Бундай рольдан воз кечаман!


   Бугунги суҳбатдошимиз, кўпгина фильм ва телесериллардаги ўзига хос роллари телетомошабинлар қалбидан ўрин олаётган ёш актрисалардан бири, “Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри” актирисаси Умида Норбоева билан бўлди. Биз у билан ижод, ҳаёт, театр, кино ва бугунги телесериаллар ҳақида суҳбатлашдик. 
  • - Умида, янги йил байрамидаги Қорқиз образингиз ўзгача бўлди... Болажонларга ҳам маъқул келдими?
  • - Албатта, қорқизни яхши кўрмайдиган бола борми. Сир эмаски, болалар янги йил арафасида қорқиз ва қорбобони жуда интизорлик билан кутишади, мўъжизаларга ишонишади. Улар учун ҳаммаси ҳақиқий. Шунинг учун саҳнага қандай образда чиқманг болажонлар ўзгача завқ-шавқ билан кутиб олишади эртак қаҳрамонларини. Мен ҳам болалигимда янги йил эртакларига жуда ишонардим. Янги йил арафасида қорқиз ва қорбобони интизорлик билан кутардим. Менга айниқса, қорқиз жуда ёқарди. Унинг ўрнида бўлиб қолишни жуда-жуда истаганман. Ўзимни қорқиз ўрнида тасаввур қилганимда бахтдан бошим айланиб кетарди. Катта бўлгач буларнинг бари эртак эканлигини билганман ва қорқиз ва қорбобо ҳақидаги тасаввурлар болалигимнинг энг гўзал дамлари бўлиб қолган. Байрамда қорқиз қиёфасида саҳнага чиққанимда ана шу беғубор болалигим ёдимга тушди ва болаларга қўшилиб ўзим ҳам боладек қувнадим.
  • - Янги йилда ижод борасида  қандай режалар туздингиз?
  • - Жудаям кўп. Янги йилда режалар тузмайдиган инсон бўлмаса керак. Асосий режам театр, кино ва дубляж борасида бўлди. Худо хоҳласа, бу йил янги сериалларда рол ижро этишни мақсад қилганман. Кейин дубляж соҳасини мукаммал ўрганиш режам бор.
  • - Сериалларга овоз бераяпсиз шекилли?
  • - Ҳа, фақат ўзим ўйнаган образларга ва кичик эпизод ролларга овоз беряпман.
  • - Нега дубляжда доимий ишритрок этмаяпсиз? Адабий тилда яхши гапирасиз ва овозингиз ҳам чиройли.
  • - Тўғри, овозим чиройли бўлиши мумкин. Лекин  энди дубляжга кириб келаётган актёр билан профессионал актёрларнинг фарқи катта. Мен каби энди бошлаётганлар билан режиссёр ишлаши, ўргатиши, овозини сайқаллашда ёрдам бериши керак. Лекин минг афсуски, кўпчилик режиссёрлар энди дубляжга кириб келаётган актёрлар билан ишлашни хоҳлашмайди.
  • - Нега? Дубляжда янги овозларни ҳам кашф қилиш керак-ку!
  • - Тўғри, аммо режиссёрлар вақтларини қизғанишади. Чунки “янгилар”билан ишлагандан кўра дубляжда тажрибаси бор “тайёрларни” таклиф қилиш осонроқ  улар учун. Иш тез битади. Албатта, ҳаммамизда ҳам вақт масаласи қийин. Бир эмас, бир нечта жойда ишлаймиз. Уй-рўзғор ташвишлари, дегандек... Айниқса, режиссёрларнинг кўпчилиги ҳам кино ҳам телевидениеда фаолият юритишади. Шундай бўлгач, ҳамма ишга улгуришга ҳаракат қилишади. 
  • - Шунинг учун ҳам бугун ҳамма фильмларимиз бир хил бўлиб қолаётгандек. Баъзан телевидениеда намойиш этилаётган сериалларни кўрганимизда дастлаб қайси сериал эканлигини англолмай қоламиз гоҳида. Овоз бир хил, қиёфа бир хил. Сизнингча, бу томошабиннинг меъдасига тегмайдими?
  • -Албатта, дубляжда бир хил овоздан томошабин зерикади .  Айниқса, қиёфалар ҳам такрор бўлса. Баъзи актрисаларнинг овозини жуда кўп фильмларда учратамиз. Ҳатто битта актёрнинг бир фильмда ўнтагача қаҳрамонга овоз бериш ҳолатлари ҳам бўлади. Томошабин  битта сериалдаги баъзи овозларга  ўрганиб қолади. Худди шу овозни бошқа бир фильмда эшитса ҳазм қилолмайди.  Қабул қилиши қийин кечади. Чунки айнан шу ролни шу қиёфани бошқа бир фильмда ҳам кўргандек бўласиз. Ўша руҳият сезилиб туради барибир. Шунинг учун мен овоз режиссёрларидан илтимос қилган бўлардим. Агар дубляжга қизиқадиган ва овози тўғри келадиган актёр ва актрисаларга озгинагина вақт ажратиб, йўл-йўриқ кўрсатишса бу томошабин учун ҳам актёрлар учун ҳам яхши бўларди. Мен ҳам дубляжда ўз ўрнимга эга бўлишни жуда хоҳлардим, албатта. 
  • - Бугунги кунда қайси телесериалларда суратга тушяпсиз, спектаклларда қандай ролларни ижро этяпсиз?
  • - Бугунги кунда ижод билан бандмиз. Театр саҳнасида ҳам,  телевидениеда ҳам ижодга шўнғиган пайтимиз ҳозир. Жумладан, “Оталар сўзи - ақлнинг кўзи”, “Ҳикматли дунё”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби теленовеллаларда турли ролларни ижро этяпман. Янги йил арафасида театр саҳнасида “Золушка” номли спектаклни саҳналаштирдик. Томошабинлар жуда яхши қабул қилишди. Бунда мен Золушканинг ўгай опаси Анна ролини ижро этдим. Бундан ташқари, театримизда Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим” асари асосида саҳналаштирилган спектаклда ҳам рол ижро этдим. Театримиз режиссёри Зафар Асқаров томонидан катталар учун саҳналаштирилган “Орзулар қаноти” номли спектакльда ҳам рол ижро этдим.
  • - “Биринчи муаллим”ни болажонлар қандай қабул қилишди? 
  • - Жудаям яхши қабул қилишди. Мириқиб томоша қилишди. Баъзан спектаклларда болажонларнинг зерикиб қолиш ҳолатлари бўларди. Аммо “Биринчи муаллим”да бу сезилмади. Баъзи спектакллар учун бир нафасда кўрилди, деган ибора ишлатилади. “Биринчи муаллим” худди шундай – болажонлар томонидан бир нафасда кўрилди, десам хато бўлмайди.
  • - Байрам куни телеэкранларда намойиш этилган “Ёш оила” ва “Бобомни уйлантирамиз” номли комедияларда ҳам бош ролларни ижро этдингиз? Комедияда роль ижро этиш қийин кечмадими?
  • - Асло. Чунки ўзим комик фильмларни севиб томоша қиламан ва табиатимда ҳам қувноқлик бор. Айниқса, “Севимли” телеканалида намойиш этилган “Бобомни уйлантирамиз” фильмидаги Моҳида образи менга жуда маъқул келди. Мазза қилиб ўйнадим, десам бўлади.
  • - Сизни жуда кўп сериалларга таклиф этишаётган экан. Сценарийларни саралаб қабул қиляпсизми ёки...
  • - Албатта, саралаб. Чунки баъзи сценарийлар жуда саёз ва ғояси мавҳум. Шунинг учун танлашга мажбурман. Баъзилар буни кибр, дейиши мумкин. Лекин актриса дуч келган фильмларда суратга тушаверса унинг томошабин олдида ҳурмати қолмайди. Актриса ўзининг барча қирраларини намойиш этиши учун аввало яхши сценарий бўлиши керак. Шундагина унинг маҳорати намоён бўлади. Актрисани актриса сифатида кашф қилмайдиган фильмларда яхшиси рол ижро этмаган маъқул. Шунинг учун мен ҳам таклифни қабул қилишдан олдин сценарийни яхшилаб ўқиб кўряпман. Тўғрироғи, сценарийни энг аввал қайнонам Онабиби Қўшжанова ўқиб кўрадилар. Чунки ижодимга жуда қизиқадилар. Ҳар бир ролим ҳақида эринмай фикр билдирадиган инсон ҳам, аввалло, қайнонам. Қолаверса, сценарий масаласида турмуш ўртоғим Бекзод Исмоилов билан ҳам маслаҳатлашаман. Негаки, ўзбекман ва оила мен учун ҳамма нарсадан азиз. Агар ўйнайдиган ролим турмуш ўртоғим ёки қайнонамга маъқул келмаса - мен бундай ролдан воз кечаман.
  • - Эшитишимизча, турмуш ўртоғингиз билан синфдош экансизлар. У киши сизнинг танлаган соҳангизга қандай муносабат билдирган?
  • - Ҳа, хўжайиним билан ёшликдан битта синфда ўқиб катта бўлганмиз. Вояга етгач, ўртамизда муҳаббат пайдо бўлди ва аҳду паймон қилиб, турмуш қурдик.  Соҳамга келадиган бўлсак, турмуш ўртоғим тўғри қабул қилганлар. Ҳеч қандай эътироз билдирмаганлар. Менимча, икки инсон бир-бирини чин дилдан севса бир-бирининг орзу ва мақсадларини ҳам ҳурмат қилади, деб ўйлайман. Ахир айтишади-ку, муҳаббат бу икки кишининг бир-бирига қараши эмас, аксинча икки кишининг бир томонга қарашидир, деб. Назаримда биз турмуш ўртоғимиз билан шундаймиз – қарашларимиз бир хил. 
  • - Бу касбнинг машаққатларидан чарчаган кезларингиз бошқа соҳани танласам бўларкан, деб ҳеч афсус чекканмисиз?
  • - Йўқ, ҳечам афсусланмаганман. Чунки ҳамма соҳанинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бўлишини яхши биламан. Агар танлаган соҳангизни чин юракдан севсангиз унинг машаққатлари ҳам роҳатли. Ана шу машаққатлардан сўнг енгил тин олишнинг гашти ўзгача. Мен Тошкентга ўқишга келганимда бошқа институтга ҳужжат топшириш нияти билан келганман. Аммо тақдир тақозоси билан мана  шу соҳани танладим. Ўқишга кирганимда ота-онам ўқитишмаса керак, деб қўрққанман. Аммо  кутилмаганда дадам мени қўллаб-қувватлаганлар. Шу соҳа бўйича ўқишга кирдингми, энди ўқийсан, деганлар. Айниқса, онам Дилбар Қурбонова шу соҳани танлаганимдан жудаям севинганлар. Чунки актриса бўлиш онамнинг ёшликдаги орзулари бўлган экан. Мен онамнинг бу орзусини шу соҳа бўйича ўқишга кирганимдан сўнг билганман. Балки бу тақдирдир. Зеро, инсоннинг чин дилдан қилган орзуси қайси кўринишда бўлмасин, албатта, амалга ошади, деган гап бор. Онамнинг ҳеч кимга айтолмаган ана шу орзуси менинг қалбимга кўчгандир балки. 
  • - Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош Гулруҳ ЁРМАТОВА   










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Изоҳлар
Хуршида Арабшоевага табрик!
Ҳар бир аёл , Аллоҳимнинг табаррук неьматидир, қизимиздаги истара, нозу- карашма, меҳр, шарм-ҳаё, ибо, нафосат ва зукко қараш фазилатларини берибди,
"Ипак йўли дурдонаси" ХIII Тошкент халқаро кинофестивали
Аслида , кинофестиваль ҳақида тарихий хужжатли фильм билан очилиш жараенини бошлаш керакмиди, ахир бу фестивальни асосчиси мухтарам биринчи давлат
Раъно Зокирова "Ўзим" кўрсатувида
Дунёга шундай инсонлар келадики, бу инсон сен учун, дўсти учун, оиласи учун, касби учун, халқи учун ҳамиша, ҳар доим, ҳар сония, ҳар дақиқа, ўз
Севдо Ниёзовага табрик
Севдохон мукаммал қизларимиздан, ўз ишининг фидоийси, маъсулиятидир. Жуда кўркам кун - устоз ва мураббийлар кунида дунёга келибсиз. Аслида, ҳар бир
Жамила Шермуҳамедова
Ustoz haqida qancha gapirsak oz. Ularning samimiyligi, odamiyligi,saxiyligi va mehribonligi kabi kòplab xislatlari tahsinga loyiq. Qancha-qancha
Маълумот