ТЕАТР ЖАМИЯТДАГИ НУҚСОНЛАРНИ ЙЎҚОТАДИ


Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри актёри Хайрулла ИНОҒОМОВ:
 «ТЕАТР ЖАМИЯТДАГИ НУҚСОНЛАРНИ ЙЎҚОТАДИ» 

    Театр санъати одамларнинг ҳаётга бўлган эстетик ва ахлоқий муносабатини шакллантиради, уларнинг ҳаёт мазмунини бойитади. Инсон кўзгуга қараб ўзининг кўринишидаги камчиликларини йўқотгани каби театр жамиятдаги нуқсонларни йўқотишга, турмушимизни янада обод бўлишига хизмат қилади.  
   Бу галги суҳбатдошимиз Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг актёри, директор ўринбосари Хайрулла ИНОҒОМОВДИР.

ЎЗИНИ ҲУРМАТ ҚИЛГАНЛАР қоидаларга амал қилади 

— Томошабин одоби ҳақида кўп гапирилади. Хўш, аслида бу қандай бўлмоғи керак?
— Томошабиннинг асосий вазифаси театрга киргач, спектаклни кўришдир. Бундан ташқари театрнинг ички қонун-қоидаларига амал қилиши лозим. Спектакль бошланишидан олдин актрисамиз Гулчеҳра Носирова қуйидаги сўзларни ўқийди: “Ассалому алайкум, ҳурматли томошабинлар! Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига хуш келибсиз! Азиз томошабинлар! Театр маъмурияти сиздан спектакль давомида жимлик сақлашни, уяли телефон алоқаларини ўчириб қўйишингизни илтимос қилади. Театр репуртуаридаги спектакль сиз томошабинларга бағишланади. Эслатиб ўтамиз: спектакллар соат 18:00 да бошланади. Дам олиш куни сешанба. Марҳамат, спектаклни томоша қилинг!”
  Шундай сўзлар билан биз томошабинларни нималар қилиш мумкину нималар қилишлари таъқиқланиши ҳақида огоҳлантирамиз. Афсуски айрим томошабинларимиз бу сўзларимизга эътибор қилмасдан томоша пайтида ўринларидан туриб юришлари, уяли алоқа телефонларини ўчирмасдан сўзлашишлари учраб туради. Аслида ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган томошабин бу қоидаларга амал қилади.
— Театрга неча ёшдан келиши мумкин ва кечикиб келганларни назоратчилар залга киритмасликка ҳаққи борми?
— Спектаклларимиз кечки сеансда бўлганлиги учун томошабинлар 17 ёшдан театрга келишлари мумкин. Томоша кечикиб келган томшабинларни учинчи қўнғироқдан сўнг назоратчилар театрга киритмасликка ҳаққи бор. Айрим томошабинлар ярим соатлаб кечикиб келишади. Бир куни шундай воқеа рўй берди. Ярим соат кечикиб келган томошабин назоратчидан 3 қатордаги жойида ўтиришини талаб қилди. Бу пайтда унинг жойига аллақачон бошқа томошабин ўтирганди. Чунки залда чироқлар ўчганидан сўнг кечиккан ёки келолмай қолганларнинг ўрнига бошқа томошабиннинг ўтиришга ҳаққи бор. Назоратчи унга аранг вазиятни тушунтириб, уни бошқа жойга ўтқизишга эришди. Аслида уни умуман киргизмасликка ҳам ҳаққи бор эди. Аммо биз андиша қилдик. 

200 МАРТА ҚЎЙИЛАЁТГАН  “АНТИҚА СОВЧИЛАР” 

— Сценарий тайёр бўлгач, одатда ролларни режиссёр бўлиб беради. Сиз бирор маротаба ўзингиз ёқтирган ролни режиссёрдан сўраб олганмисиз?
— Театрга келганимга 30 йил тўлди. 1987 йилда театрда ўз фаолиятимни бошлаганман. 13 йил Ўзбекистон драма театрида, 17 йил Муқимий номидаги ўзбек драма театрида ишладим. Ишни дастлаб маъмурликдан бошлаб, директор лавозимигача бўлган вазифаларни босиб ўтдим.
  Кунларнинг бирида ўша пайтда театримизда директорлик қилаётган Ўзбекистон халқ артисти  Мурод Ражабовнинг ёнига кириб, бундан 35 йил олдин Ўзбекистон драма театрида Исфандиёр қаламига мансуб “Отасининг қизи”  спектаклидаги Иззатжон ролини эслатдим. “Шу спектаклни ўзимизнинг театрда қўяйлик” деган таклифни киритдим. “Пеьсани ким ёзади?” деди Мурод ака. “Ўзим”, дедим бу ролга иштиёқим жудаям баландлиги учун. Мурод ака рози бўлдилар.
  Кейин фикримни жамлаб, спектаклни бир-бир эслаб ёздим. Албатта, муаллиф Исфандиёр Маткаримовни ҳам чақиртирдик. У сценарийни ўқиб, хурсанд бўлди. Номини “Антиқа совчилар” деб атадик. Бу спектаклдаги Иззатжон ролини Мурод ака талқинида кўрганимда ҳавас қилганман. Шунинг учун Мурод Ражабов режиссёрлигида бу ролни сўраб, ўйнаганман. Бош роллардан бири яъни Хакимани Норпошша Ҳасанова ва Малика Қаюмовалар қойилмақом қилиб ўйнаб беришган. Дублёрим эса халқимиз суйган актёр Турғун Бекназаровдир.
— Билишимизча, “Антиқа совчилар” спектакли 200-марта саҳнага қўйилаётган экан. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?
— Бугунги куннинг томошабини жудаям зийрак, талабчан. Уни ўзига ёқмаган томошага мажбурлаб олиб боролмайсиз. Театрларимизда умри қисқа ва умри узун спектаклларимиз бор. Умри узун спектаклларимиздан бири бу бизнинг театримизда қўйилаётган “Антиқа совчилар” спектакли бўлди.
    Ҳар бир хонадонда ўзбекона урф-одатларга кўра “совчи кутиш” анъанаси мавжуд. Спектакль давомида уч тоифали совчилар, уч хил характер, уч хил кўринишли ва уч хил савияли инсонларни кўрамиз.
   Совчи кутиш ва кузатиш ҳам санъатдир. Ҳозирги кунда айрим оилалар бўлажак қудаларнинг келиб чиқишига, мансабига қараб тўйга розилик беришаётгани сир эмас. Аслида уларга фарзандларининг бахти керакми ёки мол-дунёси? Театримизга келган томошабинлар бу спектаклни кўргач, албатта, хулоса чиқариб оладилар деб ўйлайман.
   Театрни кўзгуга қиёслаймиз. Инсон кўзгуга қараб ўзининг кўринишидаги камчиликларни йўқотишга ҳаракат қилади.
- Мусиқали театрнинг драма театрдан устун томонлари борми?
- Албатта. Мусиқали театрнинг имкониятлари, яъни таъсир ўтказиш имконияти драма театридан кўра устунроқ бўлади.
   Мусиқали театрда актёрлар ҳолатга киришиб кетишларидан ташқари ҳар доим жонли ижрога ҳам тайёр туришлари шарт! Чунки мусиқанинг, арияларнинг таъсирчанлиги кучли.

АНДИШАНИНГ ОТИ ҚЎРҚОҚ ЭМАС! 

— Хоҳлайсизми-йўқми ҳаётнинг ўнқир-чўнқирлари кўп. Шу жумладан ноҳақликлари ҳам. Ноҳақликка дуч келганингизда бу вазиятдан қандай чиқиб кетгансиз? Ноҳақликка қарши курашганмисиз?
— Ноҳақликка кўп дуч келганман. Чунки ҳаётнинг ўзи бир текис эмас. Ҳаётда ҳам, ишхонада ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туради. Ноҳақликка қарши ҳеч қачон исён кўтармаганман. Ўзбекчилигимизга бориб, андиша қилганман. Чунки шундай тарбия кўрганман.
    Ҳеч қачон бетгачопарлик қилолмайман. Ота-онам менга болалигимдан кечиримли бўлишни, айб ўзимда бўлса ҳам бошқалардан биринчи бўлиб кечирим сўрашни ўргатганлар.
- Сизнингча адолат нима? Бу тушунча замирида қандай туйғулар ётади?
— Адолат ҳақиқатни рўёбга чиқарувчи сўздир. Адолат аҳлоқий покликни, ҳалолликни англатади. Буюк боболаримизнинг маънавий олами ҳақида сўз юритилганда, соҳибқирон Амир Темур ҳақида тўхталиб ўтамиз. Чунки у мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида илму фан, маданият, бунёдкорлик ривожига кенг йўл очди.
    ”Темур тузуклари”ни ҳар гал ўқиганимда ўзимга руҳий куч-қувват олгандек бўламан. Китобда шундай жумлалар бор: “Барча ишларда, — деган эди Амир Темур, — бу ишлар қайси ўлка халқига тааллуқли бўлмасин, ҳокимларнинг адолат томонида қаттиқ туришларига буйруқ берилган. Қашшоқликни тугатиш мақсадида бошпаналар ташкил қилдимки, камбағаллар улардан нафақа олиб турардилар.”
    Амир Темур жаҳонга машҳур саркарда ва ўз замонасининг адолатли шоҳи бўлган. Халқимизда мавжуд бўлган “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар” деган мақолида инсонни ақл-идрок, адолат ва маънавият асосида яшашга даъват этади.
      
ТЕАТР ОДАМЛАРГА КЎЗГУ ТУТАДИ 

— Адолат учун курашиш ғоялари сингдирилган спектаклларни кўпайтириш одамларимизда ҳам бундай туйғунинг шаклланишига туртки бермасмикин?
— Албатта. Халқимиз севиб томоша қиладиган “Парвона” спектаклидаги фирибгар Ўткурийни прокурор ролини ўйнаган Дилбар Исмоилова фош қилади. Қайсидир маънода бу одамларнинг кўзини ҳам очади. Дуч келган одамга ишонмасликка, қинғир иш қирқ йилдан сўнг бўлса ҳам очилади, деганларидек қачондир фош бўлишига ишора беради.
     Бундан ташқари “Адвокатлик осонми?”, “Раҳмат капитан” каби спектаклларимиз ҳам худди шунга ўхшаш мавзулардадир. Театр одамларимизга кўзгу тутқазади. Улар бунда ўзларини кўриб, хатоларини англаб олишлари учун бир имкониятдир. 
— Адолат учун бўлажак курашлар ҳеч қачон осон бўлмайди. Нима деб ўйлайсиз тантана шавқи ҳар доим ҳам мана шу заҳматларнинг заҳрини юва оладими?
— Ҳақиқатнинг юзи — ёруғ, қўли — узун дейдилар. Адолат  ва ҳақиқатни юзага чиқариш ҳеч қачон осон бўлмаган. Қанча асабларнинг толиқиши, юракнинг сиқилишлари эвазига адолат тантанаси қалбимизга бироз таскин беради. Бироқ чилпарчин бўлган юрак заҳрини ҳар доим ҳам юва олмайди.

   СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТЛАР: 

* Хайрулла ИНОҒОМОВ 1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.                  
* 1989 йилда ўша пайтдаги Островский номидаги театр ва рассомлик институти, ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг драма театри ва кино актёрлиги бўлимини тугатган.
* 1987 йилда ўша пайтдаги Ўзбек давлат ёш гвардия, сўнгра Аброр Ҳидоятов номли ўзбек давлат драма театри, ҳозирги Ўзбекистон драма театрида иш фаолиятини бошлаган.
* 2000 йилда Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида иш фаолиятини давом эттирган.
* Раҳмат капитан”да болалар уйининг боласи бўлган Рақам ролини, “Аёллар подшолиги”да Стоян ролини, “Ишқ қурбонлари”да Маҳмуджонни, “Антиқа совчилар”да Иззатжон ролларини қойилмақом қилиб ўйнаган.
* Ойнаи жаҳонда бериб бориладиган “Бир қадам” ва “Кунларнинг бирида” туркумидан берилаётган фильмларда бир қатор ролларни маромига етказиб талқин қилиб берган.

Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.
2017 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот