ҚОНУН ҲАММАГА БАРОБАР
ҚОНУН ҲАММАГА БАРОБАР ЁКИ ҲЕЧ КИМ ҲУҚУҚ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА ЭМАС
Афсуски, ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда баъзан ахлоқ меъёрларидан, айрим ҳолларда ҳатто қонун чегарасидан чиқиб кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Одамларда интернетда ҳақоратлаш, туҳмат қилиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатиш учун жазолаш йўқ, деган тасаввур ҳам бор, шекилли. Қолаверса, бировнинг номи остида аккаунт очиб, шахсини таниб бўлмас сурат остига беркиниб олинса, топиб бўлмайди, деб ўйлашлари ҳам мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, ихтисослашган техник воситалар ҳар қандай аккаунт эгасини топиб олиш имконини беради, улкан серверларнинг хотираси сиз ўчириб юборган маълумотларни асраб қолади.
Ижтимоий тармоқлар деган иборанинг ўзида унинг оммавийлигига ишора бор. Яъни унда иштирок этувчилар фақат журналистлар ёки зиёлиларгина эмас. Қўлида телефони бор ва унга дастурий иловаларни юклаган ҳар бир инсон бу баҳсларнинг иштирокчиларидир. Улар орасида турли даражадаги билимга, маданиятга, маҳнавиятга эга кимсалар бор ва, табиийки, маданиятсизлари, жанжалкашлари, ўжар ва қайсарлари бор.
Ҳуқуқий маданият эса – жамиятимизнинг оғриқли нуқтасидир. Қонунчиликни аксарият иштирокчилар билмайди ва ҳатто билганларнинг ҳаммаси ҳам қонунга риоя қилавермайди. Ажабки, қонунга риоя қилмаган ҳолда қонунга риоя қилишни талаб ҳам қилади.
ШАХСДА ТАНҚИД ҲУҚУҚИ БОР, ТАХДИД, ТУҲМАТ ЁКИ ҲАҚОРАТ ҲУҚУҚИ ЙЎҚ.
Ҳеч кимда бировни, шу жумладан мансабдорларни ҳам ҳақорат қилиш ҳуқуқи йўқ. Шу билан бирга, мансабдорлар ўз фаолиятларига нисбатан айтилган танқидни шаънлари ва қадр-қимматларига тажовуз деб тушунмасликлари керак.
Ҳаммани бирваракайига айблай олмаймиз ва ундаги салбий ҳолатлар туфайли тараққиёт воситаси бўлган бу тармоқларни ёпиб қўя олмаймиз. Ижтимоий тармоқлар улкан ижобий ролни ҳам ўйнамоқда. Ундаги мунозаралар ва муҳокамалар фуқароларни тўлқинлантираётган муаммолардан хабардор бўлишга, муаммоларни муҳокама қилишга, ечимларни излашга йўл беради.
Шу билан бирга ижтимоий тармоқлар ҳам қонун доирасидан четда бўлган ва холи турадиган жой эмас. Қонунчилик бу соҳага ҳам алоқадордир.
Оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва бошқа ижтимоий тармоқ иштирокчиларига нисбатан айбловларнинрг аксарияти туҳмат ёки ҳақорат қилишда, ёлғон хабар тарқатишда, ваҳима уйғотишда айблашлардир.
ТУҲМАТ НИМА?
Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида» кодексининг 40-моддасида туҳмат қилганлик, яъни бошқа шахсни бадном қилувчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик учун Маъмурий жазо – энг кам иш ҳақининг йигирма баробаридан олтмиш баробаригача жарима белгиланган. Туҳмат қилингани учун Маъмурий жазо қўлланганидан сўнг содир қилинган туҳмат жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатишдир. Бу жиноят жарима солиш, мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш, озодликни чеклаш ёки ҳатто озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Биз ушбу моддаларда тилга олинган ҳуқуқий ибора ва атамаларнинг маҳносини англаб олишимиз лозим. «Туҳмат қилиш учун уйдирмалар тарқатиш» деганда фақат матбуотда ёки ижтимоий тармоқда тарқатиш англанмайди, туҳмат маълумотларни ҳеч бўлмаса бир кишига исталган шаклда (оғзаки, ёзма равишда, телефон орқали ва бошқа воситалар билан) етказиш тушунилади. Кўряпмизки, бир инсон ҳақида иккинчи инсон учинчи инсонга уйдирма хабар етказишининг ўзиёқ жиноят ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш ишни янада оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади, холос.
«Уйдирма» деганда, уйдирмачи томонидан тарқатилган амалда мавжуд бўлмаган ёки сохталаштирилган ходисаларни тушуниш керак. Рост бўлган, лекин шахсни обрўсизлантирадиган маълумотларни тарқатиш туҳмат жиноятининг таркибини вужудга келтирмайди. Туҳматдаги уйдирмалар мутлоқо ёлғон ёки шахсни обрўсизлантирадиган бўлиши лозим. Бундай ишларни кўраётган суд ҳар бир алоҳида олинган ҳолатда маълумотларнинг ёлғон ёхуд обрўсизлантирадиганлиги масаласини ечиши лозим. Жиноят бошқа кишини обрўсизлантирадиган ёлғон уйдирмани ҳеч бўлмаганда бир кишига етказилган ҳолатда тугалланган ҳисобланади. Жиноятни баҳолаш учун айбдорнинг илгаридан ўзи тарқатаётган уйдирмаларнинг ёлғонлигини билиши жуда муҳимдир.
«Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситали орқали туҳмат қилиш» деганда, китоблар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа асарлардаги ёхуд радио, телевидение, видео тасвирлари ва ҳакозолар, жумладан интернет ва ижтимсоий тармоқлар орқали қилинган туҳмат тушунилади.
Шуни айтиш керакки, туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш била туриб ғаразли мақсадларда амалга ошириладиган жиноятдир. Бу шуни англатадики, журналист ёки ношир ўзлари тарқатаётган маълумотларнинг уйдирма эканини аввалдан билган бўлишлари ва муайян шахсни бадном қилишни истаган бўлишлари лозим.
Албатта, бундай туҳмат, ҳақорат ёки ёлғон маълумотларнинг тарқатганлари учун ижтимоий тармоқлардаги постлар муаллифлари ва журналистлар жавобгардирлар: била туриб уйдирма маълумотларни тарқатсалар – туҳмат қилганликлари учун жиноий жавобгарлик мавжуд, билмасдан, беғараз хато қилиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатсалар – фуқаровий қонунчиликка биноан шахснинг шаъни ва қадр-қиммматини бадном қилганлари учун жавобгарликка тортиладилар.
Ижтимоий тармоқлар иштирокчиларига ва журналист ҳамда блогерларга шуни айтиб қўйишимиз жоизки, мазкур ишлар тўғрисида эҳтиёткорлик, омилкорлик ва чуқур ҳуқуқий билим билан ёзиш керак. Матнда фақат текширилган ва ҳужжатлар, гувоҳликлар билан тасдиқланган фактик маълумотларни келтириш лозим, у ёки бу шахсларнинг мазкур жиноий ходисалар ва ҳаракатларга дахлдорлигини шубҳасиз далиллар мавжуд бўлганда айтиш керак. Албатта, мазкур шахслар устидан аниқ жиноятчи, деб ҳукм чиқармаслик шарт.
Ҳ А Қ О Р А Т НИМА?
Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида» кодексининг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситишдир. Ҳақорат қилганлик жиноятининг таркиби учун тарқатилган маълумотнинг (хат, расм, уят сўзлар ва ҳакозонинг) ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги муҳим эмас. Дейлик, ақли ноқис кишини «жинни» дейиш, гарчанд ҳақиқатга тўғри келса-да, барибир ҳақоратдир, бу ерда туҳматга асос бўлувчи уйдирма йўқ, аммо барибир ҳақорат бордир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлашдир. Бу жиноят жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
«Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш» деганда, жабрланувчига нисбатан содир этилган ҳар хил ҳаракатларда, масалан, уят гаплар билан сўкиш, турли ҳақоратли сўз ва ибораларни ёзиш, бетга тупуриш, бадани билан ахлоқсиз ҳаракатлар ёки имо-ишоралар қилиш ва ҳакозолар тушунилади.
Жиноят таркиби учун шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш уятсиз шаклда ифодаланган бўлиши зарур. «Уятсиз шаклда» деганда, шахснинг кишилар ўртасидаги муомаласида ифодаланган умумэҳтироф этган қоидаларига зид бўлган салбий хатти-ҳаракатлари тушунилади.Ҳақорат қилиш шахснинг соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ бўлган ҳолатларда содир этилганда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи билан квалификация қилинади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш ЖК 140-моддасининг 2-қисмига кўра жиноий жазоланади. «Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситали орқали туҳмат қилиш» деганда, китоблар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа асарлардаги ёхуд радио, телевидение, видео тасвирлари, интернет орқали, жумладан ижтимоий тармоқлар ва ҳакозолар орқали қилинган ҳақорат тушунилади.
Айтиб ўтганимиздек, мазкур тоифадаги – ҳақорат қилганлик жинояти хусусидаги ишларда ҳақоратли ифодаларнинг фактик асосланганлиги муҳим эмас, мазкур ишларда ифода шаклининг беодоблиги даражаси аниқланади. Айнан ана «беодоблик» нималигини аниқлаш асосий қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Аслини олганда, шахснинг қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаш деганда унинг шахсини яққол сурбетлик билан, жамиятда одамлар ўртасидаги қабул қилинган муомалага зид тарзда салбий баҳолаш тушунилиши лозим. Аммо жамиятда аён тарзда ўрнатилган муқим муомала меъёри мавжуд эмас. Меъёрлар кўп бўлиб, улар вазиятга, муомалада қатнашувчиларнинг муносабатларига, уларнинг ижтимоий мақомига, жинсига, ёшига ва бошқа омилларга қараб ўзгариб туради. Дейлик, тенгдошлар орасида осонгина ҳазил тариқасида қабул қилиб кетиладиган гап бегоналар олдида айтилганда ҳақоратли саналиши мумкин. Жамиятда жуда кўп ўз маданиятига, муомала йўсинига эга бўлган, касбига, ёшига, қизиқишларига кўра жамланадиган уюшма ва тўдалар мавжуд. Ҳатто жиноятчилар ҳам уюшган, уларнинг ўзига хос тили – жаргони борки, четдан туриб эшитган одам учун ҳақоратли туюлади. Масалан, ҳозирги ёшларнинг тилида «ота-она» – «аждодлар» дейилади, «ландовур» дейилмасдан «ҳошим» дейилади ва ҳакозо.
Ўзаро муомала меъёрларида чегаралар аниқ бўлмаган бундай вазиятда одоб ва одобсизлик, ширинсўзлик ва қўполлик, қаттиқсўзлик ва сурбетлик ўртасига аниқ ва тиниқ сархад қўйиб бўлмайди, айниқса, ифоданинг «беодоблик даражаси» фуқаровий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган даражадалигини аниқлаш мушкулдир.
Шунинг учун ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарликни ҳаракат билан ҳақорат қилганлик, ўта қўпол, ҳақоратомузлиги аниқ кўриниб турган, беодоб мазмуни ҳаммага тушунарли ҳақоратлар учун қўллаб, қолган ҳолларда низони жиноий эмас, фуқаровий-ҳуқуқий тартибда ечиш мақсадга мувофиқдир.
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ТУҲМАТ, ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ, ЁЛҒОН ХАБАР ТАРҚАТИШ ҲАМ ЖАЗОЛАНАДИ
Қонунчиликда туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик ҳам Маъмурий, ҳам Фуқаролик ва ҳамда Жиноят кодексларида мавжуддир. Маълумки, пандемия сабабли қонунчиликка ўзгаришлар киртилди ва, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-5-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш жиноят ҳисобланмоқда ва у жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ушбу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш эса катта миқдордаги жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тожли вирус пандемияси даврида бир қатор оммавий ахборот воситалари, сайтлар ва ижтимоий тармоқ иштирокчилари огоҳлантирилганидан, айримлари жазоланганидан, маъмурий қамоқ ва жарималарга тортилганидан хабаримиз бор. Лекин қоидабузарликлар учраб турибди.
Масалан, машҳур амалдорлар ва эл тилидаги шахсларни “каронавирусдан вафот этган”лиги ҳақидаги ёлғон хабарларни шов-шув қилиш ва муштарийларни кўпайтириш фактлари бир неча бор юз берди. Қорақалпоғистонда шу масалада блогерлар ва телеграмм канал эгалари прокуратурага чақирилиб суҳбатлашилди. Ёки актриса Саида Раметова вафот этгани борасидаги хабарлар ортидан унинг ўзи тирик эканини намойиш этиб видео интервью билан чиқишга мажбур бўлди. Аллоҳ умрини зиёда қилсин!
Шу билан бирга, мазкур қонуний меъёрлар конструктив танқидга ва ижтимоий-сиёсий мунозараларга чек қўйишга сабаб бўла олмайди. Туҳмат ва ҳақоратсиз, холис ва объектив танқид бўлиши шарт ва зарур.
Ижтимоий тармоқ иштирокчиси ёки журналистнинг ижтимоий ҳақ-ҳуқуқи, бурчи ва мажбурияти ундан имкон қадар обьектив, тўлиқ ва ҳаққоний ахборотни тарқатишни талаб қилади. Айни пайтда, у суд қарорини олдиндан «чиқариб қўйиш»га уринмаслиги лозим. Шунинг учун журналист маҳоратли ва аниқ ишлаши шарт – исму шарифини тўлиқ ёзган ҳолда, фалон шахс фалон идора томонидан фалон жиноятни содир этганликда айбланмоқда ёки гумон қилинмоқда, тарзида ёзиши лозим. Асло суд ҳукми чиқмасдан уни жиноятчига чиқармаслиги керак. Исмни беркитиш эса шарт эмас.
Албатта, гап вояга етмаганлар ҳақида борар экан ёки жинсий жиноятлар тўғрисида хабар қилинар экан, касб ахлоқи нуқтаи назаридан масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндошиш лозим.
Масалан, яқинда шов-шувга ўч бир сайтда Самарқандда вояга етмаган қизнинг эстрада хонандаси ва унинг дўстлари томонидан зўрлангани борасида хабар тарқатилди. Ҳали айби судда исботланмаган ҳолат бўйича хонанданинг исми ва шарифи тилга олиниб, у айбдор қилинмоқда. Қолаверса, саҳифада хонанданинг ва қизнинг сурати ҳам чоп этилган. Бу айбсизлик презумпциясининг ва инсоннинг ўз суратига бўлган ҳақ-ҳуқуқларининг, шаъни ва қадр-қимматининг поймол қилинишидир.
Касб ахлоқи қонунларда акс этмайди. Уни журналистларнинг, таҳририятларнинг ўзи яратади. Касб ахлоқига қанчалик риоя қилинишига қараб оммавий ахборот воситасининг обрўси, мавқеи юзага келади. Охир-оқибатда журналист касбига жамиятнинг муносабати ҳам журналистларнинг қанчалик виждонли, ҳалол, ростгўй, жасоратли эканига боғлиқ.
Журналист касбининг икки асосий қоидаси мавжуд: ҳаққоний ахборот ва холис таҳлил. Журналист ўз ўқувчисига (кўрувчисига ёки тингловчисига) ҳаққоний ва обьектив ахборот етказишга бутун куч ва имкониятлари билан ҳаракат қилиши шарт. Иккинчиси, бу ахборотни мабодо таҳлил қилса, таҳлили имкон қадар холис, ташқи маьнавий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий таьсирлардан холи, эркин бўлмоқи шарт.
Агар журналист ёлғон ёзса, бўлмаган нарсаларни тўқиса, демак, у асло журналист эмас, эҳтимол, уни фантаст аташ мумкиндир. Агар у бирёқлама таҳлил қилса, у журналист эмас, балким ўзи ёнини олаётган тмоннинг рекламачи агентидир, холос.
Журналистика – эркин касб ва жамоатчилик хизмати сифатида тавсифланади. Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларига Конституцияда алоҳида боб ажратилган. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» қонунлардан иборат махсус ахборот қонунчилиги яратилган. Буларнинг бари оммавий ахборот воситаларининг демократик жамиятдаги ўрнидан келиб чиқади.
Агар журналист бўлмаган факт ёки ходисани бўлгандай деса, бўлаётган фактлар ёки ходисаларни бўлмаётибди, деб турса ёки кўрмасликка олса, унинг таҳлилларидан кимнинг манфаатини ҳимоя қилаётгани яққол билинса, оммавий ахборот воситасининг ёки муайян мақола, эшиттириш ёки кўрсатувнинг «ҳомийси»нинг қулоғи матндан кўриниб турса, журналистиканинг демократик жамиятда бажарадиган вазифасига, оммавий ахборот воситасининг обрўсига ва охир-оқибатда журналист касбининг мавқеига путур етади.
ЖУРНАЛИСТНИНГ КАСБ АХЛОҚИ
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси бу масалага доимий эътибор бериб келган ва 2019 йил 17 июлдаги IV - конференциясида Ўзбекистон журналистлари касб этикаси кодексини қабул қилди.
Мазкур кодекс халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кўриб чиқилиб, уларнинг ҳам муҳокамасидан ўтди. ЮНЕСКО, “Регионалный диалог”, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор ташкилотлар ҳам ўз таклифларини берганлар. Кодкс лойиҳаси бўйича Олий мажлис билан ҳамкорликда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбатида муҳокама қилинган.
Кодекс инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмаслигини эътироф этган ҳолда юзага келгандир. У Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси, 1948 йил), Журналистлар одоб-аҳлоқи принциплари халқаро декларацияси (Халқаро журналистлар федерациясининг конгресси, 1954 йил), Журналистикада касб этикаси халқаро принциплари (ЮНЕСКО,1983 йил) ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилиги инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди.
Кодекс Муқаддима (Преамбула) ва ўнта бўлимдан иборат бўлиб, журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди.
Кодексга кўра, ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади. Журналист ўзининг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти жамият олдидаги бурчи экани ва унинг материаллари жамият манфаатларига хизмат қилиши кераклигини тўлиқ англайди. Журналист Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб иш олиб боради, касб обрў-эътибори ва шаънини ҳимоя қилади.
Журналист жамият учун ахборот тўплайди, тайёрлайди, тарқатади, шунингдек фуқароларнинг ўз фикрларини билдиришлари учун эркин майдон яратади.
Журналист бетараф бўлади, воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритади, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилади. Журналист ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллардан фойдаланиш), шунингдек ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмайди.
Алишер Навоий “Хирадманд чин сўздин ўзгани демас” деганлар. Кодексга кўра, “журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмайди, далилларни бузиб кўрсатмайди ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмайди”.
Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди (камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши тавсия этилади). Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олади, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўради.
Журналист фикр ва нуқтаи назар хилма-хиллигини ҳурмат қилади.
Журналист жисмоний ёки юридик шахсларнинг ахборот тақдим этишни рад этиш ёки тақдим этишдан тийилиш ҳуқуқини тан олади. Журналист ахборот манбаининг рухсатисиз маълумотларни ошкор қилмайди, ахборотдан ғаразли ёхуд учинчи шахс манфаатларини кўзлаб фойдаланмайди.
Журналист махфий йўл билан олинган ахборот манбаига нисбатан касб сирини сақлайди. Журналистдан ахборот манбани ошкор этишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Журналист қандай мавзуга қўл урмасин миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бирга бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ва маданиятига нисбатан ҳурмат сақлайди. Материални тарқатишда адабий тил қоидаларига амал қилади.
Журналист ҳеч бир халқ ва элатнинг миллий, диний ёки ирқий камситилишига йўл қўймайди.
Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилади.
Журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди.
Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади.
Журналист ноқонуний йўл ва номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаши, овоз ёзиб олиши ва материаллар тўплаши мумкин эмас.
Журналист жиноий ишни ёритувчи материални тайёрлаётганида айбсизлик презумпциясига амал қилади.
Журналист ўз фаолиятида плагиатга йўл қўймайди. Плагиат (кўчирмакашлик) ҳеч бир ҳавола кўрсатмай ўзга манбанинг матни, овози, кадри ҳамда тасвирини ўзлаштириб олишдир. Журналист бошқа оммавий ахборот воситалари ва журналистлар муаллифлигидаги материаллардан фойдаланганида ёки уларга мурожаат қилганида аниқ манбани кўрсатишга бурчлидир.
Журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар. Журналист профессионал обрў-эътиборига путур етказадиган ва ижтимоий бурчига зид бўлган ишларга қўл урмайди, оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда ва ҳамкасблари ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқариш йўлида фойдаланмайди.
Профессионал фаолияти учун таъқиб остига олинган журналист журналистлар бирдамлиги туйғуси ва принципларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкасблари ҳимоясида бўлади.
Бу санаб ўтилган конституциявий ҳуқуқларни журналист ҳурмат қилиши лозим. Зеро журналист касби тақозоси билан бу ерда қўйилган чегараларга жуда яқин келишига кўп бор тўғри келади – у одамларнинг турар жойига ташриф буюради, улар билан суҳбат қуради, шахсий ва ижтимоий ҳужжатларни, ариза ва шикоятларни, хатлар ва тасвирларни кўздан кечиради... Журналистнинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касб фаолияти ундан қонунларни жуда яхши билишини талаб қилади.
Фуқароларнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий неъматларга Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 99-моддасида таъриф берилган. Унга кўра, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасида фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш борасида сўз боради. Унга кўра, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра, фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эҳлон қилинганда, у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди. Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маҳнавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ижтимоий тармоқлар ва интеннет орқали поймол этилган ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳҳам тегишли йўсинда тадбиқ этилади.
ЖУРНАЛИСТ – ЖАМИЯТНИНГ ВАКИЛИ, ЖУРНАЛИСТИКА – ЖАМОТЧИЛИК ХИЗМАТИДИР
Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонуни оммавий ахборот воситаларидан фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш, уларнинг шаъни-қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига тажовуз қилиш мақсадида фойдаланишни ман этади.
Фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир фотосуратлар, маълумотлар уларнинг розилиги билан берилиши кераклигини унутмаслик лозим.
Айрим ҳолатларда ижтимоий тармоқлар ва ахборот воситаларида журналистлар томонидан телефон сўзлашувлари ва ёзишмаларнинг сирини бузиш ҳоллари ҳам учрайди. Гоҳида ноқонуний йўл билан амалга оширилган видео- ва аудиоёзувлардан фойдаланиш кузатилади.
Ўзбекистонда ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари қонун доирасидадир. Фақат уни интернетга нисбатан қўллаш амалиёти бизда энди пайдо бўлмоқда.
Журналист – партия, давлат ёки хусусий бизнеснинг вакили эмас, у жамиятнинг вакилидир. Бу касбга бу қадар эьтибор ва ўрин берилаётгани, «тўртинчи ҳокимият» аталаётгани ҳам шундан келиб чиқади. Бу ҳолни унутмаслик, унга муносиб бўлиш керак.
Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг
Жамоатчилик кенгаши раиси.
2020 йил.