўртинчи китобни ёзаётганимда «Шарқ»дагилар «Тез бўлинг, тез бўлинг, йил охиригача чиқарайлик» дейди. Касалман. Бу ёқда, дўхтирлар «Тез бўлинг. Тез операция қилмасак кетиб қоласиз…» дейди. «Шошмай туринглар, озгина қолди», дейман. Бир кунда бир бет ёзсам, нашриётдагилар бир бетни олиб кетишади, икки бет ёзсам, икки бетни олиб кетишади. Машинкада кўчиришдан қўлларим ишламай қолди. Бир амаллаб тугатиб берганман. Дейлик, 10 декабрларда ёзиб тугатган бўл¬сам, 20 декабрларда китоб чиқди. Нашриётдагилар ҳам пешма-пеш тайёрлашган. Кейин операцияга кетганман.
- Қайси асарларингизнинг чоп этилиш жараёни оғир кечган?
- Илгари цензура кўп қийнарди. «Фалак»да диний оят ва калималар бор. Ўзбекчасини ишлатганман. Эркин Воҳидов «Ёш гвардия»да ишларди. Китоб бўлаётганда «Тоҳир, шу оят ва калималарнинг арабчасини ҳам берсангиз-чи…», деди. Арабчасини ҳам қўшдим, аммо цензурадан ўтмади. «Сомон йўли элчилари»да бугунги Орол фожиаларининг ҳаммасини Унет деган сайёра мисолида берганман. 1970 йилда ёзганман. Бизда ўтди, аммо Москвада сезиб қолишди… «У нет» - аслида унақа сайёра йўқ, ҳаммаси Орол ҳақида эканлигини тушуниб қолишди. Кейин асарни «Девона» деб номладик. Бу асар бўйича кўп савол-жавоб қилишган. Мени анув идора кўп чақирарди. Идорага кираётиб, қайтиб чиқаманми, йўқми, билмасдим. «Менинг ҳам пешанамда тоғамнинг қисмати бор эканда…» дердим. Уйдагиларга айтмасдим. Булар ҳақида «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи»да ёзганман. Уни ўқиб, уйдагилар энди билишди, «Шунақа ишлар ҳам бўлган эканда», дейишди… Шукрки, ҳаммаси яхшиликка бўлди. Ҳаммаси ўтиб кетди. Мустақилликдан кейин ҳаммасини тикладим, ҳаммаси нашр этилди. Мухлисларнинг, китобсеварларнинг борига шукр.
- Айни кунларда қандай асар устида ишлаяпсиз?
- Тарбияга доир асарлар циклини «Тенг тенги билан бахтлидир» ва «Қуёшингиз ботмасин» билан тугатган эдим. Анчадан бери бир тарихий роман ғояси билан яшаётгандим. Ҳозир шуни бошладим…
(Ўша куни Тоҳир Малик «Ёзувчига айтиб бўладими?» деб ҳазиллашиб, тарихий асари мавзусини айтмаган эди. Балки бу бир қисми «Бекажон»да чоп этилган, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишлаган «Тўзон» асари бўлса, не ажаб? Дарвоқе, яқин кунларда «Тўзон»нинг давомини "Бекажон" газетасида эълон қиламиз).
Холиёр Сафаров.
(Суҳбат 2019 йилнинг 12 июнь куни "Китоб дунёси", 13 июнда "Бекажон" газетасида чоп этилган).