БУ ДУНЁДА АРМОНСИЗ ОДАМНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ!


МАДИНА ТЎХТАЕВА: ”БУ ДУНЁДА АРМОНСИЗ ОДАМНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ!”

“ДАРЁ ДОИМ БИР ТЕКИС ОҚМАС ЭКАН!”

   Ҳар бир актёр-актрисанинг ўз тақдири, йўли бор. 
   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Тўхтаева бир кун келиб, машҳур актриса бўламан, деб ўйламаган эди. Тақдирнинг ўзи унга йўл кўрсатди ва ўз даврининг истеъдодли режиссёрларидан бўлган Эргаш Масофаевнинг назарига тушди. Шу-шу “Ёш гвардия”, ҳозирги Аброр Ҳидоятов номли ўзбек давлат драма театрида кетма-кет бош ролларни ижро эта бошлади. 
   Ҳамкасблари уни “Мадина Тўхтаева жуда ҳам позитив инсон. Улар келишлари билан ҳамманинг кайфияти кўтарилиб кетади” дея таърифлаган эдилар. 
   Актриса қарийб, ярим асрлик умрини театр саҳнасига бағишлади. Бу орада оилали бўлди, фарзандларни улғайтирди ва ролларни маромига етказиб ижро этгани учун унвонлар ҳам олди.
   Биз актриса билан унинг ҳаёт йўли, театрдаги ишлари ва фарзандлари ҳақида суҳбатлашдик. 

   Мадина Тўхтаева театр саҳнасида “Садоқат”да Аёл, “Баҳс”да ҳамшира, “Биринчи бўса”да Феруза, “Отасининг қизи”да Ҳакима, “Можаро”да ҳабаш аёл, “Ёшлик бебошлик”да Азиза, “Келинлар қўзғолони”да Муҳайё, “Аёллар салтанати”да қўшни, “Алвонгул”да Жодугар, ”Аяжонларим”да Шакарбуви, “Паранжи сирлари”да Тожихон, “Ўрик гуллаганда”да Тўхта хола, “Беш кунлик куёв”да Кишвархон, “Чеча”да Ҳакима ролларини маҳорат билан ўйнаган.
   2000 йилда театр соҳасидаги фаолияти учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

 “ПАРДА ОРТИГА ЎТИБ РОСА ЙИҒЛАГАНМАН!”

- Болалигингизда роса шўх бўлган экансиз. Мактабда Ғофир ролини ўйнаганингиз ростми?

- Оиламизда санъаткорлар йўқ. Шу боис санъаткор бўлишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Лекин жуда шўх-шаддод қиз бўлганман. Адабиётни, шеъриятни  яхши кўрардим. Ўқитувчимиз бирон тадбир бўлса, “Мадина тайёрмисан?” деб сўрасалар, ҳар доим “тайёрман” деб жавоб берардим. Ўқитувчимиз айтмаган бўлсалар ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеърларини ёдлаб, айтиб берардим. Лекин онам раҳматли дутор чалар эдилар. Ўзлари вокзалдаги 2-сонли касалхонада бош врач бўлиб ишлаганлар. Дадам эса ҳарбий бўлганлар. Оилада тўрт қиз фарзанд бўлганмиз. Қизларнинг ичида энг шўхи, энг одамшавандаси, чаққони, ҳозиржавоби ўзим эдим. 
   Катта опам фариштали аёл эдилар. Қилган ишларимга, гапларимга “Ҳеч тинмайсан-да, сен қиз!” деб кулиб қўярдилар. Бундай ўйлаб қарасам, оилада менга кўпроқ эркинлик беришган экан. Бунга дадам раҳматли сабабчи бўлганлар. Оилада ўғил бўлмаган, шўх бўлганим учун дадам мени “ўғлим” дердилар ва доим дастурхонга ўтирсак, ёнларига чақириб олардилар. Бу мен учун катта мавқе эди. Дадамнинг ёнларида ўғил болаларга хос виқор билан керилиб ўтирардим. 
   Энди мана ёшимиз улғайиб, одам кўп нарсаларни ўйлаб, хотима қилар экан. Баъзи ўринларда армон ҳам қилар экансан. 
   “Армонли дунёда, армонсиз одамнинг ўзи йўқ!” дейдилар-ку! 
   Кунларнинг бирида адабиёт ўқитувчимиз “8 март келяпти, Мадина қизим, бирон тадбир уюштиргин!” деб қолдилар. 
   Мактабда сўзимни икки қилмайдиган дугоналарим бор эди. “Келинглар қизлар, “Бой ила хизматчи”ни қўямиз. Кўриб бир қойил қолишсин!” дедим. Синфимизда Фарруҳ деган бола билан бир партада ўтирардик. Ёқимтой бола бўлгани учун Ғофир ролини Фарруҳ ўйнайдиган бўлди. Репетицияларга келди, яхши бошладик. Байрам куни мен топганимча роль ижрочиларига чопонлар олиб келдим. Жамила ролини баланд бўйли, оқ сариқдан келган қизимизга берганмиз. У атлас кўйлакларни кийди. Энди эсласам, кулгим қистайди. Ўшанда бир 6-7-синфда ўқирдик. Чопонларнинг ичига чўкиб кетганмиз. Ҳали бўйимиз кичкина эди-да. 
   Зал тўла одам. Тадбирга директоримиз, юқори синф ўқувчилари ҳам келишган. Шу пайтда Фарруҳ айниб, “Ғофир ролини ўйнамайман!” деса бўладими? Тадбир бошланай деб турибди. Қизлар “энди нима бўлади!” деб ташвишга тушиб қолишган. Жуда жаҳлим чиққан: “Э, ўйнамасанг, ўйнама! Ўзим ўйнайман, Ғофирни!” дедим. Чопонни кийиб, белимни маҳкам бойладим-да, қалпоқни кўзимгача бостириб кийдим. Шундоқ ойнага қарасам, оппоққина, дўмбоққина бир қиз қараб турибди-да. “Э, ўхшамабди!” дедиму сочимнинг учидан озгина кесиб, мўйлаб қилиб ёпиштирдим. Саҳнага чиқиб, Жамилага “Жамилам қайт, ялинма у итларга!” дейдиган жойи бор-ку, шу жойида мўйлабим тушиб қолса бўладими? Залда гурра кулги кўтарилди. Мен пинак бузмай, мўйлабимни полдан олиб, туфлаб қайта ёпиштирдим-да, роль ўйнашда давом этдим. Бу қилиғимдан залдагилар баттар кулишди. Мен эса жиддийман. Улар кулгани сайин, менинг жаҳлим чиқади. “Жамилам, тиз чўкма, ялинма у итларга! Мен халққа арз қиламан, халққа!” деб бақиргандим, зал сув қуйгандай жимиб қолди. Ана энди залда қарсак портлади-ку!Ўшанда илк марта қарсакнинг залворини ҳис қилганман. Аслида қарсак ҳам ҳар хил бўлади. Миннатдорлик қарсаги бўлади, айрим томошабинлар ўлганининг кунидан қарсак чалади. Бу қарсак мен учун “қойил қолиш” қарсаги бўлган. Ўшанда парда ортига ўтиб йиғлаб юборганман. Қийин вазиятдан чиққаним ва олқиш олганим учун. Шунда директоримиз “Қани, мўйлаби тушган Ғофир ака, саҳнага чиқинг!” деб чақирганлар. Менга раҳмат айта туриб, “сени актриса бўласан, шекилли!” деганлар. Шунда ҳам, “йўғ-э, ўзим шунчаки қизиқаман-да, мен ўқитувчи ёки дўхтир бўламан!” деганман. 
   Тақдирнинг ўзи одамни йўлидан етаклар экан-да. Театр ва рассомлик институтига ҳам тасодифан кириб қолганман. Мактабни битиришимизга ҳали бир йил бор эди. Синфдошларимиздан бири “Жанггоҳ”даги (ҳозирги Абдулла Қодирий номли боғ) клубда бўлажак актёрлардан имтиҳон олишаётган экан. Четдан томошабинлар ҳам кириши мумкин экан, юринглар бориб кўрамиз!” деб қолди. 
   Бу ерда абитуриентлар ўртасида ижодий имтиҳон бўлаётган экан. 
   Саҳнанинг бир четида уч-тўртта домла ўтирибди. Саҳнага бир чиройли қиз чиқди. Шунда Христофор Моисеевич Кожевников (бу домланинг исми шундайлигини кейин билганман) қизга вазифасини тушунтирди. “Ҳозир аканг армиядан келади, сени уни кутиб оласан ва ойингни чақирасан!” деб тушунтирди. Аммо қиз уялиб, саҳнада қилт этмай тураверди. Бу ҳолатга чидолмай, “мен кўрсатиб берсам майлими!” деб бақирганман пастдан. Кожевников мени ҳам абитуриент деб ўйлаган. Саҳнага чиқдим, у менга ҳам вазифани тушунтирди. Гўё ҳовлида иш қилиб юргандай, супургини олиб, хиргойи қилишни бошладим. Шу пайт эшикдан бир йигит кириб келди-да, “сингилжоним, мен келдим” деди. Шу пайт “акажоним армиядан қайтдилар!” деганча унинг бўйнидан қучиб, унга мингашиб олганман. Дўмбоққина қиз эмасманми, бу қилиғимдан йигит шўрлик силкиниб кетган. “Ойи, ойи, акам армиядан келдилааа!” деб бақирганман. Шу жойида залда ўтирганлар ҳам қарсак чалиб юборишган. “Бу йигит бегона-ку!” деб уялмабман ҳам. Шунда бояги домла “Ҳой, маймунча, бу ёққа кел-чи!” деб чақириб олган. Исмимни, қайси факультетга ҳужжат топширганимни сўради. Унинг гапларига тушунмадим. “Абитуриент” нима дегани эканини ҳам тушунмайман, ўшанда. “Мен институтга кирмаяпман, анави қиз кўрсатолмаганига чиқдим. Мен ҳали мактабда ўқийман” дедим. Ўшанда Кожевников қўлимдан етаклаб, ректорнинг олдига олиб кирган. Шу йили у янги курс олаётган экан. “Жуда талантли қиз экан. Курсимга олмоқчиман, аммо ҳали мактабни битирмабди!” деган. Уйдагиларга бориб, “ойи, мен институтга кирдим” десам, ҳайрон бўлиб қолишган. Шу баҳона кечки мактабда ўқиб, аттестат олдим, бир вақтда кундузи институтда ўқий бошладим. 
   Менинг актёрлик тақдирим ана шундай ажойиб тарзда бошланган.

“ЎЗИНГДАН КЕТСАНГ, “ПАҚ” ЭТИБ ЕРГА ТУШГАНИНГНИ БИЛМАЙ ҚОЛАСАН!” 

- “Ёш гвардия” театрига сизни таниқли режиссёр Эргаш Масофаевнинг ўзи таклиф қилган экан-а? 

- “Ёш гвардия” театри (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номли театр) янги очилган кезлари биз институтни битираётган эдик. Бу театр биз каби санъаткорлар орасида шов-шув бўлган. 
   Ўшанда диплом-спектаклимизга Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди?” асарини танлаганмиз. Салимжон Олимов Павел Корчагин, мен Комсомол комитети секретари Рита Устинович ролини ўйнаганман. 
   “Ёш гавардия” театри бош режиссёри Эргаш Масофаев ролларимизни жим кузатганлар. Мулоҳазакор, ўта жиддий одам эди. Лекин унақа муомаласи ширин, атайлаб одамга ёқадиган гапларни айтадиган одам эмасди. Мен билан саломлашгач, “ролни жуда яхши ўйнадингиз, табриклайман” дедилар. “Истасангиз, бизга ишга келинг! Қилаётган ишларимизни кўринг, ундан кейин гаплашамиз” дедилар. “Сизни ундай қилиб юбораман, бундай машҳур бўлиб кетасиз” деб ваъдалар ҳам бермаганлар. 
   Бир куни театрга бордим. Бу ерда қирғиз драматурги Мар Байжиевнинг “Дуэль” спектаклини қўйишаётган экан. Залда бир ўзим ўтирибман. Режиссёр тепада, зал қоп-қоронғи. Мени кўриб, “келдингизми?” дедилар. Бир пайт парда очилди. Воқеалар Иссиқ кўлда юз беради. Қаҳрамонлар сув бўйида ўтиришади. Декорация шунақа чиройлики, сувнинг қирғоққа шалоплаб урилишини жуда ўхшатишган эди. Буни кўриб, ҳайратда қолганман. Бир пайт саҳнага, қотмадан келган, сочлари калта, йўл-йўл кўйлак кийган актриса чиқди. Бу Ширин Азизова эди! “Салом, мен Нозиман!” деди у. Режиссёр пастдан туриб, “бўлмайди”, деган ишорани қилди. Актриса саҳнадан чиқиб кетди. Қайтиб келиб, яна “мен Нозиман!” деди. Кутилмаганда режиссёр тутақиб кетди: “Сени Нозилигинг билан мени нима ишим бор! Ширинмисан, Нозимисан, менга барибир! Сен менга онаси бир шиша ароққа сотиб юборган, шу ёшгача не-не хўрликларни кўрган бир жабрдийда қизни кўрсатиб бергин! Шу бир сўзда шу қисмат акс этиши керак!” деди. Актриса бир зум жим бўлиб қолди. Яна парда ортига ўтиб, қайтадан саҳнага чиқди. Уни кўриб ҳайрон қолганман. Чунки Ширин Азизова саҳнага бутунлай бошқа одам қиёфасида қайтган эди! Бирпас залга тикилиб турди-да, овози титраб, “Мен Нозиман!” деди. Шундай айтдики, ўтирган одамнинг кўнгли ларзага келарди. Ёшгина қиз қисмат залворидан қадди букилган, абгор ҳолда турарди. Жуда зўр спектакль эди. Шу саҳналарни кўриб, “шу театрга келаман” деб қарор қилдим. 
   Актриса учун муҳими, режиссёр вазифани тўғри қўйиб бериши керак. Ана шу биргина лавҳа, менинг ҳаётимда катта бурилиш ясади. 
   Театр жамоаси мени яхши кутиб олишди. Тўғон Режаметов ҳам менга бир-иккита саволлар бердилар. Ноила Тошкенбоева, Азиза Бегматовалар бор эди. Шундай катта актёрлар билан бир саҳнада ишлай бошладим. Режиссёр Эргаш Масофаевнинг иш услуби бошқача эди. Театрда репетициялар соат 11да бошланса, биз театрга соат 9га келардик ва ишни бадантарбия қилишдан бошлардик. Кейин сал дам олиб, ўн бештакам ўн бирда саҳнага чиқар эдик. Яна бир одатлари: ҳамма актёрларни бир қатор қилиб қўярдилар-да, бош қаҳрамон ролини ҳаммага бирма-бир ўқитиб кўрардилар. Ким маъқул келса, бош роль шу одамга бериларди. Аммо нишонни аниқ олар эдилар. Ўша пайтдаёқ бу театрни жуда яхши кўриб қолганман. Ҳозиржавоб, доим ишга шай турсам керак-да, менга “Мадина, сен қол! Шу ролга тайёрлан!” дердилар ва 7 йил мобайнида асосий ролларни ижро этдим. 
   Эргаш Масофаев ҳеч кимни мақтамас эдилар. “Сизлар халқ хизматкорисизлар. Халқ шундайки, сизларни осмонга олиб чиқиб қўяди. Ўзингдан кетсанг, “пақ” этиб ерга тушганингни ўзинг билмай қоласан!” деб насиҳат қилардилар. 
   Режиссёримиз бизни қизғанар эдилар. Киноларда, телевизион фильмларда кўп роль ижро этмаганмиз. Аммо айрим актёр-актрисалар ҳеч бўлмаганда дубляжга борар эдилар. Мен бормаганман. Чунки катта оилага келин бўлганман. Тушда уйга бориб, кечки овқатни қилиб, ўзим туз ҳам тотмай, яна театрга етиб келардим. Биз актрисалардан ана шундай фидоийликни талаб қилар эдилар. Режиссёримиз “Театр саҳнаси бир мўъжиза эканини аввал англа, санъаткор билан яллачининг фарқини билгин!” деб насиҳат қилар эдилар.

“БОР КЕТ” ДЕБ БИР ТЕПМАЙСИЗМИ?!”

- Ўзбекистон Қаҳрамони, раҳматли Абдулла Орипов ҳам сизлар билан бирга ишлаган эканлар-а?

- Ҳа, ажойиб инсон эдилар. Театримизда Зийрак лақабли бир итимиз бўларди. Жуда беозор кучук эди. Шу ит Абдулла ака келсалар, уларнинг олдига вовуллаганча югуриб келарди. Абдулла ака шу қадар маданиятли одам эдиларки, шу итни ҳам “тур, кет” деб ҳайдамасдилар. Гўзаллик шайдоси эдилар-да. “Бор кет!” деб бир тепмайсизми!” десам, менга қараб кулиб қўяр эдилар. “Бу ахир жонивор-ку” деб итга ҳам озор бергилари келмасди. Шунчалик қалби нозик инсон эдилар-да. Кейин мен итни ҳайдаб, уларни хоналарига олиб борардим.  
   Театрда “Ўзбекистон Ватаним маним!” деган шеърий композицияда асосий бошловчи ролини ижро этганман. Абдулла Ориповнинг 40дан ортиқ шеърларини ёддан биламан. Абдулла ака менга жуда ҳам маъқул, қалбимдан жой олган шоир эди. 
   Дунёнинг ишларини кўрингки, Эргаш Масофаев кетганларидан кейин мен ўрта бўғинга тушиб қолдим. Бошқа режиссёр ўз актёрларини олиб келди. Ўзимда ҳам улар билан ишлашга рағбат сезмадим.
   Баҳодир Йўлдошев театримизга келгунига қадар анча режиссёрлар ишлаб кетишди. Театр ҳам анча пасайиб қолди. Ҳамма ўзини дубляжга, кинога, телевидениега урди. Бу орада мен ҳам оилали бўлдим. Аммо узоқ муддат фарзандли бўлишни кутиб яшадик. Мени узоқ муддатли гастроль сафарларига юборар эдилар. 45 кунлаб гастролда юрган пайтларим бўлган. Бир ҳафта уйда бўлиб, яна гастроль сафарига кетардик. Қозонга, Уфага гастролга борганмиз. 
   Шу ўринда Абдулла Ориповнинг: 

“Турмуш ташвишлари, турмуш ташвишлари,
Қани сендан баланд тура олсайдик, 
Балки улғаярди, дунё ишлари!”, - деган шеърларини эслагим келди...

- Мана ҳозир “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби теленовелла ва сериалларда иштирок этяпсиз. Актёр танилиши учун у албатта киноларда қатнашиши керак, деб ўйлайсизми? Мухлислар сизни қачондан таний бошлашди?

- “Қалдирғочлар яна қайтади”, сериалидан кейин деб ўйлайман. Лекин мени театрда мухлисларим кўп. “Бугун Мадина Тўхтаева ўйнайдиларми?” деб сўраб келишса, жуда хурсанд бўламан. 
   Актриса барибир эл назарига тушиши керак, деб ўйлайман. Театр барибир кичкина аудитория-да. Телевидениени эса кўп миллионли томошабинлар кўради. Шу сериалдан кейин бошқа сериалларга ҳам чақира бошлашди. “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби теленовеллаларда чиқяпман. Лекин кўп кўринишни ёқтирмайман. Албатта, бунинг моддий томони ҳам бор. Аммо ҳадеб чиқаверсангиз,  томошабиннинг меъдасига тегиб қоласиз. Мухлисларим баъзан, “нега шу актриса ҳадеб чиқаверади, бундан бошқа актриса йўқми?!” деб қўйишади. Кам-кам чиқсангиз, мухлислар сизни соғинишади. Соғинтириб чиқиш керак, деб ўйлайман. Гоҳида биз санъаткорлар тирикчиликни ўйлаб, у сериалдан бунисига ўтамиз, афсуски, бу билан қадримизни йўқотиб қўямиз. 

- Актёрлар учун ҳам ўтиш даври қийин кечадими?

- Маълум ёшга етгач, қон босимим ошадиган бўлиб қолди. Яқинларимни ерга қўйдим. Бу менга ёмон таъсир қилди. Ўзим хушчақчақ, унча-бунча нарсани кўнглига олмайдиган, аксинча бошқаларни юпатадиган одам, бирдан тушкунликка тушиб қолдим. 
   Театрда асосан бош қаҳрамон ролларини ўйнаб юрган одам иккинчи даражали ролларни ўйнай бошладим. Катта роллар ўйнашни соғиндим... Лекин барибир... “ҳаёт ўзи шунақа, дунёга келасан, гуллайсан, мева берасан, кейин куз келади, ахир!”, деб ўз-ўзимга далда берардим. 
   Мен машҳур эмасман, дейман. Агар мухлисларим “нега кам кўриняпсиз, ролларингизни соғиндик” дейишса, бу мен учун катта мукофот бўлади. “Мен машҳур эмасман, мен машҳур бўлиш учун роль ўйнамайман!” дейман. 
   Демак, оддий томошабиннинг эътирози, оддий томошабиннинг эътирофи бу жуда катта гап. Баъзида уларнинг гапига ҳам риоя қиламан. Айрим киноижодкорлар мени “инжиқ актриса”, деб ўйлашади. Аммо актриса баъзида рад жавобини беришни ҳам билиши керак-да. 
   Дунёни ишларини қарангки, ёшимиз ҳам улғайиб қолди. Фақат кўп нарсаларга улгуролмай қолганимдан афсусланаман. 

“УНАҚА ҲИНДЧА ДЎҚ УРМАНГ, ОНА!”

- Ажойиб фарзандларни тарбиялабсиз. Ўғлингиз жуда меҳрибон эканлар. Қон босимингизгача ўлчаб қўяр эканлар. “Ўғил уйлангач, бегона бўлиб кетади...” дейдиган оналар ҳам бор. Айтинг-чи, фарзандларингизга қандай тарбия усулини қўллагансизки, улар шу қадар сизга меҳрибон?

- Мен меҳримни кўпда намойиш қилмаганман. Ул-бул егулик бўлса, “шуни емай қўя қол, болам, қорнинг оғриб қолади!” деб олдидан олиб қўярдим. Ўғлим болалигида жуда шўх-тўполончи бўлган. Лекин болаларимни ҳечам урмаганман. Балки бу нотўғридир?! Ўқловни кўтариб олиб, “ҳозир мендан кўрасизлар!” дердим. Ўғлим бўлса, буни ҳазилга олиб, “унақа ҳиндча дўқ урманг, она!” деб кулдириб юборарди. Мен унга бир нарсани кўп такрорлардим: “Ҳалол бўл, болам! Кимнидир хафа қилган бўлсанг, биронта ножўя иш қилган бўлсанг, менга айт. Сени уришмайман, олдини оламан, хато қилишдан сени асрайман!” дердим. “Сен ҳали ёшсан, нима бўлишини олдиндан билолмайсан, мен сендан кўра кўпни кўрганман, сенга йўл кўрсатаман, холос!” дердим. 
   Болаларимга кўп тазйиқ ўтказмаганман, тақиқлар қўймаганман, талабчан бўлмаганман. Лекин ўзим билмаган ҳолда меҳр берган эканман. 
   Мана ҳозир ўғлим билан бирга яшайман. Тунда қон босимим ошиб, чироқни ёқсам, болам тепамда турган бўлади. Чироқ ёниши билан чопиб келади. Қон босимимни ўлчаб қўяди. “Сариқ дорингизни ичинг”, дейди кейин. Сариқ дори қон босимим баланд бўлганда ичадиган дорим. Мен ўғлимга “Нега турдинг, доримни ўзим ҳам ича оламан” десам, “она, шу биттагина қон босимингизни ўлчамасам, мен қандай ўғил бўлдим!” дейди. 
   Оилада кўпайишиб қолдик. Уй олишимиз керак. Бунга катта пул керак. Шуларни ўйлаб сиқилиб қолдим. Уч нафар неварам, етти киши икки хонали уйда турамиз. Дардим шу. Ёшлигимда театрни ўйлаб юраверган эканман. “Фарзандларим катта бўлади, оилали, фарзандли бўлади, уйимни кенгайтиришим керак” деб ўйламабман. 
   Оналик вазифамни бажардим, қизимни узатдим, ўғлимни уйлантирдим. Невара тўйларини қилдим. Аммо, асосийси, уй қилмаган эканман. Кексайганда кенгроқ жой керак бўлар экан. 
   У томоним яқин бўлгани учун кўзим тириклигида уйни кенгайтирсам, ўғлимга ёрдам қилсам, дейман-да. Ўша уйларда ўзим ҳам оз бўлса ҳам яйраб яшасам, дейман.
   Ёш улғайгач, одамнинг ўзига ҳеч нарса керак бўлмас экан. Болам-чақам дер экансан. Доим яқинларим “Ватан қил! Ватанда гап кўп!” дер эдилар. Мен “бунча Ватан дейишади, Ватанимиз бор-ку!” дердим. Улар “уй қил” деган маънода айтишар экан. Турмуш ўртоғим ҳам бунга унча эътибор қилмаган эканлар. Қўшнимиз тўрт хонали уйини сотаман деганида, “дом олмаймиз, худо хоҳласа, ҳовли оламиз” дебман. Ўша пайтларда шунга муҳтож бўлишимни ўйламаганман. Чунки турмушим яхши бўлган. 
   Дарё доим бир текис оқмас экан. Дарёнинг тўлқинлари, пўртаналари бўларкан. Лекин ёмон яшамадим, ҳалол меҳнат қилиб, фарзандларимни улғайтирдим. Бировни хафа қилмадим. Агар кимнидир хафа қилсам, биринчи бўлиб ўзим узр сўрайман, кек сақламайман. Болаларим ҳам “онажон, шу одатингиз яхши” дейишади. “Аллоҳ кечирувчи, унинг олдида мен ким бўлибман!” дейман. 
   Ҳаётни кейин-кейин англар экансан. Яшаш учун уй, яшаш учун ҳам пул керак экан. Ота-онамдан кейин суянганимиз опам ҳам кетдилар. Қандайдир ёлғизланиб қолгандай ҳис қилдим, ўзимни. Сингилларим бор. Қариндошларимнинг орасида ҳам мен энг каттаси бўлиб қолибман. Ҳайитларда қариндошларимизникига борсак, “сиз каттамизсиз!” деб роса иззат-икром қилишди. Шундай дамларда, албатта, хурсанд бўлар экансиз, лекин юрагим ғалати увишади. Оиланинг энг каттаси бўлиш ҳам бир масъулият. Қариндош-уруғлар ҳаммалари келиб, мендан маслаҳат сўрашади. Хотима қиладиган бўлсам, қийинчилик кўрдим, ҳозир ҳам қийинчиликларим бор, лекин барибир ёмон яшамадим. Қалбимда ҳаётга бўлган муҳаббат сўнгани йўқ. 

- Илоҳим сўнмасин! Сизни яна қандай лойиҳаларда кўрамиз?

- Курсдошим Ҳамида Маҳмудованинг “Садоқат” номли пьесасидаги Тош хола ролини ижро этдим. Энг яхши ролларимдан бири. Бу дунёнинг тошлари бошига текканида ҳам қадди букилмаган аёл образи. Бу спектакль фронт ортида қолганлар тақдири ҳақида. Тош хола доим ёшларга далда беради. “Болам, ҳали ҳаммаси яхши бўлади!” дейди. Биттагина чироғини ёқадиган набираси фронтга кетади. Ундан қора хат келганида Тош хола бунга чидай олмайди... 
   Режиссёр Олимжон Салимов театримизга келганидан кейин Қодирий асари асосида “Жинлар базми” спектаклида Қодирийнинг онаси Жосият биби ролини ижро этдим. 
   Абдулла Орипов ҳақидаги “Йиллар армони” пьесасида унинг онаси ролини ижро этдим. “Аяжонларим”ни тикладик. Унда актрисаларимиздан Дилбар Исмоилова, Доно Бобохонова ва мен қатнашганмиз. 
   Янгиликлар, лойиҳалар кўп. Аллоҳ соғлиқ берса, ниятим ана шундай кайвони оналар ролини ўйнаб, мухлисларни хушнуд этиш!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. 
Баҳодир ЭРГАШОВ фотоси. 
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот