ЁНИБ ЯШАЁТГАН ИЖОДКОРНИНГ КИТОБ ТАҚДИМОТИ


  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли журналист, ёзувчи ва таржимон, Muzaffar.uz сайтининг муҳаррири Музаффар Муҳаммадназар қаламига мансуб “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таниқли ёзувчи ва шоирлар, журналистлар ҳамда элимиз суйган санъаткорлар, театр ва кино актёрлари иштирок этишди.
  Тадбирни моҳир сўз устаси, таниқли нотиқ ва олим Раҳимбой Жуманиёзов олиб борар экан, аввало ёзувчи Музаффар Муҳаммадназарнинг инсоний фазилатлари ҳақида кенг тўхталиб ўтди. “Музаффар Муҳаммадназар нафақат  журналист ва қалами ўткир ёзувчи, балки, сизу бизни Muzaffar.uz сайти орқали бирлаштириб турган, ҳаётимиз, ижодимиз ва касбий фаолиятимиз билан боғлиқ янгиликларни оммага улашаётган жонкуяр тарғиботчимиз ҳамдир”, - деди у.
  Тадбирда ёзувчи ва шоир, “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири - Қўчқор Норқобил; ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими - Абдуқаюм Йўлдошев; шоир ва журналист, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф; фахрий журналистлардан - Дадахон Ёқубов; “Умуминсоний қадриятлар” маркази директори - Шоира Орипова; Ўзбекистон халқ артисти - Малика Қаюмова; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - Доно Бобохонова, Турғун Бекназаров; Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист - Раъно Зокирова; актёрлар – Ҳусан Мусабоев, Ориф Раҳмон, Зоҳид Шомуродов, Эркин Жўллиев; актрисалар - Муҳаббат Абдуллаева, Феруза Собитова, Сулҳида Парпиева; актёр ва табиб Шерқўзи Ғозиев; шоира Малика Салимова ва бошқалар ташриф буюришди. 
 Сўзга чиққанлар “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби Музаффар Муҳаммадназарнинг илк қалдирғоч китоби бўлса-да, унда баён этилган воқеаларнинг ҳаётийлиги, тилининг содда ва равонлиги ҳамда образларга бойлиги билан тезда ўқувчилар қалбидан жой олиб, кейинги китоблари чоп этилишида катта туртки бўлишини таъкидлаб ўтдилар. 
 Тадбирда сўз олганлар Музаффар Муҳаммадназарнинг аввало серқирра ижоди, қолаверса, инсоний фазилатлари жуда юксак даражада эканлигини эътироф этдилар. Дарҳақиқат, барчага бирдек меҳрибон, эътиборли ва санъаткорлар ҳамда қаламкашларнинг ижодини беминнат тарғиб қилиб келаётган ҳамкасбимиз Музаффар Муҳаммадназар бундан-да юксак эътирофларга муносиб. Келгусида биз у кишидан “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби каби сара асарлар кутиб қоламиз. 
  
  Гулруҳ ЁРМАТОВА - "Ҳуқуқ ва истеъмолчи" газетасининг Бош муҳаррири, "Ўзбекистон" радиосининг катта муҳаррири, "Бекажон" газетаси махсус мухбири, "Турон" фанлар академиясининг фахрий академиги.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот