Қонунга шарҳ


   “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

   Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сон Қонун қабул қилинди.
   Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган ер участкалари мавжуд.
   Қолаверса, амалдаги қонунчиликда ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган.
   Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган. Хусусан:

- республика бўйича: 03.08.2016 йилдаги 251-сон Ҳукумат қарори асосида 695 738 та, 20.04.2018 йилдаги ПФ–5421-сон Фармон асосида 621 580 та;
- айрим ҳудудларда: 19.04.2021 йилдаги 223-сон Ҳукумат қарори асосида;
- Нукус шаҳрида, 13.08.2021 йилдаги 520-сон Ҳукумат қарори асосида;
- Асака, Шаҳрихонда, 28.07.2023 йилдаги ПФ–119-сон Фармон асосида Қорақалпоғистонда.

   Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
   Қонун 35 моддадан иборат бўлиб, 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
   Мазкур Қонун 3 ойдан кейин кучга киради.
   Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда:

1) 2018 йил 1 май кунига (2018 йилдаги “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
4) 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
   (“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ (15.09.2020 й. таҳрири) вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг ер муносабатлари соҳасидаги қарорлари Халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланиши назарда тутилган.
5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари (“БУШ”) ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга (Низом қабул қилингунига) қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.

   Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.
   Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);
6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

   Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

   Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
   Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади
   Қонун билан ҳуқуқларни эътироф этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
   Ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили вилоят ҳокимлари таклифлари асосида режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:

1) Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади (15-модда);
2) 10 дан ортиқ ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади (16-модда, 2 ой);
3) Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади;
4) манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ушбу маълумотлар бўйича ваколатли ташкилотларга шикоят қилиши мумкин (17-модда 1 ой);
5) тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали Адлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан ўрганиб чиқилади (18-модда, 2 ой);
6) ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади (фуқаро ариза бериши талаб этилмайди) (19-модда);
7) хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

   Иш давомида юзага келадиган жорий масалаларни ҳал қилиш учун халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан барча ваколатли органларнинг туман бўлинмаларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилади (13-модда).
   Ҳуқуқларни эътироф этганлик учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилиши қайд этилмоқда:

1) Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм);
2) Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари (1,02 млн сўм);
3) вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари (680 минг сўм);
4) бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм);
5) Қолган ҳолларда эса (ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ерлар, тижорат мақсадлари учун ажратилган ерларда), бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади (ўртача аукцион баҳоси туманлар ва маҳаллалар кесимида Давактив агентлиги томонидан ҳар олти ойда эълон қилинади).

   Бунда, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади (бир марталик тўловларнинг 64% қисми кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги инфратузилмани ташаббусли бюджетлаштириш тадбирларига йўналтирилади).
   Бинолар ва иншоотлар, шу жумладан якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ер фондининг тоифаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилади.
   Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи эътироф этилиши ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аҳоли пунктларининг ерлари ёки саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифаларига ўтказилишига асос бўлади.
   Якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасининг тоифаси ўзгариши муносабати билан фуқаролардан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар ундирилмайди.
   Давлат ва жамоатчилик назорати:
   Прокуратура, ички ишлар, қишлоқ хўжалиги, экология ва кадастр органлари Қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатади.
   Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.
   Жамоатчилик гуруҳига маҳалла жойлашган округдан сайланган туман Кенгаши депутати (гуруҳ раҳбари), маҳалла раиси, ҳар 100 нафар оиладан камида 1 нафардан фуқаролар киритилади.
   Вазифалари: аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш, маълумотлар тўғрилигини кузатиб бориш, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари қарорлари лойиҳаларининг муҳокамасида иштирок этиш ҳисобланади.
   Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.
   Шунингдек, аҳолининг ижтимоий (прописка, моддий ёрдам, мактаб, боғча) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон беради.

Раупов Азизбек Саттарович - 
Андижон шаҳар адлия бўлими бошлиғи, 
1-даражали юрист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот