Ҳомиладор аёлларга имтиёзлар


Ҳомиладор аёлларга ҳамда қарамоғида уч ёшгача бўлган  
фарзандлари бор аёлларга меҳнат кодексида берилган имтиёзлар

   Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 119-моддасига кўра, ҳомиладорлик ёки фарзандлар борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади. Бундан ташқари, мазкур кодексининг 392-моддасига кўра, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.
    Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда, рад этиш сабабларининг ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосини ҳомиладор аёл ёки фарзандлари бор шахс талабига кўра 3 кун ичида тақдим этиши шарт. Ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини тақдим этмаганлик ишга қабул қилишни рад этганлик устидан шикоят қилишга монелик қилмайди.
   Аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.Жиноят кодекси 148-моддасига кўра, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.  Кодекснинг 129-моддасига кўра, ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота ҳамда васий ҳам ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
   Мазкур кодекснинг 394-моддасига кўра, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади.
    Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим. Кодекснинг 163-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар кодекснинг 408-моддаси ва 3 ёшгача боласи бўлган ходимлар кодекснинг 409-моддаси учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббуси яъни мазкур кодекснинг 161-моддасига кўра бекор қилиш тақиқланади. Бироқ ушбу тақиқ ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолият тугатилганда қўлланилмайди.
    Шунингдек, кодекснинг 408-моддаси 1-қисмига кўра,ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно, 186-моддасига кўра, иш берувчи ушбу кодекснинг 398-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшгача бўлган бола (ўн олти ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра тиббий хулосага биноан тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт. Кодекснинг 227-моддасига кўра,биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили аёлларга 6 ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади, 228-моддасига кўра, аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда берилади. Шунингдек, ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътили:биринчи иш йили учун — ишлаб берилган вақтдан қатъи назар; кейинги йилларда — таътиллар бериш жадвалидан қатъи назар берилади, 229-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда ходим ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга бўлиб, 232-моддаси 2-қисмига кўра, 18 ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

И. Б. Садиков - Андижон вилоят,
Қўрғонтепа туман Юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот