Чингиз Тўрақулович Айтматов (1928 - 2008)


  Чингиз Тўрақулович Айтматов ХХ аср қирғиз адабиётининг энг истеъдодли ва жаҳонга танилган йирик намояндаларидан бири бўлиб, у 1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида туғилган. Чингиз дастлаб рус мактабида, кейин қирғиз мактабида ўқиди, қишлоқ шўросида котиб, солиқ йиғувчи, ҳисобчиси бўлиб ишлади. У 1948 йилда Жамбул зооветеринария техникумини, 1953 йили Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. 1956 - 1958 йилларда Москвада Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиётчилар курсида таҳсил олган. Чингиз Айтматов болалигиданоқ бадиий адабиётга улкан меҳр қўйган бўлиб, насрий асарлар яратиш билан астойдил шуғулланади. Адиб номини илк бор халқаро миқёсда машҳур қилган, 1958 йилда ёзилиб, жаҳон халқларининг 40 дан ортиқ тилларига таржима қилинган асар «Жамила» қиссаси бўлди. «Жамила» қиссасини Луи Арагон «Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса» деб атаган. Чингиз Айтматов давлат ва жамоат арбоби сифатида улкан ишларни амалга оширган. У Қ. Муҳаммаджонов билан ҳамкорликда «Фудзиямадаги учрашув» номли драма ёзган. Чингиз Айтматов Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968), 1995 йилда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси Президенти бўлган. У Мустақил Ўзбекистоннинг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Чингиз Айтматов номидаги Халқаро «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999). Чингиз Айтматовнинг асарлари 80 дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинган. Ч. Айтматов давримизнинг забардаст ёзувчиси сифатида ўзбек китобхонларининг ҳам севимли адибига айланган.
  Адиб 2008 йилнинг 10 июнь санасида Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги касалхонада вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот