ЖУДА КЎП ТАЪНА ЭШИТГАНМАН


Ширинхоним МИРЗАҲМЕДОВА, актриса:
“САЛБИЙ РОЛЛАРИМ УЧУН ЖУДА КЎП ТАЪНА ЭШИТГАНМАН”

  Бугунги суҳбатдошимиз салбий ролларнинг моҳир ижрочиси, таниқли актриса Ширинхоним Мирзаҳмедова бўлди.

Ширин опа, актрисалик фаолиятингизни қачон бошлагансиз? Кейинги пайтда сериал ва кинофильмларда тез-тез кўриняпсиз, олдин камроқ иштирок этганмисиз?
- Мен олдин ҳам фильм ва сериалларда жуда кўп иштирок этганман. Масалан, 1990-йилдан то шу пайтгача Мираббос Мирзааҳмедовнинг “Оталар сўзи - ақлнинг кўзи” кўрсатувида мунтазам равишда иштирок этиб келяпман. Бундан ташқари, “Қирқ тоғаранинг қирқ ноғораси”, “Ўч”, “Оқар дарё оқавермасми, жимгина” сериалларида ҳам бир қанча роллар ижро этганман. Тўғри, жуда кўп фильм ва сериалларда чиқардиму, аммо ролларим унчалик катта бўлмасди. Режиссёрлар менга бош ролларни беришганда уни ўйнашга имконим бўлмаган. Чунки фарзандларим ва оиламдан ортиб, касбимга ўзимни бутунлай бағишлай олмагандим. Ҳозирги кунда ҳамма фарзандларимни уйли-жойли қилиб, ширин ташвишлардан қутулиб, касбий фаолиятимда анча  фаоллашдим. 
- Аксарият фильмларда салбий роллар ижро этяпсиз, бу режиссёрларнинг танловими ёки ўзингизни?
- Албатта, бу режиссёрларнинг танлови. Уларга ҳатто бир неча марта  менга ҳам ижобий роллар беришларини таклиф қилганман. Аммо “Сизнинг  типажингизга кўпроқ салбий роллар мос тушади”, деб рози бўлишмаган. Бундай ролларни қойилмақом қилиб ўйнайсиз, дейишади. На илож, режиссёрлар сценарийдаги қаҳрамон образида қайси актёрни кўрса, ўшани танлайди. Аммо мен бундан норози эмасман. 

“ҚОРА АТИРГУЛ” ДА РОЛ ИЖРО ЭТИШ МЕН УЧУН ОҒИР БЎЛДИ

- “Қора атиргул” сериалидаги ролингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Маҳкума Назокат ролини ижро этиш сизга оғирлик қилмадими?
- Ҳа, бу ролни ижро этиш жудаям оғир бўлди. Мен бу сериалнинг номини “Қора атиргул” эмас, “Хўрланган ўзбек аёллари”, деб қўйган бўлардим. Чунки қамоқхонадаги аёлларнинг ҳаёти, уларнинг бир-бирига бўлган муносабати, қалбидаги ғараз, адоват, кек ва меҳрсизликни кўриб даҳшатга тушасан киши. Бу ҳам хўрлик. Чунки инсоннинг ичидаги салбий иллатлар унинг энг катта душмани. Мана шу аҳволга тушиб қолишларига, аввало, қалбидаги иллатлар, қолаверса аччиқ қисмат сабабчи, деб ўйлайман. Аммо ана шундай муҳитда ҳам бир-бирига чин дўст, меҳрибон ва ғамхўр бўлган аёллар ҳам йўқ эмас қамоқхонада. Мен бу ролни ижро этишда бир пасда ҳолатга кириб олдим, аммо чиқиб кетишим қийин бўлди. Ҳозир сериал тугаган бўлса ҳам ҳалиям таъсири сезилади. Мен ўзбек аёлларини, умуман аёл зотининг бундай аҳволга тушишини истамаган бўлардим. Аёлнинг ўрни оилада, фарзандлари ва яқинлари даврасида эканлигига қамоқхонадаги муҳитни кўриб, яна бир бор амин бўлдим. Менимча, ҳар қандай ёмон инсонда ҳам озгина бўлса-да, виждон, ор-номус, диёнат бор, деб ўйлайман. Қамоқдаги баъзи бир аёлларнинг ана шу хислатларини йўқотмаганлигини кўриб, қувондим, тўғриси. У ерда биз ҳар хил аёлларни кўрдик, улар билан танишдик.

ҚАМОҚХОНАДАГИ МУҲИТ МЕНГА ЁМОН ТАЪСИР ҚИЛДИ

- Ушбу фильмни суратга олиш ишлари аёллар қамоқхонасида бўлганми ва жиноятчи ролини ижро этишдан олдин шундай аёллар билан учрашиб, уларнинг характерини ўрганганмисиз?
- Яхшиси, фильмни суратга олиш ишлари сир бўла қолсин. Шунда томошабинга қизиқ бўлади. Жиноятчи аёл образига тўхталадиган бўлсак, бизга берилган сценарий бўйича ишладик. Ролни ижро этишда ҳеч қандай мураккабликлар бўлмади. Аммо ҳолатимизда кўп нарсани ҳис қилдик. Айнан мен учун ҳолат жуда катта рол ўйнади. Оиласи, фарзандлари ва яқинларидан узоқда, мутлақо бошқа инсонлар билан бир оила бўлиб, тутқунликда яшаш, яъни озодликдаги кунларини қамоққа алмаштириш аёл учун жудаям катта фожиа. Ана шу ҳиссиёт мен учун оғир бўлди. Фақат оилам кўз олдимдан кетмади. 
- Жиноятчи аёл ролини ижро этишда сиз учун энг қийини нима бўлди?
- Яқинларидан узоқда бўлган аёлнинг ўзини топа олмаслиги, тутқунликда ҳаммадан нажот кутиши, маҳкума аёллардан меҳр тополмай қийналиши... Бундай аёлларнинг ҳолидан юрагим ачишди, уларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, қалбим ларзага келди. Мен талқин этган рол бойликка ўч, пулни яхши кўрадиган, кибрли аёл образи эди. Бу образни кўнгилдагидек талқин қила олдим, деб ўйлайман.

МЕНИ КЎЧАДА КЎРИБ, “АНА, ЁМОН ХОТИН КЕЛЯПТИ” ДЕЙИШАДИ

- Одатда, салбий роллар ижро этадиган актёрларга кўча-кўйда одамлар ёмон муносабатда бўлишади. Сизда ҳам шундай ҳолатлар рўй берганми?
- Жуда кўп бўлган. Айниқса, ҳозир “Кундош” номли сериалдаги ролим учун менга таъна қиладиганлар янада кўпайди. Яқинда ишдан уйга қайтаётсам, маҳалламизда ўйнаб юрган болалар бир-бирига “қара, анави ёмон хотин келяпти”, дейишди. Кулгим келди. Ортимга қараб, уларга “Асал болаларим, ўзим ўргилай сизлардан. Менинг кинодаги ролим ёмон бўлса ҳам, ўзим яхши хотинман”, дея кулиб, уйга кириб кетдим. Кўпинча, таниш-билишлар даврасида ўтирганимизда, улар ҳам салбий ролларимга эътироз билдиришиб, “ўзингиз роса яхши аёлсиз, илтимос ёмон роллар ўйнаманг”, дейишади. Танимаган одамлар эса “сиз фалон ролда ўйнагансиз-а, роса ёмон хотин экансиз. Кап-катта аёлсиз, сал ақлингизни йиғиштириб олсангиз бўлмайдими”, деб астойдил менга таъна-дашном қилишади. “Ахир бу рол-ку! Кимдир шундай аёллар образини ҳам талқин этиши керак-ку”, дейман. Бу каби эътирозлардан хафа бўлмайман. Рол эканлигини билиб туриб ҳам одамлар мендан шунчалик нафратланаяптими, демак мен ролимни қойилмақом қилиб ўйнабман. Менга билдирилаётган салбий фикрларга “Худо хоҳласа, яхши роллар ўйнашга ҳаракат қиламан”, дея ижобий муносабатба бўлишга ҳаракат қиламан. Аслида, салбий ролдан кўра ижобий ролларни ўйнаш осонроқ. Негаки, ижобий ролда характер хилма-хиллиги бўлмайди. Салбий рол эса жуда катта масъулият, дегани. Яхши инсонларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, ёмон характердаги одамлар эса турлича. 

“СЕНИ ЎЗ ҚЎЛЛАРИМ БИЛАН БЎҒИБ ЎЛДИРАМАН”  

  “Ўч” сериалида ҳам салбий ролни ижро этгандим. Шундан сўнг  кўпчиликнинг орасида бир аёл мени роса изза қилмоқчи бўлганди. Бир танишимизникига ифторликка боргандик ўшанда. Дастурхон атрофида ўтирганимизда, бир аёл менга ўқрайиб қараганча, ёнидаги аёлларга пичир-пичир қила бошлади. Ифторлик тугаганидан сўнг, ўша аёл менга важоҳат билан “сен қайнонангни хор қилдингми, ўзинг ҳам хор бўласан! Сен бузуқ аёлсан! Сени тошбўрон қилиш керак! Сендек аёлларнинг яшашга ҳаққи йўқ!”, дея мени ҳақорат қилишга тушди. Жуда ғалати бўлдим. Ташқарига қандай чиқиб кетганимни билмайман. Лекин яна ортимга қайтиб, ўша аёлнинг ёнида ўтирмоқчи бўлдим. Аммо ўша аёл хезланиб, “Тур йўқол, менинг ёнимда ўтирма!”,деб ўзини мендан олиб қочди. Шунда мен “Опажоним, сиз билан икки оғиз гаплашмоқчиман. Келинг, иккаламиз ярашайлик. Мен сиздан хафамасман, аксинча хурсандман. Мен актрисаман. Ўша сериалда бор-йўғи рол ўйнаганман, холос. Ролимдан шу қадар таъсирланибсиз, раҳмат сизга. Энди мени ҳам эшитинг”, дея ҳаммасини тушунтирганимдан сўнг у мени тушунди. “Менинг бешта келиним бор. Мана шу сериал бошланса, ҳаммасини ёнимга чақириб олиб, бирга кўрамиз. Келинларимга “Шу аёлни кўчада кўрсам, бўғиб ўлдираман”, деганман. Чунки мен ҳам қайнонаман. Ойдеккина аёл экансиз, муомалангиз ҳам ширин экан, нега шу ролни ўйнагансиз, мен ўйнамайман десангиз бўларди-ку”, деди... Унга ҳам бу менинг касбим эканлигини зўрға тушунтирганман.
- “Қора атиргул” сериалидаги воқеалар ҳаётийми?
- Ҳа, бу сериалдаги деярли ҳамма воқеалар ҳаётий. Сценарий муаллифлари аёллар қамоқхонасида ўтказилган турли тадбирларда иштирок этишиб, ўша ердаги ҳаётга гувоҳ бўлишган. Ана шундай тадбирларда иштирок этган актриса Зуҳра Солиева ҳам қамоқхонадаги аёллар ҳақида айтиб берганди. Мен у ердаги ҳаётни ҳатто душманимга ҳам раво кўрмасдим. Биз сериалнинг охирги серияларини 4 январдан 7 январгача тасвирга олиш жараёнида иштирок этдик. Ўшандан буён ўзимга келишим қийин бўлаяпти. Айни пайтда “Кундош” ва бошқа сериалларда банд бўлиб, анча ўзимни қўлга олдим. Аммо дублаяжимиз ҳали тугагани йўқ. Дубляжда иштирок этаётганим учун яна ўша ҳолатга тушиб, икки-уч кун қийналяпман. Сериал саҳналари жудаям оғир. Мен бунчалик қийналаман ва азобланаман деб ўйламагандим. Қамоқда ўтирган аёлларнинг ҳаёти нақадар қийинлигини шу сериалда рол ижро этиб, ҳис қилдим.
- “Қора атиргул” сериалининг учинчи фасли ҳам суратга олинаяпти, деб эшитдик...
- Шундай тахмин бор, аммо ҳали аниқ эмас. Биз Анжела исмли режиссёримизга сериални яна давом эттириш ҳақида таклиф киритдик. Сериал қаҳрамонлари орасида озодликка чиққанлар кам бўлди, кўпчилиги қамоқда қолди. Масалан, менинг қаҳрамоним Назокат ҳам ҳали тутқунликда. Шунинг учун, қамоқдан чиққач, ўз йўлини топган аёллар тақдирини ҳам кўрсатайлик, деган фикрни айтдик. Сериалнинг учинчи фасли бўладими-йўқми, ҳали аниқ билмаймиз. Лекин ҳаммамизнинг дилимизда шу ният бор. 
- Агар рол танлаш ихтиёри сизга берилса, қандай ролларни ижро этган бўлардингиз?
- Агар шундай имкон берилса Фармонбиби ролини жон-жон деб ўйнаган бўлардим. Мунис ва меҳрибон оналар, қайноналар, яхши амма, яхши холалар ролини ўйнаш истагим ҳам йўқ эмас. Устозларим Рихсихон Иброҳимова, Тўти Юсупова ва Саида Раметова каби ҳам салбий, ҳам ижобий ролларда намоён бўлгим келади.

АСЛИДА  ЖУДА КЎНГИЛЧАН  АЁЛМАН

  Мен аслида ҳаётда жуда кўнгилчан инсонман. Уйда иккита келиним бор. Уларга ҳеч қачон қаттиқ гапиролмайман. Аллоҳга шукр, келинларим жудаям тарбияли, одоб-ахлоқли, фаросатли ва мени қаттиқ ҳурмат қилишади. 
  Кейинги пайтда жуда кўп фильмларда суратга тушдим. “Супер хизматкор” “Тақдирлар”,  “Ҳикматли дунё”,  “Иқрор”, “Пахмоқ келин”, “Волидам”, “Қўғирчоқ”, “Кундош”, “Она”, “Бахтли болалик”, “Воқеа”, “Изтироб”, “Фолбин” каби фильмлар шулар жумласидандир. Туркия давлати билан ҳамкорликда суратга олинган “Ишқ ўйинлари” фильмида ҳам турк аёли ролини талқин этдим. Куни кеча Оқтошга бориб, “Афв” фильмининг суратга олиш ишларида қатнашдим. Бу фильм Президентимизнинг 2017 йилги "Амнистия тўғрисида"ги Фармонига асосан 2700 нафар маҳкумларнинг озод қилинганлиги муносабати билан суратга олинаяпти. Бунда ҳам салмоқли роллардан бирини ижро этдим. Тез кунларда томошабинлар ҳукмига ҳавола этилади.
  Салбий ролларда танилиб кетишимга сабаб - 2020 йилнинг бошида “Миллий” телеканалда “Қўзғолон шоу” кўрсатуви бўлган эди. Ана шу шоудаги жуда кўп салбий ролларим билан халқ назарига тушиб қолдим. Менимча, режиссёрларимиз “Қўзғолон шоу” дан кейин менга салбий ролларни кўп бера бошлашди, деб ўйлайман. Бундан икки йил олдин ҳам бир фильмда ижарачи аёл ролини ўйнаганман. У ҳам жуда салбий рол эди. “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувида ҳам Санжарнинг таклифи билан бир рол ўйнаб бердим. Яъни Муниса Ризаевани сценарийдаги ўғлимга келин қмилиш учун уни ҳоли-жонига қўймай рози қилишим керак эди. Санжарга “Муниса мени таниб қолмайдими, деганимда, танимайди, чунки Муниса ўзбек каналларини кўрмайди”, дея мени кўндирганди. Ҳақиқатдан ҳам, Муниса мени таниб қолмади ва уни безор қилиб юборганим учун менга “келин” бўлишга рози бўлди. Тасвирга олиш тугагач, Мунисанинг ўзи ҳам “Сизга қандай хўп деганимни ўзим ҳам билмай қолдим”, деб кулганди. Демак, ролимни маҳорат билан ижро этибман-да, деб қувонганман. Хуллас, салбий ролми ёки ижобийми бу менинг касбий фаолиятим. Режиссёр мени қайси образда кўрса, ўшани ўйнашим керак. Лекин ижобий ролларим ҳам йўқ эмас ва бундан кейин иложи борича ижобий ролларни кўпроқ ижро этишга ҳаракат қиламан.
-  Суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот