Мозийни уйғотар абадий садо!


Улкан хандалакдай замин бағрида
Хандалак тархидай оҳ тилим-тилим –
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Қалқиб келаётган, эй туркий тилим!

Урҳолар янграган олис сафарнинг
Заҳмати, шавкати тождир бошларда,
Яшашга кафолат ҳарбу зарбларнинг
Шонли муҳри қолган битиктошларда. 

Турон дарж этилган тарих хатида!
Аммо бу гапимга гумроҳлар кулар:
Наинки, Чин-Мочин, уммон ортида
Акс садо берганди, десам, туркулар!.. 

Қуёшни орқалаб олган шер янглиғ
Забт этдинг мардона курраи арзни.
Истадинг ва олдинг, бўлмади танглиғ,
Бир олсанг, ўн қилиб тўладинг қарзни. 

Луғат-бисотингни ёйсанг, албатта,
Молини танийди араб, рус, тожик...
Бу сўзлар фаровон, обод давлатда
Фуқаролик олган содиқ хорижлик. 

Дунёнинг тошқин сой, дарёларидан
Симириб, муҳташам денгиз бўлолдинг.
Ҳазрат Навоийнинг жилоларидан
Назму навода ҳам тенгсиз бўлолдинг. 

Тенгсизсан, менгзасам улкан оғочга,
Ҳар томон бўй чўзган ўнлаб шохларинг.
Ҳар бири бир дарахт!  Илдиздан қочган...
Еру кўкка сиғмас баъзан оҳларинг. 

Ловуллаб ёнадир буюк хотирот,
Зимистон қаърида қолмагай наво.
Орзулар сўнгсиздир, сен-да барҳаёт,
Мозийни уйғотган абадий садо! 

Улкан хандалакдай замин бағрида
Хандалак тархидай оҳ тилим-тилим.
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Омон келаётган, эй она тилим!

Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”
журналлари Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот