БОРГА — БОР ДУНЁ, ЙЎҚҚА — ТОР ДУНЁ...
КАМБАҒАЛЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ОЛИБ БОРАМИЗ... ҚАНДАЙ?
Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, айнан тадбиркорликни ривожлантириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказилди, ушбу йўналиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиши эълон қилинди.
Шукур, “халқимиз фаровон”, “дунёда энг бахтли миллат эканмиз” деган баландпарвоз гапларнинг даври ўтди, бир қадар бори борича айтиляпти. Ўзбекистоннинг бу йилги Давлат дастурида “камбағалликка қарши кураш” алоҳида дастурий йўналиш сифатида қайд этилди. Бу осмондан тушган истилоҳ эмас, тўқилган бир атама ҳам эмас. Дунё давлатларини жамлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Қашшоқликка қарши кураш тўғрисида” Конвенцияси бор. Дунёда қашшоқликнинг мезонлари ишлаб чиқилган.
Камбағал ким? У қандай ҳаёт кечиради? Бой ёки камбағалликнинг ўлчами, шамойили, тамойили нималарда кўринади? Унга қарши қандай курашилади?
Халқимизда бу борада ҳикматлар кўп. Камбағаллик – изчил пулсизликдир. “Бепул бозорга боргунча, кафан олиб мозорга бор”, “Бозорда бари бор, пулинг бўлмаса, нари бор...”, - дейдилар. Элнинг хаддан ташқари қашшоқлашуви, камбағаллар сони ортиб бориши давлат учун ҳам, халқ учун ҳам таҳликалидир. Чунки, “бечоранинг дарё тўпиғидан келмас”, ҳеч нарсаси йўқ одам, қашшоқ халқ ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, салга бош кўтарадиган бўлиб қолади. “Бой бўлсанг, кунда ҳайит, кунда тўй, йўқ бўлсанг, кунда ҳасрат, кунда ўй...” Атрофдагилар ҳам қўлингга қараб муомала қиладилар: “Бой кийса — қуллуқ бўлсин! Камбағал кийса— қаёқдан олдинг?” Камбағални эзиб бой бўладилар: “Бойнинг божаси кўп, қулнинг — хўжаси кўп”. “Яшаш учун меҳнат қилиш керак, яхши яшаш учун эса “ўмарадиган мансаб” керак”, - дейишади, зеро “бордан — давлат, йўқдан — меҳнат”. Камбағал ўзидан ўтганини ўзи билади: “Касал дардини соғ билмас, очнинг қадрини тўқ билмас”.
КАМБАҒАЛ КИМ?
Дунёда камбағалликнинг ўлчами, индекси ўрнатилган. Жаҳон банки вақт-вақти билан қашшоқликнинг халқаро даражасини эълон қилади. Чунки пул, ҳатто доллар йиллар мобайнида қадрсизланади. 2008 йилдан бошлаб қашшоқликнинг глобал даражаси 1,25 АҚШ доллари эди, яъни кунига шундан кам пул топадиган инсон қашшоқ ҳисобланарди. 2015 йил октябридан бу даража 1,90 АҚШ доллари этиб белгиланди. Бугунги кунда кунига 2, 5 АҚШ доллари пулга куни қолган киши қашшоқдир. Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда ер юзида 700-800 миллион қашшоқ бор.
Қашшоқликнинг глобал даражаси нимадан келиб чиқиб ҳисобланган?
Кунига 2,5 АҚШ долларидан кам пул топа оладиган инсон, қоида тариқасида, ўзининг овқатга, кийимга ва турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Қашшоқлик даражасида бўлиш учун фақат ўзи ўзини боқадиган одам ҳам ойига 75 АҚШ долларидан зиёд пул топиши керак. Оилани олсак-чи, айтайлик, оилада она – уй бекаси бўлса, учта вояга етмаган (маош олмайдиган) фарзанд бўлса, оила боқувчиси 375 АҚШ долларига тенг маош олса, ҳали оила қашшоқдир. Бу дунёнинг ўлчамидир. АҚШ ўзи учун қашшоқлик даражасини кунига 4 доллар этиб белгилаган. Дунёдаги тараққиёт соҳасида шерикликнинг Бутунжаҳон ассоциацияси 2019 йил 13 декабрида 2020 йилда қашшоқликка қарши кураш учун 82 миллиард АҚШ доллари ажратишга азм қилди. Қашшоқлик дунёвий муаммодир.
ДУНЁ – НОАЁН ДУНЁ, РОСТМИ Ё ЁЛҒОН ДУНЁ...
Хўш, агар ўртача оила боқувчиси ўртача 375 АҚШ долларидан зиёд маош олса, оила қашшоқлик чеграсидан зиёд бўлса, яъни камида 3-3, 500 000 (уч – уч ярим миллион) сўм маош олиши лозим бўлса, Ўзбекистонда қанча қашшоқ бўлиши мумкин?!
Ўзбекистон молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси эълон этган расмий маълумотга кўра, ишлайдиган аҳолининг деярли ярми (43,6 %) маоши ўтган йили 1 миллион сўмдан ошмаган, яъни $100 атрофида бўлган. Яна чорак қисм аҳоли маоши ойига 2 миллион сўм атрофида бўлган. Демак, камида 75% аҳоли халқаро мезонларга кўра қашшоқ ҳисобланиши мумкин. Фақат чет элдан ишлаб келганларнинг маблағи (мамлакатга 7-9 миллиард АҚШ доллари киради), томорқалардан, ишдан ташқари бажариладиган қўшимча ишлардан тушумлар қашшоқлик даражасини бироз енгиллаштиради, холос. Фақат 4,3 % аҳолининг даромади ойига – 5 000 000 ёки ундан зиёд бўлган ($500). Умуман бизда одамдай яшаётганлар 1-2 фоиз (3 000 000 киши) бўлса керак, уларнинг даромади қолган 98 фоиз (30 000 000) одамникига тенг.
Статистика муассасалари берадиган “ўртача ҳисобда” ҳаммаси чидаса бўладиган тарзда кўриниши мумкин. Бунинг сабаби оддий: дейлик, бир киши гўшт ейди, бошқа оила гуруч ейди, учинчи оила яшил карамнинг ўзини еб ўтирибди. “Ўртача олганда” – ҳамма гўшту гуруч карам баргига ўралган оромижон дўлма “еб” ўтирган бўлади. Эҳтимол йигирматача шаҳар бойлари-ю ҳокимининг даромадини уч миллионли шаҳар аҳолисига бўлиб чиқса, “ўртача даромад” статистикаси чиройли чиқиши мумкин.
Умуман жаҳонда бойлар ва камбағаллар ўртасида тафовут ошиб бормоқда.
Жаҳондаги 26та бой инсоннинг даромади дунё аҳолисининг ярмининг даромадидан ортиқдир. Ўтган йил мобайнида дунёдаги бойлар янада бойидилар ва қашшоқлар ундан-да қашшоқлашдилар. Ҳатто Хитойда каронавирус билан кураш асносида 14та янги миллиардер пайдо бўлди. Ҳатто фожеа ва инқирозлар ҳам бойларни синдирмаяпти, аксинча, жаҳон “иқтисодий инқирози” бошланган 2008 йилдан буён ўтган ўн йилликда дунёда миллиардерлар сони икки баробарга кўпайди. Биргина 2018 йилнинг ўзида бойларнинг даромади 900 миллиард АҚШ долларига ошди, яъни ҳар куни 2,5 миллиард долларга кўпайди. Худди шу вақт мобайнида жаҳон аҳолисининг қашшоқ қисми 11%га қашшоқлашди.
Солиқлар-чи? Солиқни асосан оддий одамлар тўлайдилар. Бойлар солиқдан қочишнинг йўлини биладилар. Дунёда солиққа тўланган ҳар бир долларнинг фақат 4 центи бойлардан тушган солиқдир.
Дунёнинг энг бой одами бўлган Amazon соҳиби Жефф Безоснинг бойлиги 112 миллиард АҚШ долларига етди. Унинг фақат 1% 105 миллион киши яшайдиган Эпиопиянинг соғлиқни сақлаш тизими бюджетидан зиёддир. Oxfam халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, агар дунё энг бойларининг 1% инсофга кириб, 0,5% га кўпроқ солиқ тўласалар, дунёда бугун таълимдан маҳрум бўлган 262 миллион болаларга таҳсил бериш мумкин бўларди. Афсуски, ҳукуматлар бойларнинг фирма ва корпорацияларига, монополистларга солиқ имтиёзлари берадилар, халқнинг маҳсулотлари ва хизмат турларига, нон, туз, ёғ, шакар ва бошқа маҳсулотлар нархига таъсир кўрсатадиган электр, газ, бензин каби энергия ташувчиларга солиқни оширадилар, чунки халқнинг сони кўп, ўзбек халқ мақолида айтилгани каби, “бир тийиндан берса, тўйдиради”, аммо мақолнинг давоми ҳам бор: “бир муштдан урса, ўлдиради”.
Албатта, овоз олиш учун, халққа ёқиш учун бюджетнинг ижтимоийлиги мақталади, “кам таъминланган оилалар”га турли дастурлар эълон қилинади, “ҳолвайтар” ваъда қилинади, аммо бу халққа етиб келгунча, йўлда бойлар “ялаб” қўядилар. Молиявий дастурларга тушган одамлар мансабдор кўзида ҳисобот каткчалари ичидаги “матн қаторлари” ва “рақамлар”га айланадилар, одамлик қимматини йўқотадилар, кўзлари эл ҳасратини кўрмайди.
Қашшоқларни кўриш учун эса, кўчага чиқиб, назар солиш кифоядир. Ҳашаматли “гипермаркет” кассасининг қаршисида буханка нон тутиб, тийин-тийинларини санаётган кампирларга бир боқинг, кўчада тиланчилик қилаётган чолларга, “машинангизни ювиб, артиб берайми” деб ялинаётган болаларга қаранг. Бу – дил оғриғи бўлган муаммо ва бу масала билан чорак аср ҳокимият шуғулланмаётган эди. Ниҳоят, 2020 йил Давлат дастурида бу муаммога эътибор қаратилмоқда.
Бир латоиф бор: “Тангри ҳаммани жуфти билан яратган. Агар сенинг аёлинг бўлмаса, демак, кимдадир иккита бўлиши тайин”. Дунёдаги ҳар нарса, бойлик ҳисоблидир, расамадлидир. Бир нечта кимдир бойиши учун бир қанчалар қашшоқ бўлишга мажбурдир.
РИВОЯТ...
Бир қари чол битта нон ўғирлагани учун маҳкамага жазолагани олиб келинди.
Чол айбига иқрор бўлди. Ўғирлик қилганини инкор қилишга ҳаракат ҳам қилмади. Лекин айтдики: «Очликдан ўлай дедим». Шунинг учун...
Шунда қози: “Ўғирлик қилганингни тан олдинг. Энди мен сенга 10 дирҳам жарима соламан. Яна шуни биламанки, сенда 10 дирҳам тугул, 1 дирҳам ҳам йўқ. Чунки ўғирликни йўқчиликдан қилгансан. Ўша 10 дирҳамни мен тўлайман”, - деди.
Йиғилганларнинг барчаси жим бўлиб қолишди. Улар қозининг ўз чўнтагидан 10 дирҳам чиқариб, чол бериши керак бўлган жаримани тўлаганига гувоҳ бўлишди.
Қози йиғилганларга қараб: “Сизлар ҳам 10 дирҳам дан ташлашга маҳкумсиз! Чунки сизлар фақирлар нон ўғирлашга мажбур бўлаётган шаҳарда яшамоқдасизлар!!!”
Мажлисда 480 дирҳам йиғилди. Қози йиғилган пулларни олиб чолга берди.
Имом Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ: «Агар сен юртда бирор камбағални кўрсанг, албатта ўша ерда унинг молини ўғирлаган бой ҳам борлигини билгин», - деганлар.
ҚАШШОҚЛИККА НИМАЛАР САБАБ БЎЛАДИ?
Қашшоқликнинг сиёсий (маъмурий-буйруқбозлик тизимининг сақланганлиги), иқтисодий (монополистик ва олигархик иқтисод, ишсизлик, маошнинг озлиги, жамғармаларнинг йўқлиги), ҳуқуқий (кичик бизнес ва аҳолининг ҳуқуқий ҳимояси заифлиги), маъмурий (давлат тизимининг самарасизлиги), ижтимоий (ижтимоий алоқалар ривожининг сустлиги, табақаланиш, шахснинг ижтимоийлашмаганлиги), маданий (камбағал учун садақадан бошқа эътибор камлиги, илм-фан, китобга қизиқмаслик), ва шахсий (беморлик, дангасалик, боқимандалик, шахснинг паст маънавияти ва руҳий парокандалиги) сабаблари бор.
Афсуски, ҳокимият ҳамиша шахсий сабабларни биринчи ўринга қўйиб келарди, яъни халқни “боқиманда”ликда, “дангаса”ликда айблашни хуш кўрарди. Уларга кредит берса, дастгоҳ берса, ишлаб, бойиб кетади, деб ўйларди. Маъмурий-буйруқбозлик тизимини ислоҳ қилишни истамасди. Натижада, банк кредит бериш учун “откат” (пора) сўрарди, солиқчи ва прокурор ҳаракатга тушган “дангаса”нинг бизнесидан “доля” (улуш) талаб этади, талайвериб, хонавайрон қиларди. Яъни янги ислоҳотларнинг комплекс амалга ошишигина кўп муаммолар қатори қашшоқликни енгиш учун имкон бериши мумкин, бошқа йўл йўқ.
Аввало буюк боболаримиз хунларнинг қўл остида бўлган даврдаги чин ҳикматини келтирсак: “Одил юртда қашшоқлик – уят, адолатсиз юртда – бойлик уятдир”. Маъноси шуки, одил юртда, ишлаб пул топиш учун шароитлар бор бўлган жойда, дангасалик қилиш, боқиманда бўлиш уятдир, бой бўлиш мумкиндир ва лозимдир. Адолатсиз юртда бой бўлиш уят, чунки бой бўлиш пора бериш, таниш-билишчилик, қариндошлар бизнесигагина имконияту имтиёз бериш билан боғлиқ, демакки, ҳалол одам бой бўла олмайди, бундай вазиятда бой бўлиш ҳаромхўрликдир, ҳалол бойиш имконсиздир.
Қашшоқликнинг шахсий сабабларига келсак, улар ҳам бор.
Яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Ҳар ҳолда ҳаракат қилиб бойиш ҳам мумкин, бойимаслик ҳам мумкин, аммо ҳаракат қилмасдан бойиш иложсиздир. Ақли бор одам таслим бўлиб, бўшашиб ўтирмайди, инсонни қутқарадиган нарса унинг ақли ва шижоатидир.
Дангасалик ҳам бор иллатдир. Ишламаслик учун сабаб топилади: сармоя йўқ, шароит оғир, замон бошқача ва ҳоказо... Омад бирор бурчакда кутаётгандир, аммо ўша бурчакка томон ҳаракатланиш ҳам керак.
Адашмоқ бор: «мен қаламкашман, ижодкор ҳеч қачон бой бўлмаган». Бой ижодкорлар бўлган. Алишер Навоий камбағалмиди?! Бир сурати миллион доллар сотиладиган мусаввирлар бор, бир китоби миллионлаб ададда босиладиган ёзувчилар бор. Ҳар ким ўз касбининг олди бўлишга ҳаракат қилса, зафар қозонади.
Янгича тафаккур керак. «Мен ҳалолман, шунинг учун қашшоқман», - дейдиган, шу йўсиндаги тарихларни қалаштирадиганлар бор. Оддий талаба бўлган, янги технологик дастурлар яратиб, Instagram, Skype, FaceBook, Google ва бошқаларни ишлаб чиқиб, миллиардер бўлиб юрганлар бор. Ақлни ишлатиш керак.
Ишни маош олиш учун бажариш бой қилмайди. Ишни севиб бажариш керак, бойлик сидқ ортидан ўзи келади. Бойликка эришиш учун олдинга мақсад қўйиш ва ҳаракат қилиш, ўқиш-ўрганиш, бойликни тўпламай, ишга солиш, руҳни чархлаш, фикрни комиллаштириш керак. “Бой бўлиб туғилмайдилар, бой бўлиб етишадилар” деган гап бор. Бу ерда асосий гап “етишиш”дир. Етишиш – ҳаракатланиш, такомиллашиш демакдир. “Ҳозир вақти эмас”, - деманг. Бошқа вақтингиз бўлмайди. Сиздек пайтини кутиб умр ўтказиб юборадиганлар қанча кўп бўлса, уддабуронлар отини қамчилаб, осон олға кетаверади.
Булар инсоний, шахсий сабаблар эди. Энди бир тасаввур қилайлик! Ҳамма дангасалар бирдан ҳаракатга тушса, сармоя топиб, тадбиркор бўлса ё бошқа ишга киришса, қашшоқлик тугайдими? Йўқ, албатта.
Мамлакатдаги оммавий қашшоқликнинг асосий ижтимоий-сиёсий сабабларидан энг биринчиси деб коррупцияни тилга оламиз. Коррупция яширин иқтисодни кучайтиради, бюджет тушумини камайтиради, давлат кучини сусайтиради, порага монополистларга имтиёзлар бериб, рақобатни йўқ қилади, самарали бозор иқтисодини парокандалаштиради, оқил ва омилкор мулкдорлар синфини йўқ қилади, жамиятни маънан тубанлаштиради, сармоядорларни қўрқитади ва, ниҳоят, қашшоқларни бадтар қашшоқлаштиради ва кўпайтиради.
Камбағалликнинг яна бир сабаби – иқтисодда ўрта ва кичик бизнеснинг оғир аҳволдалиги, мулкчиликнинг кафолатланмаганлиги, бозор механизмларининг ишламаслиги, самарасиз давлат иқтисодининг ва олигархик монополияларнинг ҳимоясиз тадбиркорлар ва фермерларга босимидир.
Давлат ўз асрини яшаб бўлган монопол корхоналарини, компанияларини, дабдабали коррупцион лойиҳаларни субсидиялашни давом этар экан, иқтисод оғирлашаверади, кабағаллик кўпаяверади. Давлат самарасиз монолполияларга имтиёз бераверади, аммо бу соҳаларнинг “аҳамияти” пуфлаб шиширилганлигига эътибор қаратмайди.
Шундай қилиб, камбағалликнинг сабаблари сифатида миллий иқтисоднинг глобал жараёнларга монандлашмаганлигини, монопол иқтисод соҳаларининг рақобатбардош эмаслигини, ишлаб чиқаришнинг самарасизлиги ва яхши ташкил этилмаганлигини келтириш мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги камбағалликнинг асосий сабаби халқнинг менталитети, “дангаса”лиги эмас, асосий сабаблар коррупция, кичик бизнеснинг йўлсизлиги, бозор иқтисодининг тўлақонли жорий этилмаганлиги, асосий “тадбиркор”, мулк эгаси ва саноатчи давлат бўлиб қолаётган иқтисоднинг монополлашгани, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулининг сақланиб қолиши, сиёсий, маъмурий ва иқтисодий ислоҳотларнинг тўлақонли амалга ошмаётганлигидир.
КАМБАҒАЛЛИКНИНГ ИҚТИСОДИЙ ТИЛСИМИ
Камбағаллар — ҳаётдан кўнглини деярли узган тоифадир, улар сиёсатдан безганлар, бозорчи бизнесменларни ҳам қизиқтирмайдилар, чунки маҳсулот олишга пуллари йўқдир. Фақат уларнинг жимликлари омонат, бу жимликни бехос бузишлари мумкинлиги туфайлидан улардан хавотир олишади, сиёсатчилар инсонпарварлик сабабидан бўлмаса ҳам, ана шу таҳлика туфайли камбағалларга ғамхўрлик ҳақида гоҳо бонг уришлари мумкин.
Ҳолбуки, камбағалликка қарши курашишда катта иқтисодий ва сиёсий манфаат бор. Тушунтираман. Буни дастлаб дунёнинг дастлабки миллиардерларидан бўлган Генри Форд отамнинг оталари туғилган 1911 йилда ёзганларини таржима қилаётиб, англаганман. Давлат ва бизнес халқ камбағал бўлганидан кўра, бой бўлишидан манфаатдор бўлиши керак. Халқнинг қўлида давлат тортиб олишидан ортиб қанча кўп пул қолса, ўша пул иқтисодни, саноатни, халқ хўжалигини ривожлантиради.
Фаровон ва бахтли юрт шуки, бойлиги халқининг қўлидан давлат олгани эмас, халқининг қўлида кўпроқ қолганидир. Афсуски, охирги пайтларда ҳаётий зарур маҳсулотлар ва хизматларнинг нархи ошиб боргани сари одамларнинг қўлида яшашдан ортиқча маблағ қолмаётир. Паспортни ҳадеб янгилаш, янги ҳайдовчилик гувоҳномаси киритиш, йўл қоидалари бузиш жаримасини ошириш, авто ойнасини қорайтиришга пул жорий қилиш, иссиқ сув, совуқ сув, газ ва ҳоказо хизматлар нархини тинимсиз ошириш, бензинга йўл солиғини қўшиш ва ҳоказо минг турли усуллар билан халқнинг қўлида озиқ-овқат пулидан бошқага пул деярли қолмаяпти.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 15 августидан электрни 18 фоиз, табиий газни 19 фоиз, суюлтирилган газни 18 фоиз, бензин ва дизель ёқилғиси нархларини 13 фоиз оширди. 2018 йил 15 ноябридан мамлакатда электр ҳақи 9,3%, газ 10,4 фоиз, суюлтирилган газ 18,7 фоиз, бензин 5,2 фоиз қимматлаган эди. Шунингдек, ўтган йил сентябрида ҳукумат буханка нон нархларини бозор ихтиёрига қўйиб юборишга қарор қилган эди.Журналистлар билан мулоқотда Молия вазири "агар бозор иқтисодиёти қурмоқчи бўлсак, унда нархлар эркин бўлиши" кераклигини айтади. Ажабо, нарх ошириш керак бўлса, бозор иқтисоди керак, лекин монополияларни тугатинг, ҳалол рақобатга йўл беринг десанг, “ҳали эрта!”
Халқнинг қўлида пул қолмаса, иқтисод тўхтайди.
Энди тасаввур қилинг, дейлик, шу инсонларнинг қўлига пул тушса, улар нима қилади, машина олади – машина заводи ишлайди, сочини сартарошга олдиради – сартарошнинг рўзғори ҳам фаровон бўлади, таксига чиқади – ҳайдовчининг оиласини боқишга ҳисса қўшади, уй қуради – ғишт, цемент, оҳак заводлари ишлайди, усталар, сувоқчилар, тунукачиларга иш топилади, тўй қилади – ресторанлар, ҳофизлар, қандолатчилар ва бошқа юзлаб соҳалар ишлайди. Иқтисодни ишлатадиган истеъмолчи халқдир. Давлатни ҳам шу халқ боқади. Кўряпсизки, бир инсоннинг қўлида қолган пул иқтисодиётни юритади. Агар халқни буткул қашшоқ қилсак, иқтисодимиз ҳам тўхтайди.
Агар камбағаллар ҳам ишга тушсалар, пул топсалар ва қўллари маблағ кўрса, бу бозор учун, иқтисод учун янги харидор ва хизматлар истеъмолчиси демакдир. Давлат халқдан юлишга эмас, халқда кўпроқ қолдиришга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда давлат бойигани билан халқ қашшоқ бўлади, давлатнинг бойлигини коррупционерлар еб қўяди.
Камбағалликка қарши пул билан эмас, ақл ва билим билан курашиш керак. Шунинг учун Шавкат Мирзиёев камбағалларга балиқ эмас, қармоқ берамиз, яъни уларни касбга ўргатамиз ва бизнесга тортамиз, дейдилар. Энди гап сармоянинг йўлда туналмай, камбағалгача етиб боришида ва бизнесни маъмурий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари босимидан қутқара олишдадир.
Коррупция камбағалликни туғдиради, камбағаллик эса маданиятни, маънавиятни бартараф қилади, жамиятдаги ўзаро ишончни йўқотади. Қашшоқлик тараққиёт кушандасидир.
БОРДАН — ДАВЛАТ, ЙЎҚДАН — МЕҲНАТ....
Маълумки, ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Ўзбекистонда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, томорқани ривожлантириш каби дастурлар қабул қилинган. Ўтган икки йил давомида биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида бюджетдан қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Албатта, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар учун даромад манбаи яратишга бир қадар хизмат қилади. Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш бўйича 2020 йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурлар амалга оширилади.
Умуман олганда, камбағалликка қарши курашнинг икки йўли бор.
Биринчи йўл – давлат умуман иқтисодга бозор иқтисодини жорий этади, тадбиркорликка кенг йўл очади, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилади, монополияга йўл қўймайди, солиқларни қулайлаштиради ва натижада кучли иқтисод даромадларни оширади ва қашшоқлик йўқолади. Аммо, аҳволга боқсак, статистика даромадлар, ялпи ички маҳсулот йилдан-йилга ўсаётганлигидан хабар беради, бу суръат билан аллақачон америкадан ўтиб кетишимиз керак эди, бироқ бойлар бойиб боргани сари, камбағаллар кўпаймоқда.
Иккинчи йўл — бевосита камбағал оилаларга ёрдам бериш, қашшоқ одамларнинг ҳаёт даражасини оширишдир. Бу фақат бойликни, маблағларни қайта тақсимлаш, бойлардан бир қисмини юлиб, камбағалларга беришдир. Бу чорани одамларда боқимандалик кайфиятига олиб келишда, ишсизликни оширишда айблашади. Лекин биздаги қашшоқлик ишсизлик туфайли эмас, ишлаганларда маошнинг камлигидадир, халқ иш йўқлигидан қашшоқ эмас, ишлаб кам маош олганидан қашшоқдир ва шунинг учун ўзини хориж меҳнат бозорига урмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “...биз шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмаганликка олдик. Бу нотўғри. Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг 4-5 фоизи камбағал экани аниқланди. Энди яшириш керак эмас... Биздаги маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. 700 минг аҳоли камбағал. Бу жами аҳолининг қарийб 21 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 500 минг, Сурхондарё вилоятида 500 минг, Наманган вилоятида 400 минг, Жиззах вилоятида 210 минг ва Сирдарё вилоятида 130 минг аҳоли камбағал”.
Зеро, камбағалликка қарши курашнинг биринчи қадами уни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш бўлиши керак. Экспертларнинг фикрича, букнинг учун солиқ солинмайдиган минимумга қайтилиши керак. Бу минимум камида яшаш минимуми даражасида бўлиши шарт. Қонунчилик билан яшаш минимуми белгиланиши керак. Бойларнинг даромади ва мулкларига солиқ каррасига оширилиши лозим. Ўзбекистон дунёдаги энг адолатсиз давлатлардан бири бу борада. Бизнес эгаси фойдадан 5% солиқ тўлайди, тўласа, агар, ёлланма ишчи эса - 12% тўлайди. Монополияларни, айниқса давлат ва ҳукумат идоралари бенефициарлигидаги хусусий монополияларни йўқ қилмай туриб камбағалликни камайтириб бўлмайди. Амалдор бизнесменлар фойдасига чиқарилган ҳар солиқ, ҳар бир бож, ҳар бир имтиёз қолганларни ёппасига камбағаллаштиради. Коррупцияга қарши кураш ҳалол, адолатли, қонуний ва ҳамма учун тенг бўлиши керак. Камбағалликка қарши курашга ажратилган пуллар ҳам йўл-йўлакай ўзлаштирилишига йўл қўймаслик муҳимдир. Камбағалликка қарши кураш яна бечора ўрта ва кичик бизнесни талаш усулига айланиб кетмаслиги керак. Солиқ тўлагандан кейин бизнес ҳомийлик қилишга, пакет қилиб беришга, ҳокимлар кўрсатган фирмаларга пул ўтказиб беришга мажбур эмас. Тадбиркор саҳоватни имкони бўлса ва чин дилдан қилиши мумкин.
Марказий Банк маълумотларига кўра аҳоли томонидан олинган кредитлар биринчи навбатда автомашиналарга, кейин маиший техникаларга, кейин мебелларга, кейин уй таъмир жиҳозларига ва тиббий даволанишга ишлатилган. Яъни ҳали халқ олган кредитларни ҳам пулдан-пул чиқаришга, иш очишга сарфламаяпти.
ФАҚИРЛИК ФАЛСАФАСИ
Бировлар: “Бу дунё, унинг мол-мулклари ўткинчи”, - дейдилар. Айримлар: “Мен Аллоҳга тавваккал қилганман, ўзи ризқимни беради”, - деб, умуман қўлларини совуқ сувга урмайдилар ва ризқни осмондан тушишини кутадилар... Набий алайҳиссалом Аллоҳга таваккал қилиб, туясини яйловга қўйиб юборган саҳройи арабга: “Аввал уни боғлаб, кейин Аллоҳга тавваккал қил”, - деб буюрганлар.
Ривоят қилишларича, тасаввуф аҳлидан бўлмиш Шақиқ Балхий раҳматуллоҳи алайҳ тижорат мақсадида йўлга отланади ва сафари узоққа чўзилишини ҳисобга олиб, нарсаларини тақводор ва зоҳид дўсти Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига омонат қолдиради. Лекин кўп ўтмай Шақиқ Балхий сафардан қайтиб келади. Иброҳим ибн Адҳам ҳазратлари: “Нега бунча эрта қайтдинг?” деб сўраганларида Шақиқ Балхий: “Йўлда бироз дам олиш учун четга чиқдим. Қарасам, у ерда бир чалажон, кўзлари кўр қуш ётар эди. Ҳайрон бўлиб ўзимга ўзим: “Бу қуш юра олмаса, кўра олмаса, бундай жойда қандай қилиб жон сақлаяпти экан?” - дедим. Кўп ўтмай бир қуш унга таом кўтариб келди ва бу ҳаракатини кун бўйи бир неча маротаба такрорлади. Кейин ўзимга ўзим дедим: “Шундай жойда бу қушни ризқлантириб қўйган Зот менга ҳам ризқ беради”, - дедимда ортимга қайтдим”, деди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар: “Эй, Шақиқ, нега бировларнинг қўлига қараб қолган қушнинг йўлини тутдинг? Нима учун ўзига ҳам, бошқаларга ҳам нафи тегадиган қушнинг йўлини танламадинг? Берувчи қўл олувчи қўлдан яхши эканини билмайсанми?” Шунда Шақиқ ўрнидан туриб ҳазратнинг қўлларидан ўпди ва “Эй Абу Исҳоқ, сиз бизнинг ҳақиқий устозимизсиз” деди ва яна сафарга отланди. Шунинг учун бандадан - ҳаракат, Яратгандан - баракот. “Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби Аллоҳ барокотли (юксак) бўлди”.
Албатта, фалсафий-маънавий кесимда бойлик – қаноатдир, қашшоқлик – очкўзликдир. Борига еганига, кийганига ва масканига қаноат қилган киши маънан бойдир, саройлари бўлса-да, яна талаб қилаётган, пора сўраётган, қаллоблик қилаётганлар асли қашшоқ ва очлардир.
Бу жиҳатдан ўн йил қамоқда ўтирган, дунё ҳақида кўп ўйлаган, қамоқдан чиқиб Уругвай Президенти бўлса-да, қишлоқдаги кулбасида яшаган, “дунёдаги энг қашшоқ Президент” номини олган Хосе Маруканинг фикри ўринлидир: “Қашшоқликни эмас, қаноатни тарғиб қиламан. Ахир, сиз бирор жилвакор буюм сотиб олаётганда, пул тўламаяпсиз – ўша пулни топиш учун кетган вақтингизни, куч-қувватингизни, қалб қиссиётларингизни, сарфлаган умрингизни тўлаяпсиз, ҳаётингизни сарфлаб топган пулингизга олаяпсиз. Ҳолбуки, пулга ҳаётни сотиб олиб бўлмайди, ҳаётни қайтариб ҳам бўлмайди... Жуда заруридан ортиқчаси умрингизнинг кушандасидир”.
АЛАЛ-ОҚИБАТ...
Яқинда Фарғонага сафар чоғида Шавкат Мирзиёев: "Менинг энг катта мақсадим - одамларни бой қилиш", деб айтдилар. Бу эса, қашшоқликни тугатиш, деганидир. Жаҳоннинг 127 давлати бўйича иқтисодий таҳлил ва башоратларни қилиб келадиган Focus Economics гуруҳи Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ ўн давлати қаторига қўйган. Қашшоқ ўнталикдан ўрин олган давлатларнинг аксари Суб Саҳара Африкаси давлатларидир. Улардаги муштарак жиҳат - яккаҳоким бошқарув, заиф молиявий институтлар ва коррупция хориж сармояларининг мамлакатга кириб келишига қаршилик қилади.
Ҳозирда Ўзбекистон эски бошқарувининг меросидан фориғ бўлиш учун ислоҳотлар олиб бормоқда. Бу ислоҳотларнинг комплекс ўтказилиши ва сиёсий, иқтисодий, маъмурий, ижтимоий-маънавий соҳаларни қамраб олиши бошқа муаммолар қатори қашшоқликка ҳам барҳам беради, деган умид бор.
ДАРВОҚЕ...
Биз мақола устида ишлаётганда тожвирус деган бир дард пайдо бўлди ва дунёни ва иқтисодни жиловлаб олди. Дунёда ҳар куни очликдан 25000 нафар одам ўлар экан. Бу йилига таҳминан 9 миллион киши дегани. Ер юзида 780 миллион инсон ўта қашшоқликда яшаса, миллиардлаб одамлар камбағалликда яшайдилар. Яъни очарчилик, қашшоқлик бу тожвирусдан кўра хавфлироқ ва долзарброқдир.
Қисқа вақт ичида коронавирус касаллиги (COVID-19)нинг глобал миқёсда кенг тарқалиши деярли барча давлатлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатиб, унинг таъсир кўлами кенгайишда давом этмоқда. 1929-1932 йиллар мобайнида дунё иқтисодиёти умумий ҳисобда тахминан 15 фоизга, 2008-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироз натижасида глобал иқтисодий ўсиш суръатлари 3 фоизни ташкил этган. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) нинг жорий йил биринчи ярмида коронавирус пандемияси кенгайишининг тўхтатилиши ва иккинчи ярим йилдан бошлаб иқтисодий фаолликнинг босқичма- босқич тикланиши бўйича тахминларига асосланган базавий прогнозларига кўра 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бунда, иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШ -5,9 фоиз, Еврозона мамлакатлари -7,5 фоиз) ва ривожланаётган мамлакатларда -1 фоизни, шунингдек, Россияда -5,5 фоизни ва Қозоғистонда -2,5 фоизни ташкил этиши, Ўзбекистонда эса 1,8 фоизлик иқтисодий ўсиш тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистонда 2020 йилнинг I чорагида иқтисодий ўсиш суръати 4,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичига (5,7 фоиз) нисбатан 1,6 фоизга секинлашиши кузатилди. Республикада коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича киритилган чекловлар таъсири апрель ойидан сезила бошланди. Апрель ойининг 1-27 кунларида март ойининг мос даврига нисбатан республика бўйича жами пул тушумлари 45 фоизга, бунда, маҳсулотларни сотишдан тушган тушумлар 31 фоизга ҳамда пуллик хизматлар соҳасидан келадиган тушумлар эса қарийб 2,7 баробарга қисқариши кузатилди. 2020 йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 1,5-2,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Хориждан пул юбориш камайди ва камаяди. Халқаро пул ўтказмаларининг 30-40 фоизга қисқариши аҳоли даромадларининг ва иқтисодиётда истеъмол харажатларининг камайишига олиб келади. Умуман олганда хусусий секторда якуний истеъмол харажатлари дастлабки прогноз қилинган 6,8 фоизлик ўсишдан паст бўлиб, 1,2 фоизгача қисқариши мумкин.
Сир эмас, мамлакатмиз карантин даврида ташқаридан қарз ола бошлади. Муҳими, бунда давлат ташқи қарзи асосан ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида жалб қилиниши керак.
Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йил давомида давлат ташқи қарзи 5,7 млрд АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 57,8 фоизга ошиб, 2020 йил 1 январь ҳолатига 15,6 млрд АҚШ долларини (ЯИМга нисбатан 27 фоиз) ташкил этди. Шундан, 2,5 млрд АҚШ доллари ҳукумат номидан имзоланган ташқи қарз битимлари ҳисобига шаклланган бўлса, 2,2 млрд АҚШ доллар миқдоридаги маблағлар ҳукумат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимларига асосан жалб қилинди. Шунингдек, 2019 йил февраль ойида 1 млрд АҚШ доллар қийматида суверен халқаро облигациялар чиқарилди. Умуман олганда, 2020 йил 1 январь ҳолатига давлат ташқи қарзининг 4,5 млрд АҚШ доллари энергетика соҳаси, 2,1 млрд АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмаси, 1,9 млрд АҚШ доллари қишлоқ хўжалиги соҳаси, 1,8 млрд АҚШ доллари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ва қолган 5,3 млрд АҚШ доллари бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келган.
Тожвирус офатига қарши курашиш давлат харажатларини сезиларли даражада оширган бир пайтда бюджет тушумларининг камайиши шароитида ташқи қарз олиш узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни кўзлаб амалга оширилади.
Таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси дунёни қарз ботқоғига ботириб кетади ва инқироздан кейинги даврда мамлакатлар баъзи қийин қарорларни қабул қилишга мажбур бўлишади. Масалан, Халқаро валюта фонди ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда ривожланган давлатлар умумий давлат қарзи 6 трлн АҚШ долларга ошиб, 66 трлн АҚШ долларини ташкил қилиши кутилмоқда.
Хўш, карантин ва коронавирус қашшоқликка қарши курашимизга қандай таъсир ўтказади?
Биринчидан, қашшоқликка қарши курашишдаги молиявий аҳволимиз оғирлашади. Иқтисодий ўсиш пасаяди.
Иккинчидан, қашшоқлар эса кўпаяди, чунки ишсизлар сони ошди ва уларга иш бериши мумкин бўлган соҳалар муайян вақт тўхтаб қолди.
Демак, қашшоқлар кўпайди, имконлар камайди.
Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси
Жамоатчилик Кенгаши раиси.
Манба: ДАРАКЧИ №14-15, 2020