Оҳу+арава=театр. Шароф Бошбеков билан суҳбат


Драматург Шароф Бошбеков билан суҳбат

– Театр – ибратхона. Ана шу адабхона ўзининг вазифасини қай даражада уддалаяпти?

–Оламда театр деган мўъжиза пайдо бўлгандан бери унинг томоша кўрсатишдек яккаю ягона вазифаси бўлган. Шунинг учун залда ўтирган одамларни томошабин деймиз. Томошабин театрга мавзу ёки проблема эмас, томоша кўргани келади. Афсуски, биз театрнинг ана шу азалий ва табиий вазифасини бир четга суриб, унга жуда кўп бошқа вазифалар юкладик. Бир тасаввур қилинг: хушманзара гўшада ниҳоятда гўзал бир оҳу юрибди. Табиат унга инсон кўзини қувонтиришдек эзгу вазифа юклаган. Биз уни бундай вазифадан озод этиб, бошқа вазифа юкладик, яъни… аравага қўшдик! Оқибатда гўзаллик нобуд бўлди, аравадаги юк ҳам жойида қолаверди… Аянчли ҳол, тўғрими? ОҲУ+АРАВА=ТЕАТР.

– Келинг, “Аравадаги юк”нинг нималигини кўриб чиқайлик. Кейинги пайтда “Театр – минбар”и, яъни, саҳна нотиқлар минбарига, томошабинни лекция тингловчиларига айлантириб қўйдик.

– “Театр халқдан олдинроқда юриши керак” дейилди. Олдинроқ юрдик. Орадан бир оз вақт ўтиб мундоқ орқамизга қарасак, бизга ҳеч ким эргашмаётган экан! Шахдам қадамлар билан олға кетаверибмиз-у, бир мартагина орқамизга қараб қўйиш эсимизга келмабди. Узилиш, орқадаги масофа анча – қайтгимиз келмади. Шўрлик томошабинни маданиятсизликда, қолоқликда, театрдек нафис санъатни тушунмасликда айбладик. Шу қадар илгарилаб кетдикки, энди бизни на “олдиндагилар” тушунади, на орқада қолиб кетганлар! Зўр бериб вазиятдан чиқишнинг йўлини қидирдик. Топдик ҳам: томошабинни театрга мажбурлаб олиб келдик. Ҳамма чипталар сотилгани ҳолда залда ўтирган яккам-дуккам томошабин олдида хижолат ҳам бўлмадик. Уялишга вақт йўқ – “аравадаги юк” оғир эди. “Биз халқни маданиятли қиляпмиз!” деб ўзимизни овутдик. Ўзимизни мақташга ўтдик. Матбуот, радио-телевидение, турли катта-кичик минбарлар хизматимизда бўлди. Бора-бора мақташ ва мақтаниш қон-қонимизга сингиб кетди. Ишимизни холис, ҳаққоний баҳолашга, камчилик ва хатоларимизни мардона тан олишга вужудимиздаги ҳар бир ҳужайра қаршилик кўрсатадиган бўлиб қолди. Қанчалик мақтанмайлик, бизга барибир ишонишмади – чипта сотувчиларимиз зерикиб қолаверди… Бунга театр драматургни айблади, драматург танқидчини, театр директори бош режиссёрни, режиссёр режиссёрни, актёр актёрни. Лекин ҳали ҳам “оҳу аравага қўшилгани”ча турибди.

– Балки театрга керакли асарлар етказиб берилганда, “оҳуни аравага қўшиш”га ҳожат қолмасди.

– Яқин-яқинларда ҳам “Замон кўтарса-ку, не-не асарларни ёзиб ташлардим” деган гапларни кўп эшитардим. Мана, “кўтарадиган” замонлар келди, лекин қани, ўша асарлар? Юрагида дарди бор ижодкор ўша вақтларда ҳам айтадиган гапини айтган, ҳозир ҳам айтяпти. Ч. Айтматов, Р. Ҳамзатов, И. Друце ва бошқалар бунга яққол мисол. “Ура-уравозлик” руҳида ёзганлар ҳозир ҳам ўшанақа асарлар битишяпти. ХVI пленумдан кейин талай адибларимиз минбарга чиқиб, “Кўр эканмиз, энди кўзимиз очилди” дейиш-ди. Бир оз вақтдан кейин яна вазият ўзгарди, минбарда яна ўша гап: “Кўр эканмиз, кўзимиз очилди”! Бугун вазият тағин ўзгарди, тағин ўша гап! Ҳадеб товланавермасликнинг битта йўли бор: шундай яшаш ва шундай ёзиш керакки, “Энди кўзимиз очилди” деб юришга ҳожат қолмасин!

Масалан, “асар театрда асар бўлади” деган гап бор. Қизиқ, ахир шунча йиллардан бери “асар театрда асар бўлиб” келяпти-ю, лекин негадир ишимизда силжиш йўқ. Бу шиор ўзини оқлаганда, аллақачон ҳамма масала ҳал бўлиб, театр санъати космик тезликда ривожланиб кетарди. Ваҳоланки, театр шундай мўъжизакор кучга эга экан, нега энди дуч келган ёмон пьесани олиб, бир-биридан зўр спектакллар яратмаяпти? Бўш ва ўртамиёна асарлар тиқилиб ётибди. Қаранг, муаллиф театрга пьесасини олиб келади, режиссёр “у ерини ундоқ қилиш керак, бу ерини бундоқ қилиш керак” дермишда, у шекспирона асарга айланармиш! Нега энди авторнинг ўзи бир йўла “у ерини ундоқ, бу ерини бундоқ” қилиб кела қолмайди? Ё пьеса ёзишни билмайдими? Демак, режиссёрдан қарзга ақл олмай туриб, ҳеч ким пьеса ёзолмас экан-да? Бу қандоқ мушкул ишки, ҳеч кимнинг қўлидан келмаса?! Менимча, ҳар ким ўз ишини билиб, ҳалол бажаргани маъқул. Яъни предметни драматург, уни ифода этадиган воситаларни театр яратса, “оҳунинг аравасидаги юк” анча енгиллашади.

– Нега “ярқ” этган истеъдодлар кўринмаяпти?
– Кадрлар масаласини ҳал қилмай туриб, театрни юксалтириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Яқин йилларда театрга кириб келаётган ёш актёрларнинг ишини кузатиб, ушбу даргоҳдаги ўқув-тарбия ишларини зудлик билан тубдан янгилаш керак, деган фикрга келдим. Аввало, талабаларнинг саводсизлиги одамни лол қолдирадиган даражада аянчли. Бир варақ таржимаи ҳол ёзса, камида ўн-ўн бешта имло хато бўлади. “Мутаассиб” нима дегани? “Тахлид” билан “тақлид” битта сўзми” деган саволларни эшитиб, улар учун ҳам сиз уялиб кетасиз. Хўп, мактаб яхши билим бермаган экан, институт-чи?

  Кўпинча ёш драматурглар ижодий семинарларига таклиф этишади. Ўндан ортиқ драматургларнинг асарлари ўқилди, қизғин муҳокамалар бўлди, драматургиямиз масалалари, маҳорат муаммолари, пьесаларнинг саҳнага чиқишидаги айрим тўсиқлар ҳақида фикр алмашилди. Гап ошкоралик ва театрни янгилаш ҳақида келганда, бир ғалати фактга дуч келаман. Пьесаларнинг жанри ранг-баранг, муаллифларнинг қизиқиш доираси кенг ва бадиият сирларини ўрганишга интилиш кучли. Лекин ижтимоий жасорат ва алоҳида журъатни талаб қиладиган битта ҳам асарни топилиши мушкул. Бу ҳам етмагандек, “Манави масала ҳақида ёзсак бўладими?”, “Анави гап қалтис чиқиб қолмадимикан?” қабилидаги гапларни эшитиб, ғалати аҳволга тушаман. Бундай эҳтиёткорлик, тўғрироғи, қўрқоқлик ёш драматургларимизда қаёқдан пайдо бўлди? Ўттизинчи йилларнинг жабрини тортмаган, “турғунлик йиллари”да жиддийроқ зарба емаган ўттиз-ўттиз беш ёшли пьесанависларимизнинг нега бунчалик тиззаси қалтирайди? Бу бизнинг “тарбиямиз”нинг меваси эмасмикан?

  Талабаларнинг замонавий ўзбек прозаси, шеърияти ва драматургияси билан танишуви ҳам тасодифий характерга эга: дўконда кўзи тушса олади, бўлмаса – йўқ. Актёр тилнинг нозик жиҳатларини яхши тушунадиган, ҳис қиладиган зиёли бўлиши керак эмасми? Халқ уни сўз устаси сифатида билади, эъзозлайди. Ўзингиз ўйланг, шу савод билан қанақа “уста” бўлиши мумкин?Институт педагоглари орасида: “Актёр классик асарда ўсади” деган гап юради. Йўқ, актёр классик асарда ўлади! Чунки классик асар деганда сўзсиз Европа ёки рус классикасини назарда тутиш расм бўлиб қолган. Шунинг учун диплом спектаклларига кўпроқ таржима асарлар танланади. Саҳнада ҳали суяги қотмаган, тажрибасиз актёрлар урф-одатлари, маънавияти, психологияси, руҳияти мутлақо бегона “ҳаёт” гирдобига ташланади. Натижада, улар худди қоронғида пайпасланиб юргандай тахминий фикрлайдилар, кино ёки театрда кўрган хатти-ҳаракатига кўр-кўрона тақлид қилишга мажбур бўладилар. Масалан, эшикдан кириб келган жаноб нега аввал қўлқопини ечиб шляпасига ташлайди-да, кейин хизматкорга узатади? Дуэлга чақириш учун нега рақибининг юзига қўлқоп билан уриши керак? Нега ҳасса ёки стул билан эмас? Жавоб доим деярли, бир хил бўлади: “Уларда шундай қабул қилинган”.

- Демак, Европага оид бор билим битта “шляпага жой бўлиб кетяпти” экан-да...

– Афсуски, шундай. Соф рус тилида гапироладиганларнинг кўпчилиги ўз тарихи, маданияти, урф-одати энг ачинарлиси, тилини яхши билмайди. Бу масалалар бевосита драматургиямизга ҳам тегишли. Пьесаларимизда яққол кўзга ташланадиган яна бир қусур – саводсизликдир. Синтактик, морфологик, орфографик, пунктуацион хатолар ғиж-ғиж. Бу масала билан узоқ ва жиддий шуғулландим. Аввалига репертуар-таҳрир ҳайъати коллегиясида асарлар таҳрир қилинса бу иллатдан қутилиш мумкин, деб ўйладим. Сўнг ҳамма айб маорифда, деган ўйга бордим. Кейин билсам, масаланинг илдизи жуда чуқур ва бутунлай бошқа ёқда экан. Кекса пьесанависларимизни-ку тушунса бўлади – аввал араб алифбосида ўқиган, кейин лотин ва ниҳоят, кириллда ёзишга мажбур бўлган. Лекин, ёшларимиз-чи? Телевидениеда, айниқса, “Ахборот” программасида интервью олинадиган одамга олдиндан матн ёзиб беришади. У ҳам роботга ўхшаб ўша гапларни қайтаради. (Баъзида шуни ҳам эплашолмай-ди!) Сабабини сўрасам, телевидениеда ишлайдиган бир дўстим “Ёзиб бермасанг гапиролмайди” дейди. Наҳотки, ўзбек ишчиси ёки ўзбек деҳқони ўзбек тилида гапиролмаса? Бундай ўйлаб кўрадиган бўлсак, биз ўзимиз тўғри гапира олаяпмизми? Рус журналистларига ҳавасим келади: дуч келган колхозчини магнитофонга гапиртириб, шу ҳолича машинкада кўчириб қўя қолади. Бизнинг гапимизни шундай қилиб кўринг-чи!.. Асосий гап шунда-ки, матбуот, радио, телевидение ва ҳатто, адабиёт ҳам халқ тилидан ажралиб қолган. Бу ажралишнинг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

  Баъзан телевизордан шундай спектаклларга кўзим тушадики, актёрларнинг бир хил оҳанг (интонация)да гапираётганини кўриб, бу одамлар қайси сайёрадан келиб қолибди экан, дея ёқа ушлашдан бошқа чора тополмайман! Ахир одам боласи бунақа тилда, бунақа оҳангда гапирмайди-ку! Ўзбек ҳам, рус ҳам, фаранг ҳам! Таржима асарларида тарбияланган ёш актёр театрга келиб жўнгина ўзбекча гапни ҳам сохта, ғализ оҳангларда гапирадиган бўлиб қоляпти. Чуқур, қамровли, бўлиқ миллий характерлар яратишни-ку, қўяверинг. Европа ва жаҳон классикасига актёрлик санъатини чуқур эгаллаб, катта тажриба тўплаб, ўша халқнинг маданияти, тарихи, миллий психологиясини ўрганиб, кейин қўл урган маъқул. Бу гапларни кўплаб ёш актёрларимизнинг театрга профессионал жиҳатдан “инвалид” бўлиб келаётганидан ташвишланиб гапиряпман.

– Ижобий қаҳрамон ҳақида гапирсак, пьесаларимиз ғоявий, уларда катта-катта муаммолар кўтарилган, ижобий қаҳрамон бор, лекин... санъат йўқ. Бугун театрларимизга томошабин келиб нимани кўради? Мавзуними, ижобий қаҳрамонними?

– Ижобий қаҳрамонларимиз аллақачон “қариб қолган” бўлса ҳам ўжарлик билан уларни ушлаб турибмиз ва янги-янги нусхаларини яратаётирмиз. Улар бирон-бир ижтимоий фойдали иш қилаётганлари йўқ. Аксинча, ё насиҳатвозлик, ё баландпарвоз гаплар билан томошабинни театрдан совитмоқда. Сув қоғозга ўралган бу қаҳрамонлардан бир оғиз янги гап эшитмайсиз. Ҳатто, актёрлар ҳам ижобий ролларни ўлганининг кунидан ўйнайди, кўпроқ салбий ёки бошқа характердаги ролларни талашишади. Аҳвол шу даражага етдики, “ижобий қаҳрамон” билан “ёмон асар” деган тушунчаларнинг ўртасига ҳеч тортинмай тенглик аломатини қўйса бўлаверадиган бўлиб қолди.

– “Ғоясизлик назарияси”дан ким, қачон ва нима мақсадда фойдаланганини тарихдан яхши биламиз. Наҳотки, шундан кейин ҳам керакли хулоса чиқаролмасак?

– Воқеалигимиз мақталган асарлар “ғоявий”, танқид қилингани “ғоясиз” ҳисобланишининг ўзи бемаъни “ғоя” эканини бугун ҳам биров тушунди, биров – йўқ. Гапимнинг мағзи шуки, “тема”, “ғоя”, “проблема”, “актуаллик”, “ижтимоийлик” ва шунга ўхшаш жуда кўп тушунчалар театрдан санъатни сиқиб чиқарди.

  Юқоридаги термин ва мен номини ҳам билмайдиган бошқа атамаларнинг томошабинга сира-сира кераги йўқ. Хўш, бу иборалар менга керак бўлмаса, томошабинга керак бўлмаса, унда кимга керак? Аввало адабиёт ва санъат назорат қилувчи раҳбар ташкилотларга керак. Улар учун мазкур терминлар бадиий асар ҳақида “фикр билдириш” ҳуқуқини сақлаб қолади. Кейин ношуд пьесанависга керак, асарларни бадиий таҳлил қилишга қурби етмайдиган театршуносларга керак, “фалон асарни саҳналаштирганман” деб таржимаи ҳолини “бойитаётган” ўртамиёна режиссёрга керак. Бу терминлар уларни бадиий асар, санъат яратишдек хайрли, лекин сермашаққат ишдан халос қилади. Шунга кўра мазкур терминлар ниҳоятда яшовчан, “ўтда куймас, сувда чўкмас”дир. Айрим терминпарастлар ҳимоя тариқасида классикларимиз асарларидан кўчирмалар келтириши мумкин. Улардан илтимос, келтирилаётган цитаталар қайси тарихий даврда, қандай адабий муҳит ҳукм сураётган замонда ва қандай сиёсий зарурат туфайли пайдо бўлганига ҳам жиндай эътибор берсалар.

– Театр танқидчилиги “ўлди”ми?.. Мутахассисларимиз мақолаларида ўргангулик гап йўқ, ҳаммаси маълум фикрлар.

– Кўпинча тақризлар асар сюжетининг қисқача баёни ва мунаққиднинг “униси яхши, буниси ёмон” баёнотидангина иборат бўлишига ўрганиб қолганмиз. Бу етмагандай, кўпчилик танқидчиларимиз халқ номидан, томошабин номидан гапиришни одат қилиб олган. “Буни томошабин кўрмайди”, “Бу ерида зерикади, анови жойи чалғитади”! Томоша залига кириб қарасангиз, аҳвол бутунлай бошқача: кўришяпти, зеркишмаяпти, ҳеч ким чалғиётгани ҳам йўқ.

  Масалан, пьеса ёки спектаклларни баҳолашда қандай ўлчовлар билан ёндошамиз, ҳеч эътибор берганмисиз? Муҳокама қилинаётган асар ёмон бўлса, одатда биз унинг мавзуси муҳимлигини, долзарб муаммолар кўтарилганини гапирамиз-да, кейин камчиликларига ўтамиз: тил чатоқ деймиз, характерлар йўқ, конфликт суст деймиз, композицион тарқоқлик ва сийқа сюжет асарнинг бадиий қимматини тушириб юборган, деймиз. Бу, ахир, асар йўқ деган гап-ку! Қаранг, мавзу бор, муаммо бор, лекин асар йўқ!

  Бу ҳам етмагандай, бемазадан-бемаза пьеса ҳақида “қайта қуриш руҳидаги асар бўпти” деган мақтовларни эшитамиз. Ваҳоланки, бундай пьесаларнинг қайта қуришга мутлақо алоқаси йўқ, персонажлар саҳнага чиқиб олиб, “демократия”, “ошкоралик” деган терминларни гапиради, холос! Шу сабабдан драматургиямизда (ўз навбатида, театрларимизда ҳам) мавзу чайқовчилиги чидаб бўлмас даражада авж олиб кетди. Аксарияти “ниҳоятда муҳим проблема кўтарилибди” деган баҳо олиб, саҳна юзини ҳам кўряпти. Шу пайтга қадар “ёпиқ” саналган мавзулар: гиёҳвандлик, фоҳишавозлик, Афғонистон масаласи, СПИД ҳақида бадииятдан маҳрум, қуруқ фактлар қалаштирилган “асарлар”га кенг йўл очилиши жуда ташвишли ҳол. Халқ театрга мавзу ёки проблема учун эмас, томоша кўргани келишини англаб етиш наҳотки, шу қадар мушкул бўлса?! Умуман, асарларга баҳо беришда драматурглар эмас, театршуносларимиз хато қилишмоқда. Улар мақтаган спектаклга томошабин кам тушади, танқид қилинганига билет тополмайсиз. Томошабинимиз ҳам шу руҳда тарбияланган – нимани кўришни яхши билишади.

Адиба УМИРОВА, (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот