Далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритиш тартиби
Далолатнома ёзувига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 228- моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23. 10. 2023 йилдаги 550- сонли қарори билан тасдиқланган "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари"нинг 138 – 148-бандларига мувофиқ, далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш етарли асослар бўлганда манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра далолатнома ёзувлари сақланаётган ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлик, никоҳдан ажралганлик ҳақида далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризаларига кўра амалга оширилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризаларига кўра амалга оширилади.
Агар далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш керак бўлган шахс ўзи иштирок этмаган ҳолатда, консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ариза ва ишончнома асосида амалга оширилади.
Вафот этган шахсларнинг туғилганлик ва никоҳ тузилганлик ҳақида далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар киритиш суд қарорига асосан, ФҲДЁ органи томонидан киритилади.
ФҲДЁ органининг далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритишни рад этиши юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан 10 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак.
Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги аризага ариза берувчининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари: унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати илова қилинади.
Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза олинганда, ФҲДЁ органи ўзгартириш ва тузатишлар киритиладиган далолатнома ёзуви нусхасини, шунингдек, ўзгартириш ва тузатишлар киритиш учун асос мавжудлигини тасдиқловчи далолатнома ёзувлари нусхаларини улар сақланаётган жойдаги ФҲДЁ органидан “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали сўраб олади.
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритилганлиги учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.
М. Бахриддинова –
Андижон вилоят, Булоқбоши туман
ФҲДЁ бўлими мудираси.