ТУШУНЧАЛАРНИ ЎЗГАРТИРИШ ВАҚТИ КЕЛДИ


     Ўрганиб қолинган одатлар оғушида яшаш осонроқ. Худди ҳар куни юрган йўлимиздан қийналмай одимлагандай бемалол қадам ташлаймиз. Сўзлашувларимизга сингиб қолган баъзи сўзларни ҳам айрим ҳолларда ноўрин қўллаймиз. Улардан воз кечиш, кескинроқ сўзлайдиган инсонлар ибораси билан ифодаласак, қолипларни синдириш бироз қийин. Гоҳ дангасалик, гоҳ эҳтиёткорлик, яна нималардир халақит беради. Мен шитоб билан янгиланаётган, тобора ўзгараётган ҳаёт бағрида яшаётиб, бугун шу ҳақда ўйладим ва ўзгартириш керак бўлган баъзи тушунчалар тўғрисида фикрлашгим келди.

ЧИҚҚАН ҚИЗ ЧИҒИРИҚДАН ТАШҚАРИМИ?

    Водийда ҳаётсевар, унча-мунча нарсани ўзига олавермайдиган, ўтаётган кунларидан қувонч ва файз топиб, суюниб юравадиган дугонамиз бор. Яқинда унинг қизи фожиали равишда ҳаётни тарк этди. Уни куёви пичоқлаб қўйибди. Бу совуқ хабарни эшитиб, юрагим «зирқ» этди...
     Кўп ўтмай, дугонам ижтимоий тармоқларда ушбу фожиа тафсилотларини батафсил ёзди. Набираси турмушга чиққанига ўн йил бўлган, фарзандлар кўрган экан. Бир аёлчалик рўзғорга уқувли, қўли ва кўзи тоза экан. Лекин, шунга қарамай, конвой (маҳбуслар қўриқчиси) вазифасида ишловчи куёв уни уриб, хуморини ёзаркан. Қизи уйига неча марта кўзи кўкариб, манглайи ёрилиб келса-да, онаизор «Ўртада фарзандларинг бор, сабр қил. Нима бўлгандаям, дилбандларингнинг отаси, кўз очиб кўрганинг. Турмуш дегани шунақа бўлади. Ҳали болаларинг улғайиб, ёнингга кирса, кўрмагандек бўлиб кетасан», деб уйига жўнатиб юборар экан.
      Фожиа арафасида ҳам шу ҳолат такрорланибди. Аёвсиз калтакланган аёлнинг қулоқ пардалари ёрилиб кетибди. Онаси унга: «Майли, бир-икки кун ўтира тур, даволан», деб яна эски насиҳатларини такрорлабди. Тез орада куёв пайдо бўлибди. Хотинига: «Тезда болаларни олиб, олдимга туш!» деб ўдағайлабди. Жони оғриб турган аёл нимадир дегандир, шовқин кўтарилибди. Она уйдан чиқиб, эр-хотиннинг орасига тушибди. Кўзи қонга тўлган куёв қўйнига пичоқ солиб келган экан, уни аввал қайнонасига, сўнг хотинига бир неча бор санчибди. Қайнона ўша куниёқ омонатини топширибди, қизи эса ҳали ҳам касалхонада ҳаёт учун курашиб ётган экан.
     Фарзандидан жудо бўлган, айрилиқ ўтида куйиб ёнаётган дугонам чекаётган афсусларнинг чеки йўқ:  
– Мен ўз оламимда яшаб юраверган эканман. Қизим шўрлик... «Ўзбекчиликда ота уйига қайтиб келган қизни ёмон отлиққа чиқаришади. Фарзандлари улғайгач, қизини узатиши ҳам қийин кечади. Онаси оилани муқаддас билмаган экан, қизи қанақа бўларди», деган иснодга қолади, деб йиғлаб келган боласининг кўкрагидан итараверибди. Алдаб-сулдаб ўша жаҳолат уясига жўнатаверибди...
     Ростдан ҳам оила – муқаддас. Фарзандларни имкон қадар етим қилмаслик керак. Сабр ҳам, қаноат ҳам даркор. Аммо бу даражагача эмас. Сабрни ҳам «дод» деб юборадиган ҳолатгача олиб бормаслик керак.
    Дугонамнинг раҳматли қизи, хазон бўлган дилбандининг гапларини жуда кўп оналар бот-бот айтади: «Ўзбекчилигимизда чиққан қиз чиғириқдан ташқари. Энди уйимга сиғмайсан, акаларинг, келинойиларинг олдида уяламан», дейди. Баъзида бу гапга оға-ини, ота ҳам қўшилади. Куёв бўлмишми, қайнонами, бошқами, бу паст келишни тўғри тушунса-ку, хўп-хўп, борди-ю, «Мана, ўзиникилар нима қилди, орқасида ҳеч кими йўқ», деб баттар қутурса-чи... Фожиалар болалаб кетмайдими?..
     Рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсизликка йўл очадиган бундай ҳолат зинҳор ўзбекчилик эмас. Бунга «ўзбек» деган ботинию зоҳирида ғурур, номус, меҳр бор сўзни аралаштириб, қадрини тўкмаслигимиз керак.

БУ – ЎЗБЕКЧИЛИК ЭМАС

     Воқеалар воқеаларни етаклаб келади. Бу – фожиа эмас-ку-я...
    Биз хориждан юртимизга, хонадонимизга меҳмон келишига ўрганиб қолдик. Уларни суюниб қаршилаймиз, бор бўлса, боримизни тутиб, йўқ бўлса, йўндириб бўлса-да, бекаму кўст кутиб олишга ҳаракат қиламиз. Ана шундай меҳмондорчиликлардан бири бўлиб, бурч юзасидан қатнашдим. Қуюқ, суюқлару ширинлик билан чой ичишлардан сўнг, меҳмонлар қўзғалди. Хонадон эгаси катта бир қутида совға кўтариб чиқди. Очиб кўрсатди. Чиройли ишланган сопол буюмлар. Меҳмонларнинг хоними қўлига олиб томоша қилди:

– Жуда гўзал. Лекин олиб кета олмаймиз. Юкимиз кўпайиб кетди. Бу буюмлар ҳам оғир, – деди. Қайта-қайта миннатдорлик билдирди ўз тилида.

    Таржимон гапларини сўзма-сўз ўгириб турган бўлса-да, мезбон «Ўзбекчиликда қутлуғ уйдан қуруқ чиқилмайди», деб оёғини тираб туриб олди. Зўрлаб тиқиштиргандек қилиб, қўлларига тутқазиб қўйди.
    Меҳмонларни кузатганимиздан сўнг, ўн-ўн беш дақиқалар ўтгач, қўшни аёл «Манови қути сизларники, шекилли, ҳали уйларингдан кўтариб чиқишаётган эди», деб кириб қолди. Мезбоннинг ловиллашини кўрсангиз. Мен «Балки, буюмларни олиб, идишини ташлаб кетгандир», деган ўйда қутини очдим. Йўқ, буюмлар жойида турибди.

– Уларда айб йўқ, узрларини айтишди, сиз қулоқ солмадингиз, – дедим.  
– Ўзбекчилик..., – дея яна нимадир дейишга чоғланаётган эди, тутақиб кетдим.  
– Бу – ўзбекчилик эмас, қадрни ерга уриш, – деб юбордим.

     Ҳа, дўстлар, ўзимизникилару бегоналар олдида «Ўзбек» деган сўзнинг қадрини туширманг.

СОДДАЛИК ҲАМ ЭВИ БИЛАН-ДА...

    Дилимни оғритган, аниқроғи, жаҳлимни қистатган яна бир воқеани айтмасам бўлмайди. Вилоятлардан келиб пойтахтда таксичилик қилиб юрганлар талайгина. Ораларида бизнинг танишларимиз ҳам бор. Яқинда улардан бири кечқурун уйимга бўшашиб кириб келди.

– Э опа, мени боплаб кетишди...

     Табиийки, қандай «боплангани»ни билгим келди.

– Бир йигит йўлимни тўсди. Кўриниши туппа-тузук. «Ака, хотиним ТошМИда, яқинда операциядан чиқди. Шуни шифохонадан олиб, аэропортгача элтиб қўйишимиз керак», деди. Ўзи тушликка чиққанман, деб тургандим. Самолётда юрадиганлар бўлса, яхшигина йўлкира беришса керак, деб олиб кетдим. Айтган жойига элтдим. Машинадан тушаётганда:

– Ака, пулим пластик картамда эди, хотиним дори учун ҳамхонасидан қарз олган экан. Озроқ пул бериб туринг, ҳали ҳаммасини бир йўла бераман, йўл ҳақига қўшиб – деди. Дарров бердим. Икки-уч қадам юриб, изига қайтди.

– Ака, аксига олиб, телефонимнинг қуввати тугаб қолибди. Аэропортга бизни кутиб олишга одам чиқиши керак. Ҳозир қўнғироқ қилиб қўймасам, узоқдан келишади, улгуришмайди – деди.

     Яқинда ўғлим туғилган кунимга совға қилган телефонни бердим. 

– Шу ерда телефон қила қолинг, ҳам демабман. У одам ичкарига кириб кетди. Роса кутдим. Ярим соат, бир соат, на телефон бор, на пул...

– Шу қадар ҳам содда бўласизми, – десам, танишимиз «Ўзбекчиликда, ишонувчанмиз», деди синиқ табассум билан. 

     Йўқ, кимлардир бир ишорадан бутун дунёнинг кайфиятини билиб турган шундай замонларда бундай алданиш соддалик ҳам, ўзбекчилик ҳам эмас, айнан лақмаликнинг ўзидир. «Ўзбек» сўзининг обрўсини кетказмаганимиз маъқул.

ЙИГИТЧИЛИК – МАРДЛИК, ЖАСОРАТ ДЕГАНИ

     Худди шундай, ҳуда-беҳуда ишлатиладиган «йигитчилик» деган тушунча ҳам бор. Бир муносабат билан кафеда беш-олти ҳамкасб йиғилиб, ширингина давра қуриб ўтирибмиз. Ёнимиздаги столда сулувгина икки қиз. Ярашиқли кийинишган. Кўпдан буён кўришишмаган яқин дугоналарга ўхшайди. Секингина шивирлашиб суҳбатлашишарди. Узоқроқда жойлашган столдан бир йигит келди. Юз-кўзлари қип-қизариб кетганидан аҳволи маълум. Келиб қизларга тегажоқлик қила бошлади. Улар аввалига яхши муомала қилишди.

– Ака, жойингизга бориб ўтиринг, – дейишди.

     Аммо йигит шилқимлигини қўймади. Қўллари ҳам югура бошлаган эди, қизларнинг бири ўрнидан туриб, сумкаси билан бошига солди. Биз ҳам аралашдик. 
      Бирпасда кафе ходимлари, йигитнинг шериклари ҳам келишди.
 
– Йигитчиликда, энди, айбга қўшмайсизлар, – узрини айтган бўлди ўртоқларидан бири.

– Йигитчилик – мардлик, жасорат дегани. Эр бўлиб, эл юкини кўтаради, дегани. Синглиси тенги қизга кўз олайтиришнинг йигитчиликка мутлақо алоқаси йўқ. Бунинг оти бошқа, – дедик биз.

    Бир пайтлар жамоатчилик асосида судьяга маслаҳатчилик қилганман. Ҳарбийдан қайтиб келган йигит қўшнисининг уйида ҳеч ким йўқ пайтда унинг қизига тажовуз қилмоқчи бўлган. Яхшиямки, итининг вовуллашидан бошқа қўшниси хавотирланиб, югуриб чиққан. Шу зайл қизга бошига тушиши мумкин бўлган бебахтликдан асраб қолинган. Ҳиссиётларини жиловлай олмаган йигит эса судланган. 
     Шунда ҳимоячи:

– Йигитчиликда бўлиб туради. Бунга энди у қадар катта аҳамият бериш шарт эмас, – деди.

     Судья (Рустам Акбаров исм-шарифли, жуда ҳалол, кўп китоб ўқийдиган адолатли инсон эди раҳматли) жаҳли чиқиб, жавоб берган эди:

– Бир қизнинг номусини асраб қолган бўлса экан, йигитчилик қилган десак. Лоақал, кекса кампирга қудуқдан икки пақир сув олиб келиб бериб, оғирини енгил қилган бўлса экан, ишини йигитчиликка йўйсак. Бешармлик, уятсизлик қачондан буён йигитга сифат бўладиган бўлди? – деган гапларни айтиб, роса тузлаган эди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

     Ҳа, азизлар. Ҳар бир миллатга хос сўзларда ўша миллатнинг руҳи яшайди. Феъл-атворига сингиган бўлади. Демак, сўзларни билиб ишлатганимиз, ўз руҳиятимиздан узоққа олиб кетмаганимиз яхши. Ота-она, устоз, юрту халқ олдида бурчдор бўлганимиздек, миллат сифатидаги белгиларимиздан бири бўлмиш сўз ва тушунчалар олдида ҳам бурчдорлигимизни унутмаганимиз маъқул.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,  
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Манба: "Ишонч" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот