Фуқароларга бевосита дахлдор бўлган қонун
Қарийб 4 миллион нафар фуқароларга бевосита дахлдор бўлган қонун қабул қилинди.
Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган ер участкалари мавжуд.Қолаверса, амалдаги қонунчиликда ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган.
Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун 35 моддадан иборат бўлиб, 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Мазкур Қонун 3 ойдан кейин кучга киради.
Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда:
1) 2018 йил 1 май кунига (2018 йилдаги “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
4) 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари (“БУШ”) ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга (Низом қабул қилингунига) қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.
Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.
Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:
1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса)
6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).
Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:
1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.
Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади
Абдурахмонов Сайдулло -
Андижон вилоят, Пахтаобод туман
Адлия бўлими бош маслаҳатчиси.