Эр-хотин никоҳдан ажратилаётганида...


Эр-хотин никоҳдан ажратилаётганида суд томонидан ҳал этилиши керак бўлган масалалар

   Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 38-моддасида никоҳдан ажратиш тартиби белгиланган, суд тартибида никоҳдан ажратиш ушбу  кодекснинг 40-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади. Мазкур кодекснинг 39-моддасида хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак. Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, мазкур кодекснинг 41-моддасига асосан уларни  никоҳдан ажратади.
    Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.
   Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 44-моддасига асосан, никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши; вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши; эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши; эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.
    Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.
   Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

И. Б. Садиков - 
Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман
Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот