МЕРОС ИШИ ТУШУНЧАСИ
Фуқароларимиз нотариал идораларга, жойларда ўтказиладиган турли сайёр қабуллар билан боғлиқ тадбирларда айна шу масалада кўпроқ мурожаат этишлари кузатилмоқда. Шу боис ҳам ушбу мақоламни мерос, уни бериш тартиби ва қандай асосларга кўра меросхўр бўлиши мумкинлиги тўғрисида ёзишга қарор қилдим. Инсоннинг умри абадий эмас, лекин унинг вафотидан кейин унга ҳаётлигида тегишли бўлган, унинг вафотидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос бўлиб қолади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра мерос ишни очиш ва расмийлаштириш нотариуслар ваколатига киради. Меросни очиш марҳумнинг охирги доимий яшаган жойидаги нотариуслар томонидан амалга оширилади.
Нотариуслар амалиётидан оладиган бўлсак ҳар бир мерос иши бир-биридан фарқ қилади. Шу боис ҳам мерос ишларини расмийлаштиришда тақдим этиладиган ҳужжатлар, маълумотлар ҳамда уларни йиғишга кетадиган вақтда ҳам бошқа нотариал ҳаракатларга нисбатан фарқли бўлади. Сабаби, меросдан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар таркиби турлича бўлади. Содда қилиб айтганда, кимнингдир бир нафар меросхўри ёки ундан ортиқ, кимдир меросхўр бўла туриб меросни олишга улгурмай вафот этган, васиятноманинг мавжудлиги ёки акси ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар.
Мамлакатимизда бугунги нотариатга низоларни олдини олишга қаратилган институт сифатида қаралмоқда ва бу қатор норматив ҳужжатлар билан мустаҳкамланган. Афсуски айрим ҳолларда меросхўрлар ёки меросга дахли бўлмаган фуқаролар томонидан мерос ишларини ҳал этилишида нотариусларни иш жараёнига аралашадилар ва низоларни келиб чиқишига сабабчи бўладилар. Кўп ҳолларда нотариус меросхўрларни расман ворисликка чақиришларига қарамасдан қасддан талабни бажармайдилар, нотариал идорага келмайди ва меросни қабул қилган меросхўрлар билан низолашадилар.
Нотариус меросхўрларни ворисликка чақирганда кимнидир меросдан маҳрум қилиш учун эмас, балки унга тегиши керак бўлган қонуний улушини маълум қилиш ва бериш, меросни тақдирини аниқлаш учунгина нотариал идорага келишини сўрайди. Ворисликка чақирилган меросхўрларнинг нотариал идорага келмаганлиги бошқа меросхўрларга мерос мол-мулкидаги улушларига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилишига тўсқинлик қилмаслигини тушуниш лозим. Нотариус бундай ҳаракатлари билан низоларнинг олдини олишга ва меросни қонуний ҳал этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади.
Мерос ишларини қонуний ҳал этишнинг муҳим шартлардан бири бу - меросхўрлар таркибини ва мерос массасини аниқлаш. Бу ҳам ўз навбатида нотариус учун мураккаб жараёнларда бири бўлиб қолмоқда, сабаби, амалиётда била туриб меросхўрлар таркибини яширишга уринадиган меросхўрлар ҳам учраб туради. Оқибатда эса нотариуслар томонидан расмийлаштириб берилган мерос гувоҳномалари судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига олиб келиши ҳам мумкин.
Нотариус меросхўрлар таркибини меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани сўраб мурожаат этган шахснинг аризасида кўрсатилган меросхўрлар, тақдим этилган ҳужжатлар, улар билан шахсий мулоқот давомида ёки фуқаролар томонидан тақдим этилган маълумотларга шубҳа туғилган тақдирда нотариус қонунларда белгиланган тартибда тегишли ташкилотлардан сўровномалар орқали аниқлаш чораларини кўради.
Аксарият ҳолларда мерос ишини расмийлаштиришни сўраб мурожаат этган фуқаролар нотариус томонидан дастлабки талаб этиладиган ҳужжатлардан чўчиб тушадилар. Лекин бу ҳужжатлар аслида мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини аниқлаш учун зарур бўлади. Буларга ўлим ҳақидаги, туғилганлик ҳақидаги, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ва суднинг қариндошлик фактларини белгиловчи ҳужжат киради.
Таъкидлаб ўтиш жоиз бугунги кунда Республикамизда фаолият олиб бораётган нотариуслар бу каби маълумотларнинг аксариятини электрон тартибда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали олиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Бу эса нотариус ҳамда фуқароларимизга бир мунча қулайлик яратади. Айнан мерос ишларини расмийлаштиришда фуқароларнинг ортиқча сарсон қилмасдан, улар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ва тўлдириш ҳам тизим орқали бажарилади.
Фуқароларимиз мерос ишини расмийлаштиришни сўраб мурожаат этганда нотариус дастлаб мерос қолдирувчининг васиятномаси бор ёки йўқлигини, муқаддам мерос иши очилган ёки очилмаганлигини, мерос мулкига нисбатан тақиқ борли ёки йўқлигини ҳам тизим орқали текширади. Бунинг учун фуқаро нотариал идорага мерос қолдирувчининг вафот этганлиги тасдиқловчи ўлим ҳақидаги гувоҳномаси, ўзининг шахсини ва қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжати, паспорт, туғилганлик, никоҳ гувоҳномаси ҳамда мерос мол-мулкини мерос қолдирувчига тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат этишлари мумкин.
Юқорида айтилганидек мерос иши мураккаб жараён шу боис мазкур ишларни расмийлаштиришда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Шуни унутмаслик керакки, мерос ишларини расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда маълумотлар учун фуқароларнинг ўзи ҳам жавобгардирлар. Шунингдек, нотариуснинг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, нотариусга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳам фуқарони маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Сўзимнинг якунида шуни таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, юқорида баён этилганлар, бу мерос ишларини расмийлаштиришдаги дастлабки асосий ҳаракатлардир.
З. Мансуров -
Андижон вилоят,
Балиқчи туман, Адлия бўлими
бош маслаҳатчиси.