НИЗОМ
"ТАСДИҚЛАЙМАН"
"Шарқ юлдузи" ва "Звезда Востока"
журналларининг Бош муҳаррири,
Muzaffar.uz веб сайтининг
ҳуқуқий маслаҳатчиси,
журналист ва ҳуқуқшунос -
Сирожиддин РАУПОВ.
09.02.2024 йил.
Muzaffar.uz - маънавий-маърифий, ҳуқуқий ва ахборот веб сайти Таҳрир ҳайъатиининг
НИЗОМИ
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ушбу Низом Muzaffar.uz маънавий-маърифий, ҳуқуқий ахборот веб сайти (кейинги ўринларда –“Таҳрир ҳайъати” деб аталади) фаолиятининг ташкилий, маърифий, ҳуқуқий ва ижтимоий асосларини белгилаб беради.
1.2. Таҳрир ҳайъати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, «Ахборот олиш принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги, «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги» қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси, Олий Мажлиси қарорлари, ҳукумат қарорлари, фармойишлари, буйруқлари, топшириқлари, кўрсатмаларига ҳамда мазкур Низом ва фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан фаолият юритади.
1.3. Оммавий ахборот воситасининг расмий номи - Muzaffar.uz. Ихтисослашуви: адабий-бадиий, маданий, ҳуқуқий, кўнгилочар ва ахборот-тарғибот веб сайти. Таҳрир ҳайъати асосан, жисмоний шахслар (ижодкорлар)дан ташкил топган бўлиб, бошқариш ҳуқуқига, мустақил даромади, рамзи, гувоҳномаси, муҳри ва бланкларига эгадир. Таҳрир ҳайъати — ўзи ишлаб топадиган маблағлар ҳисобидан фаолият юритади.
1.4. Таҳрир ҳайъатининг мазкур Низоми таҳрир ҳайъатининг ўзаро келишувига асосан веб сайт ҳуқуқий маслаҳатчиси (ҳуқуқшунос) томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтган ва ҳуқуқий мақомига эга.
1.5. Таҳрир ҳайъати ижодий ҳамкорлари билан шартномалар тузиши, белгиланган тартибда интеллектуал ва муаллифлик ҳуқуқларни, қонунчиликка мувофиқ муаллифлар ва ижодкорларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Судда даъвогар ва жавобгар бўлиш ҳуқуқига эга.
1.6. Muzaffar.uz сайтининг даврийлиги — ҳар куни мақола, ҳикоя, шеър, интервью ва шу каби бўлимларда кўрсатиб ўтилган мавзуларни ёритиб боради. Веб сайт ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият юритиш ҳуқуқига эга.
2. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАСИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
2.1. Таҳрир ҳайъатининг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
- Muzaffar.uz веб сайти ўз янгиликларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон этган ҳолда, Ўзбекистон халқининг моддий-маънавий қадриятлари, миллий санъатнинг барча тур ва жанрлари ҳақида ахборот тарқатиш, айниқса, ёзувчи, шоир ва санъат аҳлининг энг яхши ижод намуналари, муаммолари, Республиканинг маданий-маърифий муассасалари фаолиятини ёритиш;
- Республика ижтимоий, маърифий, маданий, сиёсий, илмий, адабий, иқтисодий ҳаётида содир бўлаётган демократик ўзгаришларни ҳамда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни холис ва мунтазам ёритиб бориш, маданият ва санъат соҳасида турли ахборот ва маълумотлар бериб бориш;
- одамларда юксак маданият руҳини тарбиялаш, уларда ахлоқий-маънавий фазилатларни шакллантиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
- ёш авлодни миллий қадриятлар ва тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга кўмаклашиш ва бошқалар.
2.2. Таҳрир ҳайъати ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни бажаради:
- эълон қилинаётган мақолалар ва ахборотлар юқори профессионал даражада, объектив ва ҳаққоний бўлишини таъминлайди;
- умуминсоний маънавий-эстетик тамойиллардан келиб чиқиб, ўқувчиларда гўзаллик ҳиссини, соғлом бадиий дидни ривожлантиради;
- миллий-маънавий қадриятларга, давлатнинг тарихий анъаналарига қизиқиш ўсиб бориши муносабати билан Республиканинг бадиий-эстетик жараёнларини тушунарли шаклда ёритиб боради;
- Ўзбекистон адабиёти ва санъати, маданиятининг миллий ўзига хослигини чуқур ўрганиш ва ёритишга ёрдам беради;
- адабий-бадиий китоблар чиқаради, тарғибот-ташвиқот ва ахборот фаолиятини амалга оширади, адабий кечалар, театр ва кино томошалари, концерт тадбирларини ўтказади, бадиий ва бошқа кўргазмалар ташкил этади;
- ҳар бир ижодкор салоҳиятининг тўла намоён бўлишига эришиш мақсадида ижодий жамоада қулай иш шароитини яратади;
- ижодкорлар меҳнатини қадрлайди ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;
- Таҳрир ҳайъатининг уюштириладиган Халқаро ва Республика миқёсидаги турли адабий, маданий тадбирлар, кўрик танловларда иштирок этиши ҳамда бу ҳақида веб сайт саҳифаларида ёритишини таъминлайди;
- Ўзбекистон Республикасидаги ҳамда хорижий мамлакатлардаги даврий нашрлар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари, веб сайтлар билан алоқалар ўрнатади ва бу алоқаларни ривожлантириб боради;
2.3. Мамлакатимиз ва жаҳоннинг машҳур адабиёт, маданият ва санъат муассасалари, таниқли ёзувчи, шоир, санъат ва маданият намояндалари ҳақида туркум мақолаларни эълон қилиб боради.
2.5. Халқимиз, ёшларимизнинг руҳий оламини издан чиқаришга қаратилган турли маънавий таҳдидлар, паст савияли ёки плагиат асарлар, мамлакатимиздаги тинч ва осойишта турмуш тарзини издан чиқаришга уринаётган турли бузғунчи оқимлар фаолиятини фош қилувчи, халқимизни огоҳлик, ҳушёрликка даъват этувчи, уларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбияловчи материаллар бериб боради ва бу борада Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон "Адолат" сиёсий-демократик партияси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Театр Арбоблар уюшмаси, "Саодат" журнали ҳамда "Адолат" газетаси билан ҳамкорлик ишларини олиб боради.
2.6. Аҳолини қизиқтирган долзарб ва кўнгилочар, соҳага оид мавзуларда суҳбатлар, давра суҳбатлари, учрашувлар уюштиради.
3. ТАҲРИР ҲАЙЪАТИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Таҳрир ҳайъати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- веб сайтнинг дастурий йўналишини, мавзулари, бўлимларини ишлаб чиқишда қатнашиш;
- ташкил этилган тадбирларда бевосита иштирок этиш;
- ўзларининг ижод намуналари, асарлари ва тадбирларини тарғиб қилиш;
- қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқлар.
3.2. Таҳрир ҳайъатининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
- веб сайтни Низомда белгиланган вақтда сифатли ижод намуналари билан таъминлаш;
- муаллифлар ва ўқувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;
- веб сайтда муаллифлар, ижодкорларга оид маълумотларни тўлиқ бериб бориш, қувончли кунлари (туғилган кун, тўй-тантана)ларда табриклаш, қайғули кунларда таъзия билдириш;
- қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар.
4. ТАҲРИРИЯТ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ
4.1. Таҳрир ҳайъатига муҳаррирлар, аъзолар ва бош муҳаррир ўзаро кенгашган ҳолда тенг ҳуқуқлилик асосида фаолият юритади.
4.2. Бош муҳаррир ўз фаолиятини Таҳрир ҳайъати номидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга асосан берилган ҳуқуқлар доирасида олиб бориш ваколатига эга.
4.3. Бош муҳаррир Таҳрир ҳайъати фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишига жавоб беради.
4.4. Бош муҳаррир:
- ўрнатилган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузади, ижодий ҳамкорлик ўрнатади;
- барча муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан муносабатларда Таҳрир ҳайъати манфаатларини ҳимоя қилади;
- Таҳрир ҳайъати фаолияти масалаларига оид ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;
- қонунчиликка мувофиқ Таҳрир ҳайъати номидан ташкилотлар ва фуқароларга эътироз ва даъволар бериш ҳақида қарорлар қабул қилади;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланган ваколатлар доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади;
- оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон "Адолат" сиёсий-демократик партияси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Театр Арбоблар уюшмаси, "Саодат" журнали ҳамда "Адолат" газетаси, театрлар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан муносабатларда Таҳрир ҳайъати номидан иш юритади;
- веб сайтда эълон қилинадиган ҳар бир материал фақат бош муҳаррир рухсати билан амалга оширилади;
5. ВЕБ САЙТ ФАОЛИЯТИНИ ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИБ ТУРИШ
ЁКИ ТУГАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ
5.1. Оммавий ахборот воситасини тўхтатиб туриш ёки тугатиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг даъво аризаси асосида суднинг қарорига кўра амалга оширилади.
5.2. Оммавий ахборот воситасининг фаолиятини суд қарори билан тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан оммавий ахборот воситасига нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонун ҳужжатлари бузилиши такрорий огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.
5.3. Оммавий ахборот воситаси фаолиятини қайта рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган қонун ҳужжатлари бузилиши бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар Таҳрир ҳайъати томонидан судга тақдим этилганидан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.
5.4. Оммавий ахборот воситасининг фаолиятини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
- оммавий ахборот воситаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари Таҳрир ҳайъати томонидан мунтазам равишда бузиб келинганлиги, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Таҳрир ҳайъати номига ёзма огоҳлантиришлар юборилганлиги;
- суднинг оммавий ахборот воситаси фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;
- қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатлар.
5.5. Оммавий ахборот воситаси фаолиятини тугатиш уни рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.
5.6. Бундай ҳолларда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.
6. НИЗОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ
- Таҳрир ҳайъати Низоми жамоа аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва умумий тартибда тасдиқланади. Қабул қилинган Низом қоидалари Таҳрир ҳайъатининг барча аъзолари учун мажбурийдир.
- Низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш Низомни қабул қилиш ва тасдиқлатишдаги тартиб бўйича амалга ошади.