БАҲОР


Абдулла ОРИПОВ

БАҲОР

Яна баҳор келди. Яна оламда
Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт.
Мен сени қутлайман шу улуғ дамда,
Улуғ елкадошим, музаффар ҳаёт!

Ташбиҳ ахтармангиз ушбу ғазалдан,
Нақд жойда насия не керак асли.
Аён бир хислатинг бордир азалдан,
Сени атамишлар уйғониш фасли!

Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин,
Офтоб ҳам юксалди — тик келар қуёш.
Тоғлар ҳам юк ташлаб кўтарди кифтин,
Безавол майса ҳам силкитади бош.

Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам,
Терак учларида изғир мавжудот.
Ҳаттоки туйғусиз, чирик хазон ҳам
Яшил пўпанакдан боғлабди қанот.

Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга,
Қушлар қий-чувига тўлмиш дала, боғ.
Сенинг висолингдан қувонмай нега,
Баҳор, соғинтирдинг ахир кўп узоқ!

Ялдо кечасидай рутубатли қиш
Солди руҳимизга оғир бир сурур.
Сен келдинг, уйғонди яна шўх олқиш,
Йиғлаган кўзларга тушган каби нур.

Ҳа, мангу заволлик бўлмас оламда
То суйин сочаркан абри найсонлар.
Мен сизни эслайман аммо шу дамда,
Мангуга кўз юмган азиз инсонлар.

Азалий ҳукмини ўқиди ҳаёт, —
Неча бор само ҳам кўмди қуёшин.
Иқболи саждагоҳ бўлганлар, ҳайҳот,
Ўзлари тупроққа қўйдилар бошин.

Ўн ойким, сўнмишдир у таниш наъра*.
Ҳамон фироғида фиғон чекар Шош.
Баҳор келаётир, бош кўтар, қара,
О, сурур куйчиси, донгдор замондош.

Ҳамсуҳбат бўлмадим (ким эдим зотан),
Тавоб ҳам қилмадим гулшан маконинг.
Лекин шеър баҳоси мухлисгадир тан,
Қандай чексиз эди руҳий поёнинг!

Бугун-чи, не кезар ўтли қонингда!
Эвоҳ, унда на шеър, на май, на сафо.
Бу қандай мулоқот? Не ҳол? Ёнингда
Жой олмиш ўзга бир суюкли даҳо.**

Бақиёс эди у шеър лочини!
Хаёли бамисли Кўрагонийдек.
Гар тарих эврилса, шуҳрат тожини
Унга кийгизарди Султон Улуғбек.

Балхдан ҳориб қайтган Алишер мисол
Энди тўлғизганди чўккан довотин.
Кетди бир пок сиймо, теран бир хаёл,
Қолдириб дунёда ҳеч ўчмас отин.

Бақо-ю бебақо аён буюклик
Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи.
Фақат билганидан қолмас тириклик,
Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи.

Бу сокин элда ҳам ивирсир баҳор,
Ўчган хотиралар чироғин ёқиб.
Қарайман, қабрлар ястанмиш қатор,
Маъсум бинафшадан сирғалар тақиб.

Кимнингдир кўксига энгашганча гул
Мармар сағанадан ўқиб турар байт.
Баҳор, қатра ёшим айлагил қабул,
Онам бошига ҳам бордингмикан, айт?!

Унинг оромгоҳи бундан олис жой,
Олисда ётибди менинг паноҳим.
Бугун кетганига тўлибди беш ой,
Беш ойким кўксимда ёнади оҳим.

Фарёд чекканим йўқ эл ичра тақир,
Ўч ҳам олмадим мен ўз қаламимдан.
Онажон, онажон, кечиргил ахир,
Шодланмасин дедим биров ғамимдан.

Дунёдан кетмасин ҳеч ким бемаҳал,
Ҳеч кимни босмасин ногаҳон ўкинч.
Аммо ўз бошига келмагунча гал,
Онажон, тош қалблар турармиди тинч.

Куйларман хотиранг балки вақт етиб,
Бир умр ўртанур лекин танда жон.
Суронлар йўлимда турибди кутиб,
Ўзинг қўлла энди мени, онажон.

Бугун атрофингда баҳордир балки,
Балки шабнам ичра ғарқдир ҳазин тош.
Майсалар тенгрангда қатордир балки,
Лекин сен ётасан кўтаролмай бош…

Бунчалар қаттолсан, о сирли олам,
Бунчалар бедилсан, бепоён хилқат.
Сенинг ҳикматингнинг сўнги-ку одам,
Наҳотки шунга ҳам қилмайсан шафқат.

Майса ҳам уйғонар қайта қиш ўтиб,
Заррача бўлса ҳам бир ҳиммат унга.
Наҳотки энг улуғ фарзандинг кетиб,
Бошин кўтаролмай ётса мангуга.

Онамни сўрайман сендан эрта-кеч,
Қайтар деб сўрайман чок этиб яқо.
Лекин менинг дардли саволимга ҳеч
Жавоб беролмассан, о, соқов даҳо!

Жавоб олабилди ҳеч ким ҳам зотан:
На султон, на гадо, на шоҳ, на фақир.
Ким қанча қувмасин сенинг ортингдан
Бир уюм тупроқни кўрсатдинг ахир.

Ҳаёт талвасаси тинмагай, аммо
Мангу боқий қолур Инсон ва Хаёл.
Мерос аталмагай барчага фано,
Кисмат аталмагай ҳар кимга завол.

Фақат ўтмиш билан яшамас инсон,
Гарчанд бўлолмайди ундан ҳеч озод…
Кечаги ғамини ўйласа обдон
Букчайиб қоларди бугун одамзод.

Кетган азизларни хотирлаб гоҳо,
Майлига, чекайлик бир зумгина оҳ.
Ҳаёт тантанаси бошланмиш, аммо,
Дўстлар, нур васлига ташлайлик нигоҳ.

Шу буюк офтобнинг мукофотини
Эъзозлаб қўяйлик айтиб шукрона.
Дилдан ўчирайлик ғамнинг отини,
Баҳор ҳам бахт каби ахир ягона.

Бу кун шеъри чиққан шоирдай дунё
Жилмайиб қўяди барчага масрур.
Темурбек гумбазин қўйнини гўё,
Ёритгани каби бир лаҳзалик нур.

Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу,
Зардолу шохига ташлар кўз қирин.
Барг аро шуълалар кафтлармикан у…
Баҳор тетапоя гўдакдай ширин.

Юксак арғувоннинг учида ҳилол
Пахмоқ булутларни этади нимта.
Қайдадир шоира куйлайди беҳол:
— Кўнглим ҳам бу кеча ойдай яримга…

Увада камзулда биллур тугмадай
Булутлар ортидан боқади юлдуз.
Қайдадир юртини эслаб инграр най,
Қайдадир қўзигул ёради илдиз.

Қайдадир гулшандан ахтариб висол
Ел кезар — тоғларнинг гўзал арвоҳи.
Шоирнинг дилрабо байтлари мисол
Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи.

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон — дилбар Ватаним.

Фақат сен қалбимга чўктирмай малол
Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.
Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол,
Фақат сен дунёда мангу қолурсан.
________
* Ғ.Ғулом кўзда тутилган.
** М Шайхзода кўзда тутилган.
1967 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот