Ходимларга берилган баъзи имтиёзлар ҳақида


Янги таҳрирдаги  “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси”даги 
ходимларга берилган баъзи имтиёзлар ҳақида

   Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 28.10.2022 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги №798-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.
   Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини 240-моддаси. Иш ҳақи қисман сақланадиган таътил.
   Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги белгиланиши мумкин.
   Ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала ҳар бир муайян ҳолда меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал этилади. Ходимнинг унга бундай таътил берилишига розилиги иш берувчига ёзма ариза бериш орқали билдирилади.
   Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра унга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.
   Ходимнинг қисман сақланадиган иш ҳақининг миқдори ва ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига иш ҳақи қисман сақланадиган таътилни қўшиш ёки қўшмаслик тўғрисидаги масала жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади. Бунда ходимнинг сақланиб қоладиган иш ҳақи миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ходим иш ҳақи қисман сақланадиган таътилда бўлган даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилган бўлса, ушбу оширилишни ҳисобга олган ҳолда ходимга тегишли иш ҳақи миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак.
   241-модда. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил тушунчаси ва уни беришнинг умумий тартиби
  Иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади.
   Ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак.
   Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан олти ойгача кўпайтирилиши мумкин.
   Мазкур кодекснинг 333-моддасида  Ходимга иш ҳақи тўлашни ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгиланган.
   Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт. Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.

Н. С. Садиков -
Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман
Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот