Ўзбекистон миллий байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли!


    18 Ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган куни. Ушбу қонун 1991 йилда мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги муҳим ҳужжатлардан бири сифатида таъкидланади. Давлат байрoғи – ҳар бир миллатнинг миллий ўзлигини, мустақил давлатлигини ва қадриятларини ифодаловчи рамздир. 

Давлат байроғининг тарихи

    1991 йил 18 Ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 8- сессиясида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Давлат рамзлари ҳар бир xалқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тариxининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Ватанимиз мустақилликка эришгач, Президент – Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1991 йилнинг 18 ноябрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, миллий байроғимиз давлат суверенитети рамзларидан биридир. У 20 йилдан бери мамлакатимиз Президенти Девони, Олий Мажлис палаталари, ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган xалқаро ташкилотлар, юртимизнинг ўнлаб xорижий давлатларидаги дипломатия ва савдо ваколатxоналари, консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди. Давлатимиз байроғидаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур рамзий маънога эга. Ундаги мовий ранг - тириклик манбаи бўлган обиҳаётни, мусаффо осмонимизни, куч-қудратимизни, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни акс эттиради. Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг - поклик, бегуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил – яшариш ва янгиланиш, навқиронлик ва шодумонлик рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз тимсолидир. Қизил чизиқлар - томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони – ҳаётий қудрат ва давомийлик нишонасидир. Шунингдек, бунда Истиқлол, озодлик учун қон тўккан эрксевар ота-боболаримизнинг орзу-армонлари мужассам. Байроғимиздаги ярим ой ва юлдузлар - тариxий қадриятларимиз, умрбоқий анъаналаримиз, маънавий куч-қудратимиз билан боғлиқ. Ҳилол қўлга киритилган мустақиллик, озодликни ифодалайди. Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли.

Миллий байроғимиз абадий ҳилпираб турсин!

    Ер юзида икки юздан ортиқ давлат ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. 
    Президентимизнинг xорижий мамлакатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша юрт кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, юртимиз делегатциялари қатнашаётган xалқаро миқёсдаги тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, xалқимизнинг ғурур ва ифтиxорини ёрқин акс эттиради. Юртимиздаги байрам шодиёналари, тантаналари чоғида кўчаларимизга кўрк бағишлаб турган байроғимиз ҳар биримизда шукроналик ҳисларини уйғотади. Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган улкан эътибор самараси ўлароқ, xалқаро миқёсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. 
    Айниқса, турли спорт мусобақаларида ғолибликка эришган йигит-қизларимиз шарафига юрт байроғи баланд кўтарилмоқда. 
   Маданият соҳасида ҳам театр ижодий жамоалари ҳамдўстлик мамлакатлари ва хорижга бориб, Ўзбекистон санъатини дунёга танитишга ҳиссасини қўшганида, миллий байроғимиз ўзга юртларда ҳилпираган ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда Ватан туйғуси янада кучлироқ жўш уради, xалқимизнинг салоҳияти, келажагимизга ишонч янада мустаҳкамланади.
   Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шаxслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтиxоримиз, Ватанимиз ва xалқимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.
    18 Ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган кунни ҳар йили нишонлаш – ўз юртимизга бўлган ишонч, ватанга муҳаббат ва садоқатни янада мустаҳкамлайди. Бизнинг байроғимиз миллий ўзлигимизни ифодаси сифатида абадий ҳилпираб турсин!

Усмон ЭРАТОВ – Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот