ЎЗБЕКНИНГ ИЛК ДАРВОЗАБОНИ
Негадир Ёдгор Саъдиевнинг номини эшитсам "Шайтанат" кинофильмидаги Асадбек ва унинг болалигини ижро этган – қоронғу уйда ёлғиз бир ўзи қолганича қўрқувини енгган, сўзсиз исённи юз-кўзларида намоён эта олган ўксик боланинг ҳолатлари кўз ўнгимда намоён бўлаверади. Суҳбат давомида шуни билдимки, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг болалик хотираларида ҳам етарлича оғриқлари бор экан.
ЎЗБЕКНИНГ ИЛК ДАРВОЗАБОНИ
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор САЪДИЕВ 1946 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Давлат мукофоти ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Театр, кино саҳнасида кўплаб ажойиб роллар ижро этган, юзлаб образларга маҳорат билан овоз берган таниқли санъаткор. Унинг хоҳ ижобий, хоҳ салбий ижро этган роллари бўлсин, томошабин кўнглидан чуқур жой олган. У том маънода ўзбек халқининг севимли актёри.
ОТАМНИНГ ОРЗУСИ
Болалик пайтларимни ўкинч билан ёдга оламан. Сабаби, отамни кўрмаганман. Отам ўттиз олти ёшида, туғилишимдан икки ой аввал вафот этганлар. Отам Ҳабиб Саъдиев театрда ишларди. Овози шу қадар соҳир бўлган эканки, бу ҳақда мен устозларим Ғани Аъзамов, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Олим Хўжаев, Зайнаб Садриева, Сора Эшонтўраевалардан эшитганман. Улар отам ҳақида меҳр билан “Ҳабибжон қўшиқ айтганда нафақат томошабинлар, ҳаттоки биз ҳам лол қолиб тинглардик”, дейишарди. 1929 йилда театрга келган отам “Жалолиддин” номли спектаклда “Баланд учган оқ лайлак...” қўшиғини ижро этган ва бу ҳаммага маъқул келиб, қўшиқ пластинкаларга ёзиб олинган экан. Бу ҳақда менга онам кўп сўзлаб берардилар. Мана, 55 йилдан бери шу пластинкаларни излаяпман. Мўъжиза рўй бериб пластинкани топиб олсам, отамнинг овозини эшитиш бахтига муяссар бўлар эдим...
Акам Хайрулла Саъдиевнинг айтишларича, болалигимда жуда инжиқ бола бўлган эканман. Мендан олти ёш катта бўлган акам боғчага елкасида кўтариб борардилар. Мабодо, чарчаб ерга қўйса, инжиқлик қилиб йиғлардим. Шунда акам мени кўтариб оларди-ю, чарчоқданми, ўзи йиғлаб борарди. Менга ҳам ота, ҳам ака, ўрни келганда яқин дўст, маслаҳатгўй бўла оладиган инсоним борлиги учун толеимдан миннатдорман. Ҳозир, шу ёшга кириб ҳам иккимиз кунига уч-тўрт маҳал қўнғироқлашиб, бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олиб турамиз...
Онам ҳақида жуда кўп гапиришим мумкин. Ёлғиз боши билан акам иккимизни кам-кўстсиз ўстириб катта қилдилар. Сабр-бардошли, иродали, меҳрибон аёл эдилар. Бетоб бўлиб, жони оғриб турганда ҳам сездирмасликка ҳаракат қилардилар. Онам ўқитувчи бўлганлари учун ўқишимизни қаттиқ назорат қилардилар. Ака-ука фақат аъло баҳога ўқирдик. Иккинчи синфлигимда онам бизга синф раҳбари этиб тайинландилар. Шунда онам, “Ўғлим энди талтайиб, ўқиши бўшашмасин”, дея мени бошқа мактабга жойлаштирганлар. “Мен олий маълумотли бўлишим керак, одамлар гапиришмасин, ахир ўқитувчиман-ку”, дея иш, уй-рўзғор ишларидан ортиб Педагогика институтининг география факультетида сиртдан ўқидилар. Онам доимо, “Юртинг, халқинг, касбинг, оиланг ва дўстингга ҳеч қачон хиёнат қилма”, деб қайта-қайта уқтирардилар.
Болалигимда спортнинг кўпгина турлари – акробатика, катта теннис, бокс, футбол билан шуғулланардим. Бўш вақтим бўлмасди. Айниқса, футбол жону дилим эди. Шунинг учун ҳам 10 ёшимдан қўшимча тарзда футбол мактабига қатнадим.
Мактабни тугатиш арафасида онам: “Аканг санъат йўлини танлади. Лекин сен бу соҳадан кетмайсан, қурувчи бўласан”, дея мени Театр ва рассомлик олийгоҳига ҳужжат топширишимга рухсат бермаганлар. Шундан кейин қурилиш техникумига ҳужжат топширганман. “Нима бўлсаям киролмай”, деб таваккалига жавоб берганман. Аммо қарангки, техникумга қабул қилиндим.
“РОТА, ПОДЪЁМ”
Техникумда ўқиш давомида ҳам футбол мактабини ташлаб қўймадим. 1964 йилнинг декабрь ойида “Пахтакор” футбол жамоасига дарвозабон этиб қабул қилиндим. Кейин жисмоний тарбия олийгоҳининг сиртқи бўлимига ўқишга кирдим. Мен “Пахтакор” жамоасининг илк ўзбек дарвозабонларидан эдим.
Бир куни бош мураббийимиз Михайл Якушен ёнига чақириб, “Нима сабабдан пул жамғаряпсан?” деб қолдилар. Мен савол сабабини тушунмай ҳайрон бўлиб қарадим. “Нега олти ойдан бери маошингни олмайсан?” дея қайта савол бердилар. Мен “Пахтакор” футбол мактабидан ҳар ойда 80 рубл олаётганимни айтдим. Шунда устозим: “Сен “Пахтакор” жамоасининг аъзосисан. Жамоа аъзоларига ҳар ойда 150 рубл ойлик маоши берилади”, деб тушунтирган эдилар. Кейин 900 рублни онамнинг қўлларига олиб бориб берганман. “Бунча пулни қаердан олдинг, ўғирлик қилдингми?” деб хавотир билан сўрадилар онам. Мен бўлган воқеани батафсил тушунтирганимдан сўнг йиғлаб юбордилар...
Қаранг, футболни шунчалик яхши кўрганимдан мени маблағ қизиқтирмаган, ҳатто ойлик маоши берилишини ҳам билмаганман.
“Пахтакор”даги уч йиллик фаолиятдан сўнг санъатга бўлган меҳрим устунлик қила бошлади. Олийгоҳнинг 3-босқичида ўқиётганимда ҳужжатларимни олиб Тошкент театр ва рассомлик санъати олийгоҳига топширдим. Онам бу ишимдан хабар топгач, “Сен ҳам шу йўлни танладингми, билганингдан қолмабсан-да!” деб хафа бўлганлар. Кейинчалик телеэкран орқали ижро этган ролларимни кўриб, қувонганлар.
Онам содда, беғубор аёл эдилар. Қўллари жуда ширин, айниқса, картошкали гўштни “боплаб” пиширардилар. Ўртоқларим орасида ойимнинг бу таомлари жуда машҳур эди. Ҳарбий хизматдан келганимдан кейин онам ҳар тонг картошкали гўшт пишириб қўярдилар. Ҳовлиларни супура туриб, “Турақол болам”, деб уйғотардилар. Бир куни туравермаганимдан роса жаҳллари чиққан. Шунда мен ойимга “Ҳарбий хизматда “Рота, подём”, дейишса сакраб турардик. Бу оҳангда мени уйғотолмайсиз-да”, дедим. Эртаси кундан онам тепамга келиб, юмшоқлик билан “Рота, подём болам, рота, подём болам”, дейдиган бўлдилар...
ОҚИБАТ ОДИМЛАРИ
Синфдошларимиз билан жуда иноқ эдик. Агар синфимиздан кимдир бетоб бўлиб қолса, албатта, ҳаммамиз биргалашиб уни кўргани борардик. Ўқувчилар ўртасида оқибат бор эди. Меҳр-оқибатни юрагимизга сингдирган ўқитувчиларимизга ҳурматимиз чексиз бўларди. Ҳозир негадир бундай самимиятни жуда кам учратаяпман. Назаримда, ўша пайтда оқибат олдинга қараб одимларди...
Болалигимда “Гулхан” журналини яхши кўриб ўқиганман. “Гулхан” – ёши улуғ журнал. Болалар учун ибратли ва керакли нашрдир. Амакимнинг қизи Яйра Саъдуллаева бу журналга бир неча йил бош муҳаррирлик қилганлар. У киши билан битта ҳовлида яшаганмиз. Журналнинг ҳар бир сонини ўқиб, ўрганиб, таҳлил қилар эдик. Аввало, бу нашрнинг бугунги кунгача сақланиб қолганидан хурсандман. “Гулхан” болалар ва ўсмирларнинг энг яхши якка-ю ягона журнали ҳисобланади...
Ҳозирги кун ёшларига айтар сўзим – билим олиш зарур. Бу шиддатли даврда билим олишмаса, қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Билимли инсонгина юрт корига ярай олади...
Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба: “Гулхан” журнали
***
O‘ZBEKNING ILK DARVOZABONI
O‘zbekiston va Qoraqalpog‘iston xalq artisti Yodgor SA’DIYEV 1946-yil Toshkent shahrida tug‘ilgan. Davlat mukofoti va “Mehnat shuhrati” ordeni bilan taqdirlangan. Teatr, kino sahnasida ko‘plab ajoyib rollar ijro etgan, yuzlab obrazlarga mahorat bilan ovoz bergan taniqli san’atkor. Uning xoh ijobiy, xoh salbiy ijro etgan rollari bo‘lsin, tomoshabin ko‘nglidan chuqur joy olgan. U tom ma’noda o‘zbek xalqining sevimli aktyori.
OTAMNING ORZUSI
Bolalik paytlarimni o‘kinch bilan yodga olaman. Sababi, otamni ko‘rmaganman. Otam o‘ttiz olti yoshida, tug‘ilishimdan ikki oy avval vafot etganlar. Otam Habib Sa’diyev teatrda ishlardi. Ovozi shu qadar sohir bo‘lgan ekanki, bu haqda men ustozlarim G‘ani A’zamov, Shukur Burhonov, Nabi Rahimov, Olim Xo‘jayev, Zaynab Sadriyeva, Sora Eshonto‘rayevalardan eshitganman. Ular otam haqida mehr bilan “Habibjon qo‘shiq aytganda nafaqat tomoshabinlar, hattoki biz ham lol qolib tinglardik”, deyishardi. 1929-yilda teatrga kelgan otam “Jaloliddin” nomli spektaklda “Baland uchgan oq laylak...” qo‘shig‘ini ijro etgan va bu hammaga ma’qul kelib, qo‘shiq plastinkalarga yozib olingan ekan. Bu haqda menga onam ko‘p so‘zlab berardilar. Mana, 55 yildan beri shu plastinkalarni izlayapman. Mo‘jiza ro‘y berib plastinkani topib olsam, otamning ovozini eshitish baxtiga muyassar bo‘lar edim...
Akam Xayrulla Sa’diyevning aytishlaricha, bolaligimda juda injiq bola bo‘lgan ekanman. Mendan olti yosh katta bo‘lgan akam bog‘chaga yelkasida ko‘tarib borardilar. Mabodo, charchab yerga qo‘ysa, injiqlik qilib yig‘lardim. Shunda akam meni ko‘tarib olardi-yu, charchoqdanmi, o‘zi yig‘lab borardi. Menga ham ota, ham aka, o‘rni kelganda yaqin do‘st, maslahatgo‘y bo‘la oladigan insonim borligi uchun toleimdan minnatdorman. Hozir, shu yoshga kirib ham ikkimiz kuniga uch-to‘rt mahal qo‘ng‘iroqlashib, bir-birimizning holimizdan xabar olib turamiz...
Onam haqida juda ko‘p gapirishim mumkin. Yolg‘iz boshi bilan akam ikkimizni kam-ko‘stsiz o‘stirib katta qildilar. Sabr-bardoshli, irodali, mehribon ayol edilar. Betob bo‘lib, joni og‘rib turganda ham syezdirmaslikka harakat qilardilar. Onam o‘qituvchi bo‘lganlari uchun o‘qishimizni qattiq nazorat qilardilar. Aka-uka faqat a’lo bahoga o‘qirdik. Ikkinchi sinfligimda onam bizga sinf rahbari etib tayinlandilar. Shunda onam, “O‘g‘lim endi taltayib, o‘qishi bo‘shashmasin”, deya meni boshqa maktabga joylashtirganlar. “Men oliy ma’lumotli bo‘lishim kerak, odamlar gapirishmasin, axir o‘qituvchiman-ku”, deya ish, uy-ro‘zg‘or ishlaridan ortib Pedagogika institutining geografiya fakultetida sirtdan o‘qidilar. Onam doimo, “Yurting, xalqing, kasbing, oilang va do‘stingga hech qachon xiyonat qilma”, deb qayta-qayta uqtirardilar.
Bolaligimda sportning ko‘pgina turlari – akrobatika, katta tennis, boks, futbol bilan shug‘ullanardim. Bo‘sh vaqtim bo‘lmasdi. Ayniqsa, futbol jon-u dilim edi. Shuning uchun ham 10 yoshimdan qo‘shimcha tarzda futbol maktabiga qatnadim.
Maktabni tugatish arafasida onam “Akang san’at yo‘lini tanladi. Lekin sen bu sohadan ketmaysan, quruvchi bo‘lasan”, deya meni Teatr va rassomlik oliygohiga hujjat topshirishimga ruxsat bermaganlar. Shundan keyin qurilish texnikumiga hujjat topshirganman. Nima bo‘lsayam kirolmay, deb tavakkaliga javob berganman. Ammo qarangki, texnikumga qabul qilindim.
“ROTA, PODYOM”
Texnikumda o‘qish davomida ham futbol maktabini tashlab qo‘ymadim. 1964-yilning dekabr oyida “Paxtakor” futbol jamoasiga darvozabon etib qabul qilindim. Keyin jismoniy tarbiya oliygohining sirtqi bo‘limiga o‘qishga kirdim. Men “Paxtakor” jamoasining ilk o‘zbek darvozabonlaridan edim.
Bir kuni bosh murabbiyimiz Mixayl Yakushen yoniga chaqirib, “Nima sababdan pul jamg‘aryapsan?” deb qoldilar. Men savol sababini tushunmay hayron bo‘lib qaradim. “Nega olti oydan beri maoshingni olmaysan?” deya qayta savol berdilar. Men “Paxtakor” futbol maktabidan har oyda 80 rubl olayotganimni aytdim. Shunda ustozim “Sen “Paxtakor” jamoasining a’zosisan. Jamoa a’zolariga har oyda 150 rubl oylik maoshi beriladi”, deb tushuntirgan edilar. Keyin 900 rublni onamning qo‘llariga olib borib berganman. “Buncha pulni qayerdan olding, o‘g‘irlik qildingmi?” deb xavotir bilan so‘radilar onam. Men bo‘lgan voqeani batafsil tushuntirganimdan so‘ng yig‘lab yubordilar...
Qarang, futbolni shunchalik yaxshi ko‘rganimdan meni mablag‘ qiziqtirmagan, hatto oylik maoshi berilishini ham bilmaganman.
“Paxtakor”dagi uch yillik faoliyatdan so‘ng san’atga bo‘lgan mehrim ustunlik qila boshladi. Oliygohning 3-bosqichida o‘qiyotganimda hujjatlarimni olib Toshkent teatr va rassomlik san’ati oliygohiga topshirdim. Onam bu ishimdan xabar topgach, “Sen ham shu yo‘lni tanladingmi, bilganingdan qolmabsan-da!” deb xafa bo‘lganlar. Keyinchalik teleekran orqali ijro etgan rollarimni ko‘rib, quvonganlar.
Onam sodda, beg‘ubor ayol edilar. Qo‘llari juda shirin, ayniqsa, kartoshkali go‘shtni “boplab” pishirardilar. O‘rtoqlarim orasida oyimning bu taomlari juda mashhur edi. Harbiy xizmatdan kelganimdan keyin onam har tong kartoshkali go‘sht pishirib qo‘yardilar. Hovlilarni supura turib, “Turaqol bolam”, deb uyg‘otardilar. Bir kuni turavermaganimdan rosa jahllari chiqqan. Shunda men oyimga “Harbiy xizmatda “Rota, podyom”, deyishsa sakrab turardik. Bu ohangda meni uyg‘otolmaysiz-da”, dedim. Ertasi kundan onam tepamga kelib, yumshoqlik bilan “Rota, podyom bolam, rota, podyom bolam”, deydigan bo‘ldilar...
OQIBAT ODIMLARI
Sinfdoshlarimiz bilan juda inoq edik. Agar sinfimizdan kimdir betob bo‘lib qolsa, albatta, hammamiz birgalashib uni ko‘rgani borardik. O‘quvchilar o‘rtasida oqibat bor edi. Mehr-oqibatni yuragimizga singdirgan o‘qituvchilarimizga hurmatimiz cheksiz bo‘lardi. Hozir negadir bunday samimiyatni juda kam uchratayapman. Nazarimda, o‘sha paytda oqibat oldinga qarab odimlardi...
Bolaligimda “Gulxan” jurnalini yaxshi ko‘rib o‘qiganman. “Gulxan” – yoshi ulug‘ jurnal. Bolalar uchun ibratli va kerakli nashrdir. Amakimning qizi Yayra Sa’dullayeva bu jurnalga bir necha yil bosh muharrirlik qilganlar. U kishi bilan bitta hovlida yashaganmiz. Jurnalning har bir sonini o‘qib, o‘rganib, tahlil qilar edik. Avvalo, bu nashrning bugungi kungacha saqlanib qolganidan xursandman. “Gulxan” bolalar va o‘smirlarning eng yaxshi yakka-yu yagona jurnali hisoblanadi...
Hozirgi kun yoshlariga aytar so‘zim – bilim olish zarur. Bu shiddatli davrda bilim olishmasa, qo‘llaridan hech narsa kelmaydi. Bilimli insongina yurt koriga yaray oladi...
Suhbatdosh Nilufar JABBOROVA.
Manba: “Gulxan” jurnali.