ҲАММАМИЗ СИНОВ ДАВРИДАМИЗ


14 Февраль - Феруза Жуманиёзова таваллуд топган кун

ФЕРУЗА ЖУМАНИЁЗОВА: “ҲАММАМИЗ СИНОВ ДАВРИДАМИЗ”

   Ҳозир юртимизда тўй ва концертлар айни қизғин паллага кирадиган давр эди. Аммо пандемия сабаб бу анъналаримизга бир мунча чеклов қўйилди. Тўйларимизда одамлар сони 30 кишидан ортмаслиги белгиланган бўлса, концертлар намойиши бутунлай тўхтатилди. Хўш, тўй ва концертлардан бўшамайдиган санъаткорларимиз айни кунларда нималар билан банд, деган савол уларнинг мухлисларини қизиқитириши табиий ҳол. Шу боис биз бугунги суҳбатимизга таниқли хонанда, ўзининг дилтортар қўшиқлари билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган санъаткор Феруза Жуманиёзовани суҳбага чорладик. 
- Феруза, ижодингиз борасидаги сўнгги янгиликлардан мухлисларингизни хабардор этсангиз, айни пайтда нималар билан машғулсиз?
- Албатта, ижод борасида кўпгина янгиликлар яратяпмиз. Бу борада бизга мухлисларнинг эътибори ва ишончи катта куч беряпти. Шу кунларда тўртта янги қўшиқ тайёрладик, номи ҳозирча сир бўла қолсин. Худо хоҳласа, яқин кунларда ушбу қўшиқларимизни мухлислар эътиборига ҳавола этамиз.
- Пандемия даври кўпгина соҳаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Бу даврнинг санъат аҳлига таъсири қандай бўлди, деб ўйлайсиз?
- Тўғри, шу кунларда инсоният оғир кунларни бошидан ўтказяпти, десак хато бўлмайди. Бани-башарнинг қайғуси битта бўлиб қолгандек гўё. У ҳам бўлса коронавирус пандемиясидан иложи борича талофатсиз ўтиш, яқинларидан бевақт айрилмаслик ва соғлиғини асраш. Майдонсиз бу курашда ҳаммамиз бир тан ва бир жон бўлиб курашмасак, оқибати бунданда ёмон бўлиши мумкин. Аслида бу давр ҳаммамиз учун катта бир синов. Бундай синовдан қандай ўтиш ҳар кимнинг ўзига, иймони ва эътиқодига боғлиқ. Албатта, ҳамма соҳада бўлгани каби пандемия даври санъат соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Хизматлар ва концертлар тўхтаб қолди. Бу ҳам яхшиликкадир балки. Лекин биз шу даврда ҳам бир дақиқа бекор ўтирмадик. Ижодхонамизда ижод билан машғул бўлдик, чала қолган ва улгуролмаётган кўпгина  ишларимизни битирдик. Янги қўшиқлар яратдик, янги лойиҳалар туздик.
- Падемия даврида кўпчилик уйда бўлди. Жумладан, санъаткорлар ҳам. Сиз уйда нималар билан машғул бўлдингиз?
-  Ҳамма соҳа вакиллари қатори мен ҳам уйда бўлдим, карантин даврида деярли уйдан чиқмадим. Аёл киши учун ҳар қандай шароитда ҳам уйда иш топилади, ҳеч қачон бекор ўтирмайди. Мен ҳам барча аёллар сингари карантинда уй ишлари ва фарзандим тарбиячси билан машғул бўлдим. 
-  Ўттиз кишилик тўйларда ҳам иштирок этдингизми?
-  Ҳа, карантин очилгандан кейин 30 кишилик тўйларда ҳам иштирок этдик ва ҳозир ҳам иштирок этиб келяпмиз. Худога шукр, жуда яхши ўтяпти. Мана шундай чиройли тўйлар қилса ҳам бўлар экан. Оила ва яқинлар даврасида тўйлар ўтказишнинг ўзига яраша гашти борда. Айниқса, хонадонларда бўладиган тўйларнинг файзи бошқача. Олдин ҳам  хонадонларда тўйлар бўлар эди. Кейинчалик, тўйхона ва ресторанларда нишонлаш урфга кирганди. Санъатни энди бошлаган кезларим шу каби тўйларда иштирок этганман мен ҳам. Ҳозир худди ўша даврлар қайтгандек бўлдим. Фақат бундай тўйларда сон жиҳатидан камроқ одамлар иштирок этяпти. Лекин жудаям чиройли ўтяпти. Қулай, ихчам ва камхарж. Менимча шу каби тўйлар ҳар доим давом этса яхши бўларди.
- Мактаб ва олий таълим даргоҳларидаги дарслар бу йил ўзгача бошланди. Мактабларда ҳам онлайн ҳам анъанавий ўқиш тизими жорий қилинди. Сиз фарзандингиз таълими учун қайси усулни танладингиз?
- Бу айни кунларда фарзанди мактабга чиқадиган ҳар бир ота-онани ўйлантириб турган мавзу бўлса керак. Онлайнми ёки анъанавийми, деган савол устида ҳар бир ота-она бош қотиряпти менимча. Чунки фарзанд саломатлиги ҳамма нарсадан муҳим, бу борада таваккал қилиб бўлмайди. Шунинг учун мен ҳам ўғлим Абдуллоҳ учун масофавий таълимни танладим. Яқинда мактабга бориб, ҳамма китобларини олиб келдим.  Худо хоҳласа, ўғлим уйда ўтириб, таълимни давом эттиради. Бу касаллик тамомила йўқ бўлиб кетгач, анъанавий таълимни давом эттирамиз, албатта. Унгача масофадан ўқиши бизга маъқул.
- Кўпгина телеканаллар таниқли санъаткорлар билан турли лойиҳаларни амалга оширишяпти. Сиз ҳам шундай лойиҳаларда иштирок этяпсизми?
-  Ҳа, мени ҳам кўпгина телелойиҳаларга таклиф қилишяпти ва уларда ҳозиргача иштирок этиб келяпман. Яқинда “Севимли” телеканалидаги ана шундай лойиҳалардан бирида иштирок этиб, то финалгача бордик. Чунки биз танлаган санъаткор укамиз ғолибликни қўлга киритди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Қизиқарли ҳам завқли телелойиҳа экан. Биз санъаткорлар учун бу каби телелойиҳаларнинг кўпайгани яхши. Чунки бунда мухлислар билан янада яқинлашамиз, уларнинг билдирган ишончи бизга  ижодий мотивация беради. Истаймизми-йўқми санъаткор ҳам кўнгил одами. Кўтаринки кайфият санъат аҳлига ўзгача завқ-шавқ беради. Шунинг учун бу каби лойиҳаларда  яна иштирок этиш ниятимиз бор.
-  Ижтимоий тармоқларда фаол эмассиз. Бунга вақт етмайдими ёки хоҳиш йўқми?
-  Хоҳиш бор, аммо вақт етмайди. Оила ташвишлари ва фазанд тарбиясидан ортиб, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш мен учун бир мунча қийин. Бундан ташқари, ҳозир катта бир ижодий лойиҳа устида иш бошлаганмиз. Туну кун шу лойиҳа билан бандмиз. Шунинг учун виртуал оламга камроқ вақт ажратаяпман. Лекин санъаткорни мухлис билан яқинлаштирадиган восита бу ижтимоий тармоқлар экан. Кимдир интернетда канал очади яна кимдир гуруҳ дегандек. Буларнинг ҳаммаси санъаткорларнинг янада фаол бўлиши учун бир имконият аслида. Худо хоҳласа, кейинчалик мен ҳам ижтимоий тармоқлар борасидаги фаолликни йўлга қўяман, деган умиддаман.
-  Виртуал дўстлашувларга муносабатингиз қандай?
-  Албатта, яхши. Чунки замон ўзгаргани сари одамлар ўртасидаги муносабатлар воситаси ҳам ўзгаряпти. Бунга мослашишимиз керак. Виртуал алоқларнинг биз учун қулай томонлари жуда кўп. Дунёнинг нариги чеккасида яшайдиган танишимиз ёки қариндошимиз билан бир зумда алоқага киришамиз, ҳатто юз кўришиб гаплашиш имкониятига эгамиз. Агар ҳозир интернет ёки қўл телефони бўлмаган олдинги замонга тушиб қолсак кўпчилик депрессияга тушиб қолса керак. Чунки бу каби воситалар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бўлди.  Ҳозир виртуал дўстлик ёки виртуал муҳаббат деган тушунчалар анча кенг қулоч ёйди. Виртуал дўстлашув орқали қон-қариндошдек бўлиб кетганлар ёки виртуал муҳаббат туфайли оила қурганлар ҳам кўп орамизда. Ана шундай муҳаббат ришталари туфайли тўйлари бўлганларни биламан. Шунақа тўйларнинг кўпида иштирок ҳам этганмиз. Лекин бу ҳақда ўзимнинг фикрим барибир меҳр кўзда, деб ўйлайман. Инсон реал ҳаётда дўстлашгани, севишгани маъқул менимча.
- Агар сизга фақат битта тилак айтиш имкони берилса нимани тилаган бўлардингиз?
- Ҳамма соғ-саломат бўлишини тилаган бўлардим. Ҳеч ким касал бўлмасин. Айниқса, ҳозир пандемия даврида кўпчилик ўз яқинларидан бевақ айриляпти. Бу жудаям оғир. Аллоҳдан мана шу бало тезроқ барҳам топишини, инсоният яна одингидек ҳаётга қайтиб, шод-хуррамликда, қурқув ва ваҳималарсиз эмин-эркин яшашини тилаган бўлардим.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош - Гулруҳ Ёрматова.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот