Узоққа боролмаслигимни айтишган


  

Бахтиёр ИХТИЁРОВ: “Узоққа боролмаслигимни айтишган”

     Бу галги суҳбат ноодатий тарзда ташкил этилди. Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёровдан таниқли актёр ҳамда режиссёр Санжар Шодиев журналист сифатида интервью олди. Иккала санъаткор ҳам бир қатор комик роллари билан халқ меҳрини қозонишган. Бахтиёр Ихтиёров театрда узоқ йиллар режиссёрлик қилган устоз санъаткор бўлса, Санжар Шодиев бир қатор комик фильмларни суратга олган. Яна бир ажойиб ўхшашлик, икки иқтидор соҳиби қадимий Бухоронинг фарзандлари. Устозлар ёдга олиниб, қизиқ ҳангомалар қилинди.  

    

– Бахтиёр ака, не-не буюк шахслар, санъаткор, адиб ва шоирларни камолга етказган она юртингиз, боқий замин билан боғлиқ болалик хотираларингизни ўртоқлашсангиз?

– Олдин бирорта оғайним ёки танишим Бухорога борай деса, хижолат бўлардим. Чунки энг номдор зиёратгоҳлар вайрон бўлиб ётган эди-да. Мустақиллигимиз муносабати билан яқинда “Биз буюк юрт фарзандларимиз” фестивалида иштирок этиб Бухорога бориб келдик. Айни кунда бир пайтлар хароба бўлиб ётган тарихий обидалар қайтадан ёшаргандек гўё... Виқор билан салобат тўкиб турган ўша бинолар янги либос кийгандек. Ўша шариф шаҳар бугун навқирон, кўҳна ва боқий Бухоро номини олибди. Мен Бухоронинг “Кўҳи дарахт” номли қишлоғида туғилганман. У ерда 100-150 йиллик тут дарахтлари ўсарди. Ўша дарахтнинг тагидан эса тошлар териб тайёрланган ариқда сув шилдираб оқарди. Чунки ўша пайтларда сув у ерларда жуда танқис бўлган. Шунинг учун сувнинг қадрига етардик. Ўзи кўчанинг эни уч метргина ҳам келмасди, лекин ариқ бор эди. Ўша ерларда болалигимнинг беғубор дамлари ўтган. Ёшлигимда кўп шўхлик қилардим. Нуқул милицияхонадан дадам дакки бериб, уришиб уйга олиб келар эди. Ўша пайт “Болам сен катта бўлсанг ким бўласан-а?” дея сўраганларида, “Дадажон мен артист бўламан!” дердим. У кишининг жаҳли чиқиб, “Сен безори бўласан...” дея яна дакки берардилар (кулади).  

– Дадангиз халқ танийдиган устоз санъаткор эдилар. У киши ҳақида сўзлаб берсангиз. Қизиғи, падари бузрукворингиз мусиқа илмининг устаси бўлишига қарамай, сиз нима учун айнан актёрликка меҳр қўйгансиз?

– Қачонки, кимдир шу саволни берса, дадамни хотирлаб гапирмоқчи бўлсам, томоғимга бир нарса келиб тиқилади. Менимча ким қайси соҳада ишламасин, отаси ҳақида хотирлаганида чуқур нафас олиб, “Менинг отам” деб гап бошлайди (кўзлари намланди). Дадам Москва консерваториясида биринчилардан бўлиб таҳсил олиб қайтгач, Тошкентда кўплаб ёш бастакорларга мусиқадан дарс берганлар. Мадҳиямизнинг мусиқа муаллифи, ўша машҳур Мутал Бурхонов ҳам дадамнинг сабоқларини олган. Бухорода илк бора мусиқа мактабини ҳам очганлар. Қолаверса, ўша йиллари Бухорода мусиқали драма театрида бош дирижёр бўлганлар. Бир сўз билан айтганда, мен мусиқа оламининг ичида ўсганман. Лекин меҳрим ва қизиқишим театрда эди.

     Дадам илк маротаба театр биносига олиб кирганларида ўша заҳотиёқ заҳарланганман. Ҳа, шунақа бўлар экан. Инсон меҳри нимагадир тушса, гўё заҳарлангандек бўлади. Менда ҳам худди шундай бўлди. Ўшанда халқ ардоғидаги санъаткорлар Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов, Тамарахоним, Маъмуржон Узоқовлар ҳар доим уйимизга келиб меҳмон бўлиб кетишарди. Болалигимда дадам айтган гап ҳеч эсимдан чиқмайди. Ёшлигимиздан уйдаги барча ишларни қилдиртирар эди. Уйни тозалашми, бирор жойни шувашми, қурувчиликми - фарқи йўқ, бари зиммамизда бўлган. Баъзида маҳмадоналик қилиб, “Дада мен артист бўлман-ку!” деганимда, “Агар мана шу ишларни қилиб, ҳамма жойни тозалаб, обод қилсанг, ана шунда артист бўласан!” дердилар. Уйимизга келган меҳмонларни эрталаб уйғотишдан олдин қаймоқ ва иссиқ кулчалар ҳозирланарди. Сўнгра уйга кириб, “Эй дўстлар, бу ер сизларга санатория ёки шифохона эмас. Бу ерда эрталаб соат олтидан ҳамма уйғониши керак!” дея секин нонуштага чорлардилар.       

– Исмингизга мос бахтиёр актёрлардан бирисиз. Чунки эл ардоқловчи кўплаб устоз санъаткорлар билан бир саҳнада елкама-елка халқ хизматида бўлгансиз. Уларни тилга олганингизда юрагингиздан қандай ўйлар ўтади?

– Муқимий номли мусиқали драма театрида бирга ишлаган жамоани, устоз ва ҳамкасб дўстларни чин дилдан эслайман. Мен бу театрга 19 ёшимдан яъни ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқиб юрган кезларимдан ишга кирганман. Ўша пайтда бу театрда актёрлар гулдастаси жам эди. Бу қутлуғ даргоҳ – кино юлдузларини, театрнинг моҳир актёр ва актрисаларини, бастакор, режиссёр ва драматургларни ҳам кашф қилган маскан.  

Яқинда вафот этган Қаҳрамон Дадаев, Маҳмуд Темировлар - менинг дўстларим эди. Одамнинг ёши улғаяверса, ҳаёт сал аччиқроқ кўринар экан. Чунки энг яқин дўстларинг бирин-кетин сени ташлаб кетади. Баъзида мана шу шеър ёдимга келади: “Мени мен истаганлар суҳбатига аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбати кўнглим писанд этмас”. Мен буюк санъаткорлар ва машҳур инсонлар билан бутун умр битта саҳнада ишлаганимдан мамнунман. Фараз қилинг сиз дарсдасиз, эшик очилиб Алишер Навоий кириб келса... Ўзбекистон халқ артисти, давлат мукофоти лауреати Раззоқ Ҳамроев. Хўжа Насриддин образани яратган, Алишер Навоийни жонлантирган, 100 дан ортиқ фильмларда иштирок этиб, 150 дан ортиқ спектаклларда бош роль ижрочиси бўлган, драматурглар билан сценарийлар ёзган ва қолаверса, 50 дан зиёд бизга ўхшаш санъаткорларга сабоқ берган инсон. Раззоқ Ҳамроев бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ўзбекнинг зиёлиси эди. Мен шу инсон билан 30 йилдан ошиқ ишлаган бўлсам, бирор маротаба бировни сўкканларини, ҳасад қилиб иғво қилганларини ёки кимнингдир дилини оғритганларини эслай олмайман. Агарда жаҳллари чиққанда ҳам бир катта дафтарлари бўлар эди. Оҳиста бориб ўша дафтарларига ҳажвий шеър ёзардилар. Кейин секин чақириб, “Эшикни ёп, эшит” дердилар. Шеърни ўқиб тугатганларидан кейин ким бу, деб сўрасалар мен ҳам “Домла бу ўша-ку...” десам, “Пастроқ гапир, пастроқ...” деб шивирлаб қўярдилар. Лекин кулганларида кўзларидан ёш келарди. Бу инсонда актёрликнинг чек-чегараси йўқ эди. Яқинда Шуҳрат Аббосов билан гурунглашиб устозни хотирладик. “Дунёдаги энг чиройли, сезгир кўз бу Раззоқ Ҳамроевнинг кўзи. Бунақа кўз театрда ҳам, кинода ҳам йўқ!” деди ҳамсуҳбатим. Театрда режиссёр сифатида спектакль саҳналаштирганимда ҳам Раззоқ ака роль ижро этганлар. Бу бахт эмасми?..

Санъат оламига кириб келганимдан буён қанча иқтидорлиларни кўрдим. Ер юзининг ярмисини бўлмаса-да, чорак қисмидаги давлатларда бўлиб, дунё театридаги актрисаларнинг маҳоратидан баҳраманд бўлдим, лекин Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсоқовага ўхшаган аёлни учратмадим. Тўғри, актёр ва актрисаларнинг бир-бирини таққослаш бу нотўғри, аммо ўзининг ўрнида қўйиб кўрганда ҳам бунақа санъаткор қайта туғилмайди. Бутун санъат аҳли вакиллари, ҳатто халқ у аёлни ая дер эди. Дарҳақиқат, Лутфихоним Саримсоқова ўзбек санъатининг қолаверса, халқининг ҳақиқий аяжони эдилар. Мен мана шундай инсонлар билан бир саҳнада роль ижро этганимдан ғурурланаман. Чунки бу инсонлар санъатга қўлини ювиш учунгина кириб келганлар эмас.

     Устоз санъаткорлар ҳақида хотирлар эканман, санъатдаги ҳақиқий устозим Сойиб Хўжаев ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Бундан фахрланаман. Сойиб аканинг ўзлари ҳам кўп давраларда таъкидлаб, “Шу пайтгача мен шогирдим ҳақида гапирмаганман. Чунки бўлмаган, аммо бундан кейин менинг ягона шогирдим бўлиб – Бахтиёр Ихтиёров қолади!” деганлар. Устознинг ҳазиллари жуда тоза, лекин тагида юки бор гаплари кўп эди. У инсон бор жойда ҳар доим кулги бўларди. Қизиғи йиғласа, кулгандек туйиларди. Раззоқ аканинг тескариси эди. Аммо камситишни ёқтирмасди. Мана шу пайтгача бирор иш билан бозоргами, ташкилотгами ёки дўконгами бориб қолсам агар ҳамма навбатда турган бўлса, мен ҳам навбатимни қоидага биноан кутаман. Минг халқ танигани, ҳурматлагани билан мендан олдин келган катта ёки кичикни ҳатлаб ўтиб кетолмайман. Чунки Раззоқ Ҳамроев, аяжоним Лутфихоним Саримсоқова ҳамда устозим Сойиб Хўжаевнинг сабоғини олганман. Халқ хизматида юрган санъаткорлармиз. Бекорга “Бир бурдадан берса тўясан, Бир муштдан урса ўласан” дея нақл қилишмаган.

     Кимки, Муқимий театрига қадам ранжида қилса, мана шу учта айтиб ўтган буюк шахсларнинг руҳини шод қилиб, ҳурматини жойига қўйиши керак. Чунки улар театрнинг ҳақиқий устунлари эди. Театр мачит эмас, зиёратгоҳ бўлиши керак. Улар санъат йўлида, Муқимий театри саҳнасида туриб қандай фидокорона хизмат қилган бўлса, кейингилар ҳам худди улардек меҳнат қилиши зарур.  Ҳозир қилган хотираларда кўпгина марҳум санъаткорлар қолиб кетди. Бунинг учун уларнинг яқинлари ва қариндошларидан узр сўрайман. Лекин ҳаммаси кўнглимда. Уларни эслаб, бирма-бир таъриф бериш учун газетанинг варақлари етмай қолса керак.            

 

– Нега айни пайтда киноларда роль ижро этмаяпсиз?

– Агар хоҳласангиз кўрсатишим мумкин кўп сценарийларни кўтариб келишади. Ўқиб кўраман, лекин у ролни ҳамма ўйнай олади. Нима қиламан унда қатнашиб? Билсамки, картина ҳақиқий ўзбек киноси тарихида қоладиган даражада бўлса, таклифни рад этмай иштирок этсам. Аммо бунинг учун яхши асарлар керак.  

– Талабалик йилларингиздаги қизиқ воқеалардан эслаб бир шингил улашсангиз?

– Илгари институтни тамомлаган ёшлар имкон қадар Тошкентда қолишга ҳаракат қилган. Биз ҳам бир амаллаб ўқишни якунлаб, диплом олдик. Баҳоларни кўрган устозларимиз таажжубланиб, “Ҳа, бу ҳаммаси уч, тўрт экан-ку? Яна иккиси ҳам бор. Бунақада узоққа боролмайсиз...” деса, “Унда, Тошкентда қолар эканман-да!” дея жавоб берганман (стол атрофдагилар қийқириб кулишди).

– Ҳозирги ёш актёрлар хатоларга йўл қўймаслиги учун сабоқ ўрнида нималарни айтиб ўта оласиз?

– Биргина маслаҳат – ялқов бўлмасин. Бунга ҳамма нарса киради.  

– Устоз сиз билан гурунглашиб яхшигина маънавий озуқа олдик. Энди фаросатли меҳмон дарров изига қайтади, дейишади (кулади). Кетишга изн бериб, бир дуо қилсангиз...

– Аввало, йўқлаб келганларингиз учун раҳмат! Ҳамиша ҳар бирингизнинг касби-корингизга барака берсин. Биз кекса авлод вакиллари сингари қилган меҳнатларингизнинг роҳатини кўриш ҳар бирингизга насиб айласин!  

 

ФАКТЛАР:

  • Бахтиёр Ихтиёров 1940 йили 28 мартда Бухоро вилоятида таваллуд топган.
  • Актёрнинг илк бор 1964 йили “Ёр-ёр” фильмида суратга тушган. Фаолияти давомида эса 40 дан ортиқ картиналарда роль ижро этган.
  • Бахтиёр Ихтиёров ёшлигиданоқ кўплаб спектаклларнинг сценарийсини ёддан билган. Бухорода юрган кезларида Пойтахтдан устоз санъаткорлар келган чоғи уларга суфлиёрлик вазифасини ҳам ўтаган.
  • Санъаткор олийгоҳни тугатганидан сўнг орадан олти ой вақт ўтиб, 23 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.
  • Актёрнинг икки фарзанди бор. Ўғли Дониёр Ихтиёров ҳамда қизи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хумора Ихтиёрова.
  • Бахтиёр Ихтиёров ёшлик йилларида кураш спортининг “Юнон- рум” тури билан шуғулланган. Шу боис барча фильмларда актёр учун каскадёрга зарурат туғилмаган. Суратга олиш ишларида хатти-ҳаракатларни дублёрсиз мустақил ўзи бажарган.

 

Ҳидоят САДРИДДИНОВ тайёрлади. 

2016 йил.