ПИАР АСЛИДА НИМА?
Пиар инглизча public Relations сўзидан олинган бўлиб, жамият билан мулоқот деган маънони билдиради. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам шу кунгача оқ ва қора пиар ҳақида тушунчага эга эдим. Изланишлар натижасида нафақат оқ ва қора балки яшил, сариқ, кулранг ҳаттоки пушти пиар ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Буни қарангки ҳар бир пиарнинг келиб чиқиш тарихи бор экан. Масалан, кулранг — бу жамият, ташкилот, маҳсулот ёки шахс тўғрисида фақат ҳақиқат маълумотларни тарқатишни ўз ичига олган пиар фаолияти ҳисобланади. Сариқ — скандаллардан фойдаланиш, сенсацияларни очиш, папарациянинг иши билан боғлиқ қисқа қилиб айтганда мақсадга эришиш учун “ифлос” усуллар ва воситалардан фойдаланиш. Яшилда кўпроқ экологик жавобгарликка, афсона ва афсоналар технологиясига асосланган хабарлар эса пушти пиар хисобланади. Биз бугунги кунда юртимизда жуда оммалашган қора яъни “Чёрный пиар” ҳақида фикр юритмоқчимиз. Бу ҳақда қисқача изоҳ: Бирор ташкилот ёки шахсга нисбатан салбий ёки қасддан ёлғон маълумотлар тарқатиш қора пиарнинг асосий вазифасига киради. Пиар қилишни дастлаб сиёсатчилар бошлаган бўлса кейинроқ бозор иқтисодиётига ўтиш хисобига бу йирик-йирик компаниялар зиммасига тушди. Яъни ўзининг маҳсулотини бозорда сотиш, кўпроқ харидорни жалб қилиш учун ёлғондан фойдаланила бошланди.
Йигирманчи асрнинг 90 йилларига келиб, қора пиар оммалашди. Ундан кўпроқ шоу бизнес оламидаги санъаткорлар фойдаланди. Юлдузлар ўртасидаги ўзаро можаролар, турмуш қуриш, ҳомиладорлик, ажралиш энг оммабоп пиарга айланди. Тан олиш керакки қора пиар уларга яхши натижа олиб келди. Масалан, Россия эстрада юлдузи Филипп Киркоров, дунёга машҳур америкалик поп юлдуз Мадонна, машҳур фотомодел, актриса Ким Кардишиан ҳам айнан қора пиардан фойдаланган.
Хўш, бугун биз қандай пиар орқасидан эргашяпмиз? Мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида бу ҳақда озгина бўлсада маълумот бериб бориляптими? Йўқ. Тўғри, машҳурлик ҳаммага ёқади. Ўзидаги қайсидир хусусиятини оммага кўрсатгиси, обрў эътибор қозонгиси келади. Бугун ижтимоий тармоқ орқали пиар қилишга интилаётган одамларнинг бу ҳақда тушунчаси борми? Менимча йўқ. Пиар ҳақида бирор тушунчага эга эмаслигимиз боис Ютуб каналида ўзбек блогерларининг истаганча шармандагарчиликларига гувоҳ бўляпмиз. Энг қўрқинчлиси баъзи одамлар уларнинг ортидан эргашяпди ва бачкана қилиқларини қабул қилишяпди. Айрим блогерларга отаси томонидан зўрланган қизлар мавзуси миллионлаб маблағ келтиряпди. Икки ой олдин водийлик 16 яшар бола Фарғона каналига ўзини ташлаб, ғойиб бўлади. Ота-она сарсон, бутун қишлоқ болани излаш билан овора, буёғда журналистикани “ж” ҳарфидан бехабар блогерлар бонг уришни бошлади. Узундан узун шов-шувли сарлавҳали хабарлар билан ҳаммани чалғитди.
Айримлари эса халқни устидан очиқдан-очиқ мазаҳ қилиб кулишяпди. Йигит блогер, аёл блогерга гул кўтариб бориб турмуш қуришни таклиф қилади. Блогер “келинчак” эса йигитни башарасига гул билан туширади. Охирида эса бу пиар эди деб чиқишади.
Тўғри пиар ёмон нарса эмас, фақат мақсадли бўлса шунда ўзининг яхши натижасини беради. Унга ортиқча ружу қўйганларнинг машҳурлиги узоққа бормаяпди. Шунчалар пиар кўпайиб кетганидан одамлар ҳақиқатга ишонмай ҳам қўйишяпди. Халқ айрим пиарчиларнинг профилларидан айланиб ўтишга ҳаракат қиляпди. Қачонки пиар ҳақиқий меҳнатга асосланган бўлса, ундан тўғри мақсадда фойдаланилса ишонарли чиқади ва унинг умри узун бўлади.
Нигора РАҲМОНОВА.
2021 йил.