ШУКР ҚИЛИШ - ҚАНОАТЛИ БЎЛИШДИР


   Ўзини ўзгага кўчирувчи қалб эгаси ўзгалар дилини яхши тушунади. Ўзидан ҳам кўра, бошқаларнинг талаб-эҳтиёжларини ҳис этиш, уларнинг мақсад-интилишларини идрок .тиш, улардан самимий ва беминнат ёрдамини аямаслик илинжида бўлади.  Бу хоҳиш-истак унга хоҳ саҳнада бўлсин, хоҳ ҳаётда бўлсин тинчлик бермайди. Ўз умр мазмуни, қисмати санъат билан боғланган чинакам истеъдод эгалари шу соҳанинг нурли йўлларини ҳам, ўнқир-чўнқир сўқмоқларини ҳам теран идрок этишади. Бу соҳада у бойиб кетмаслигини ҳам, фақир бўлиб қолмаслигини ҳам билади. Борига ҳам, йўғига ҳам шукру қаноат қилиб, ўз касбидан завқ-шавқ олиб юради, тинимсиз меҳнат қилади. Лекин унинг ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайдиган катта бойлиги бор, бу халқ ишончи ва эътибори, оиласининг саломатлиги, юртининг осойишталиги ҳамда халқининг фаровонлигидир. Бу шунчаки қоғозларда битиладиган, минбарларда айтиладиган қуруқ нутқ ёхуд шаблон шиорлар эмас. Уни қалбдан ҳис этганларгина тўғри тушунади ва тўғри ёндошади. Ўзининг изланувчанлиги, ташаббускор, фидойи ва меҳнатсеварлиги билан доимо халқ эъзозида бўлиб келаётган таниқли театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти - Эркин Комилов билан суҳбатлашарканман, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимдан кечади.
— Эркин ака, қандай соҳада бўлмасин, бир кун шогирд вақт ўтиб, эрта-индин устоз бўлади. Агар у ўзи танлаган йўлда собитқадам ва камарбаста бўлса, албатта.  Ана шу нисбат ва шараф сизга ҳам дахлдор. Суҳбатимизни устозларингиздан ўрганган ва олган сабоқларингиздан бошласак.
— Театрга келиб фаолиятимни бошлаганимга мана, 46 йил бўлибди. Ачинарлиси шундаки,  ана шу муддат мобайнида 42 та буюк актёрдан жудо бўлибмиз. Руҳлари шод бўлсин, уларнинг ҳар бирининг ўз ўрни, ўз ижроси бор эди. Нафақат, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов,  Сора Эшонтўраевалар, Амин Турдиев, Ғани Аъзамовлар ҳам бир дунё эди. Қудрат Хўжаев бир академик эди, Махсум Юсупов ҳам худди шундай эдилар, Зайнаб Садриева, Замира Ҳидоятова ва ҳоказо. Ижодимда асосий рол ўйнаган, чинакам устозлик қилган Шукур ака Бурҳонов эдилар. Мени уйлантирган ҳам, ҳарбий хизматдан олиб қолиб театрга қисматимни боғлаган ҳам Шукур ака эди. Ўзи ҳам, сўзи ҳам ибрат эди уларнинг. Қўнғироқ қилиб залворли овоз билан салом-аликдан сўнг “қаердасан, уйга кел” — дердилар. Ишингиз борми, йўқми барибир албатта, айтилган пайтда уйларида ҳозир бўлардик. Оддий суҳбатларида ҳам санъат, театр, ижод ва ижро билан боғлиқ ҳолда ибратомиз ўгитлар бўларди. Ҳалол, пок одам эдилар. Ўзининг ишини қўйиб бўлса-да бировнинг ишини битказишга ёрдам берар, шундан лаззатланардилар. Шукур акамнинг гримхонасида ўтирибмиз мана, улардан кейин Зикир ака Муҳаммаджонов билан бирга ишладик, улар ҳам раҳматлик бўлиб кетдилар. Бу хонада бир ўзим қолдим энди. (чуқур хўрсинади.) Шукур ака тартиб-интизомни шогирдларидан ҳам талаб этардилар. Спектакл одатда, етти яримда бошланса, соат учда келиб гримхонада, ярим кийинган ҳолда ўтирган кези ижро этадиган ролининг сўзларини қайта-қайта такрорлаб машқ қилардилар, грим қилардилар. Ўн бешта кам еттида улар тўла тайёр бўлардилар. У ўзи ўйнайдиган қаҳрамоннинг руҳиятига тўла кўчиб бўлардилар. Даҳлиздан, саҳна атрофидан оҳиста юриб айланардилар. “Шоҳ Эдип” бўладими, “Қиёмат қарз”ми кейингина саҳнага, томошабинлар нигоҳига тўғри чиқиб борардилар.
   “Юрагингни ишлат, юрак аккумуляторга куч беради, — деб бошларини кўрсатарди, — аккумулятор эса оёқ-қўлларни, ғилдиракларни юргизади. Йўқса, саҳнада оёқ-қўлларингни қаерга қўйишни билмай қоласан. Шундай маҳорат билан ўйнагинки, чиққанингда томошабинни тизгинлаб ол! Ҳар дақиқада йўталиб турадиган сил касаллигига мубтало бўлган беморнинг сенинг маҳоратингни кўриб йўтали ёдидан чиқиб кетсин. Қарға юз йил, уч юз йил яшар, нимани титкилаб ўтишини биласан, майли ўн-ўн беш йил камроқ яшарсан, “зато” элга таниласан, халқнинг меҳрини қозонасан. Бўлар-бўлмасга телевизорга чиқмагин. Халқни соғинтириб рол ўйнагин. Бир ролингдан иккинчи ролингнинг фарқи бўлсин. Характер яратгин. Матнни қуруқ ёд олмагин. Унинг паузалари бор, эътибор бер, ақлинг билан чархла. Паузаларни тўлдиргин ҳолатинг билан.”  Гапираман деса гап кўп, улар меҳри дарё, ўзи бир дунё олам эди раҳматлик. Устознинг маслаҳатлари, панду ўгитларини ҳаёт жараёнида қўллаб кам бўлаётганимиз йўқ. Беадад шукур.
— Эркин ака, жиноятга яраша жазо муқаррарлигини била туриб шу ишга майл билдиришни қандай изоҳлайсиз?
— Инсон жиноят эканлигини билади. Давлат, ҳукумат томонидан тақиқланганлигини, қонун билан чеклаб қўйилганлигини ҳам яхши билади. Лекин шу ишга нимагадир ишга хоҳиш билдиради. Бир марта қилади, силлиққина кўчаяпти, қўлга тушмайди. Иккинчи марта, учинчи марта борингки, тўртинчи марта ҳам қилади, кейин лоп этиб қўлга тушади. Кейинги надомат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Кўз очлигини тупроқ тўлдиради, — деган гап беҳуда эмас, эканда. Хом сут эмган бандамиз-да. Балки, пишиқ сут бўлганда, бошқача бўлармиди, деб ўйлайман. Камчиликларимиз кўп. Агар инсон астойдил меҳнат қилса, пешона тери билан ҳалол пул топса бундан завқли, тинч ҳаёт борми ўзи. Бирон нарсани ўмарган бўлса, эшик тақиллади дегунча, шошма, олдин қарагин ким экан, кейин эшик очасан, — деб хавотирга тушади. Айби борнинг ҳадиги бор деганларидек, “Мени йўқ деб айт”, дейди. Хуллас, хотиржамлиги  йўқолади. Безовталик офатига учрайди. Бу эса унинг асабига, юрагига таъсир қилади. Натижада дард орттиради. Топган-тутгани ҳам соғлигини тиклашга кетади, етса унда ҳам.
— Муҳаммад пайғамбардан уммат бўлганингизда Парвардигордан нима сўрардингиз, деганларида “тани сиҳатлик ва хотиржамлик” деб жавоб қайтаргани ҳам бежиз эмас эканда.
— Ана холос. Ҳақ гап. Қадимги ривоятлардан бирида ўқигандим. Оломон гавжум бўлган бир жойда машҳур бир донишманд шундай ваъз қилади: Дунёдаги жамики жонзотлар, бутун наботот олами-ю, паррандалар, даррандалар ҳаммаси шукр келтиради.
   Ҳамма гапимга ишонади деб гапираверасизми?  Мана, айтингчи,  мол шукр келтирадими?  — дебди мажлисда ҳозир бўлган иймони сустлардан бири донишманднинг гапига пичинг қилиб.
   Албатта, шукр қилади. Одамлар менинг сутимни ичади, гўштимни ейди. Уларга манфаатим тегади, ит бўлмаганимга шукр, дейди.
   Ана, ит бор экан-у шукр келтирмайдиган, яна нима дейсиз?
   Йўқ, у ҳам шукр келтиради. Одамлар мени пешонамни силайди, мендан жирканмайди, уларнинг уйида қўриқчилик қиламан, ўғри ва каззобдан сақлайман, эвазига суяк, нон, гўшт беришади, тўнғиз бўлмаганимга шукр, — дебди.
   Ана, тўнғиз шукр келтирмас экан-у, — дебди яна.
   Йўқ, у ҳам шукр келтиради. Мен одамларга зиён-заҳмат етказадиган, зарар қиладиган мунофиқ, разил, ичи қора, ҳасадгўй, риёкор бўлиб гуноҳлар орттирадиган, у дунёда азоб тортадиганлардан ҳазар қиламан. Ана шу тоифадагилардан бўлмаганим учун шукр қиламан. Бундан кўра, шу лойга, балчиққа булғаниб ётиб, шу қора тупроққа қоришиб ўлиб кетганим дуруст, дебди.
   У эса донишманднинг бу гапларидан мулзам бўлиб,  тўғри хулоса чиқазган экан.
— Ҳар бир ота-она фарзандини униб ўссин, оиласига, эл-юртига хизмат қилсин, тан-жони омон бўлсин, бола чақаларининг ҳузур-ҳаловатини, роҳат-фароғатини кўрсин деб, дуо қилади. Лекин айрим фарзандларнинг ноқобил бўлиб чиқишига нима дейсиз?
— Қайси ота-она фарзандига ёмонлик тилайди, ёмонликни раво кўради. Ҳеч бир ота-она бундай қилмайди. Лекин баъзи пайтларда фарзандлар ноқобил бўлиб ўсади. Шунинг учун ҳам қариликнинг ва ўлимнинг эшигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёпа олмайди, дейишади. Ноқобил фарзандга ҳам Оллоҳнинг ўзи инсоф бермаса, бандаси уни тўғри йўлга солишга қийналади. Ота-онаси қанча ялиниб ёлборгани билан мудҳиш ишларни қилаверади. Қизиғи, эл-юртда обрўли, катта вазифаларда ишлайдиган инсонларнинг болалари баъзи қилмишлари билан ота-онасининг юзини шувит қилиб қўйиши ҳақида ўйласам, шоиримизнинг ушбу тўртлиги ёдимга келаверади:

Афсуски, жаҳонда хирадмандларнинг,
Фарзандлари бору эмас хирадманд,
Отада одоб-у билим бўлса ҳам,
Ундан насибасиз қолибди фарзанд.

   Ношукурчилик кўпайиб кетаётгандек, назаримда. Биз энди урушдан кейинги авлодмиз. Ўша пайтлардаги очарчилик, қаҳатчиликни кўрмаганмиз. Ота-боболаримиз ўша пайтларда ҳам ношукурлик қилишмаган. Дадам раҳматлик, жуда билимли одам бўлганлар. Диний ва дунёвий илмга ҳам эга бўлганлар. Қуръонни тўлиқ ёд олган қори бўлганлар. “Комил қори” деб ҳурмат билан тилга олишган. Дунёдан ўтганларида додлаб йиғлаганман. Одамлар “қорининг ўғлисан, бундай йиғламагин, яхши бўлмайди, деб танбеҳ берганларида, “ота-онага ўлмоқ мерос, йиғлаётганимнинг боиси шунча илм тупроққа қоришиб кетаверадими, деб куюниб йиғлаяпман,” — деганман. Ферма мудири бўлганларини элас-элас эслайман. Лекин омборчи бўлиб ишлаганларини биламан. Шунда онам “қори, болаларга бир атала қилиб бермоқчийдим, омбордан бироз ун олиб чиқиб бермайсизми?”, - деб илтимос қилганларида, таажжуб билан: “Нима деяпсан, ахир, уйдан атала ҳиди чиқса, ҳиди қўшнимизнинг болаларини безовта қилса, менга юқадими шу, бировнинг ҳақини болаларга едирмайман", - деганлар. Отам ҳаромдан қўрққан инсон бўлганлар. Поклик билан, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан оила боққан. Ҳалол еган бола юзингизни ерга қаратмайди. Ҳаром едирилса, болаларга ҳам уради. Ундан яхшилик кутиб бўлмайди. Масалан, она ҳомиладорлик пайтида бировнинг ҳақини келтириб қозонга ташласангиз она ундан еса, фарзанд ҳам ундан озиқланадими ахир. Ана ўша ерда бир хатолик кетган бўлади. Имом Аъзамнинг оталари Собит исмлик киши бўлган. Имом Аъзам тўрт-беш ёшларида волидайи муҳтарамасининг ёнига чопқиллаб келиб, “Онажон, мен каломи шарифни ёд олдим”, деб хурсанд бўлганларида, онаси эса “Агар отанг боғбондан сўрамасдан, розилигини олмасдан ариқда оқиб келаётган олмани тишлаб қўймаганларида, сен бундан ҳам қисқа фурсатда Қуръонни ёд олишинг мумкин эди,” – деб жавоб берадилар.
— Дубляж санъатида ўз ўрнингиз бор. Шу ҳақда ҳам сўз юритсангиз.
— Тўғри, бир неча фильмларда асосий қаҳрамонларга овоз берганман. "Қундуз амаки қиссалари", "Франс уч"га овоз бердим. Икки ойдан кейин мени Украинага, Киевга олиб кетишди. Пайғамбарлар тарихи билан боғланган бир фильмга овоз бердим. Ўзбек тилига таржима қилишган экан. Муҳаммад пайғамбаргача бўлган пайғамбарлар ҳаёти, фаолиятига доир лавҳалар унда акс этган. Шундаги бир эпизод менинг эътиборимни  тортди. Мусо Аллоҳ билан гаплашган пайғамбар экан. — Эй яратган эгам, қандай бандаларингни хуш кўрасан, — деб сўрайди Мусо. — Берган умримга шукур келтирган, берган ризқимга қаноат қилган бандаларимни хуш кўраман. Шукр қилган инсон ҳеч қачон жиноят қилмайди. Ҳозир ким ошди усули бўлаяпти. Биров икки қаватли иморат қурса, қўшниси уч қаватли қилиб қураяпти. Тўй берадиган бўлса ҳам, ўзини кўрсатиш бобида бири-биридан қолишмайди. Дабдабалик дабдалалик эканини тушунишни исташмайди. Ҳалол йўл - пешона териси билан топилган пул ҳуда-беҳудага совурилмайди.  Худо деймиз-у, лекин ўз билгимизча иш тутамиз. Қачонки, инсон боши ёстиққа етиб касал бўлиб, изтироб тортиб шифтга тикилиб ётса, соғ-у омон юрган кунлари энг бахтли онлари эканини англаб етади. Қачонки, қўлга тушиб қамалганимиздан кейин бахтли онларимиз ўша озодликда экан деймиз.  Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим жоиз, синглим қирқ йил аввал Ўшга келин бўлиб тушган. Бола-чақалик бўлиб, невара-чеваралик бўлиб кетган. Ўшдаги  мудҳиш воқеалар пайтида синглим ўн кун кўча юзини кўрмай ертўлада ётганлардан бири бўлган. Яқинда унинг соғлигини тиклаш учун бир амаллаб уйга олиб келдим. Бир неча кун дам олиб ўзига келгач, “Ака, бу ер жаннат экан-ку, хоҳласангиз кўчага чиқасиз, театрга, кинога борасиз, хоҳласангиз паркларга бориб ҳордиқ чиқазасиз, ором оласиз.  Бундан ортиқ бахт борми ўзи, дунёда. Бизнинг Ўшда қоронғу тушган заҳоти ҳамма уйига кириб кетади. Ўзбек қирғиздан, қирғиз ўзбекдан  қўрқади. Кўчага чиқишни хаёлига ҳам келтирмайди. Бамисоли дўзахга айланган.” Шукрона келтириб яшашдан улуғ неъмат йўқ. Одамзот учта нарсанинг қадрига кечикиб етади: соғлик, ёшлик ва тинчлик. Буларнинг қадри уларни йўқотганимиздан кейингина билинади. Озодлик учовини ҳам қадрини уйғунлаштиради. Вақт ўтаверади, руҳий хотиржамлик бўлмайди, инсон соғлиги емирилаверади.
— Кейинги пайтларда ҳам театр саҳнасида бўлсин, кинода бўлсин жиддий ва ҳажвий ролларнинг моҳир ижрочиси сифатида янада танилдингиз. Ўзингиз маромига етказиб, мароқ билан ижро этган ролларингизни айта оласизми?
— Бизнинг фожиамиз саводсизлигимизда эмас, балки фаолиятсизлигимизда, — дейди америкалик руҳшунос Дейл Карнеги. Инсон доимо ҳаракатда бўлиши керак, Аллоҳ жисму танимизни бутун қилиб қўйган экан, эл-юртга хизматимиз ва ҳимматимиз билан доимо ҳаракатда бўлишимиз керак, деб ҳисоблайман. Эшик зулфи, занжири нега зангламайди, сабаби у доим қимирлаб туради. Ҳозирги кунда Қўчқор Норқобилнинг “Тақдир синовлари” асарида Жайрон бобо ролини ўйнадим. Маза қилиб ўйнаганман. Кинода психологик бир образ яратишни истаб юрардим. Эркин Аъзамовнинг “Сув ёқалаб” асаридаги Болта Мардонни ўйнадим. Собир Назармуҳаммедовнинг “Соғинч соҳили” деган асари асосида ишланган икки сериялик фильмда ногиронлар пансионатининг бош шифокори ролини ўйнадим. Комик ролларга келсак, хабарингиз бор, “Олтин девор”да Қиличбекни, “Келинлар қўзғолони”да мухбир ролини ўзим ёзиб, ўзим ўйнаганман ва ҳоказо. Менга характерли роллар бўлса драматик, трагик ва комик ролларни ҳам ижро қилиб кетавераман. Баъзи санъаткорлар фақат бир хил ролларни ижро этишади. “Тақдир синовлари” асарида суҳбатимизга  мос, ибратомиз жиҳатлар бўлгани учун бироз гапирсам, чўпонлик қилиб кун кечирувчи Жайрон бобо кўп йиллар фарзанд кўрмай, ниҳоят Тангрининг инояти билан фарзандлик бўлади. Унинг номини ҳам шунинг учун Тиловолди деб қўяди. Бир қўшнисининг ўғли афғон урушига бориб, яраланиб, контузияга йўлиқиб, тили тутуқ бўлиб қайтади. Унинг ота-оналари ўлиб кетгани учун ўзига асранди ўғил қилиб олади. Ўзининг ўғли эса чет элга ўқишга кетган бўлади. Районнинг катталари аҳён-аҳёнда келиб “Жайрон бобо, яна бир катта келаяпти, зўридан бир қўй сўйинг.”  Эртасига, индинига яна шу гап такрорланаверади. Бир ойда элликта-юзта қўй сўйилиб кетаверади.  Ахири ютоқиб дейди: “Бунинг сўрови бордир, ахир, ҳар куни сўяверсам.” “Сиз хавотир олманг, ҳаммасини ўзимиз тўғрилаймиз, нима ғамингиз бор? Кампирга беринг, мана бу гўштни мазза қилиб ейишсин, — деб “мурувват” ҳам қилади. Бир куни районнинг катталаридан бири бир қиз билан ўйнашиб ўтирган бўлади. Чол буни кўриб ҳайрон бўлади ва кампирига ёрилади. “Менинг юрагим музлаб бўлди, кампир. Бу ерга тоғ-у тошларни кўрсатгани қизини олиб келибди, десам, жазманини олиб келиб ўйнашиб ўтирган экан. Бу ернинг ўтлари ҳам, сувлари ҳам, тоғу тошлари ҳам энди ҳаром бўлди! Кел, кампир, бу ердан кетайлик”,- деб кўзида ёш қалқийди. Ўғли ўқишдан қайтиб келади ва “ўша қизни менга олиб берасиз,” — дейди. Чол эсанкираб қолади, рози бўлмайди. Ўғил эса “шундан бошқасига уйланмайман” — деб туриб олади ва дейди: “Унинг тоғаси шу қизга уйлансам, менга жой, машина ва бошқа кўп нарсалар олиб беришни ваъда қилган. Чол ҳеч нарса дея олмай, айтишга ботинолмай, ожиз қолади. Қулмирзаларнинг одамларидан бири келиб чўпонга: “Мана бу ҳужжатларга қўл қўйиб беринг” — дейди. Жайрон бобо: “Йўқ, мен бундай ҳаромга қўл қўя олмайман” – деб туриб олади. Ахийри, бу ишларга, емишларга чўпоннинг ўзини ҳам шерик бўлганини эслатиб, “Ҳалолдан сўз очасиз, уйингизга ҳаромни опкелиб қўйибсиз-ку,” — деб ўша “қиз”га ишора қилади. Буни кампири ҳам эшитиб қолади. Шу ерда чолнинг бир қалб нидоси янграйди: “Тўғри, адашдим, уларга шерик бўлдим, ҳаром еганимизнинг оқибати фарзандимдан қайтди, бу тақдир синови экан”, — деб оҳ чекади.
   Қаердадир ўқиганим, эшитганим бор эди. Қўни-қўшнилардан бири ўзининг дилига озор ва уйига зиён етказгани ҳақида отага фарзандини ёмонлаб келади. Қўшнининг арз-додини эшитган ота бир аёлига, бир қўшнисига қараб ҳанг-манг бўлади. Қўшни кетгач, ота хотинини чақириб дейди, “Бу не ҳол бўлди, нега фарзандимиз ноқобиллик қилибди, ё бирон бир ҳаром-ҳариш еганинг бормиди?” Онаси “йўқ,” — дейди-ю бирдан ёдига тушиб “Ўғлимиз қорнимдалигида, ҳомиладорлик пайтимда қўшнининг уйига меҳмонга боргандим. Ўшанда пўртахолга бошқоронғи эдим.  Не кўз билан кўрайки, дастурхонда ҳил-ҳил пишган пўртахоллар турарди. Қўл чўзиб олиб ейишга истиҳола қилдим. Мезбон чой келтириш учун чиққанида тўғноғичим билан пўртахолни тешиб сувини сўриб, яна жойига қўйиб қўйгандим, — дейди.
- Ана, кўрдингми, хотин, ҳомилалик пайтингда-ёқ, боламизни ҳалол озиқлантирмай, айбдор қилиб қўйган эканмиз, — деб куюнибди ота.
—  Айни кунларда қандай роллар билан бандсиз?
— Ўзбек ва Қорақалпоқ халқларининг дўстлиги тарихи ҳақида  Мурод Низомов сценарийси асосида “Баҳор қалдирғочи” деган бадиий фильм суратга олинган. Яқинда премьераси бўлади. Ўшанда ота ролини ижро этдим. Кинода ўғлим қорақалпоқ қизини севиб қолади, улар орасидаги самимий муҳаббат тарихи ҳар иккала халққа хос бўлган урф-одатлар замирида ўз аксини топган. Миллат танламас қадрулабад туйғу саналган муҳаббат ушбу фильмда яна бир бор тараннум этилган. Рустам Саъдиевнинг “Ўгай она” фильмида ота ролини ижро этдим. Томошабинлар яхши қабул қилишди. Афғон уруши ҳақида бир фильмни режалаштириб юрибман, қанийди, маблағ бўлса, шуни суратга олсам.  Қўшнинг тинч — сен тинч деган нақл беҳуда эмас. Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кўтарилади, деб бежиз айтишмайди. Урушнинг оқибатлари ва асоратларини ота-боболаримиз кўришган. Биз мана шу тинчлигимизнинг, халқимиз осойишталигининг қадрига етиб шукрини қилишимиз керак.
—  Тилакларингиз?
— Мен жазо муддатини ўтаётганларга сабр-тоқат тилайман. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, дейишади. Ёруғ кунлар ҳам келар, уларнинг ота-оналари кутаётгандир, фарзандлари кутаётгандир, оиласи кутаётгандир. Эсон-омон қайтиб келиб, қизларини бокиралик билан куёвга узатсин, ўғилларини имонли, эътиқодли қилиб тарбиялаб уйлантирсин. Уларнинг роҳат – фароғатини кўрсин, деб тилак билдираман.

Суҳбатдош - Раҳим Жуманиёз.
Манба: (“Вақт-время” газетаси, 2012 йил)

SHUKR QILISH - QANOATLI BO’LISHDIR

   O‘zini o‘zgaga ko‘chiruvchi qalb egasi o‘zgalar dilini yaxshi tushunadi. O‘zidan ham ko‘ra, boshqalarning talab-ehtiyojlarini his etish, ularning maqsad-intilishlarini idrok etish, ulardan samimiy va beminnat yordamini ayamaslik ilinjida bo‘ladi.  Bu xohish-istak unga hoh sahnada bo‘lsin, xoh hayotda bo‘lsin tinchlik bermaydi. O‘z umr mazmuni, qismati san’at bilan bog‘langan chinakam iste’dod egalari shu sohaning nurli yo‘llarini ham, o‘nqir-cho‘nqir so‘qmoqlarini ham teran idrok etishadi. Bu sohada u boyib ketmasligini ham, faqir bo‘lib qolmasligini ham biladi. Boriga ham yo‘g‘iga ham shukru qanoat qilib o‘z kasbidan zavq-shavq olib yuradi, tinimsiz mehnat qiladi. Lekin uning hech narsa bilan baholab bo‘lmaydigan katta boyligi bor, bu halq ishonchi va e’tibori, oilasining salomatligi, yurtining osoyishtaligi hamda xalqining farovonligidir. Bu shunchaki qog‘ozlarda bitiladigan, minbarlarda aytiladigan quruq nutq yoxud shablon shiorlar emas. Uni qalbdan his etganlargina to‘g‘ri tushunadi va to‘g‘ri yondoshadi. O‘zining izlanuvchanligi, tashabbuskor, fidoyi va mehnatsevarligi bilan doimo xalq e’zozida bo‘lib kelayotgan taniqli teatr va kino aktyori O‘zbekiston xalq artisti Erkin Komilov bilan suhbatlasharkanman, yuqoridagi mulohazalar xayolimdan kechadi.

— Erkin aka, qanday sohada bo‘lmasin, bir kun shogird vaqt o‘tib, erta-indin ustoz bo‘ladi. Agar u o‘zi tanlagan yo‘lda sobitqadam va kamarbasta bo‘lsa, albatta.  Ana shu nisbat va sharaf sizga ham daxldor. Suhbatimizni ustozlaringizdan o‘rgangan va olgan saboqlaringizdan boshlasak.

— Teatrga kelib faoliyatimni boshlaganimga mana, 46 yil bo‘libdi. Achinarlisi shundaki,  ana shu muddat mobaynida 42 ta buyuk aktyordan judo bo‘libmiz. Ruhlari shod bo‘lsin, ularning har birining o‘z o‘rni, o‘z ijrosi bor edi. Nafaqat, Olim xo‘jaev, SHukur Burhonov, Nabi Rahimov,  Sora Eshonto‘raevalar, Amin Turdiev, G‘ani A’zamovlar ham bir dunyo edi. Qudrat Xo‘jaev bir akademik edi, Maxsum YUsupov ham xuddi shunday edilar, Zaynab Sadrieva, Zamira Hidoyatova va hokazo. Ijodimda asosiy rol o‘ynagan, chinakam ustozlik qilgan SHukur aka Burhonov edilar. Meni uylantirgan ham, harbiy xizmatdan olib qolib teatrga qismatimni bog‘lagan ham SHukur aka edi. O‘zi ham, so‘zi ham ibrat edi ularning. Qo‘ng‘iroq qilib zalvorli ovoz bilan salom-alikdan so‘ng “qaerdasan, uyga kel” — derdilar. Ishingiz bormi, yo‘qmi baribir albatta, aytilgan paytda uylarida hozir bo‘lardik. Oddiy suhbatlarida ham san’at, teatr, ijod va ijro bilan bog‘liq holda ibratomiz o‘gitlar bo‘lardi. Halol, pok odam edilar. O‘zining ishini qo‘yib bo‘lsada birovning ishini bitkazishga yordam berar, shundan lazzatlanardilar. SHukur akamning grimxonasida o‘tiribmiz mana, ulardan keyin Zikir aka Muhammadjonov bilan birga ishladik, ular ham rahmatlik bo‘lib ketdilar. Bu xonada bir o‘zim qoldim endi. (chuqur xo‘rsinadi.) SHukur aka tartib-intizomni shogirdlaridan ham talab etardilar. Spektakl odatda, etti yarimda boshlansa, soat uchda kelib grimxonada, yarim kiyingan holda o‘tirgan kezi ijro etadigan rolining so‘zlarini qayta-qayta takrorlab mashq qilardilar, grim qilardilar. O‘n beshta kam ettida ular to‘la tayyor bo‘lardilar. U o‘zi o‘ynaydigan qahramonning ruhiyatiga to‘la ko‘chib bo‘lardilar. Dahlizdan , sahna atrofidan ohista yurib aylanardilar. “SHoh Edip” bo‘ladimi, “Qiyomat qarz”mi keyingina sahnaga, tomoshabinlar nigohiga to‘g‘ri chiqib borardilar.

“YUragingni ishlat, yurak akkumulyatorga kuch beradi, — deb boshlarini ko‘rsatardi, — akkumulyator esa oyoq-qo‘llarni, g‘ildiraklarni yurgizadi. Yo‘qsa, sahnada oyoq-qo‘llaringni qaerga qo‘yishni bilmay qolasan. SHunday mahorat bilan o‘ynaginki, chiqqaningda tomoshabinni tizginlab ol! Har daqiqada yo‘talib turadigan sil kasalligiga mubtalo bo‘lgan bemorning sening mahoratingni ko‘rib yo‘tali yodidan chiqib ketsin. Qarg‘a yuz yil, uch yuz yil yashar, nimani titkilab o‘tishini bilasan, mayli o‘n-o‘n besh yil kamroq yasharsan, “zato” elga tanilasan, xalqning mehrini qozonasan. Bo‘lar-bo‘lmasga televizorga chiqmagin. Xalqni sog‘intirib rol o‘ynagin. Bir rolingdan ikkinchi rolingning farqi bo‘lsin. Xarakter yaratgin. Matnni quruq yod olmagin. Uning pauzalari bor, e’tibor ber, aqling bilan charxla. Pauzalarni to‘ldirgin holating bilan.”  Gapiraman desa gap ko‘p, ular mehri daryo, o‘zi bir dunyo olam edi rahmatlik. Ustozning maslahatlari, pandu o‘gitlarini hayot jarayonida qo‘llab kam bo‘layotganimiz yo‘q. Beadad shukur.

— Erkin aka, jinoyatga yarasha jazo muqarrarligini bila turib shu ishga mayl bildirishni qanday izohlaysiz?

— Inson jinoyat ekanligini biladi. Davlat, hukumat tomonidan taqiqlanganligini, qonun bilan cheklab qo‘yilganligini ham yaxshi biladi. Lekin shu ishga nimagadir ishga xohish bildiradi. Bir marta qiladi, silliqqina ko‘chayapti, qo‘lga tushmaydi. Ikkinchi marta, uchinchi marta boringki, to‘rtinchi marta ham qiladi keyin lop etib qo‘lga tushadi. Keyingi nadomat haqida gapirmasa ham bo‘ladi. Ko‘z ochligini tuproq to‘ldiradi, — degan gap behuda emas, ekanda. Xom sut emgan bandamizda. Balki, pishiq sut bo‘lganda, boshqacha bo‘larmidi, deb o‘ylayman. Kamchiliklarimiz ko‘p. Agar inson astoydil mehnat qilsa, peshona teri bilan halol pul topsa bundan zaqli, tinch hayoi bormi o‘zi. Biron narsani o‘margan bo‘lsa, eshik taqilladi deguncha, shoshma, oldin qaragin kim ekan, keyin eshik ochasan, — deb xavotirga tushadi. Aybi borning hadigi bor deganlaridek, “Meni yo‘q deb ayt”, deydi. Xullas, xotirjamligi  yo‘qoladi. Bezoatalik ofatiga uchraydi. Bu esa uning asabiga, yuragiga ta’sir qiladi. Natijada dard orttiradi. Topgan-tutgani ham sog‘ligini tiklashga ketadi, etsa unda ham.

— Muhammad payg‘ambardan ummat bo‘lganingizda parvardigordan nima so‘rardingiz, deganlarida “tani sihatlik va xotirjamlik” deb javob qaytargani ham bejiz emas ekanda.

— Ana xolos. Haq gap. Qadimgi rivoyatlardan birida o‘qigandim. Olomon gavjum bo‘lgan bir joyda mashhur bir  donishmand shunday va’z qiladi:   Dunyodagi jamiki jonzotlar, butun nabotot olami-yu, parrandalar, darrandalar hammasi shukr keltiradi.

Hamma gapimga ishonadi deb gapiraverasizmi?  Mana, aytingchi,  mol shukr keltiradimi?  — debdi majlisda hozir bo‘lgan iymoni sustlardan biri donishmandning gapiga piching qilib.

Albatta, shukr qiladi. Odamlar mening sutimni ichadi, go‘shtimni eydi. Ularga manfaatim tegadi, it bo‘lmaganimga shukr, deydi.
Ana, it bor ekan-u shukr keltirmaydigan, yana nima deysiz?
Yo‘q, u ham shukr keltiradi. Odamlar meni peshonamni silaydi, mendan jirkanmaydi, ularning uyida qo‘riqchilik qilaman, o‘g‘ri va kazzobdan saqlayman, evaziga suyak, non, go‘sht berishadi, to‘ng‘iz bo‘lmaganimga shukr, — debdi.
Ana, to‘ng‘iz shukr keltirmas ekan-u, — debdi yana.
Yo‘q, u ham shukr keltiradi. Men odamlarga ziyon-zahmat etkazadigan, zarar qiladigan munofiq, razil, ichi qora, hasadgo‘y, riyokor bo‘lib gunohlar orttiradigan, u dunyoda azob tortadiganlardan hazar qilaman. Ana shu toifadagilardan bo‘lmaganim uchun shukr qilaman. Bundan ko‘ra, shu loyga, balchiqqa bulg‘anib yotib shu qora tuproqqa qorishib o‘lib ketganim durust, debdi.
U esa donishmandning bu gaplaridan mulzam bo‘lib,  to‘g‘ri xulosa chiqazgan ekan.

— Har bir ota-ona farzandini unib o‘ssin, oilasiga, el-yurtiga xizmat qilsin, tan-joni omon bo‘lsin, bola chaqalarining huzur-halovatini, rohat-farog‘atini ko‘rsin deb, duo qiladi. Lekin ayrim farzandlarning noqobil bo‘lib chiqishiga nima deysiz?

— Qaysi ota-ona farzandiga yomonlik tilaydi, yomonlikni ravo ko‘radi. Hech bir ota-ona bunday qilmaydi. Lekin ba’zi paytlarda farzandlar noqobil bo‘lib o‘sadi. SHuning uchun ham qarilikning va o‘limning eshigini Allohdan boshqa hech kim yopa olmaydi, deyishadi. Noqobil farzandga ham ollohning o‘zi insof bermasa, bandasi uni to‘g‘ri yo‘lga solishga qiynaladi. Ota-onasi qancha yalinib yolborgani bilan mudhish ishlarni qilaveradi. Qizig‘i, el-yurtda obro‘li, katta vazifalarda ishlaydigan insonlarning bolalari ba’zi qilmishlari bilan ota-onasining yuzini shuvit qilib qo‘yishi haqida o‘ylasam shoirmizning ushbu to‘rtligi yodimga kelaveradi:

Afsuski, jahonda xiradmandlarning,

Farzandlari boru emas xiradmand,

Otada odob-u bilim bo‘lsa ham,

Undan nasibasiz qolibdi farzand.

 

Noshukurchilik ko‘payib ketayotgandek, nazarimda. Biz endi urushdan keyingi avlodmiz. O‘sha paytlardagi ocharchilik, qahatchilikni ko‘rmaganmiz. Ota-bobolarimiz o‘sha paytlarda ham noshukurlik qilishmagan. Dadam rahmatlik, juda bilimli odam bo‘lganlar. Diniy va dunyoviy ilmga ham ega bo‘lganlar. Qur’onni to‘liq yod olgan qori bo‘lganlar. “Komil qori” deb hurmat bilan tilga olishgan. Dunyodan o‘tganlarida dodlab yig‘laganman. Odamlar “qorining o‘g‘lisan, bunday yig‘lamagin, yaxshi bo‘lmaydi, deb tanbeh berganlarida, “ota-onaga o‘lmoq meros, yig‘layotganimning boisi shuncha ilm tuproqqa qorishib ketaveradimi, deb kuyunib yig‘layapman,” — deganman. Ferma mudiri bo‘lganlarini elas-elas eslayman. Lekin omborchi bo‘lib ishlaganlarini bilaman. SHunda onam “qori, bolalarga bir atala qilib bermoqchiydim, ombordan biroz un olib chiqib bermaysizmi” deb iltimos qilganlarida, taajjub bilan “nima deyapsan, axir, uydan atala hidi chiqsa, hidi qo‘shnimizning bolalarini bezovta qilsa, menga yuqadimi shu, birovning haqini bolalarga edirmayman, deganlar. Otam haromdan qo‘rqqan inson bo‘lganlar. Poklik bilan, halol mehnat bilan, peshona teri bilan oila boqqan. Halol egan bola yuzingizni erga qaratmaydi. Harom edirilsa, bolalarga ham uradi. Undan yaxshilik kutib bo‘lmaydi. Masalan, ona homiladorlik paytida birovning haqini keltirib qozonga tashlasangiz ona undan esa, farzand ham undan oziqlanadimi axir. Ana o‘sha erda bir xatolik ketgan bo‘ladi. Imom A’zamning otalari Sobit ismlik kishi bo‘lgan. Imom a’zam to‘rt-besh yoshlarida volidayi muhtaramasining yoniga chopqillab kelib, “Onajon, men kalomi sharifni yod oldim”, deb xursand bo‘lganlarida, onasi esa “agar otang bog‘bondan so‘ramasdan, roziligini olmasdan ariqda oqib kelayotgan olmani tishlab qo‘ymaganlarida sen bundan ham qisqa fursatda qur’onni yod olishing mumkin edi,” – deb javob beradilar.

— Dublyaj san’atida ham o‘z o‘rningiz bor. SHu haqda ham so‘z yuritsangiz.

— To‘g‘ri, bir necha filmlarda asosiy qahramonlarga ovoz berganman. Qunduz amaki qissalariga Frans uchga ovoz berdim. Ikki oydan keyin meni  Ukrainaga, Kievga olib ketishdi. Payg‘ambarlar tarixi bilan bog‘langan bir filmga ovoz berdim. O‘zbek tiliga tarjima qilishgan ekan. Muhammad payg‘ambargacha bo‘lgan payg‘ambarlar hayoti, faoliyatiga doir lavhalar unda aks etgan. SHundagi bir epizod mening e’tiborimni  tortdi. Muso Alloh bilan gaplashgan payg‘ambar ekan. — Ey yaratgan egam, qanday bandalaringni xush ko‘rasan, — deb so‘raydi Muso. — Bergan umrimga shukur keltirgan, bergan rizqimga qanoat qilgan bandalarimni xush ko‘raman. SHukr qilgan inson hech qachon jinoyat qilmaydi. Hozir kim oshdi usuli bo‘layapti. Birov ikki qavatli imorat qursa, qo‘shnisi uch qavatli qilib qurayapti. To‘y beradigan bo‘lsa ham, o‘zini ko‘rsatish bobida biri-biridan qolishmaydi. Dabdabalik dabdalalik ekanini tushunishni istashmaydi. Halol yo‘l bilan peshona terisi bilan topilgan pul huda-behudaga sovurilmaydi.  Xudo deymiz-u, lekin o‘z bilgimizcha ish tutamiz. Qachonki, inson boshi yostiqqa etib kasal bo‘lib, iztirob tortib shiftga tikilib yotsa, sog‘-u omon yurgan kunlari eng baxtli onlari ekanini anglab etadi. Qachonki, qo‘lga tushib qamalganimizdan keyin baxtli onlarimiz o‘sha ozodlikda ekan deymiz.  SHu o‘rinda bir narsani aytib o‘tishim joiz, singlim qirq yil avval O‘shga kelin bo‘lib tushgan. Bola-chaqalik bo‘lib, nevara-chevaralik bo‘lib ketgan. O‘shdagi  mudhish voqealar paytida singlim o‘n kun ko‘cha yuzini ko‘rmay erto‘lada yotganlardan biri bo‘lgan. YAqinda uning sog‘ligini tiklash uchun bir amallab uyga olib keldim. Bir necha kun dam olib o‘ziga kelgach, “aka, bu er jannat ekan-ku, xohlasangiz ko‘chaga chiqasiz, teatrga, kinoga borasiz, xohlasangiz parklarga borib hordiq chiqazasiz, orom olasiz.  Bundan ortiq baxt bormi o‘zi, dunyoda. Bizning O‘shda qorong‘u tushgan zahoti hamma uyiga kirib ketadi. O‘zbek qirg‘izdan, qirg‘iz o‘zbekdan  qo‘rqadi. Ko‘chaga chiqishni xayoliga ham keltirmaydi. Bamisoli do‘zaxga aylangan.” SHukrona keltirib yashashdan ulug‘ ne’mat yo‘q. Odamzot uchta narsaning qadriga kechikib etadi, sog‘lik, yoshlik va tinchlik. Bularning qadri ularni yo‘qotganimizdan  keyingina bilinadi. Ozodlik uchovini ham qadrini uyg‘unlashtiradi. Vaqt o‘taveradi, ruhiy xotirjamlik bo‘lmaydi, inson sog‘ligi emirilaveradi.

— Keyingi paytlarda ham teatr sahnasida bo‘lsin, kinoda bo‘lsin jiddiy va hajviy rollarning mohir ijrochisi sifatida yanada tanildingiz. O‘zingiz maromiga etkazib, maroq bilan ijro etgan rollaringizni ayta olasizmi?

— Bizning fojiamiz savodsizligimizda emas, balki faoliyatsizligimizda, — deydi amerikalik ruhshunos Deyl Karnegi. Inson doimo harakatda bo‘lishi kerak, Alloh jismu tanimizni butun qilib qo‘ygan ekan, el-yurtga xizmatimiz va himmatimiz bilan doimo harakatda bo‘lishimiz kerak, deb hisoblayman. Eshik zulfi, zanjiri nega zanglamaydi, sababi u doim qimirlab turadi. Hozirgi kunda Qo‘chqor Norqobilning “Taqdir sinovlari” asarida Jayron bobo rolini o‘ynadim. Maza qilib o‘ynaganman. Kinoda psixologik bir obraz yaratishni istab yurardim. Erkin A’zamovning “Suv yoqalab” asaridagi Bolta Mardonni o‘ynadim. Sobir Nazarmuhammedovning “Sog‘inch sohili” degan asari asosida ishlangan ikki seriyalik filmda nogironlar pansionatining bosh shifokori  rolini o‘ynadim. Komik rollarga kelsak, xabaringiz bor “Oltin devor”da Qilichbekni, “Kelinlar qo‘zg‘oloni”da muxbir rolini o‘zim yozib, o‘zim o‘ynaganman va hokazo. Menga xarakterli rollar bo‘lsa dramatik, tragik va komik rollarni ham ijro qilib ketaveraman. Ba’zi san’atkorlar faqat bir xil rollarni ijro etishadi. “Taqdir sinovlari” asarida suhbatimizga  mos, ibratomiz jihatlar bo‘lgani uchun biroz gapirsam, cho‘ponlik qilib kun kechiruvchi Jayron bobo ko‘p yillar farzand ko‘rmay, nihoyat tangrining inoyati bilan farzandlik bo‘ladi. Uning nomini ham shuning uchun Tilovoldi deb qo‘yadi. Bir qo‘shnisining o‘g‘li afg‘on urushiga borib, yaralanib, kontuziyaga yo‘liqib, tili tutuq bo‘lib qaytadi. Uning ota-onalari o‘lib ketgani uchun o‘ziga asrandi o‘g‘il qilib oladi. O‘zining o‘g‘li esa chet elga o‘qishga ketgan bo‘ladi. Rayonning kattalari ahyon-ahyonda kelib “Jayron bobo, yana bir katta kelayapti, zo‘ridan bir qo‘y so‘ying.”  Ertasiga, indiniga yana shu gap takrorlanaveradi. Bir oyda ellikta-yuzta qo‘y so‘yilib ketaveradi.  Axiri yutoqib deydi: “Buning so‘rovi bordir, axir, har kuni so‘yaversam.” “Siz xavotir olmang, hammasini o‘zimiz to‘g‘rilaymiz, nima g‘amingiz bor? Kampirga bering, mana bu go‘shtni mazza qilib eyishsin, — deb “muruvvat” ham qiladi. Bir kuni rayonning kattalaridan biri bir qiz bilan o‘ynashib o‘tirgan bo‘ladi. CHol buni ko‘rib hayron bo‘ladi va kampiriga yoriladi. “Mening yuragim muzlab bo‘ldi, kampir. Bu erga tog‘-u toshlarni ko‘rsatgani qizini olib kelibdi desam, jazmanini olib kelib o‘ynashib o‘tirgan ekan. Bu erning o‘tlari ham, suvlari ham, tog‘u toshlari ham endi harom bo‘ldi” kel, kampir, bu erdan ketaylik”,- deb ko‘zida yosh qalqiydi. O‘g‘li o‘qishdan qaytib keladi va “o‘sha qizni menga olib berasiz,” — deydi. CHol esankirab qoladi, rozi bo‘lmaydi. O‘g‘il esa “shundan boshqasiga uylanmayman” — deb turib oladi va deydi: “uning tog‘asi shu qizga uylansang, menga joy, mashina va boshqa ko‘p narsalar olib berishni va’da qilgan. CHol hech narsa deya olmay, aytishga botinolmay, ojiz qoladi. Qulmirzalarning odamlaridan biri kelib cho‘ponga “mana bu hujjatlarga qo‘l qo‘yib bering” — deydi. Jayron bobo “yo‘q, men bunday haromga qo‘l qo‘ya olmayman” – deb turib oladi. Axiyri, bu ishlarga, emishlarga cho‘ponning o‘zini ham sherik bo‘lganini eslatib, “haloldan so‘z ochasiz, uyingizga haromni opkelib qo‘yibsizku,” — deb o‘sha “qiz”ga ishora qiladi. Buni kampiri ham eshitib qoladi. SHu erda cholning bir qalb nidosi yangraydi: “To‘g‘ri, adashdim, ularga sherik bo‘ldim, harom eganimizning oqibati farzandimdan qaytdi, bu taqdir sinovi ekan”, — deb oh chekadi.

Qaerdadir o‘qiganim, eshitganim bor edi. Qo‘ni-qo‘shnilardan biri o‘zining diliga ozor va uyiga ziyon etkazgani haqida otaga farzandini yomonlab keladi. Qo‘shnining arz-dodini eshitgan ota bir ayoliga, bir qo‘shnisiga qarab hang-mang bo‘ladi. Qo‘shni ketgach, ota xotinini chaqirib deydi, “Bu ne hol bo‘ldi, nega farzandimiz noqobillik qilibdi, yo biron bir harom-harish eganing bormidi?” Onasi “yo‘q,” — deydi-yu birdan yodiga tushib “O‘g‘limiz qornimdaligida, homiladorlik paytimda qo‘shnining uyiga mehmonga borgandim. O‘shanda po‘rtaxolga boshqorong‘i edim.  Ne ko‘z bilan ko‘rayki, dasturxonda hil-hil pishgan po‘rtaxollar turardi. Qo‘l cho‘zib olib eyishga istihola qildim. Mezbon choy keltirish uchun chiqqanida to‘g‘nog‘ichim bilan po‘rtaxolni teshib suvini so‘rib, yana joyiga qo‘yib qo‘ygandim, — dedi.

Ana, ko‘rdingmi, xotin, homilalik paytingdayoq, bolamizni halol oziqlantirmay, aybdor qilib qo‘ygan ekanmiz, — deb kuyunibdi ota.
—  Ayni kunlarda qanday rollar bilan bandsiz?

— O‘zbek va qoraqalpoq xalqlarining do‘stligi tarixi haqida  Murod Nizomov ssenariysi asosida “Bahor qaldirg‘ochi” degan badiiy film suratga olingan yaqinda premerasi bo‘ladi. O‘shanda ota rolini ijro etdim. Kinoda o‘g‘lim qoraqalpoq qizini sevib qoladi, ular orasidagi samimiy muhabbat tarixi har ikkala xalqqa xos bo‘lgan urf-odatlar zamirida o‘z aksini topgan. Millat tanlamas qadrulabad tuyg‘u sanalgan muhabbat ushbu filmda yana bir bor tarannum etilgan. Rustam Sa’dievning “O‘gay ona” filmida ota rolini ijro etdim. Tomoshabinlar yaxshi qabul qilishdi. Afg‘on urushi haqida bir filmni rejalashtirib yuribman, qaniydi, mablag‘ bo‘lsa, shuni suratga olsam.  Qo‘shning tinch — sen tinch degan naql behuda emas. Bir kun janjal bo‘lgan joydan qirq kun baraka ko‘tariladi deb bejiz aytishmaydi. Urushning oqibatlari va asoratlarini ota-bobolarimiz ko‘rishgan. Biz mana shu tinchligimizning, xalqimiz osoyishtaligining qadriga etib shukrini qilishimiz kerak.

—  Tilaklaringiz?

— Men jazo muddatini o‘tayotganlarga sabr-toqat tilayman. Oyning o‘n beshi qorong‘i bo‘lsa, o‘n beshi yorug‘, deyishadi. YOrug‘ kunlar ham kelar, ularning ota-onalari kutayotgandir, farzandlari kutayotgandir, oilasi kutayotgandir. Eson-omon qaytib kelib, qizlarini bokiralik bilan kuyovga uzatsin, o‘g‘illarini imonli, e’tiqodli qilib tarbiyalab uylantirsin. Ularning rohat – farog‘atini ko‘rsin, deb tilak bildiraman.

Suhbatdosh - Rahim Jumaniyoz.
Manba: (“Vaqt-vremya” gazetasi, 2012 yil)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот