Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризасига кўра амалга оширилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилганлик туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритиш улар ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризасига амалга оширилади.
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда;
- оталик белгиланганда;
- фарзандликка олинганда; ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда;
- миллати ўзгартирилганда;
- никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар);
- суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда, ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилинганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда;
- ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда;
- далолатнома ёзувларида имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ҳақидаги ёзув мавжуд бўлмаганда;
- 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса;
- агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса;
- жинси ўзгартирилганда.
Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш учун ариза берувчи далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ариза билан доимий яшаш жойидан қатъи назар, ФҲДЁ органига мурожаат қилади. Бунда, ариза берувчи ФҲДЁ органига шахсан ўзи келолмаган тақдирда, далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.
Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндош(лар) ёки меросхўр(лар)нинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади.
Ўзгартиришлар киритилганлиги учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.
М. Бахриддинова -
Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман
1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси.