Илмга бахшида умр


Илмга бахшида умр

   Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор, ўзбек таржимашунослик илмининг асосчиси Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг “Танланган асарлар”и, “Ғайбуллоҳ ас-Салом замондошлар хотирасида” ҳамда “Таржима санъати – 7” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
   Бир гуруҳ ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар ҳамда талабалар иштирокида ўтказилган тадбирда олимнинг ҳаёт йўллари, таржимонлик маҳорати, янги китобларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.
   Тақдимотни Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидов олиб борди. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Зуҳриддин Исомиддинов, Султонмурод Олимов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, филология фанлари докторлари Ровияжон Абдуллаева, Хайрулла Ҳамидов, филология фанлари номзоди Одилжон Сафаров, таржимон Раъно Зарипова ва бошқалар сўзга чиқди.
   Таржима илмини ўзбек сўзшунослигининг муҳим бир тармоғига айлантирган устоз Ғайбулла Саломов ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан "Таржима санъати" тўпламларини нашр эттиришга ҳам бош-қош бўлиб, унинг олти китобини чоп килдирган эди.
   – Мен устознинг энг кенжа шогирдиман, - деди Одилжон Сафаров. – У инсон билан қилган суҳбатларим хотирамга муҳрланиб қолган. Устозимнинг берган сабоқлари билан шу даражага етдим. “Таржима санъати -7” китобининг нашр этилганидан хурсандман. Ундан ўрин олган таржима оламига оид янги мақолалар шу соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эгадир.
   Ғайбуллоҳ ас-Салом ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшга тўларди. Умрини илму маърифатга, ижодга баҳшида этган алломанинг “Мен сув ичган дарёлар”, “Эй, умри азиз”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “Ҳалоллик бозорда сотилмайди” каби ўнлаб китоблари мухлисларининг маънавий мулкига айланган. 
   – Устоз биринчи навбатда фан арбоби эди, - деди Султонмурод Олимов. – Шогирдларига жуда куюнчаклиги билан ажралиб турарди. Илмни изчил давом эттирган, умрини адабиётга, фанга бағишланган устозлар қаторида эдилар.
   Тадбирда сўзга чиққанлар Ғайбуллоҳ ас-Саломни ўзбек таржимашунослик илмининг асосчиси,  адабиётшунос олим, муҳаррир, мутаржим, ношир, дея ёдга олишди. Ҳамкасблари, яқинлари, шогирдлари хотирасида устознинг нурли сиймоси сақланиб қолганлиги айтилди. Шундан сўнг, олимнинг қизи Назира ас-Салом отасининг ижодига, илмий фаолиятига бўлган ҳурмат ва эътибор учун миннатдорлик билдирди. Янги тўпламларнинг тақдимотидан беҳад қувонганини таъкидлади.
   Йиғилганларга тақдимотдаги китоблардан улашилди.

Зулайҳо Аҳмаджонова










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот