Ватан байроғи


Бу Ватан байроғи, қадр байроғи,
Менинг болам бўлсанг маҳкам тут уни.
Бу бардош байроғи, сабр байроғи,
Менинг болам бўлсанг кўзга сурт уни.

Жадид боболарнинг  армонларида,
“Алвасти кўприк”дан ўтган байроқ - бу.
Жаллод кундасида, дорлар остида,
Кўзлардан қон оқиб  кутган байроқ - бу.

Бўронли йўлларда, музли йўлларга,
Кўп бора йиқилган ўзбекнинг оти.
Тузоқли йўлларга, тузли йўлларга,
Тошларга ёзилган ўзбекнинг доди.

Саралаб – саралаб  совуқ ҳандакка,
Териб ташланганлар ҳаққи маҳкам тут.
Олис ўрмонларда фотиҳаларсиз,
Қириб ташланганлар ҳаққи маҳкам тут.

Бу байроқ  азиз ул авлиёларнинг,
Саллалари каби савобга лойиқ.
Бу  байроқ муҳтарам волидаларнинг
Этаклари каби тавофга лойиқ.

Отинг қоқилса ҳам,  сен йиқилсанг ҳам,
Тупроққа тегмасин ор- шон байроғи.
Мангу ҳилпирасин ҳур шамолларда,
Ўзбекистон байроғи – жон- жон байроғи.
                                                  

Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот