Такрорий гувоҳномалар ва бошқа маълумотлар бериш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20. 10. 2023 йилдаги "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида"ги 550- сонли қарорининг 13- боб 180 – 185- бандларига асосан, ФҲДЁ органи манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра ва тегишли далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар беради.
Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахснинг ўзига, унинг ота-оналарига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ишонч қоғозлари асосида бошқа шахсларга берилади. Вафот этган шахсга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда, вафот этган шахснинг туғилганлиги ҳақида маълумотнома берилиши мумкин.
Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар марҳумнинг яқин қариндошларига ва меросхўрларига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ишонч қоғозига эга бўлган шахсларга берилади.
Никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахсларнинг ўзларига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ишонч қоғозига эга бўлган шахсларга берилади.
Никоҳдан ажратилганда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги маълумотнома берилиши мумкин.
Болаларга ва муомалага лаёқатсиз шахсларга такрорий гувоҳномалар уларнинг ота-оналари (фарзандликка олганлар), васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш муассасалари маъмуриятларининг аризалари бўйича берилади.
Ота-онаси бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсларга ёки фуқаролик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) олмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ушбу шахснинг фотосурати ёпиштирилган, мазкур шахс таълим олаётган таълим муассасаси ёки яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган далолатнома асосида берилади.
Такрорий гувоҳнома олиш тўғрисидаги аризада ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми, манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, рақами, гувоҳнома сўралаётган шахснинг фамилияси, исми, ота исми, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома сўралганда — эр-хотиннинг фамилиялари, исмлари ва ота исмлари, далолатнома ёзуви қачон ва қайси ФҲДЁ органи томонидан қайд этилганлиги ва такрорий гувоҳнома қандай сабабга кўра талаб қилинаётганлиги кўрсатилиши керак.
Такрорий гувоҳнома олишни хоҳловчи шахс, доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, ФҲДЁ органи орқали мурожаат қилиши мумкин.
Далолатнома ёзуви бошқа ФҲДЁ органида қайд этилган бўлса, аризани қабул қилган ФҲДЁ органи уни далолатнома ёзувини қайд этган ФҲДЁ органига «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ижро учун жўнатади.
Ҳарбий хизматни ўтаётган шахсларнинг такрорий гувоҳномалари ҳарбий қисмларга жўнатилади.
Такрорий гувоҳнома олишда ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилиши керак.
Агар далолатнома ёзувининг баъзи устунлари тўлдирилмаган бўлса, у ҳолда чизиқлар қўйилади.
Бериладиган гувоҳномаларнинг юқори қисмига «Такрорий» деган белги қўйилади.
Д. Абдуллаева –
Андижон вилоят, Булоқбоши туман
ФҲДЁ бўлимининг 2-тоифали инспектори.