ИНСОН ТАҚДИРДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛОЛМАЙДИ


Наргиза САЛМОНОВА: “ИНСОН ТАҚДИРДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛОЛМАЙДИ”

    Актриса Наргиза Салмонованинг кутилмаганда турк йигитига турмушга чиқиши ва унаштирув маросимининг худди эртаклардагидек бўлиб ўтганлиги кўпчилик орасида шов-шув бўлганди. Унинг тўй тантаналаридан кейин мухлислар дилида бир савол қолди: Энди Наргиза санъатни давом эттирармикин? Бундай саволларда жон бор, албатта. Негаки, турк йигитига турмушга чиқиб, Ўзбекистондан анча олисда яшаётган актрисанинг яна фильмларда иштирок этиши сўроқ остида қолаётганди. Қолаверса, унинг ҳозирги ҳаёти ва оилавий муносабатлари ҳақидаги маълумотлар ҳам мухлислар учун қизиқ. Шу бос биз Наргиза Салмонованинг турк йигитига турмушга чиқиши, ҳозирги ҳаёти ва келгусида санъатни давом эттириш ёки эттирмаслиги ҳақидаги маълумотларни унинг ўзидан эшитишга қарор қилдик.
   Бир турк дугонам бор эди. Ижтимоий тармоқларда дўстлашиб, ёзишиб турардик. Мени доим  инстаграмдан   кузатиб борарди у.  4-5 йил шу тарзда бир-биримизни кўрмай, гаплашиб юрдик. Шу қиз орақли турмуш ўртоғим мени таниган эканлар. 2017  йил Истанбулга ҳамкасбим Элмира Раҳимжонованинг уйига бордим. Ўша ерда айланиб юрганимда турк дугонам ёзиб қолди. Туркияга келибсан, энди бир-биримизни кўрайлик. Лекин мен Истанбулдамасман, Денизлида яшайман, деди. Кўришдик. Ҳаётда бошқача экансан, тилимизни анча ўрганибсан, деди у хурсанд бўлиб. Шу баҳона бир-биримиз билан яқиндан танишиб олдик. Ўшанда дугонам турмуш ўртоғим ҳақида айтиб қолди. Дўстим Эмраҳ Сайан сени ёқтириб қолибди, нияти холис экан, бир гаплашиб кўр, деди. Кўришдик. Ҳаммамиз бирга овқатландик. Ўйлаб кўришимни айтдим. Кейин мен Ўзбекистонга қайтиб кетдим. Тақдиримда бор экан, кейинчалик мен шу инсонга турмушга чиқдим. Истанбуллик дугонам туфайли турк тилига қизиқиб қолганим ҳам бежизга эмас экан. Аввалига, дугонам билан бир-биримизни тушунмадик. Кейинчалик аста-секин турк тилини ўргана бошладим. Дугонамга секинроқ гапир, дердим. Туркча киноларни кўриб, дугонам билан гаплашиб, бу тилни анча ўрганиб олдим. Туркияга келин бўлгач, бу менга жуда асқотди. Келин бўлишимдан олдин туркчани яхши ўрганиб олдим, деб ўйлагандим. Лекин тўлиқ билмаслигим турмушга чиққанимдан сўнг аён бўлди. Жуда кўп сўзларни билмас эканман. Бундай сўзларни қайнона-қайнотамдан ўргандим. Кўпинча туркча гапиришимдан қайнотам кулиб қўядилар. Кулманг, дейман хижолат бўлиб. Гапираверинг, ширин гапиряпсиз, дейдилар. Баъзан сабзавотларнинг номини билмасдим. Хўжайиним уйга бозорлик қилишга кетаётганда “анави қуёнлар ейди-ку, ўшандан бир кило олиб келинг”, десам сабзими, дердилар.  “Кўзни ачиштиради-ю саримсоқнинг акаси” дея пиёз ҳақида тушунтиришга уринардим. Шунақа қилиб, секин-секин турк тилини ўрганиб олдим.

ЭМРАҲ  САЙАН  КИМ ВА У ҚАЙСИ КАСБ ЭГАСИ?

    Турмуш ўртоғим Эмраҳ Сайан мендан икки ёш катта. Табиатдан жудаям оғир-босиқ, жиддий инсон. У кишини қайнонам ёшлигида шўх бўлган деса, ишонгим келмайди. Бундай камгап ва вазмин инсоннинг шўх бўлганлигини тасаввур қилолмайман. Бу балки касби туфайлидир. Бир хил пайт "бунчалик жиддий бўлманг", дейман. Касби ҳақида тўлиқ айтолмайман. Сабаби, буни ошкор қилишимни ўзи хоҳламайди. Давлат идораларидан бирида ишлаши ҳақида маълум қилишим мумкин. Худо хоҳласа, иккинчи касб қилиб, тадбиркор сифатида Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошламоқчи.

ФАМИЛИЯМНИ ЎЗГАРТИРМАДИМ

  Расман никоҳдан ўтганимизда мен Ўзбекистон фуқароси бўлганлигим учун эримнинг фамилясига ўтмадим. Аёл киши исломий томондан турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтиши жоиз эмас, деган гаплар ҳам чиқиб қолганди. Баъзи аёллар шу туфайли ўзининг қизлик фамилиясига ўтган пайтлари ҳам бўлди. Мен эримга шу ҳақда ҳам айтдим ва агар рози бўлса, ўз фамилиямда қолишимни билдирдим. У киши рози бўлди. Шунинг учун ўз фамилиямдаман. Фақат Салмонова фамилиямнинг давомига Сайан, дея қўшиб қўйдим.
    Турмуш ўртоғим ҳақида гапирадиган бўлсам, у жудаям романтик. Кутилмаган сюрпризлар қилишни яхши кўради. Бундай сюрпризлар илк бор қўлимни сўраган кунларидан бошланган. Ўшанда Туркиядаги  Султон Аҳмад масжидида диний никоҳимизни ўқиттирганимиздан кейин энди овқатланишга борамиз, дедилар. Хўп, дея ўзимга қулай бўлган  кийимларда бордим.  Мени нималар кутаётганидан хабарим йўқ эди. Билганимда қип-қизил кўйлакларда сочимга гуллар тақиб борармидим балки. Хуллас, машинадан тушиб, ҳайратдан қотиб қолдим. Тўғриси, йиғлавордим. Ўша куни ичкарида ўтирдик, овқатландик, сўнг кемадан ташқарида чиқдик. Лекин ўшанда ҳам нима бўлаётганлигини билганим йўқ. Кечки овқатимиз шу кеманинг ичида эканда, деб ўйладим. Бир пайт турмуш ўртоғим "тепага қарасанг-чи", - деди. Қарасам, ҳавода “Гулим, севгилим, менга турмушга чиқасанми?”, - деган сўзлар чиқиб келяпти. Вой, деб юборганман. Кутилмаган ҳолат бўлган мен учун. Бу ҳақда менга айтишингиз керак эди, дея турмуш ўртоғимдан хафа бўлганман. Агар олдиндан билсанг  табиийлиги қолмасди-ку, деди у. Лекин ютубда бу видеони кузатган кузатувчилар ҳар хил гаплар ёзиб ташлашибди. Шунақаям оддий борадими, сал башанг кийинса бўлмасмиди, деган таъналарни қилишибди. Ахир мен билганим йўқ эди эримнинг бунақа сюрпризини.

ТУРМУШ ЎРТОҒИМНИНГ БИТТА ХАРАКТЕРИ БИЛАН ЧИҚИШОЛМАЙМАН

     Ичида бирор ташвиш пайдо бўлдими, ўша чиқиб кетмагунча кўнглига ҳеч нарса сиғмайди. На мен билан очилиб гаплашади, на иштаҳа билан овқат ейди. Нима бўлди, деб қанчалик билишга ҳаракат қилмай, менга ҳеч нарса айтмайди. Бирор нарса ҳақида гапирсам "ҳа", деб туради-ю аслида эшитмайди. Муаммолари ҳақида бировга гапиришни истамайди.

КЎП ХИСЛАТЛАРИ ЁҚАДИ

     Турмуш ўртоғим, аслида мени ўзига хос хислатлари билан мафтун этган. Айниқса, жудаям меҳрибон ва раҳмдил эканлиги мени ҳайратга солади. Уйга бирор кичкина қўнғизча кириб қолса ҳам ўлдирма, деб уни салфетка билан ушлайдиларда ташқарига чиқариб юборадилар. Одатда эркаклар  бундай масалаларда шафқатсизроқ бўлишади-ку. Менинг турмуш ўртоғим бундай эмас. Ҳаммага раҳмдил ва меҳрибон. Агар мен хафа бўлсам шунақа кўнглимни кўтарадики, беш дақиқада ўша хафагарчиликни батамом унутаман. Дунёқарашлари жудаям кенг. Вафодор ва тўғрисўз инсон. Хуллас, оилага ҳақиқий қалқон бўладиган эркак.

ҚАЙСАРЛИГИМ ТУРМУШ ЎРТОҒИМГА ЁҚМАЙДИ

     Табиатимда қайсарлик бор. Бу ўзимг ҳам ёқмайди, албатта. Аммо шу одатимни ташлолмайман. Гапимда тургим келади. Қайнонам, онам ва опаларим аёл киши қайсар бўлмайди, итоаткор бўлади, дейишади. Мен эса ҳеч қайсарлигимдан қутулолмайман. Масалан, мушугимни Туркияга олиб келганимда турмуш ўртоғим фарзандли бўлгач, "Мушук энди биз билан яшамайди, бу боланинг соғлигига таъсир қилиши мумкин", - дейди. Мен эса: "Йўқ, биз билан яшайди. Чунки мен мушугимни яхши кўраман, у билан ҳатто бирга ухлаганман", - дея қайсарлик қиламан. Шунда қайнонам кўзларини қисиб, "хўп" деб қўйгин, дейди. Менинг эса "хўп" дегим келмайди.

МЕН ЎЙНАГАН ФИЛЬМЛАРНИ КЎРГАН, АММО...

     Тўйимиздан олдин турмуш ўртоғим мен суратга тушган ҳамма фильмларни кўриб чиққан экан. "Ҳеч нарса тушунмаганман, аммо сени кўриш учун томоша қилганман", - дейди. Тўйимиздан кейин "Энди бошқатдан кўрайлик, таржима қилиб бер" - деди. Ўтириб, фильмларимни бирга кўрдик, таржима қилиб бердим. Ҳозир ўзбекчани анча яхши тушуниб қолган.

УРФ-ОДАТЛАРИМИЗДА КАТТА ФАРҚ БОР

     Турклар билан бизнинг урф-одатларимиз ўртасида жуда катта фарқ бор экан. Қисман ўхшашлик ҳам бор. Масалан, қайнона-қайнотага, катталарга бўлган ҳурмат, динимизнинг бир хиллиги, мақолларимиздаги ўхшашлик, меҳмонга бўлган ҳурмат худди ўзбеклардагидек. Кескин фарқ қиладиган томонлари ҳам бор. Масалан, биз меҳмонга борсак, албатта, бирор нарса, ҳеч бўлмаса тўртт нон кўтариб боришга ҳаракат  қиламиз. Ёки уйга меҳмон келганда биз қорни тўқ бўлса ҳам дарров бирор овқат пиширишга киришиб кетамиз. Турклар унақа эмас экан. Меҳмон келса фақат олдига чой ва чақ-чуқлар қўйилади. "Овқат қўймаймизми?", - деб сўрасам, “Йўқ, бизда меҳмонни овқат учун алоҳида чақиришади” - дейишади.
   Туркияда мени жудаям яхши кутиб олишди. Улар ўзбек қизларини жуда яхши кўришади. Мендан кўпчилик ўғлига ёки бирор яқинига келин топиб беришимни сўрашади. Ўзбек қизи бўлсин, бизга сизларнинг қизларингиз ёқади, дейишади. Гаплашиш маданияти, сўзлашиши, одоби, оғир-босиқлиги, ҳаммани сизлаши, катталар уйга келса ўрнидан туриб, кутиб олишлари жуда ёқди, дейишди. Мен уларнинг олдинги турк қизларига ўхшар эканман. Ўзбек қизлари уйим-жойим дейдиган қизлар экан, дейишади. Шунинг учун бўлса керак, менга келин топиб беринг, деганлар жуда кўп. Ҳатто турмуш ўртоғимга ҳам айтишяпти бу ҳақда. Лекин мен бу масалада ўртага тушиш ниятим йўқ. Чунки бир марта шундай қилиб панд еганман. Бир дугонам мен сабаб турк йигитига турмушга чиқанди. Лекин ҳаётлари бўлмади, ажрашиб кетишди. Шунинг учун бировга сабаб бўлишдан қўрқаман.

ЎЗБЕКЛАРНИНГ СИЗЛАБ ГАПИРИШНИ ЯХШИ КЎРИШАДИ

     Ҳа, менинг катта-ю кичикни сизлаб гапаришим туркларнинг эътиборини тортди. Баъзан ўзимдан анча кичикларига сиздан каттаман, сенлаб гапирайми, десам йўқ, шуниси яхши, дейишади. Сизлаб гапиришимдан хурсанд бўлишади. Уларнинг ҳаммани сенсираб гапиришидан тўғриси, менинг ғашим келади. Масалан, бир дўконга кирсам хуш келдингиз, келинг нима берай, дейди-да, сўнг бирдан сенлашга ўтиб кетади. Ваҳоланки, ўша дўкондор қизлар мендан беш-олти ёш кичкина. Туркларнинг ҳатто ота-онасини ҳам сенлаб гапириши жуда ғалати. Турмуш ўртоғимга "Фарзандли бўлсак, боламиз бизни сизлаб гапирсин", - десам, у киши: "Нега, у бизга бегонами?", - дея ҳайрон бўлади. Уларда ўзига яқин олган инсонни сенлаб гапириш одати бор экан.

ТЎЙИМГА ЎЗБЕКИСТОНДАН КАМЧИЛИК ИШТИРОК ЭТДИ

   Тўйимга Ўзбекистондан жуда кўпчиликни таклиф қилдим. Дугоналарим, ҳамкасбларим ва бошқа таниш-билишларнинг ҳаммасига тўй таклифномасини бердим. Лекин таклиф қилинганларнинг ҳаммаси боролмади. Сабаби, кимнингдир имконияти ёки шароити тўғри келмади. Кимнингдир иши чиқиб қолди. Хуллас, Ўзбекистондан тўйимга камчилик боришди. Қариндош-уруғларимиз боришди, албатта. Хонанда Самандар Ҳамроқуловга қўнғироқ қилиб, тўйимга таклиф қилсам, у киши хизматга чақиряпти, деб ўйлабди. Ўзимнинг тўйим эканлигини ва бу маросим Истанбулда бўлишини айтганимда ҳайрон бўлди ва албатта боришини айтди.

САНЪАТНИ ДАВОМ ЭТТИРАМАН

   Худо хоҳласа, санъатни  албатта, давом эттираман. Турмуш ўртоғим бунга қаршилик қилмади. У кишининг айтишича, бизнинг киноларимизда одоб доирасидан четга чиқилмас экан. Бу ҳолат  у кишига жуда ёқибди. 
- Агар сен турк актирисаси бўлганингда, сенга уйланмасдим, шунинг учун ишингни бемалол давом этиришинг, мумкин, - деди. Фақат кийинишимга ва хатти-ҳаракатларимга эътиборли бўлишим керак экан. Шунинг учун ҳалиям инстаграмдаги саҳифамдаги актриса деган ёзувни ўчирмадим. Санъатимни Туркияда ҳам давом эттиришим мумкин. Бунга ҳам хўжайиним рухсат берди. Фақат ўзим бир йил танаффус қилишни хоҳладим. Бегона жойга мослашишим керак эди. Қайнона-қайнотамнинг хизматини яхшилаб қилишни хоҳладим. Уйдаги келинлик вазифаларимни бажардим. Мана орадан бир йил ўтди. Энди санъатни давом эттириш ниятидаман..

“ЗИРАПЧА”  КЎРСАТУВИНИ КЎРИБ БОРДИМ

    Келинлик пайтимда ўзбек фильмларини кузатолмадим. Лекин “Зирапча” кўрсатувини қолдирмай кўриб бордим. Баъзи жойларида йиғлаб ҳам олдим. Шу кўрсатув орқали Ўзбекистон  нафасини ҳис қилиб турдим. Уй ишларидан ташқари,  психологик ва диний китоблар ўқидим. Интернетдаги Ютуб каналини кузатиб бордим. Шунда баъзи ҳамкасбларимнинг баъзи гаплари мени жуда хафа қилди. Ўзини сувдан қутқазмоқчи бўлган инсон бировни айбини айтиб, ундан  чиқмоқчи бўлса, бу жуда хунук ҳолат. 

ТАҚЛИД САНЪАТИГА ҚИЗИҚАМАН

   Тақлидчилик қонимда бор бўлса керак. Оддий суҳбатлашиш давомида ҳам шунчаки гаплашиб ўтирмайман. Кимнингдир гапини айтиб бераётганимда ўзим билмаган ҳолда образга кириб кетаман. Бундан кўпинча қайнонам ўхшатдинг, деб кулиб юборади. Вой, ўхшатдимми? - деб қоламан. Кўпинча, қариндошларни, қўни-қўшниларни тақлид қилиб бераман. Турмуш ўртоғим баъзан жудаям диққатлисан-а , - дея пичинг қилиб қўяди. Кўп ҳолларда атайлаб тақлид қилмайман. Шунга ўрганиб қолган бўлсам керак-да. Устозларимиз тақлид санъатини жуда яхши ўргатишган бизга. “Одамлар билан гаплашаётганда ҳар доим хотирага ёзиб олиш имкониятинг ёниқ турсин. Қандай гапиряпти, қандай куляпти, эътиборли бўлсанг, бу ўзингга келгусида захира бўлади ва бирор роль ўйнаётганингда қийналмайсан, дейишган. Бу хислат менга кўпроқ онамдан ўтган бўлса керак. У киши бирор жойга бориб келса, мен ҳам ўша жойга  боргандек бўламан. Шунақа ўхшатиб тасвирлайдики, ҳайратдан лол қоласан киши. 

НЕГА ЎЗБЕК ЙИГИТИГА ТУРМУШГА ЧИҚМАДИНГИЗ, ДЕГАН САВОЛЛАР КЎП

    Биринчидан, бу тақдир. Инсон ўз тақдирига ишониши керак. Қисмат битиги инсон ҳомила бўлиб пайдо бўлганига уч ой тўлганда, тақдири азал пешонасига ёзилар экан. Бунга ҳар бир инсон иймон келтириши керак, менимча. Мен ҳам туркка, қозоққа ёки ўзбекка тегаман, деб олдиндан режа қилмаганман. Ҳатто "Мен турмушга чиқмайман", - дердим. Турмушга чиққан дугоналаримнинг оғир ҳаётини кўриб, менда шу фикр пайдо бўлганди. Онамга ҳам "Мен турмушга чиқмайман, сизнинг ёнингизда қоламан", - дердим доим. Лекин менинг айтганим эмас, Аллоҳнинг айтгани бўлар экан. Турк йигитига турмушга чиқишим мутлақо тасодиф бўлди. У киши билан илк марта учрашганда-ёқ "Хўп бўлади", - деб жомадонимни кўтариб тегиб кетмаганман. Агар шу инсон билан турмушим хайрли бўлса, тақдиримизни бирлаштир, хайрли бўлмаса, ундан мени узоқлаштир, деб Худодан астойдил сўраганман. Демак, хайрли эканки, эримни кўрганимда юрагим жиз этди. Хайрли эканки, ҳатто юрак ютиб Туркияга кетишгача жазм этдим. Баъзилар турк йигитига турмушга чиққаним учун Инстаграмга баъзи бировлар “Бу Ватан хоини, буни Ўзбекистонга киритмаслик керак", - деб ёзиб ташлашибди. Буни ўқиб, яхшиям шунақа одамлар давлатни бошқармайди, дейман. Ахир мен ғайридинга турмушга чиққаним йўқ-ку. Динимиз бир, тилимиз, урф-одатларимиз яқин. Қолаверса, худди ўзбеклар каби турк эркакларининг ҳам ор-номуси ва рашки қаттиқ. 

ҲАЁТИМДАН МАМНУНМАН

    Аллоҳга чексиз шукрлар бўлсинки, бугунги ҳаётимдан мамнунман. Фақат юрт соғинчи қийнаркан бироз. Ўзбекча кўрсатувларни ютубда кўриб, мусиқаларини эшитиб, шунақа соғиниб кетаманки, буни тасаввур қилиш жуда қийин. Энди тушундим, юртдан кетган боболаримизнинг соғинч тўла дил армонларини. Заҳириддин Бобурнинг юртни қўмсаб ёзган ғазаллари мағзини энди чақаётгандекман. Буни ич-ичимдан ҳис қилдим. Кўчада турмуш ўртоғим билан юрсам, у киши ўзбекка ўхшаб кетадиган одамларни кўрсатиб, шу киши ҳам ўзбек шекилли, дейди. Кўзларим порлаб кетади. Бир куни қирғиз миллатига мансуб бир инсонни учратиб қолдик. Шунга ҳам роса қувониб кетдим. Юрт соғинчини бироз унутиш учун уйимдаги мушугимни ҳам Туркияга олиб келганман, аслида. "Ҳа, Ватандош", деб қўяман гоҳида мушугимга. Инсон юртдан узоқда яшаса, унинг энг ёмон одамини ҳам соғинаркан. Мен ҳам Тошкентимнинг ҳар бир одамини соғиниб яшаяпман.

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯШАШ НИЯТИМ БОР

     Албатта, ўз ватанимда яшаш ниятим бор. Фильмларда суратга тушсам айниқса, сериаллар беш-олти ойлаб давом этади. Бу ҳам мен учун Ўзбекистонда яшаш дегани. Қловерса, юқорида айтганимек, турмуш ўртоғим Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини ҳам бошлаш арафасида турибди. Орзуим турмуш ўртоғимга яхши рафиқа, қайнонамга яхши келин бўлсам, дейман. Бўлажак фарзандларим эсли-ҳушли, тарбияли ва ҳақиқий инсонлар бўлиб вояга етишини истайман. 

Гулруҳ ЁРМАТОВА тайёрлади.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот