ГЎЗАЛЛИК ЯРАТИШГА ИНТИЛМАСДАН ЯШАБ БЎЛМАЙДИ


ГЎЗАЛЛИК ЯРАТИШГА ИНТИЛМАСДАН ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

  Ёзувчи Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ “Тафаккур” журнали мухбири Собиржон Ёқубов саволларига жавоб беради.
– Абдуқаюм ака, сиз ўтган асрнинг 90-йилларида – бозор иқтисодиёти талотумларида суяги қотган адабий авлодга мансубсиз. Шу боис юртимизда илму маърифатнинг мавқеи тобора ошиб бораётгани, таъбир жоиз бўлса, от айланиб қозиғини топаётганини айрича қадрлашингиз аниқ. Қаранг, ўтган йили ҳали қирққа ҳам кирмаган биолог олимимиз Иброҳим Абдураҳмонов БМТ шафелигида фаолият юритувчи Жаҳон фанлар академияси аъзоси бўлди. Зуваласи пишиқ, танглайи китоб билан кўтарилган ҳамюртларимиз бундан-да юксак марраларни эгаллашига шубҳа йўқ. Аммо эътиборингизни бошқа бир ташвишли ҳолатга қаратмоқчимиз. Бугун жамиятимизда фарзандларини рус ёки инглиз боқча-мактабларида ўқитаётган ўзига тўқ оилалар сафи кенгайиб бораётир. Кўп тилни ўрганиш шоён таҳсинга лойиқ, албатта. Беҳбудий бобомиз айтганидек, маърифатли миллат фарзандлари камида тўрт тилни билмоғи лозим. Лекин ажнабийзабон боқча-мактабларда таҳсил кўраётган аксар ёш-яланг хорижий тилларни сув қилиб ичиб юборгани ҳолда, она тилимиз бойликларидан бебаҳра қолаётганини таассуф ила қайд этиш жоиз. Оврупо тилларида бийрон, ўзбекчадан эса паққос бехабар миллатдошларимизга дуч келганда миллий тафаккур ва миллий тил ялакатмағздек яхлит тушунчалар экани, Альбер Камю “Менинг ватаним – француз тили” деганида қанчалар ҳақ эканига ишонч ҳосил қиламиз. Бетга айтганнинг заҳри йўқ, очиқ гапираверинг, эҳтимол муболаға қилаётгандирмиз, балки “паҳлавон ўзбек тилимиз”нинг (Абдулла Орипов таъбири) эртасидан хавотирланишга ҳожат йўқдир...  
– Саволингиздаги “бозор иқтисодиёти талотумларида суяги қотган...” иборасини эшитаётиб, беихтиёр ўтган асрнинг тўқсонинчи йилида юз берган бир воқеа ёдимга тушди. Заводда ишлардим. Келгуси йил учун янги ускуна, жиҳозлар харид қилиш режасини кўтариб бошлиқларим олдига кирдим. “Режа-пежани қўйинг! – деб қолди улардан бири дабдурустдан ишонч билан. – Биз бозор иқтисодиётига ўтяпмиз. Ҳаммасини бозорнинг ўзи мувофиқлаштиради, ўзи бошқаради. Энди талаб ва таклиф асосида яшаймиз, тамом-вассалом!”. Иккинчи раҳбарим янада собит ишонч, таъбир жоиз бўлса, мутаассибларча эътиқод билан садо берди: “Энди тувагимиз тиллодан бўлиб кетади, ука!..” 
  Бу гапларга ишонмай бўлармиди?
  Тез орада ҳаётимизга биз тамшаниб кутган бозор иқтисодиёти кириб келди ва... ҳеч қачон осмондан чалпак ёғилмаслигига яна бир бор иқрор бўлдик. Илло, шунчалар тарғиб-ташвиқ этилган, тамаддуннинг ягона ва энг ишончли воситаси сифатида тақдим этилган “бозор” тамғасининг орт тарафи, яъни шафқатсиз, ҳатто айрим ҳолларда ғайриинсонийдек туюладиган жиҳатлари ҳам бор экан. Бир пайтлар Горький бобо аччиқ алам ила “сариқ иблис” деб атаган жилвагар қутқу не-не юртдошларимизнинг қалбини арзимаган кумуш тангалар эвазига сотиб ола бошлади. Етмиш йил давомида хусусий мулк бўралатиб сўкиб келинган жамиятда онг-тафаккур, дунёқараш, қадриятлар ўзгарди; ўзи тўйса ҳам кўзи тўймайдиган оломон қатлами пайдо бўлди. Пўртана тиниб, юзага қалқиб чиққан хас-хашаклар “ўтники – ўтга қабилида” жойини топиши учун эса анча вақт керак бўларкан. 
  Сиз айтганчалик, бизнинг суягимизни қотирган бу жараённи батафсил тасвирлаб ўтирмай, фақат сал кейинроқ бир иқтисодчи билан ўтказган суҳбатимизни “Ёввойи бозордан маданий бозор сари” дея номлаганимни эслатиб ўтиш кифоя қилар. 
  Илло, минг шукрки, улуғ адибимиз таъбири билан айтганда, биз оёғимиздаги лойимиз билан кириб келган янги асрда, интеллектуал салоҳият асрида янгича фикрлайдиган, янгича мушоҳада юритадиган, янгича яшайдиган авлод пайдо бўлди! Бундай пешонаси ярқираган, кўзлари тийрак, закий ёшларни ҳар қадамда учратамиз.
  Саволингизга келсак, аксарият ҳоллардагидай, жавоб унинг ўзидадир. Дейлик, “Фарзандларини рус ёки инглиз боқча-мактабларида ўқитаётган ўзига тўқ оилалар сафи” бугун аҳолимизнинг қанча фоизини ташкил этар экан? Ҳисоблаймиз десак, бир қўлимиздаги бармоқларимиз ҳам ортиб қолар-ов. Инчунун, уларнинг танлаш ҳуқуқига дохил этмаган ҳолда, гап нима учун уларнинг сафи кенгайиб бораётгани хусусида кетгани мақбулдай. Илло, мана шу жараён хавотир учун асос уйғота олади. Балки ўша “боқча-мактабларда” таълим сифати яхшироқдир? Ахир қайси ота-она фарзандининг келажакда билимдон, оқил инсон бўлиб етишишини истамайди? Қайси ота-она бугунги куннинг айрим тенденцияларидан ўзича (ва аксар ҳолларда ҳақ) хулосага келгани ҳолда, туяга чиқиб, фарзанди учун яқин ва узоқ истиқболни кўриб кўйишга ҳаракат қилмайди?..
Ўзбек тилида газета-журнал, китоб ўқимайдиган, томига қўшалоқ “тарелка” ўрнатиб, фақат хориж кўрсатувларини томоша қиладиган, уйда ҳам фақат ўзга тилда гаплашадиган оилалар ҳам учраб туради, албатта. Бундай муҳитда ўсган боланинг миллий заминда илдиз отиб кетиши қийинроқ кечар. Аммо икки-уч тилни мукаммал билгани ҳолда, оилада, кўча-кўйда, маҳаллада она тилимизда бийрон гаплашадиган, бир сўз билан айтганда, ўзбекча фикрлаб, ўзбекча турмуш тарзига амал қиладиган ёшларимиз ҳам етарли шекилли.        
  Албатта, ҳар қандай хориж тилини ўрганишга ўз она тилини чуқур билиш орқали эришилади. Тилимиз қанчалар юксалса, унинг жозибаси, мафтункорлиги, нуфузи шунчалар ошади. Натижада ўзбек тилида ўйлаб, хориж тилида ёза оладиган мутахассисларимиз сони кўпаяди. Бу борада масаланинг катта-кичиги бўлмас:  “паҳлавон” тилимизга қил ҳам мадад.        
– Балиққа сув қанчалик зарур бўлса, одамзоднинг ҳаётга ташна яшамоғи учун ҳам орзу-ҳавас шунчалик зарур. Лекин орзу-ҳаваснинг ҳам яхши-ёмони, катта-кичиги бўлади. Гоҳида эса улар оёғимизга тушов бўлиб, роҳи ростдан адаштириши мумкин. Тараққиётга ғов бўлаётган тутумлар хусусида сўз борганда зиёлилар даврасида кўп ва хўб баҳслар уйғотган “Пуанкаре” ҳикоянгиз қаҳрамони тақдирини эслаш кифоя. Умри елга совурилган математикнинг “Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар!..” деган аламли хитоби мудраб ётган туйғуларни уйғотиб юборади. Асарга ёзган сўнгсўзингизда “Фақат фавқулодда иродали инсонгина... якранг издиҳомга қўшилиб кетмасликка, кўзларини йириб очиб бўлса ҳам воқеликни англашга ўзида куч топади” дея таъкидлайсиз. Бир инсонни якранг издиҳомга қўшилиб кетишдан қутқариб қолиш билан мурод ҳосил бўлмас. Бизнингча, асосий мақсад-матлаб бойлик васвасаси ақлу ҳушини ўғирлаган ғофилларни маърифат сари етаклаш, қадрият тўнини кийган турфа иллатлардан дадил воз кечиш бўлиши керак. Маърифатнинг халоскор кучига ишониб қалам тебратаётган ижодкор сифатида айтинг-чи, ҳаётимизга сингиб кетган қай бир урф-одат ҳамда тутумлар юрт ва шахс тараққийига тўсиқ саналади? 
– Миллатимиз тараққиётига тўсиқ бўлиб келган ва ҳамон тушов, кишан вазифаларини “шараф билан”, ҳатто керагидан ортиқ даражада дўндириб адо этаётган иллатлар бизда керагидан ортиқ даражада мўл ва, таассуфки, баъзан уларнинг миқдори кундан-кунга ҳандасавий кўпайтма асосида ўсиб бораётгандай таассурот уйғонади . 
  Яқинда Буюк Британия, АҚШ ва Канаданинг тўрт олими ўтказган ғалати илмий тажриба ҳақида ўқиб қолдим (мақола нуфузли Science журналида эълон қилинган). Зўр бериб бирон каттароқ харажат учун маблағ топишни ўйлаётган одамнинг IQ (intelligence quotient – ақлий ривожланиш коэффиценти, кенг маънода иқтидор, салоҳият, истеъдод даражаси) кўрсаткичи камида 13 фоизга пастга тушиб кетаркан! Энг ёмон томони, мазкур вазият инсоннинг когнитив қобилиятига салбий таъсир кўрсатаркан, яъни бундай ҳолатдаги одам изланиш, интилиш, тўғри қарор қабул қила билиш учун ўзида ақл ва куч топиши қийинлаша бораркан. 
  Энди ўйлаб кўрайлик,  ўзбек учун “катта харажат” бу унинг тўй-маросимлари эмасми?..
Таасcуфлар бўлсинким, мустақиллик йилларига келиб ҳам бу иллат барҳам топмади. Кўплаб тўйларимиз икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаб бормоқда. Бақироқ отарчилар, уятсиз раққосалар ҳам бир хил. Ахир аслини олганда серхаражат тўй фарзандлар ризқини осмонга сочиш, шамолга совуриш билан баробар эмасми? 
  Қаранг, мукаммал мавжудот ҳисобланиб келган инсон танасидаки тадрижий ривожланиш давомида кўричакдай ортиқча узв пайдо бўлган ва уни олиб ташлаш эҳтиёжи мавжуд экан, бугунги кунга келиб мутлақо ортиқча бўлиб қолган кўплаб расм-русумлардан ҳам қатъиян воз кечиш жоиз эмасми? Ҳадеб уларни кўз-кўзлаб, миллий қадрият сифатида кўрсатаверишдан не наф?
  Замон ўзгармоқда ахир, биродарлар. Онг ўзгармоқда, тафаккур ўзгармоқда. Янгича дунёқарашга эга Инсон, янги халқ тарих саҳнасига чиқмоқда. Тўйларимиз-маъракаларимиз, улар ҳақидаги ўйларимиз эса ҳамон ўша-ўша. Ахир ўзбек дунёга фақат тўй қилиш учун ёинки сон-саноқсиз қариндош-уруғларининг тўйларига тўёна йиғиш учунгина дунёга келмайди. Инсон яшаш учун, бахтли яшаш учун дунёга келади. 
  Ажабтовур бир воқеа. Вилоятлардан бирида ишлаётган хорижлик ишчиларни меҳмондўст ўзбеклар бир неча бор тўйга чақиришади. Улар бир келишади, икки... Сўнг қатъий тарзда “йўқ” деб туриб олишади. Табиийки, тўй қилаётганлар хафа бўлишади. Шунда меҳмонлардан ёши улуғроғи гапнинг дангалиги айтибди:
– Шунча харажат... Ортиқча чиқим... Пулни осмонга сочиш билан баробар-ку бу... Бизнинг сизларга раҳмимиз келганидан, сизларга ачинганимиздан тўйларингизга бормасликка қарор қилдик, оғалар... 
  Биз раҳм-шафқатга, ачинишга зормизми?.. Ҳолбуки буларни ўзимиз, ўз маблағимизга сотиб олаяпмиз. Агар жуда ошиб-тошиб кетишган экан, ота-оналар ёш келин-куёвни саёҳатга жўнатишсин, ўқитишсин, уларга уй олиб беришсин, тадбиркорлик қилишлари учун шароит яратиб беришсин... Ахир шу юртда яшаб туриб, чет эл уёқда турсин, Бухоро ёки Хивани кўрмаган йигит-қизларимиз қанча! Ахир балоғат ёшига етгани ҳолда, иш йўқлигидан ота-онаси топган пулга шерик бўлишдан бошқасига ярамаётган келин-куёвлар қанча! Дунё кўришсин ёшларимиз! Ишлаб пул топишсин ёшларимиз! Ўқишсин ёшларимиз! 
  Йўқ, ҳар анча қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам эл қатори, ҳаттоки элдан ошириб тўй қилиш керак экан. Бўлмаса эл-юрт орасида бош кўтариб юришолмас эмишлар... Қачондан бошлаб тўрт-беш дастурхон бандаси, қорни тўйганига хурсанд бандалар эл-юрт тимсоли бўлиб қолди – тушунмайман...
  “Бир инсонни якранг издиҳомга қўшилиб кетишдан қутқариб қолиш билан мурод ҳосил бўлмас”, деган мулоҳазангиз менга анчайин баҳсли туюлди. Ахир бирники ўнга, ўнники туманга деймиз. Оломондан ажрала олган банда эса Шахсга айланади. Ҳар қандай кашфиёт, ҳар қандай  мўъжизани Шахс яратади. Маъқулот (аксиома): бугун ҳам, келажак ҳам  шундай инсонлари мўл жамиятники...
– Санъат ҳамиша эзгуликка дастёр бўлиши, инсонда гўзаллик, нафосат туйғулари нашъу намо топишига хизмат қилиши лозим. Умум эътироф этилган қоида шундай. Беш қўл баробар эмас-да, санъат оламида ахлоқ мезонларини писанд қилмайдиган саркаш тоифа ҳам бор. Боз устига, нигилистларни кўтар-кўтар қиладиган, уларга пишанг берадиган корчалонлар ҳам ҳозиру нозир. Хабарингиз бўлса керак, Буюк Британияда ҳар йили тасвирий санъатда кўзга кўринган ижодкорларга Тёрнер номли нуфузли мукофот топширилади. Шармандага шаҳар кенг, деганларича бор. 1998 йили Крис Офили деган рассом... узр-да энди, фил тезагидан ишлаган сурати билан ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритди. 2003 йилда эса кўзаларга норасида болаларни зўрлаш ва қатл қилиш манзараларини дарж этган Грейсон Перри тахаллусли кулолга мазкур мукофот қўшқўллаб тутқазилди. Бу ҳали ҳолва! Атоқли ўзбек рассоми персонажлари орасида баччавозлар ҳам борлигини кўриб, очиғи, кўзларимга ишонмадим... Афсуски, бундай мисолларни санъатнинг бошқа йўналишларидан ҳам кўплаб келтириш мумкин. “Санойи нафиса” оламида нималар бўляпти ўзи? Вақт чиғириғидан ўтган гўзаллик мезонлари, эстетик тамойиллар ҳам таҳрирга учрамоқдами?
– Google  мутахассиси Эрик Шмидтнинг ҳисоб-китобларига кўра, бани башар пайдо бўлганидан то 2003 йилга қадар йиғилган жами маълумотлар беш эксабайт ҳажмга эга бўлса, 2003 йилдан бери ҳар икки кунда (!) шунча маълумот тарқатилмоқда экан. Демак, биз ахборот тўқлиги замонида яшамоқдамиз, инчунун, энди ўзимизга энг керакли маълумотнигина излаб топиш салоҳиятини эгаллашимиз керак. Ортиқча маълумотлар қимматли вақтимизни ўғирлайди, холос.
  “Оталар ва болалар” романидаги Базаров образи орқали нигилистларни ижтимоий меъёр ва тамойилларни, амалдаги қонун-қоидаларни, ҳатто ўтмиш маданий меросини инкор этадиган бадхулқ кимсалар деб тасаввур этаман. Сиз айтганингиздай, уларни кўтар-кўтар қиладиган корчалонлар бор экан, демак бу ҳам кимларгадир керакдир-да.  
  Балки эшитган чиқарсиз, қайта қуриш замонидами, биздаям аллақандай номлари жарангдор муассасалару ташкилотлар тузилиб, аталиши янада жарангдор мукофотлар жорий қилишдими-ей, кейин ўз-ўзларини мукофотлашдими-ей. Ишқилиб, бир банда ўзини “Мен фалон-фалон халқ академияларнинг фахрий академигиман”, деб таништиргани ёдимда. Ундан кейин, айрим учарлар пулини нақд тўлаб, қандайдир шубҳали халқаро ташкилотлар орқали қайсидир соҳанинг “йил одами”га айланиб қолаётганлиги ҳақида ҳам ўқигандим. Бунақаларга, бир улуғ шоиримиз айтганидай, “Пулини нақд тўланг, отасин ташлаб Сотиб юборади онасини ҳам...” 
  Умуман олганда, Собиржон, бу борадаги камтарин тажрибамга суяниб айтсам, бир-икки хорижий давлатда бўлганимизда, уларда болаларга эҳтиром билан муносабатда бўлишларини кузатдик. Бола ҳуқуқлари-ку, мутлақо дахлсиздек. Ҳатто совға қилаётган буюмингизда бола меҳнати ишлатилган бўлса – олишмайди. Шундай давлатларда, табиийки, элчилик дегандай, “томи кетганлар”, руҳий хасталар ҳам етарлича топилади. Баъзан уларнинг кийиб юрган кийимлари, турмуш тарзини кўриб ёинки даъволарини эшитиб, ҳайрат бармоғини тишлаб қолаверасиз.
  Бундай йўналишларни адабиётда ҳам учратасиз-ку, тўғрими? Яқинда бир шиғирчига “Ёзганларингизни унчалик тушунмадим”, дегандим, ўхшатиб жавоб қилди: “Тушунмайсиз ҳам. Чунки бу постмодернистик ижодим намунаси”. 
  Одатда, бундай ниқоблар ортида истеъдодсизлик ётади. Истеъдодсиз одам яратган асар ҳар қанча тарғиб-ташвиқ қилинмасин, ҳар қандай мукофотларга лойиқ кўрилмасин, барибир эзгуликка хизмат қилмайди. Бундай “эъжод намуналари”га эътибор бериб ўтиришнинг ўзи ҳайф...
  Бани башар мавжуд экан, абадий ўзгармайдиган, муқаддас тушунчалар яшаб қолаверади. “Вақт чиғириғидан ўтган гўзаллик мезонлари”ни таҳрир этишга чиранишлар эса ҳамиша учраб келган ва бундан кейин ҳам учраши аниқ. Бундайлар ҳатто улуғ Достоевскийнинг “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган ҳикматли гапини инкор этишга уринишади. Нима эмиш, янги замонда гўзалликка халоскор куч сифатида қараш керак эмас экан. Энди дунёни гўзаллик қутқариб қололмас экан. Бекор гап! Биродар, ахир, гўзалллик яратмасдан, гўзаллик яратишга интилмасдан яшаб бўлмайди! Тириклик моҳиятида мана шу интилишнинг ўзи ётади-ку. Бусиз дунё фақат оқ-қора ранглардан иборат, совуққон ақл ҳукмронлик қиладиган, одамнинг моддий эҳтиёжларинигина қондирадиган зерикарли оламга айланади-ку! Бусиз дунё парокандаликка учрайди-ку...      Сиз рассом персонажлари орасида баччавозлар ҳам борлигини кўриб, кўзларингизга ишонмаганлигингизни ёзасиз. Кўзларингизга ишониш учун эҳтимол бирон тўйга боришингизга тўғри келар. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, бир пайтлар баччавозлар ўртага бесоқолни чиқариб, муқомли рақсга туширишган ва унга “кимўзар”га пул қистиришган. Энди бу шармандаликни  бугунги маст-аласт базмлар билан муқояса этиб кўринг...
  Олий аъмоли эзгулик бўлган гўзаллик мезонлари, эстетик тамойиллар абадият қонунлари янглиғ ҳеч қачон истилоҳга учрамайди; сизу биз тилга олаётган воқеликлар эса қўз қўяман деб, кўз чиқаришнинг турфа шаклларда намоён бўлиши, холос. Илинж шулки,  вақт ўтади, қош қолади, ўсма кетади...     
– Уч-тўрт зиёли йиғилиб қолса, об-ҳаво, нарх-наводан кейин албатта кинодан ҳам гап очиладиган бўлди. Бир неча бадиий фильм ва сериал сценарийларини ёзиб, “синема”нинг иссиқ-совуғи, паст-баландини ўз кўзингиз билан кўрдингиз, ҳарқалай. Келинг, ушбу суҳбат баҳонаcида киномиз бугуни ва эртаси хусусидаги фикрларингизни ҳам эшитсак. Бултур олмон киноусталари аллома Абу Али ибн Синога бағишланган “Табиб” номли бадиий фильм ишлади. Қулоғингизга чалингандир, дунё экранларида кўз-кўз этилган ушбу картина Ўзбекистон матбуотида ҳақли равишда танқид қилинди. Гап шундаки, олмон кинематографлари тарихий воқеликни ўз гази билан ўлчаб, Ибн Сино образини атайин хиралаштиришга уринган. Албатта, хориж киночиларининг “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилидаги бу хатти-ҳаракатини минбаъд оқлаб бўлмайди. Лекин... ўзимизда ҳам айб йўқмикан, деб ўйлаб қолади одам. Ахир, юртимиз киночилари улуғ боболаримиз ҳақида киройи бадиий фильм яратолмагач, дунё аҳли ғарбликларнинг ўтрикларига ишониб юраверади-да!..
– Шубҳасиз, “Табиб” тарихий ҳақиқатга нисбатан уюштирилган юзсизларча туҳматдан ўзга нарса эмас. Мен буни олти ой кутубхонада китоб титиб, маълумотлар тўплагандан сўнггина “Шайх ур-раис” деб номланган бир ҳикоя ёзишга журъат этган қаламкаш сифатида айтяпман. 
  Афсуки, санъатлар ичида энг оммабопи бўлган синеманинг томошабини кўп. Ўз-ўзидан аёнки, сиз ҳар бир томошабинга “Бу тарихни сохталаштириш, аслида бундай бўлган...” деб айтиб чиқа олмайсиз. Томошабин эса фильмни кўрганидан сўнг ўзича хулоса чиқаради: “Буни қаранг-а, ҳатто Шарқ тиббиётда, илм-фанда юксакликка эришган деб ҳисобланадиган замонларда ҳам Оврўпо унга устозлик қилган экан...”
  Футболда “Сен урмасанг, сенга урадилар” деган гап бор. Кинода ҳам шундай. Бўшлиқ барибир тўлдирилади. Эшитган чиқарсиз, энди амриқолик продюсерлар кўмагида Россияда Соҳибқирон Амир Темур ҳақида фильм олинмоқчи экан. Албатта, Верешчагиннинг даҳшатли расмларини кўриб улғайган авлод Соҳибқиронни қандай тасаввур этишини англаш учун башоратчи бўлиш шарт эмас. Ҳар қалай, айрим тўлиқ бўлмаган маълумотларга қараганда, сценарийга кўра Ўрусияга лашкари билан кириб борган Соҳибқиронга кўкдан Биби Марямнинг овози келармиш: “Қайт орқага”. Бу ҳукмни эшитган Амир Темур дарҳол ортга қайтармиш...
  Биз шўро даврида “Алишер Навоий”, “Даҳонинг ёшлиги”, “Зулматни тарк этиб”, “Мирзо Улуғбек”, “Абу Райҳон Беруний” сингари фильмларни кўрардик. Мустақиллик йилларида, давлат киночиларимизга ҳар йили моддий кўмак бериб турган шароитда биронта тилга тушадиган тарихий фильм олинмагани ачинарли албатта. Умид боғлаганимиз – Амир Темур ҳақидаги сериал эса, очиғини айтганда, кўнгилдагидек чиқмаган. 
  Ахир бизнинг не-не дунёни забт этадиган фильмлар олишга арзигулик шонли тарихимиз, қаҳрамонларимиз бор. Тўмарис, Широқ, Ибн Сино, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Машраб, Нодира, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир...   
  “Синема”чиларга бу ҳақида оғиз очсангиз, пичоққа илинарли сценарий йўқлигидан нолишади, тарихий картиналарга катта маблағ кетишини таъкидлашади. Ёзувчиларга бу ҳақда айтсангиз, катта меҳнат эвазига ёзилган сценарийни киночилар бир ўқишдаёқ чиқитга чиқариб ташлашгаганидан ёзғиришади...
  Такрор бўлса-да, бир фикримни айтиб ўтай: ўзбек киноси тараққий этиши учун фақат давлатнинг кўмагига қараб ўтирмасдан, йирик-йирик ҳомийлар, меценатлар ёрдамида кўламли фильмлар суратга олиниши керак. Ўз навбатида бундай ҳомий ва меценатлар учун солиқ имтиёзлари жорий этилиши зарур. Бу жаҳон амалиётида мавжуд ва самарали ишлаётган тизим. 
– Қайсидир китобда мухтасар бир ривоят ўқиган эдим. Айтишларича, улуғ аллома Имом Аъзам қўшнисининг қўйи ўғирланганини эшитиб қолибди. Мужтаҳид олим одамлардан сўраб-суриштириб қўй етти йилча яшашини аниқлабди ва ҳалқумимдан ҳаром луқма ўтмасин, дея шунча муддат давомида қўй гўшти тановул қилмабди... Ҳозир бу гаплар чўпчакдек туюлади, а? Лекин имонли, виждонли одам ҳар қанча оғир бўлмасин, ўзини ҳаром амаллардан тияди. Дарвоқе, ўзингиз ҳам “Виждон” аталмиш ҳикоянгизда Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги азалий курашни қаламга олгансиз-ку. Абдуқаюм ака, иблис инсонни ўз измига солиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тер тўкаётган, етти ухлаб тушга кирмайдиган ҳийла-найрангларни ўйлаб топаётган ҳозирги даврда виждон амрига қулоқ тутиб умр кечириш осонми? 
– Виждон амрига қулоқ тутиб яшаш ҳеч бир даврда осон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ҳеч қайси жамиятда, тузумда “имони бутунлар учун, эътиқодлилар учун” дея алоҳида иҳоталанган, ўзига хос Хитой девори билан ўраб олинган ҳудуд барпо этилмайди. 
Инсонга ато этилган илоҳий инъом – тирикликнинг ўзи доимий имтиҳон, сўнгги нафасга қадар давом этадиган синов. Бу синовда йўлдан оздирадиган сабаб-омиллар милён-милён, тўғри-ҳалол яшашнинг эса биттагина устуни бор, уям бўлса виждон. Шундан қўймасин...
  Тўғри, бугун гап-гурунгларнинг асосий мавзуи ҳалоллик, имон-эътиқод эмас, бойлик. Овулга борсак, боболарнинг тонготар дўмбира чертиб, “Чамбилбел...”ни куйлашларини, машрабхонлик кечаларини соғинамиз. Аммо бунинг ўрнига фалончи устомон қанча пул топгани хусусидаги бош-кети йўқ ғийбатларни эшитамиз, пистончининг “дўллир”ларини санаймиз.
  Бир тўйда кексароқ муаллимнинг боласи тенги, бир пайтлар ўзи ўқитган, таълим-тарбия берган йигитчалар ўтирган алоҳида столга елиб-югуриб хизмат қилаётганини кўрдик. Сабаб ҳам тезда аён бўлди: булар пулдор бойваччалар экан, ярим яланғоч раққосаю сурбет отарчи устидан дасталаб пул сочишни боплашаркан. Инчунун, иззат-эътибор ҳам шунга яраша экан. Маст-аласт меҳмонларни қўшмаган тақдиримизда ҳам, столлар ортида тик турган камида икки юз кекса-ёш, бола-бақра овулдошларнинг эҳтиром тўла нигоҳлари мана шу газ сотадиган ҳавофурушларда... Бир ҳаётий ибрат эса баъзан ўнлаб инсофга, имонга чақирувчи даъватларнинг дамини кесади... 
  Бироқ ҳаттоки бундай ҳолатларнинг тез-тез такрорланиб туриши ҳам нолиш учун асос бўлолмайди. Мен рус физиги, Нобель мукофоти лауреати Лев Ландаунинг ҳикматли фикрини яхши кўраман, унга амал қилишга уринаман: “Ҳар бир инсон муносиб яшаш учун етарлича кучга эга. Замоннинг оғирлиги ҳақидаги гаплар эса ўз ҳаракатсизлигини ва дангасалигини оқлаш учун баҳона холос. Ишласанг, замоннинг ўзгаришини кўрасан...” 
  Мен атрофимизда шунчаки кун кўраётган эмас, яшаётган одамлар кўпайишини, орзу-истаклар ҳам шунга яраша баланд бўлишини истардим. Бундайларнинг юртга муҳаббати тилда эмас, дилда бўлади. Яқинда шундай инсон номидан ёзгандим: “Гарчанд муқояса мутлоқ ҳукммас, Ортидан нисбийлик чиқар солланиб. Барибир, юксакка кўз тикиб бесас Ватанимни севдим мен азобланиб...” Юртини азобланиб сева олган инсон унинг қусурлардан батамом холи бўлиши, тараққий этиши, юксакликка кўтарилиши учун виждонан хизмат қилади...    
 – Бугун инсоният фалак тоқига нарвон қўйиб, фазонинг тит-питини чиқаряпти, сир пардаларини сидириб ташлаб, турфа кашфиётларга қўл уряпти. Одамзод ғурур билан ҳар қанча кўкрагига урмасин, барибир хом сут эмган банда экан-да, коинотни тадқиқ этишни уддалаяпти-ю, ўзидан чиққан балога даво тополмаётир – Ер сайёрасини қуршаган уруш ва фитна алангасини ўчиришга ожизлик қилаётир. Сизнингча, бу кетишда одамзоднинг ҳоли нима кечади? Дейлик, ярим асрдан кейин она сайёрамизни қай алфозда тасаввур этасиз?
– Ўтган асрнинг 70-йилларида америкалик олим Жей Форрестер математик ҳисоб-китоблар асосида 2050 йилда Ерда ҳаёт тугашини башорат қилганди. Мен бундай фолларга мутлақо ишонмайман. Зеро, қисқагина ҳаётим давомида камида учта “охирзамон”дан эсон-омон ўтиб олдим: 1980 йилги, 2000 йилги, 2012 йилги...
Дунёда яқин ёки узоқ истиқболни кўришдан оғирроқ иш бўлмаса керак. 
   ХХ асрнинг 60-йилларида бир гуруҳ олимлар орадан ярим аср ўтгандан кейин заминда ҳаёт қай тарзда кечишини тасвирлаб беришган. Уларнинг лойиҳасига кўра, 2010 йилга келиб техника ҳамма ишни ўз зимасига олгач, одамлар шу қадар кўп бўш вақтга эга бўладиларки, ҳафтасига уч кун ишлайдилар, холос. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун эса бутун бошли институтлар, хизмат кўрсатиш тизимлари узлуксиз ишлаб туради...
  Мана, ваъда қилинган муддатдан беш йил ўтиб кетди ҳамки, ҳамон тиним билмай ишлаймиз, кўпинча ҳафтасига тўрт кун у ёқда турсин, бир кун дам олишга фурсат тополмаймиз. 
  Аммо бу билан аниқ фанларнинг илмий асосланган башоратгўйлик жиҳатини асло инкор этмоқчи эмасман. Мана бир мисол. 1983 йили СССР Министрлар Совети Раиси Николай Тихоновнинг столига “Мутлақо махфий” эслатмаси билан бир ҳужжат қўйилади. Унда Виктор Геловани бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар турли формулалар ва графиклар ёрдамида ўн йилга етар-етмас муддат ичида Совет иттифоқи тарқалиб кетиши мумкинлиги ёзилганди. Математикларнинг телба фантазияси маҳсули деб қабул қилинган ҳужжат дарҳол йўқ қилиб ташланди...
  Илм нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, инсоният олдида иккита йўл турибди. Биринчиси, техноцентрик, яъни шусиз ҳам жадал суръат билан ривожланаётган техник тараққиётнинг янада илдамлашиши, одамларнинг моддий фаровонлиги ошиши. Аммо бу ҳолда маънавият соҳасида сезиларли оқсашлар юз беради. Ҳаттоки сунъий онг ўз яратувчиси бўлган инсониятга қарши исён кўтариб қолишиям мумкин.  
  Тамаддуннинг иккинчи йўли эса илмий адабиётларда культуроцентризм деб аталмоқда. Бу жараёнда жадал техник тараққиёт сал сурилиб, санъат, маънавиятга ёнидан жой беради. 
  Менинг назаримда, инсоният ҳеч шубҳасиз онгли тарзда иккинчи йўлни танлайди; келажак авлодлар, она-замин олдидаги бурч шу муқобилсиз танловни тақозо этади.  
  Келинг, Собиржон, агар сизга эзмалик бўлиб туюлмаса, шу ўринда яна бир бир мисол келтириб ўтай.
  2007 йили Хитойда илмий фантастика ва фэнтези бўйича биринчи конвент бўлиб ўтди. Хўш, бунинг нимаси эътиборга молик эди? Гап шундаки, хитойликлар буюк нусхакашлардир. Яъни дунёнинг у четида бугун пайдо бўлган энг замонавий ускуна ё жиҳознинг арзон нусхаси эртаси куниёқ бу мамлакатда пайдо бўлиши, индинга эса қўшни давлатга ҳам сотувга чиқарилиши муқаррар. Ниҳоят хитойликлар олимлар ўйланиб қолишди: “Нима учун дунёда яратилаётган илмий кашфиётлар, дейлик, Apple, Microsoft, Googleга ўхшаш фавқулодда янгиликлар бизда пайдо бўлмаяпти?”. Шу мақсадда бир гуруҳ мутахассислар жаҳон мамлакатларини айланиб чиқишди, кашфиётчилар билан суҳбатлашишди. Узоқ давом этган таҳлиллар натижада улар дунёнинг буюк кашфиётчилари болалик чоғлари бадиий адабиётларни кўп ўқиганликларини аниқлашди! Айнан бадиий адабиёт инсон хаёлотига, кашфиётчилиига туртки берувчи биринчи манба экан. Шундан сўнг хитойликлар китобларга, кутубхоналарга алоҳида эътибор қарата бошлашди...
  Жуда ибратли тажриба, шундай эмасми? Бежиз китобни келажак дарвозаси, деб ҳам аташмас. Шундай экан, бугунги ҳақиқий кутубхона – эртанги фаровон ҳаёт кафолати бўла олади...
  Келажакка некбинлик ила қарайлик, фикр ҳам моддий ахир. 
---------------
2015 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот