ЁЗАСАН, ДЕБ АЙТ


ЁЗАСАН, ДЕБ АЙТ

 

     Сенга суяниб ўзимни кўтармоқчи бўляпман, зинҳор ўзингни олиб қочма… Таскин бер! Бугун ёзмасанг, эртага, албатта, ёзасан, деб айт. Ёзишимга мени ишонтир.
     Менинг ҳаётимга сен шаҳдам қадамлар билан кириб келганинг йўқ, Сен мен билан бирга туғилгансан. Тўғри, Сен урушда бўлдинг… Мен курашларда омон қолдим. Йўлларим дўстларим ўйлаганчалик равон эмас. Баъзан йиқилиб ўлишга, баъзан ўлиб йиқилишга тўғри келади. Мен ҳар куни умримнинг қайсидир йўллари билан хайрлашгим, қайсидир йиллари томон кетиб қолгим келади. Оғир сукунати билан ўлимни эслатиб турувчи тирилтириш хоналарида Сенинг ёш томчилаган кип­рикларингга осилиб тирилганман. Бирдан тирилиб қолганимни кўрган шифокорлар ёқа ушлашгача боришган. Мен бутун борлиқни ўша кундан кейин яхши кўриб қолганман. Дарахтларидан тортиб қушларигача юрагимга қамаб қўйганман.
     Дунё билан келишолмай қолган кунларим мен сенинг юрагингга рухсатсиз кирай, изн бер. Изн бер, мен Сени олдингидан ҳам кўпроқ муҳаббат билан севай.

 

АДАБИЁТ ИБОДАТХОНАСИ


     Қаерга қарамай, дунёнинг ҳамма жойи Адабиёт ибодатхонаси бўлиб кўринаверади.
     Бугун дастурда кўрсатилгани бўйи­ча Адабиёт ибодатхонасини кўришга тонг-саҳарлаб йўлга чиқдик. Ҳамманинг кайфияти зўр! Ҳаммамиз бир-биримизни яхши кўрамиз! Худди ибодатга кетаётгандаймиз! Билмадим, қандайдир сеҳр бор бу ерда. Биноларда салобат. Дарахтлару гулларгача қаерда ўсаётганини билади. Қушлар анча вазмин... шамоллар ҳаддидан ошишни хаёлигаям келтирмаса керак. Ҳаво нафас олмай тургандай... Ёқимли сукунат, юрак уришини эшитиш мумкин бўлган жимлик! Ҳамма ўзи билан бўлиб кетди, анчадан буён кутганимиз янаям кўзга кўриниб қолди... Бизнинг уйимиз эди асли бу жой. Бизнинг Ватанимиз эди Адабиёт ибодатхонаси.

* * *


     Худо деб юрган кунларимнинг бирида сени учратдим... Бу дунёда кўрган одамларимнинг ҳеч бирига ўхшамаслигинг менинг диққатимни тортди. Сен мағрур ва жудаям ғамгин эдинг, маъюс термуларди кўзларинг! Сен бу дунёда Урушлар ичида яшаётганга ўхшардинг. Менинг раҳмим келарди сенга! Туну кун сени урушдан тортиб олиш, менинг дунёмга қайтариш ҳақида ўйлардим. Албатта, бунинг ўзи бўлмади! Сенинг дунёнгга неча бор кетиб-келдик... Яхшиям, у кунлар биз яшаб қолдирган кунларда қолди. Сен жудаям беғубор эдинг... йиғлагим келарди сенга термулиб. Айниқса, киприкларинг менга жуда ёқарди. Кўзларингга айланиб бўлган кунларим мендан бахтли одам бўлмаган! Ва бугун ҳам мендан бахт­лироқ одамни кўрмадим... Муҳаббат бизга бу дунёни кўрсатмади... Фақат Унинг борлигини ҳар нафасимизда ҳис қилиб яшадик. Худо деб юрган кунларимнинг бирида сени учратдим... Сен ҳам ўша кунлари Худо деб юрганмидинг?

 

Хосият РУСТАМОВА - шоира, "Китоб дунёси" газетаси Бош муҳаррири