ТЕАТР - СЕҲРЛИ МАКОН


   Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири, ёзувчи, шоира ва сценарист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси - Моҳигул Ўктам қизи Назарова билан суҳбат.

- Бухоро вилоят мусиқали драма театри кўҳна тарихга эга. Сиз театрнинг адабий бўлим мудири бўлиш баробарида шеър, ҳикоя, қисса ва сценарийлар ёзасиз. Лекин нега театрингизда саҳна асарингиз қўйилмаган?

- Театрда ўн йилдан бери ишлайман.Албатта, бу даврда кўплаб саҳна асарларини кўрдим. Ўзимда ҳам саҳнабоп, долзарб мавзуда асар ёзиш учун иштиёқ пайдо бўлди. Шу мақсадимни амалга ошириш учун «Надомат» номли трагик драма ёздим. Бу драманинг мавзуси хориждаги ўзбек аёлининг ҳаёти, онасиз ўсаётган фарзандлар ҳаётидаги фожиалар ва охирида енгил ҳаётни, бойликни яқинлари ҳаётидан устун қўйган аёлнинг адоғи йўқ пушаймони ҳақида эди. Мен бу драмани театримиз режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти, эл санъаткор Убайдулла Омон билан маслаҳатлашиб ёзган эдим. Асарни ички тақдимоти яхши ўтди. Аммо Маданият вазирлигидан келиб, драмани қабул қилиши керак бўлган масъуллар шу қадар кулгили эътирозлар билдиришдики, бу мени ҳам, устоз санъаткорнинг ҳам иззат-нафсимизга тегди. Худди шундай ҳолат ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Намозовнинг «Ҳиндистонлик келин» комедияси билан ҳам юз берганди. Кейин мен драматургияда бошқа ҳеч қандай катта асар ёзмайман, деб қарор қилдим. Рости, қўлим совиди. Аммо саволингизнинг театр саҳнасида асарингиз қўйилмаган деган жойига эътирозим бор. Янги йил мавзусидаги иккита асарим театримизда қўйилган.
Сайёҳлар учун «Бухоро амирининг қабул маросими», «Қадим Бухорода тўй» вилоятимизга ташриф буюрган меҳмонларга намойиш этиб келинмоқда. Яна театримиз артистлари томонидан ёзги таътил кунларида оромгоҳларда намойиш этиладиган кичик саҳна асарларини ёзганман.

- Бухоро театрида кўплаб санъат дарғалари ижод қилишган. Театр тарихи ва унинг санъат ҳамда маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссаси хусусида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

- Бухоро вилоят мусиқали драма театри ўз тарихи давомида катта маҳорат мактаби сифатида кўпгина санъаткорларнинг фаолият юритишлари, ҳатто кейинчалик пойтахт театрларида ижод қилишлари учун йўлланма берган десак, асло муболаға эмас. Чунки республикамизда таниқли Лутфулла Нарзуллаев, Ҳикмат Латипов, Шариф Қаюмов, Саъдихон Табибуллаев, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Мухтор Ашрафий, Саттор Ярашев, Бахтиёр Ихтиёров каби эл суйган санъаткорлар айнан шу театрдан етишиб чиққан.
   Мазкур театр бундан роппа-роса 102 йил олдин, яъни 1922 йилда мактаб ва клублар қошида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик тўгараклари иштирокчилари саъй-ҳаракатлари натижасида пайдо бўлган.
   Театрнинг илк ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, ўзбек санъатининг дарғаларидан бўлган - Маннон Уйғур (Мажидов) эди.
   Жамоа таркибида Ҳ. Латипов, Л. Латипов, К. Раҳмонов, Л. Нарзуллаев кабилар бор эди. Театр репертуари ўша пайтда, асосан бир пардали агитпьесалардан ва концерт дастурларидан иборат бўлган.
   Бухоро театри 1930 йил 7 ноябрда Д. Фурмоновнинг “Исён” спектакли билан очилган. Ўша пайтдаги жамоа таркибида А. Файзиев, Ғ. Сатторов, А. Қодиров, Х. Наимов, Х. Юсупов, А. Бурхонов, С. Қодировлар ҳам фаолият юритишган.
   1931 йил театр таркибига етакчи ўзбек режиссёрларидан бири - Етим Бобожонов ва рассом Ш. Шораҳимовлар келиб қўшилишган. Бухоро театрининг кейинги йиллардаги ривожи режиссёрлар М. Мусаев, Б. Баҳодиров, М. Сатторов, Г. Мирский, С. Бондарчук билан боғлиқ. Айнан шу даврда мусиқали драма жанрларига мурожаат этилган.Театр труппасига қўшиқчилар, созандалар таклиф этилган. А. Хўжаева, А. Охунов, С. Ярашев, Х. Исроилов, З. Солиева, Н. Неъматова ва бошқа вокалистлар труппаси келиб қўшилишган. Театр саҳнасида “Фарҳод ва Ширин”, “Ғунчалар”, “Гулсара” каби мусиқали драмалар қўйилган. 1936 йилдан бошлаб театр жамоаси мусиқали драма театри номини олган.
   1952 йилда Бухоро театрининг биринчи профессионал режиссёри - Равиль Ботиров Тошкент Санъат институтининг режиссёрлик факультетини битириб келиб, театрда иш бошлаган. Ўша даврда япон халқи ҳаётини акс эттирувчи “Тайфун” (“Тўфон”), рус халқи ҳаётидан олинган “Гроза” (“Момақалдироқ”), ”Орзигул” мусиқали дра-маси, қорақалпоқ ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Суймаганга суйканма” каби асарларнинг қўйилиши Бухоро театри ва вилоят маданий ҳаётида катта бир воқеага айланди.
   Бухоро вилоят мусиқали драма театри фаолияти давомида, Москва, Олмаота, Бишкек, Душанбе, Чоржуй, Оренбург, Челябинск, Свердловск, Санкт-Петербург, Рязань, Севастополь, Симферополь, Керч, Боғчасарой, Евпотория каби шаҳарларга гастроль сафарларига борган.

- Театрда фаолият олиб бориш ижодингизга ижобий таъсир қиладими ё ишламаганингизда кўпроқ асарлар яратган бўлармидингиз?

- Тўғрисини айтсам, театрда ишлаётган давримда ижодимда кўпгина янгиликлар юз берди. Мен фақат шеър эмас, балки қиссалар, ҳикоялар, сценарийлар ёза бошладим. Талабалар театр студиялари танловларида асарларим саҳналаштирилди. Бир сўз билан айтганда, театрда ишлаш — ижодимда янги саҳифа очди.

- Ўзингизда ҳам актрисалардагидек маҳорат, нутқ бойлиги, истарали ташқи қиёфа ва роллар ижро этиш учун имконият бор. Нега ўзингизни актрисаликда синаб кўрмагансиз?

- Кутилмаган савол бўлди. Актрисалик қилиш ҳақида умуман ўйламаганман! Мен ижодкорман, актриса эмасман.
Актриса бўлиш учун инсонда туғма истеъдод бўлиши керак. Артистларнинг ҳаракатлари, образга кириш — томошабинга осон туюлиши мумкин. Аммо аслида бу жуда қийин жараён. Ҳозир эсласам, мактабда ўқиган пайтларимда ҳам синфимиз ўтказган адабий тадбирлар учун сценарий ёзардим. Шу ўринда бир сиримни очай.
   Мактабда яхшигина қўшиқ айтардим.
   Халқимиз севган санъаткор Насиба Абдуллаеванинг репертуаридаги қўшиқларни ижро этиш - жону дилим эди. Қўшиқчи бўлишни орзу қилганман, лекин дадам раҳматлининг қаттиққўлликлари сабаб, бу орзумни кўнглимнинг энг чуқур жойига кўмиб ташлаганман.

- Бухоро театрида намойиш этилган ва кўплаб томошабинлар эътирофига сазовор бўлган қайси спектаклларни санаб ўта оласиз? Сиз ишлаётган театрда бугунги кунда долзарб муаммолар ёритиляпти деб ҳисоблайсизми?

- Томошабинлар эътибори ва эътирофига сазовор бўлган яхши спектаклларимиз кўп. Н. Аббосхоннинг «Бурч» (режиссёр С. Мелиев), З. Солиеванинг «Хорижлик келин» (режиссёр Г. Нажитова), Ш. Бўтаевнинг «Хотира боғи» (режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Н. Мўминова), З. Неъматнинг «Абдурауф Фитрат» (режиссёр Л. Наврўзов), Ғ. Ғуломнинг «Шум бола» (режиссёр К. Гогидзе) каби спектаклларни шундай спектакллар сирасига киритиш мумкин.
   Бугунги кунда ҳаётимизда ютуқлар билан бирга муаммоли ҳолатлар кўп. Ҳар қайси замонда ҳам бу қонуният ўзгармайди. Бироқ бу муаммоларнинг ҳаммасини ҳам ечимини излаб ёки топиб, саҳнада акс эттиришнинг имкони кам. Нимагадир охирги йилларда классик асарларга кўп мурожаат қилиняпти. Бунинг натижаси ўлароқ бугунги куннинг асл қиёфаси, ҳаётимиз манзаралари саҳна асарларида ёритилишига имкон берилмаяпти. Мен бунга қарши эмасман. Аммо бугунимиз қачон ёритилади? Ёритилгунча, яна бошқа муаммолар гирдобида қолмаймизми? Албатта, бу менинг шахсий фикрим.

- Спектакль бадиий кенгаш тасдиғидан ўтгунга қадар ҳам актёрлар, режиссёрлар ва муаллифлар чиғириғидан ўтади. Ижодий жамоа аҳил бўлса, спектакльнинг яратилиши осон кечади. Режиссёр ўзининг айтганини маъқуллаб, актёрларнинг фикрларини инобатга олмаса ва ҳисоблашмаса, бундай ҳолатга қандай қарайсиз?

- Мен режиссёрнинг саҳнадаги ҳаракатларини ва асарни саҳналаштиришдаги нуқтаи назарини чеклай олмайман. Ҳар бир режиссёр бир олам. Унинг асарни саҳналаштиришда ўз фантазияси, ўз қарашлари бор. Мен шуни ҳурмат қиламан. Режиссёр мени тингласа, маслаҳат сўраса ва фикрим у учун қизиқ бўлса, фикр билдираман.
   Агар у буни хоҳламаса, мажбуран фикримни тиқиштирмайман. Режиссёр ва актёрлар муносабатига эса аралашмайман.

- Театрдаги саҳна асарлари томошабинларнинг тасаввури ва маънавий оламининг шаклланишига қай даражада хизмат қилади? Буни театрингиз ижодий жамоаси қанчалик уддалашяпти, назарингизда?

- Театр, бу - бизни замон ва макон бўйлаб сайр қилдиришга қодир, мозийдаги қаҳрамонларни ва ўша давр воқеаларини жонлантиришга қодир сеҳрли макон.
   Устоз, Ўзбекистон халқ артисти У. Омон бир суҳбатимизда театрга таъриф бераётиб, шундай деганди: Ҳар қандай инсоннинг ичида унинг ичидаги, юрагидаги ёмонликларни ўзида мужассам этган ҳайвон яшайди. Театр томошалари эса шу ҳайвонни вақтинча бўлса ҳам тинчлантиради, яъни ухлатади.
   Мен эса бу сўзларни шундай талқин қилгим келади: Инсон ёмонлик фазилатидан холи бўлса, албатта, яхшилик сари юзланади. Яхшиликка юзланиш эса, сиз айтган томошабин маънавий оламининг шаклланишига хизмат қилади. Биз шу вазифани уддалаш учун доимий ҳаракатдамиз!

   Маълумот: Моҳигул Ўктам қизи Назарова 1970 йилнинг 25 Июль куни Бухоро вилоятидаги Ғиждувон шаҳрида туғилган.
   1994 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган.
   1997 йилда Тошкентдаги «Ёзувчи» нашриётида «Юрагимда сўз», 2008 йилда Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида «Қалбим шабнами» ва 2021 йил «Заъфар кўзгу» номли шеърий китоблари нашр этилган.
   «Оила ва жамият», «Ўзбекистон овози», «Бухоронома» ва «Бухоро ёшлари» газеталарида мухбир бўлиб ишлаган. Шеър ва ҳикоялари республика матбуотида эълон қилинган.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот