Кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш


ЯНГИ ҚОНУН!

Кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш шартлари ва тартиблари!

   Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
   Қонунга мувофиқ, кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса)
6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

   Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

   Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
   Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади
   Қонун билан ҳуқуқларни эътироф этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
   Ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили вилоят ҳокимлари таклифлари асосида режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:

1) Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади (15-модда);
2) 10 дан ортиқ ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади (16-модда, 2 ой);
3) Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади;
4) манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ушбу маълумотлар бўйича ваколатли ташкилотларга шикоят қилиши мумкин (17-модда 1 ой).
5) тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали Адлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан ўрганиб чиқилади (18-модда, 2 ой);
6) ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади (фуқаро ариза бериши талаб этилмайди) (19-модда);
7) хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

   Иш давомида юзага келадиган жорий масалаларни ҳал қилиш учун халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан барча ваколатли органларнинг туман бўлинмаларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилади (13-модда).

Ш.Абдурахмонов -
Андижон вилоят, Избоскан туман 
Адлия бўлими бошлиғи. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот