Турғун Азизов вафот этди


     Ўзбек кино ҳамда театр санъатининг чинакам афсонаси, бетакрор роллари орқали халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган  Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр - Турғун Азизов вафот этганлиги муносабати билан оила аъзолари, шогирдлари ва мухлисларига чуқур таъзия билдирамиз.

   Маълумот: таниқли театр ва кино актёри, режиссёр ва педагог, профессор - Турғун Азизов 1934 йилнинг 30 Ноябрь куни Тошкентда туғилган. У 1956 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти)нинг актёрлик бўлимини истеъдодли режиссёр Тошхўжа Хўжаев устахонасида тугатган. 
   Турғун Азизов талабалик йилларида-ёқ ўзига топширилган ҳар бир роль ижросига алоҳида ихлос ва меҳр билан ёндошар эди. Шу сабабли талабалар саҳнасида қўйилган спектаклларда — А. Чеховнинг "Ваня тоға"сида Ваня тоға, Ф. Шиллернинг "Макр ва муҳаббат"ида Фердинанд каби бош ролларни ижро этиб, жамоатчилик назарига тушган. Шунда уни устози Т. Хўжаев ўзи бошчилик қилаётган Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрига ишга таклиф этган. 
   Ўшандан бери у академик театрнинг етакчи ва устоз актёрларидан бири сифатида қизғин фаолият кўрсатиб келган. 
   Болалик йилларидан-оқ театр санъатига қизиқиш, талантли режиссёр Тошхўжа Хўжаев қўлида таҳсил олиш, отахон театрда Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Сайфи Олимов, Саъдихон Табибуллаев, Олим Хўжаев, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Замира Ҳидоятова каби машҳур санъаткорлар билан ёнма-ён ишлаб, актёрлик санъати сирларини чуқур идрок этиб, доимо ўз устида ишлаш Турғун Азизовнинг етук актёр бўлиб етишишида муҳим ахамиятга эга бўлди.
   Турғун Азизов театрга келибдики, етакчи қахрамон ролларини ижро этган. У ўйнаган Ғофур (Ҳамза "Бой ила хизматчи"), Йўлчи (Ойбек "Қутлуғ қон"), Илёс (Ч. Айтматов, "Сарвиқомат Дилбарим"), Сайрам (Ширвонзода, "Номус"), Ниёз (И. Султон, "Номаълум киши"), Монсерра (Э. Роблес, "Монсерра"), Эйдзи (М. Каору, "Ўғирланган умр"), Протасов (Л. Толстой, "Тирик мурда"), Эдмунд (В. Шекспир, "Қирол Лир"), Отелло ("Отелло"), Мирзо Улуғбек (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Шаҳар ҳокими (Н. Гоголь, "Ревизор"), Амир Олимхон (К. Яшин, "Инқилоб тонгги"), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун ва И. Султон, "Алишер Навоий") каби образлар ўзининг ўтли юраги, романтик эҳтироси, кечинмаларидаги чуқур психологизм билан театримиз тарихидан мустаҳкам ўрин олган.
    "Актёрнинг ўз интилган чўққиси бўлади. Мен интилган чўққилар Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳоновлардир", — деган эди Турғун Азизов. Икки буюк актёр яратган машҳур Отелло ва Мирзо Улуғбек образларини қайтадан саҳнада жонлантириш Турғун Азизовга насиб этди. Бу санъаткор учун катта жасорат ва ўзига хос имтиҳон эди. Аброр Ҳидоятовнинг Отелло ролини жаҳон томошабини, санъат мутахассислари тан олган. Шунинг учун ҳам Турғун Азизов Отеллони бутунлай бошқача талқин этишга ҳаракат қилди. У асосан, Отеллонинг ички психологиясига, руҳий ҳолатига кўпроқ эътибор қаратган. 
   М .Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" асаридаги Мирзо Улуғбек ролини ижро этганда ҳам Турғун Азизов ўз услуби, ўз йўлидан борган. Чунки Отеллони ҳам, Улуғбекни ҳам у янгича талқин билан ижро этмай, Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳоновларни такрорлаганида бу роллар кўнгилдагидек чиқмас эди.
    Турғун Азизов кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, кўплаб фильмларда суратга тушди. 1956 йилдан бери дубляжда қатнашиб келган. Кинорежиссёр Латиф Файзиев 1955—1956 йилларда Турғун Азизовни кинога таклиф этган. Шундан кейин у Йўлдош Аъзамовнинг "Мафтунингман" фильмида Бакир Назаров, Комил Ёрматовнинг "Нодирабегим" фильмида Амир Насрулло образларини яратган. Шунингдек, Турғун Азизов Шуҳрат Аббосов, Дамир Салимов, Али Ҳамроевлар суратга олган фильмларда ҳам роллар ижро этади ва муваффақиятга эришади.
    Ўзбекистон телевидениесининг қатор телеспектаклларида, радиодан янграган спектаклларда ҳам актёр кўплаб ажойиб роллар ижро этган. У кино, театр, радио ва телевидениеда фаол қатнашиб санъатда етукликка эришгандан кейингина жуда мураккаб ва масъулиятли соҳа — театр режиссурасида ўзини синаб кўрди. Чунки режиссёрда кенг дунёқараш, рольни тўғри тақсимлаш, мусиқа тинглаш, сўз устида ишлаш, саҳна асарини томошабинга тўлақонли етказиб бериш хислатлари мужассам бўлиши шарт. Ана шу хислатлар Турғун Азизовда тўла жамулжам бўлганидан кейингина у ўзининг қадрдон театри саҳнасида "Алишер Навоий", "Мирзо Улуғбек" каби машҳур асарларнинг янги талқинларини яратди. Сўнгра А. Қодирийнинг "Меҳробдан чаён", Эркин Хушвақтовнинг "Чимилдиқ", "Машраб", А. Касонанинг "Етти фарёд" каби асарларини саҳналаштирди. Бу спектакллар жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. "Чимилдиқ" постановкаси эса ўзбек халқининг энг севимли спектакллари қаторидан ўрин олди.
    Турғун Азизов 1980 йилдан бошлаб асосий ишидан ажралмаган ҳолда Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтида ҳам педагогик фаолият олиб борди. У "Драма ва кино актёрлиги ҳамда режиссёрлиги маҳорати" кафедрасининг мудири вазифасида ишлаб, ўзбек театр ва кино санъати учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашдек шарафли ишда самарали меҳнат қилди.
    Профессор Турғун Азизов қўлида таълим-тарбия олган Мирза Холмедов, Мадина Мухторова, Абдурайим Абдуваҳобов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Равшан Жўраев каби собиқ талабалар театр санъатида ўз ўринларига эга бўлдилар.
    Турғун Азизовнинг серқирра ва сермазмун ижоди муносиб тақдирланиб,  1975 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган. 2001 йилда "Меҳнат шуҳрати", 2023 йил «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган.
    Турғун Азизов кино саҳасида “Мафтунингман”, “Одамлар орасида ёлғиз”, “Нодирабегим”, “Ҳаёт тунда ўтиб кетади”, “Олис яқин йиллар”, “Ленинградликлар, менинг болаларим”, “Оловли йўллар”, “Қабрдан қайтган умр” каби фильмларда ҳам ўзига хос ролларни ижро этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот