АСЛИДА КИМНИНГ АҚЛИ ЗАИФ?!
Бир вақтлар алоҳида ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган болалар билан ишлаган эдим. Менга: "Бу мактаб ўқувчилари тўрт қатор шеърни эплаб ёдлашса ҳам катта гап", дейишган эди. Сабаби, бу мактабда 4 хил даражадаги ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар таълим оларди. Ростини айтсам, мен ўша мактаб болаларида ҳақиқий соғинч ва меҳрнинг, асосийси бу дунёнинг ҳақиқий рангини кўрдим, ҳис қилдим. Ўша тўрт қатор шеър ёдлаши амримаҳол дейилган ўқувчилар билан кузатишни, таҳлил қилишни ва ўзларига хос дунёни ўргандим. Уларнинг ўз ҳаётига оид ҳикоялари ҳамда жониворларга аталган шеърларини "Гулхан" журналида икки саҳифа қилиб чоп этдик.
Болалар ўзларининг ижод намуналари чоп этилган журнални қўлларига олганларидаги ҳолатни тасвирлаб беролмайман. Ўшанда: "Бу мактаб тарихида бўлмаган воқеа бўлди", - дейишди устозлар...
Бир неча ой аввал шу мактабда таълим олаётган Гулноза исмли ўқувчи менга қўнғироқ қилди. Аввал у гапни бошлай олмай йиғлади, сўнг: "Устоз, мен битирувчи синфман. Яқинда мактабимиз ўқувчилари билан суҳбат бўлди. Менга ҳам саволлар беришди. Лекин мен саволларга атайин нотўғри жавоб бердим. Сабаби, агар саволларга тўғри жавоб берсам, мени оддий болалар ўқийдиган мактабга юборишар эди", - деди. У оддий болалар деганда соғлом болалар ўқиётган мактабини назарда тутиб гапираётганди. Мен унга қандай савол берилганини сўрадим.
Гулноза: - Улар мендан "Бир йилда нечта фасл бор?", деб сўрашди. Мен уларга бир йилда учта фасл бор, деб жавоб бердим, - деди. Мен бу оддий саволга Гулноза тўғри жавоб бера олишини билардим. Чунки, у берган барча топшириқларни ҳаммадан олдин бажарар, катта ҳажмли шеърларни ҳам тез ёдлаб олиб, ифодали ўқиб берарди. "Ахир нега ундай қилдингиз?" - деган сўроғимга у: "Агар тўғри жавоб берсам, мени ўша аввалги мактабимга ўтказиб юборишарди. У мактабда эса синфдошларим мени жуда кўп камситиб, ҳақорат қилиб, йиғлатишарди. Мен ҳозирги мактабимда камситилмай, йиғламай ўқияпман", - деди. Кейин уни қандайдир тиббиёт тоифасига киритишганини, бу тоифадагилар фақат махсус коллежларда ўқиши мумкин эканлигини айтиб яна йиғлади...
Мени ўша кундан бери бир савол қийнайди. Нега бу қиз кимларнингдир озоридан қочиб, ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар орасида ўқиши керак?! Аслида бизнинг вазифамиз, бурчимиз бири кам бўлиб дунёга келган болаларни соғлом жамиятга қўшиш эмасми?!
Таассуфки, минг афсуски, ҳаётим давомида икки қарама-қаршиликка — тиббиёт хулосасига кўра дардман деб ҳисоблангану, лекин фикрати тоза, руҳияти соғлом инсонларни, аксинча, қоғозда соғлому аслида руҳияти чиркин, дунёқараши тор, ақли заиф кимсаларни кўп учратдим.
Хўш, энди ҳақли савол туғилади. Аслида қандай одамлар ақли заиф ҳисобланади?!
Бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ўзгалар кўнглини оғритишни одат қилиб олган, бундан эса ҳузур топадиган, пул, мансаб боқий деб ўйлаб манманлик ва кибр отига минганлар, сизнингча соғломми?!
Ўз жинсини аниқлаштира олмай, аросатда юрган "эркак"лар-чи?! Бугунги куни билан яшаётган, маблағ учун, мансаб учун ор-номусини ер қилаётган аёллар-чи?! Ўз фарзандини қотилига айланаётган ота-оналарчи?! Кунида, одамига қараб "ниқоб"ларини алмаштиравериб, аслини унутган кимсалар-чи?! Соғломми?!
Бу иллатларни фақатгина Худодан қўрқмайдиган, унинг борлигига ишонмайдиган кимсаларгина қила олади. Агар Яратганнинг борлигига ишонса, унинг қаҳридан қўрқса, охират жавобини ҳис қилса, у бу ишларни ҳеч қачон қилмас эди. Қиляптими, демакки у ишонмайди, англамайди, тушунмайди, ҳис қилмайди. Ана шундайлар ақлий ривожланишдан орқада. Аслида мана шулар ҳақиқий ақли заифлардир.
Мен биргина қизнинг изтиробини эшитиб, бу бизнинг атрофимиздаги ҳолат эканидан ўкиндим, ўксиндим, оғриндим...
Ҳурматли ота-оналар! Рўзаи рамазон кунларида шунчаки саҳарлик ёки ифторлик қилманг. Фарзандингизга бировни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш, камситиш ва дилини оғритиш энг оғир гуноҳлардан эканлигини тушунтиринг. Танасидаги ёки имкониятидаги чекланишни тенгдошининг юзига солмай, унга тиргак, далда, суянч бўлишни ўргатинг.
Биз ота-оналар устозлар, ўқитувчилар билан бирлашиб, ҳамфикр бўлиб миллатнинг ёрқин келажаги учун ҳозирданоқ фарзандларимизни тўғри тарбия қилишимиз керак.
Зеро, миллатимизга, келажагимизга соғлом ҳаёт, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат нафаси кўпроқ керак. Бўлмаса барча-барчасини "ақли заиф"лар қўлида бой берамиз!..
Нилуфар ЖАББОРОВА,
журналист, публицист.